«Қўлларинг бўшашмасин»
Қўлларинг бўшашмасин. ЗАФ. 3:16, ЯДТ
1, 2. а) Бугунги кунда кўплар қандай муаммоларга дуч келишмоқда ва бу қандай оқибатларга олиб келяпти? б) Ишаё 41:10, 13- оятлардаги сўзлар бизни нимага ишонтиряпти?
ЭРИ оқсоқол, ўзи эса доимий кашшоф бўлиб хизмат қилаётган имондошимиз шундай деб бўлишди: «Маънавий ишлар билан мунтазам машғул бўлганимга қарамай, кўплаб йиллар давомида хавотирлар билан курашиб келяпман. Бу уйқумни қочиради, соғлигимга ва бошқаларга бўлган муносабатимга таъсир қилади. Бунинг дастидан баъзида ҳатто таслим бўлиб, яшириниб олгим келади».
2 Ушбу имондошимизнинг ҳис-туйғулари сизга ҳам танишми? Афсуски, Шайтон дунёсида яшаётган инсон кучли босимга дуч келади. Қайиқнинг олдинга сузишига йўл бермайдиган лангар каби ташвишлар ҳам бизни эзиши ёки руҳимизни тушириши мумкин. (Ҳик. 12:25) Хўш, ўзингизни бундай ҳис қилишингизга нима сабаб бўла олади? Эҳтимол, яқинингизнинг ўлимидан азоб чекаётгандирсиз, жиддий касалликка чалингандирсиз, ушбу иқтисодий қийин шароитларда оилангизни таъминлаётгандирсиз ёхуд қаршиликларга дуч келаётгандирсиз. Бунинг оқибатида юзага келган стресс эса вақт ўтиб тинка-мадорингизни қуритиши ва сизни қувончдан маҳрум этиши ҳеч гап эмас. Лекин шунга амин бўлишингиз мумкинки, Худо сизга ёрдам қўлини чўзишга тайёр. (Ишаё 41:10, 13 ни ўқинг.)
3, 4. а) Муқаддас Китобда «қўллар» деган сўз қайси маънода ишлатиляпти? б) Қўлларимиз бўшашиб қолишига нима сабаб бўла олади?
3 Муқаддас Китобда турли хатти-ҳаракатлар таъна аъзолари орқали тасвирланганини тез-тез учратишимиз мумкин. Масалан, қўл юзлаб маротаба тилга олинган. Муқаддас Китобда қўлларни мустаҳкамлаш ҳақида гап борса, бу инсонга далда беришганини, уни қўллаб-қувватлашганини ва у ҳаракатга тайёр эканини билдириши мумкин. Мисол учун, 1 Шоҳлар 23:16 ва Эзра 1:6 даги «руҳлантирди» ва «ёрдам қилдилар» деган сўзлар асл матнда «қўлларини мустаҳкамлади», дея ифода этилган. Бу, келажакка ижобий ва умид ила қараш деган маънони ҳам ўз ичига олиши мумкин.
4 Гоҳида мажозий маънода қўлларнинг бўшашиб қолиши тушкунликка тушган, ғамгин ёки умидсиз бўлиб қолган инсонни тасвирлаш учун қўлланилган. (2 Сол. 15:7; Иброн. 12:12) Бундай вазиятда инсон таслим бўлиши ҳеч гап эмас. Агар сиз стрессга тушган ёки жисмонан, ҳиссан ё ҳатто маънан толиққан бўлсангиз, шундай вазиятларда қаердан жасорат топа оласиз? Бундай пайтларда бардош қилиб, хурсандчиликни йўқотмаслигингиз учун қандай қилиб сизга далда беришлари ва сизни қўллаб-қувватлашлари мумкин?
«ЭГАМИЗНИНГ ҚЎЛИ ҚИСҚАМИ? ҚУТҚАРОЛМАСА!»
5. а) Муаммолар пайдо бўлганда, қандай аҳволга тушишимиз мумкин, лекин ўзимизга нималарни эслатиб туришимиз керак? б) Бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?
