26- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Шогирд тайёрлаш ишида ёрдам бера оласизми?
Тангри Ўзига ёқадиган ишларни қилиш учун сизларда истак уйғотиб, куч ато этади. ФИЛИП. 2:13
64- ҚЎШИҚ Ўрим-йиғимда қувонч ила қатнашамиз
БУ МАҚОЛАДАa
1. Яҳова сиз учун нима қилди?
ҚАЙ ЙЎСИН Яҳованинг Шоҳиди бўлгансиз? «Хушхабар»ни ота-онангиз, ҳамкасбингиз ёки синфдошингиздан эшитгандирсиз. Ё бўлмаса, Яҳованинг Шоҳидлари уйма-уй ваъз қилганда хушхабарни сизга айтгандир. (Марк 13:10) Сўнг кимдир сиз билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказиш учун анчагина вақтию кучини бағишлаган. Тадқиқ давомида Яҳовага нисбатан севгингиз пайдо бўлган ва У сизни севишини тушунгансиз. Яҳова сизни ҳақиқатга жалб қилди. Энди Исо Масиҳнинг шогирдисиз ва абадий яшаш умидига эгасиз. (Юҳан. 6:44) Шубҳасизки, Яҳова сизга ҳақиқатни ўргатиш учун ўша инсонни ундагани ва сизни хизматчиларидан бири сифатида қабул қилгани учун Ундан миннатдорсиз.
2. Мазкур мақолада нималарни кўриб чиқамиз?
2 Ҳозир ҳақиқатни биламиз ва бошқаларга биз билан ҳаёт йўлида юришга кўмаклашиш каби шарафга эгамиз. Эҳтимол, бошқаларга ваъз қилиш биз учун осондир, аммо Муқаддас Китоб тадқиқини уларга таклиф қилиш ва уларни ўтказиш қийин бўлиши мумкин. Сиз ҳам ўзингизни шундай ҳис қиляпсизми? Агар «ҳа» бўлса, ушбу мақоладаги айрим тавсияларни фойдали, деб топарсиз. Шогирд тайёрлаш ишида қатнашишга бизни нима ундашини билиб оламиз. Шунингдек, Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишга халақит бераётган қийинчиликларни қай йўсин енгишимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз. Келинг, аввалига нима учун нафақат ваъз қилишимиз, балки Исонинг амрларига амал қилишни ўргатишимиз ҳам кераклигини кўриб чиқамиз.
ИСО БИЗГА ВАЪЗ ҚИЛИШ ВА ТАЪЛИМ БЕРИШ ИШИНИ ТОПШИРГАН
3. Нега ваъз қиламиз?
3 Исо ер юзида бўлганида, издошларига иккита вазифани топширган. Аввало, у Шоҳлик тўғрисидаги хушхабарни ваъз этишни айтган ва уларга буни қай йўсин қилишни кўрсатган. (Мат. 10:7; Луқо 8:1) Бундан ташқари, Исо шогирдларига одамлар Шоҳлик хабарини қабул қилганида ва қабул қилмаганида қандай йўл тутиш кераклигини айтган. (Луқо 9:2–5) Қолаверса, у издошларининг ваъзгўйлик фаолияти кенг қулоч ёзиши тўғрисида башорат қилиб, улар «ҳамма халқларга шаҳодат беришини» айтган. (Мат. 24:14; Ҳавор. 1:8) Одамлар ваъзгўйлик ишига қандай муносабат билдиришидан қатъи назар, шогирдлар Худонинг Шоҳлиги ва у нималарни амалга ошириши тўғрисида уларга айтиши керак эди.
4. Матто 28:18–20 га биноан, Шоҳлик ҳақида ваъз қилишдан ташқари яна нима қилишимиз лозим?
4 Исо яна қандай топшириқ берган? Исо издошларига одамларга у амр этган барча нарсага амал қилишни ўргатишни айтган. Баъзилар ваъз қилиш ҳамда шогирд тайёрлаш ишини фақат биринчи асрдаги масиҳийларга амр этилган, деб айтиши мумкин, бироқ бу тўғрими? Йўқ. Исо бу муҳим иш бизнинг давримизда, яъни замонанинг охиригача давом этишини айтган. (Матто 28:18–20 ни ўқинг.) Исо мазкур топшириқни, эҳтимол, 500 дан ошиқ шогирдига кўринганида берган. (1 Кор. 15:6) Юҳаннога берилган ваҳийда Исо барча шогирдлари бошқаларга Яҳова ҳақида билиб олишга кўмаклашиши кераклигига ишора қилган. (Ваҳ. 22:17)
5. Ваъз қилиш ва таълим бериш ўртасидаги боғлиқликни ҳаворий Павлус қайси мисол ёрдамида кўрсатган? (1 Коринфликларга 3:6–9)
5 Ҳаворий Павлус шогирд тайёрлаш ишини ҳосил ўстириш билан солиштириб, бу шунчаки уруғ экишдан кўпроғини ўз ичига олишини кўрсатган. У коринфликларга: «Мен экканман, Аполлос суғорган. [...] Сизлар эса Аллоҳнинг экинзори»,— деб эслатган. (1 Коринфликларга 3:6–9 ни ўқинг.) «Аллоҳнинг экинзори»даги ишчилар сифатида нафақат уруғларни экамиз, балки уларни суғорамиз ва қай йўсин ўсаётганини мунтазам текширамиз. (Юҳан. 4:35) Шу билан бирга, уруғни ўстирган Аллоҳ эканини тан оламиз.