5 Зафаниё 3:16, 17 ни ўқинг. Қўрқувга берилиб, тушкунликка тушмай, яъни қўлларимиз бўшашиб қолишига йўл қўймай, ғам-ташвишларимизни самовий Отамиз Яҳовага ташлашимиз керак, зеро У шундай қилишни таклиф этяпти. (1 Бутр. 5:7) Аллоҳ асирликда бўлган Исроил халқига Унинг қудратли қўли содиқ хизматчиларини қутқаришга қисқа эмаслиги ҳақида айтганди. Бу сўзларга биз ҳам диққатли бўлишимиз муҳим. (Ишаё 59:1) Гарчи Яҳованинг халқи енгиб бўлмайдигандек кўринган қийинчиликларга дуч келса ҳам, Унинг иродасини бажаришлари учун Яҳова уларни нафақат мустаҳкамлашга қодир, балки буни истайди ҳам. Бу мақолада биз шунга тааллуқли Муқаддас Китобдаги учта ажойиб мисолни муҳокама қиламиз. Келинг, бу мисоллар сизга қандай далда бериши мумкинлигини кўриб чиқайлик.
6, 7. Исроил халқи омолеклар устидан ғалаба қозонганидан қандай муҳим сабоқлар олсак бўлади?
6 Исроил халқи мўъжизавий равишда Миср қуллигидан озод этилганидан кўп ўтмай, Омолек халқи уларга ҳужум қилади. Мусонинг йўл-йўриқларига амал қилиб, жасоратли Ёшуа Исроил халқи билан бирга омолекларга қарши жанг қилишга боради. Шу пайт Мусо Ҳорун ва Хурни олиб, жанг майдони кўринадиган ён атрофдаги тепаликка чиқади. Бу учта киши жангдан қўрққани учун қочиб кетаётганмиди? Албаттаки, йўқ!
7 Мусо Исроил халқи ғалаба қозонишга олиб келган ҳаракатлар режасини амалга оширди. У қўлларини ва ҳақ Тангрининг таёғини осмонга қарата кўтариб турди. Мусо бундай қилганида, Исроил халқи омолеклар устидан ғалаба қозонарди. Зеро, шу пайт Яҳова Ўз халқининг қўлларини мустаҳкам қиларди. Мусо толиқиб, қўлларини туширганида эса, Омолек халқи ғолиб чиқарди. Шунда Ҳорун билан Хур қатъийлик ила ҳаракат қилиб, «Мусога тош келтириб қўйиб бердилар. Мусо тош устига ўтирди. Кейин Мусонинг қўлларини бир томондан Ҳорун, бир томондан Хур юқорига кўтариб турди. Қуёш ботгунча, Мусонинг қўлларини юқорига кўтариб туравердилар». Ҳа, Аллоҳнинг қудратли қўли ёрдамида Исроил халқи зафар қозонди. (Чиқ. 17:8–13)
8. а) Омолеклар Яҳудога ҳужум қилишганида, Осо қандай йўл тутди? б) Осо Аллоҳга таянганидан қандай ўрнак олишимиз мумкин?
8 Яҳова Унинг қўли қисқа эмаслигини шоҳ Осонинг даврида ҳам исботлади. Аллоҳнинг Каломида кўплаб қўшинлар тилга олинган. Улар орасида энг каттаси ҳабашистонлик Зерахнинг қўшини бўлиб, унда 1 000 000 та яхши ўргатилган аскар бор эди. Ҳабашистонликларнинг қўшини Осонинг қўшинидан деярли икки баробар катта эди. Ўшанда Осо осонликча хавотирга тушиб, қўрқиб кетиши ва мағлубиятга учрайман деб, қўлларини бўшаштириши мумкин эди. Лекин у, аксинча, дарҳол Яҳовадан ёрдам сўради. Қўшин сони жиҳатидан олиб қараганда, ҳабашистонликларни енгиш имконсиздек туюларди, «аммо Тангри учун имконсиз нарса йўқ» эди. (Мат. 19:26) Худованд Ўзининг буюк қудратини намоён этгани туфайли «умр бўйи Эгамизга чин кўнгилдан боғланган» Осо ҳабашистонликларни енгди. (2 Сол. 14:8–13; 3 Шоҳ. 15:14)
9. а) Нимага Наҳимиё Қуддус деворларини қайта қуришни тўхтатмаган? б) Худо Наҳимиёнинг ибодатига қандай жавоб берган?
9 Нахимиё Қуддусга борганида, ўзини қандай ҳис этганини тасаввур қилиб кўринг. Шаҳар деярли ҳимоясиз эди ва яҳудийлар қаттиқ тушкунликка тушишганди. Душман халқларнинг таҳдиди уларнинг қўлларини бўшаштириб, Қуддус деворларини қайта қуришни тўхтатиб қўйишларига сабаб бўлган. Наҳимиёнинг ҳам бу вазиятдан руҳи тушиб, қўллари бўшашганмиди? Йўқ! Мусо, Осо ва Яҳованинг бошқа содиқ хизматчилари каби Нахимиё Яҳовага ибодат қилиб, ҳар доим Унга таянарди. Бу сафар ҳам у худди шундай йўл тутди. Яҳудийларнинг назарида бу қийинчиликлар енгиб бўлмайдигандек кўринса ҳам, Яҳова Наҳимиёнинг самимий илтижосига жавоб берди. Худо яҳудийларнинг бўшашган қўлларини мустаҳкамлаш учун «буюк қудрати»ни ишга солди. (Нахимиё 1:10; 2:17–20; 6:9 ни ўқинг.) Яҳова бугунги кунда ҳам хизматчиларини мустаҳкамлаш учун «буюк қудрати»дан фойдаланишига ишонасизми?
ЯҲОВА ҚЎЛЛАРИНГИЗНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИ
10, 11. а) Қай йўсин Шайтон қўлларимизни бўшаштириши мумкин? б) Нима орқали Яҳова бизни мустаҳкамлаб, куч беради? в) Илоҳий таълимдан қандай фойда олдингиз?
10 Иблис бизни маънавий ишлардан чалғитишдан ҳеч чарчамаслигига амин бўлишимиз мумкин. У бизни давлат ходимлари, дин арбоблари ва муртадлар орқали алдаб, таҳдид солади. Унинг мақсади нима? У Шоҳлик хушхабарини ваъз қилишда қўлларимизни бўшаштиришни истайди. Аммо Яҳова Ўзининг руҳи орқали бизга куч беришга қодир ва У буни хоҳлайди. (1 Сол. 29:12) Шайтон ва унинг ёвуз дунёси бизга туғдираётган ҳар қандай қийинчиликни енгиш учун, Худодан муқаддас руҳ сўрашимиз муҳим. (Заб. 17:40; 1 Кор. 10:13) Қолаверса, бизда муқаддас руҳ таъсири остида ёзилган Аллоҳнинг Каломи борлиги учун ҳам миннатдор бўлсак арзийди. Биз учун ҳар ой бериладиган Муқаддас Китобга асосланган маънавий озуқани айтмайсизми?! Закариё 8:9, 13 даги (ўқинг) сўзлар Қуддусдаги маъбад қайта қурилганида айтилган бўлса-да, улар бизнинг давримизга ҳам тегишли.
11 Жамоат йиғилишларида, анжуманларда ва илоҳий таълим берувчи мактабларда бериладиган билим ҳам бизни мустаҳкамлайди. Ушбу таълим бизга тўғри ниятда хизмат қилишга, маънавий мақсадлар қўйишга ва кўплаб вазифаларимизни бажаришга ёрдам беради. (Заб. 118:32) Шундай экан, бундай таълим сизни мустаҳкамлашига йўл қўйиб беряпсизми?
12. Маънан кучли бўлиб қолиш учун нима қилмоғимиз даркор?