6. Таълим бериш иши нималарни ўз ичига олади?
6 «Мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлганларни» излаяпмиз. (Ҳавор. 13:48) Уларга Исонинг шогирди бўлишга кўмаклашиш учун Муқаддас Китобдан билиб олаётганларини 1) тушунишга, 2) қабул қилишга ва 3) амалда қўллашга ёрдам беришимиз керак. (Юҳан. 17:3; Колос. 2:6, 7; 1 Салон. 2:13) Жамоатдагилар тадқиқ ўтаётганларга севги кўрсатишда намуна бўлиш ва йиғилишга келганда уларни илиқ қарши олиш орқали уларга ёрдам бериши мумкин. (Юҳан. 13:35) Тадқиқ ўтувчига «мустаҳкам қалъалардай» ўрнашиб олган эътиқоди ёки одатларидан воз кечишга кўмаклашиш учун тадқиқ ўтказаётган киши кўп вақт ҳамда куч сарфлашига тўғри келиши мумкин. (2 Кор. 10:4, 5) У сувга чўмиш мақсадига эришиши учун кўп ойлар давомида ҳаётида бундай ўзгаришлар қилишига ёрдам беришимизга муҳтож бўлар. Лекин бу ҳаракат қилишимизга арзийди.
СЕВГИ ШОГИРД ТАЙЁРЛАШГА УНДАЙДИ
7. Ваъзгўйлик ҳамда шогирд тайёрлаш ишида қатнашишга бизни нима ундайди?
7 Нега ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш ишида қатнашамиз? Биринчидан, Яҳовани севамиз. Ваъз қилиш ҳамда шогирд тайёрлаш амрини бажариш учун жон куйдирганингизда, Худога бўлган севгингизни намоён этган бўласиз. (1 Юҳан. 5:3) Қуйидагилар ҳақида бир ўйлаб кўринг: Яҳовани севганингиз учун одамларга ваъз қиляпсиз. Хўш, мазкур амрга амал қилиш осонми? Эҳтимол, унчалик эмас. Илк бор ваъзгўйликка чиққанингизда ҳаяжонланганмисиз? Шубҳасизки, ҳа. Бироқ Исо бу ишда қатнашишингизни исташини билгансиз ва амрига бўйсунгансиз. Вақт ўтгач, ваъз қилиш сиз учун осонроқ бўлгандир. Хўш, Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказиш ҳақида-чи, нима деса бўлади? Бу ҳақда ўйлашнинг ўзи сизни чўчитяптими? Балки. Аммо Яҳовага ибодат қилиб, У сизга жасоратли бўлишга ва Муқаддас Китоб тадқиқини бошқаларга таклиф қилишга ёрдам беришини сўрасангиз, У шогирд тайёрлаш истагига эга бўлишингизга кўмаклашади.
8. Марк 6:34 га кўра, яна нима бизни бошқаларга таълим беришга ундаши мумкин?
8 Иккинчидан, яқинимизга бўлган севги бизни бошқаларга ҳақиқатни ўргатишга ундайди. Бир сафар Исо ва унинг шогирдлари кўп ваъз қилиб, чарчаб қолганди. Улар дам олиш учун жой қидираётганди. Шунда халойиқ уларни излаб келди. Исо уларга ачинди ва уларга «кўп нарсаларни» ўргата бошлади. (Марк 6:34 ни ўқинг.) У чарчаган бўлса ҳам одамларга ёрдам берди. Нима сабабли? У ўзини ўша одамларнинг ўрнига қўйиб кўрди. Исо улар қанчалар азоб чекаётганини — умидга нечоғлик муҳтож эканини — кўрди ва уларга ёрдам беришни истади. Ҳозир ҳам одамлар худди шундай аҳволда. Уларнинг ташқи кўринишига қараб олдиндан хулоса чиқарманг. Улар адашган қўйлардай ва чўпоннинг йўналтиришига муҳтож. Ҳаворий Павлус уларни умидсиз ва Худодан бехабар инсонлардай тасвирлаган. (Эфес. 2:12) Улар «ҳалокатга олиб борадиган» йўлдан кетяпти. (Мат. 7:13) Ҳудудимизда яшовчи одамларнинг маънавий ҳолати борасида мулоҳаза юритганимизда, севги ва раҳм-шафқат бизни уларга кўмаклашишга ундайди. Уларга Муқаддас Китоб тадқиқини таклиф қилиш энг зўр ёрдамдир.
9. Филиппиликларга 2:13 га биноан, қай йўсин Яҳова сизга ёрдам бера олади?