12 Яҳова Исроил халқи омолеклар ва ҳабашистонликлар устидан ғалаба қозонишига кўмаклашди ҳамда Наҳимиё ва бошқа яҳудийларга қурилиш ишини битказишга куч ато этди. Шунга ўхшаб, қаршиликлар, одамларнинг лоқайдлиги ва бошқа ташвишларга дуч келганимизда, ваъзгўйлик хизматини давом эттириб, мустаҳкам тура олишимиз учун Худо бизга ҳам куч бахш этади. (1 Бутр. 5:10) Албатта, Яҳова биз учун мўъжизалар яратишини кутмаймиз, балки ўз томонимиздан ҳаракат қиламиз. Бундай хатти-ҳаракатларга Аллоҳнинг Каломини ҳар куни ўқиш, ҳар ҳафта йиғилишларга тайёргарлик кўриб, уларга қатнаш, шахсий тадқиқ ва оилавий топиниш орқали қалбимизу онгимизни озиқлантириш ҳамда Яҳовага доим ибодат қилиб, Унга таяниш киради. Шунинг учун, келинг, бошқа орзу-умидлар ва ишлар Яҳова бизни мустаҳкамлаш ва далда бериш учун тақдим этаётган нарсалардан чалғитишига йўл қўймайлик. Агар юқорида келтирилган маънавий ишларнинг ҳатто биттасида ҳам қўлларингиз бўшашганини сезсангиз, Аллоҳдан ёрдам сўранг. Кейин эса Яҳованинг руҳи қай йўсинда «Унга ёқадиган ишларни қилиш истагингизни кучайтиришини» кузатинг. (Филип. 2:13) Хўш, бошқаларнинг қўлларини мустаҳкамлаш учун нима қилишингиз мумкин?
БЎШАШГАН ҚЎЛЛАРНИ МУСТАҲКАМЛАНГ
13, 14. а) Қандай қилиб бир биродаримиз рафиқасининг ўлимидан сўнг мустаҳкамланди? б) Қай йўсин бошқаларни мустаҳкамлай оламиз?
13 Яҳова бизга далда бера оладиган умумжаҳон ғамхўр биродарликни тақдим этган. Ҳаворий Павлус: «Бўшашган қўлларингизни, мажолсизланган тиззаларингизни бақувват қилинглар... Оёқларингиз учун текис йўл ҳозирланглар»,— деб ёзган эди. (Иброн. 12:12, 13) Биринчи асрдаги кўплаб масиҳийлар биродару опа-сингиллардан шу сингари далдани олишганди. Бугунги кунда ҳам мазкур сўзлар ўз кучини йўқотгани йўқ. Битта биродаримиз рафиқасининг ўлимини ва бошқа мусибатли дамларни бошдан кечиргандан кейин, шундай фикр билдирди: «Мен шуни ўргандимки, биз на синовларни, на уларнинг вақтини, на уларнинг шиддатини танлай олар эканмиз. Ибодат ва шахсий тадқиқ бошим сувдан чиқиб туришига ёрдам берган қутқарув нимчаси каби бўлди. Имондошларим мени қўллаб-қувватлагани ҳам менга кўп тасалли бахш этди. Қийин вазиятлар пайдо бўлишидан аввал Яҳова билан дўстона муносабатларимни ривожлантиришим муҳим эканини англаб етдим».
14 Ҳорун ва Хур том маънода Мусонинг қўлларини жанг пайтида ушлаб туришган. Биз ҳам бошқаларни қўллаб-қувватлаб, уларга амалий ёрдам кўрсатиш йўлларини излашимиз лозим. Қизиқ, кимга? Масалан, кексаликнинг асоратлари, соғлик муаммолари, оиладаги қаршилик, ёлғизлик ёки яқин кишининг ўлимидан азоб чекаётган одамларга. Бирон-бир нотўғри ишга қўл уриш ёки ушбу замонада олий маълумот, пул ё касб томонлама муваффақият қозониш босими остида қолган ёшларни ҳам мустаҳкамлашимиз мумкин. (1 Салон. 3:1–3; 5:11, 14) Йиғилиш Залида, хизматда, бирга овқатланганда ёки телефонда суҳбатлашганда бошқаларга самимий қизиқиш кўрсатишнинг йўлларини изланг.
15. Далдали сўзларингиз имондошларингизга қандай таъсир қилиши мумкин?
15 Осонинг ҳайратомуз ғалабасидан сўнг пайғамбар Озариё унга ва халқига қуйидаги сўзлар билан далда беради: «Лекин сизлар дадил бўлинглар! Тушкунликка тушманглар! Сизлар қилган ишларингиз учун мукофот оласизлар». (2 Сол. 15:7) Бу, Осони ҳақ топинишни тиклаш учун кўп ўзгаришлар қилишга ундади. Шунга ўхшаб, сизнинг далдали сўзларингиз ҳам бошқаларга чуқур таъсир этиб, уларни Яҳовага иложи борича кўпроқ хизмат қилишга ундаши мумкин. (Ҳик. 15:23) Жамоат йиғилишларида қўлингизни кўтариб, далдали шарҳ берганингизда имондошларингизни қанчалик мустаҳкамлашингиз мумкинлигини асло назарингиздан четда қолдирманг.
16. а) Қай тариқа оқсоқоллар Наҳимиёга ўхшаб жамоатдагиларнинг қўлларини мустаҳкамлай олишади? б) Имондошларингиз шахсан сизга қандай ёрдам беришганини айтиб беринг.
16 Яҳованинг кўмаги билан Наҳимиё ва олдидаги бошқа яҳудийлар қўлларини мустаҳкамлаб, ишга киришишди. Натижада, улар Қуддус деворларини атиги 52 кунда битказишди! (Нахим. 2:18; 6:15, 16) Ўшанда Наҳимиё шунчаки бошчилик қилиб юрмаган, у Қуддус деворларини қайта қуришда шахсан ўзи қатнашган. (Нахим. 5:16) Шу тариқа, кўплаб ғамхўр оқсоқоллар қурилиш ишларида ёрдам бериб ёки маҳаллий Йиғилиш Залини тозалашда ҳамда таъмирлашда қатнашиб, Наҳимиёга тақлид қилишяпти. Улар имондошларимиз билан хизматда ҳамкорлик қилиб ҳамда далдали ташрифларга бориб, қалби ўксиган одамларнинг қўлларини мустаҳкамлашади. (Ишаё 35:3, 4 ни ўқинг.)
«ҚЎЛЛАРИНГ БЎШАШМАСИН»
17, 18. Муаммою ташвишлар бошимизга тушганда, нимага амин бўлишимиз мумкин?
17 Имондошларимиз билан елкама-елка хизмат қилиш якдилликка ҳисса қўшади ва улар билан дўстона муносабатларимизни мустаҳкамлаб, Худо Шоҳлиги келтирадиган баракаларга бўлган ишончимизни оширади. Ўзгаларнинг қўлларини мустаҳкамлаганимизда, уларга ғам-андуҳ келтирадиган вазиятлар билан курашишга ва келажакка қувонч ҳамда умид-ла боқишга ёрдам берамиз. Шундай йўл тутиш маънавий нарсалар пайидан бўлишга ва Аллоҳ биз учун жамлаб қўйган баракаларни ҳозирнинг ўзида ҳис этишимизга кўмаклашади. Ҳа, бу ўзимизнинг қўлларимизни ҳам мустаҳкамлайди.
18 Яҳова ўтмишдаги садоқатли хизматчиларини турли вазиятларда қўллаб-қувватлаб, ҳимоя қилгани ҳақида ўйлаганимизда, имонимиз мустаҳкамланиб, Унга кўпроқ таянишни ўрганамиз. Шундай экан, босим ва муаммолар остида қолганингизда, қўлларингиз бўшашишига йўл қўйманг! Яҳовага доим ибодат қилинг ва Унинг қудратли қўли сизни мустаҳкамлаб, Шоҳлик баракаларига етаклашига имкон беринг! (Заб. 72:23, 24)