9 Тадқиққа тайёргарлик кўришга ва уни ўтказишга кўп вақт кетишини билганингиз учун Муқаддас Китоб тадқиқини таклиф қилишга иккиланаётгандирсиз. Агар шундай бўлса, буларни Яҳовага айтиб беринг. Ундан Муқаддас Китоб тадқиқини топиш ва уни ўтказиш учун сизда истак уйғотишига ёрдам беришини сўранг. (Филиппиликларга 2:13 ни ўқинг.) Ҳаворий Юҳанно ибодатларимиз Аллоҳнинг иродасига мувофиқ бўлса, улар ижобат бўлишини айтган. (1 Юҳан. 5:14, 15) Шунга амин бўлишингиз мумкинки, Яҳова шогирд тайёрлаш ишида қатнашиш истагига эга бўлишингизга ёрдам беради.
БОШҚА ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ ЕНГИШ
10, 11. Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишимизга нималар тўсқинлик қилиши мумкин?
10 Шогирд тайёрлаш ишида истаганимизча кўп қилишга тўсқинлик қиладиган қийинчиликларга дуч келсак-да, таълим бериш амрига жиддий ёндашамиз. Келинг, шу каби қийинчиликларнинг айримларини ва уларни қай йўсин енгишни кўриб чиқамиз.
11 Истаганимиздай кўп қила олмаслигимиз мумкин. Мисол учун, баъзи ваъзгўйларнинг ёши ўтяпти ёки соғлиги заиф. Сизнинг ҳам вазиятингиз шунга ўхшашми? Шундай бўлса, COVID-19 пандемияси туфайли ўрганган сабоқларимиздан бирини кўриб чиқайлик. Телефон ёки бошқа электрон қурилмалардан фойдаланиш орқали Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказишимиз мумкинлигини билиб олдик. Балки ўз уйингиздан туриб Муқаддас Китоб тадқиқларини бошлашингиз ва уларни ўтказишингиз мумкин. Шунингдек, бунинг бошқа фойдали томони бор. Баъзилар тадқиқ ўтишдан хурсанд бўлади. Бироқ биродарлар вақт ажратганда ўша кишиларда фурсат бўлмайди. Уларнинг вақти саҳар эрталаб ёки кечки пайт оқшомда бўлиши мумкин. Хўш, бу пайтларда улар билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказа оласизми? Исо Никодимга кечаси таълим берган, сабаби бу вақт Никодим учун қулай эди. (Юҳан. 3:1, 2)
12. Самарали тадқиқ ўтказишда ишончимизни оширишга қайси омиллар ёрдам беради?
12 Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказиш қўлимдан келмайди, деб ўйлаётгандирмиз. Эҳтимол, тадқиқ ўтказишдан аввал қобилиятлироқ бўлиш ёки кўпроқ билимга эга бўлиш керак, деб ўйлаётгандирмиз. Шундай бўлса, келинг, ишончингизни оширишга кўмаклашадиган учта омилга диққат қаратайлик. Биринчидан, Яҳова сизни бошқаларга таълим беришда лаёқатли деб билади. (2 Кор. 3:5) Иккинчидан, «еру осмондаги бутун ҳокимиятга» эга Исонинг ўзи сизга бу вазифани топширди. (Мат. 28:18) Учинчидан, уни бажаришда бошқаларнинг ёрдамига таянишингиз мумкин. Исо нима деб айтиш кераклиги борасида Отаси унга таълим беришига ишонган. Сиз ҳам бунга ишонишингиз мумкин. (Юҳан. 8:28; 12:49) Бундан ташқари, ваъзгўйлик гуруҳингизнинг нозири, қобилиятли кашшоф ёки тажрибали ваъзгўйдан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашда ва ўтказишда сизга ёрдам беришини сўрасангиз бўлади. Бундай ваъзгўйларнинг бири тадқиқ ўтказаётганда, у билан ҳамкорлик қилиш сизга ёрдам бериши мумкин.
13. Нега мослашувчан бўлишимиз керак?
13 Янги усулларга ва янги асбобларга мослашишга қийналаётгандирмиз. Гап шундаки, ҳозир Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказиш усули ўзгарган. Тадқиқ учун мўлжалланган асосий адабиётимиз — «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китоби ёрдамида тайёрланиш ва уни ўтказиш олдингидан фарқ қилади. Бир нечта хатбошини ўқиб, тадқиқ ўтувчи билан кўпроқ суҳбатлар қурамиз. Энди таълим берганда, сайтимиздаги ва «JW Library®» иловасидаги видеолару турли маълумотлардан кўпроқ фойдаланишимиз мумкин. Агар бу асбоблардан қандай фойдаланишни билмаётган бўлсангиз, ёрдам сўранг. Биз инсонлар бирон нимани ўрганганимиздай қилишга одатланганмиз. Ҳа, ниманидир янги услубда қилишни ўрганишга мослашиш биз учун осон бўлмаслиги мумкин. Лекин Яҳованинг ва бошқаларнинг кўмаги билан унга мослашиш осонроқ бўлади ва тадқиқ ўтказиш сизга кўпроқ завқ келтиради. Бир кашшоф айтганидай, таълим беришнинг бу усули «ҳам тадқиқ ўтаётган киши, ҳам ваъзгўй учун қизиқарлидир».
14. Ваъз қилиш қийин бўлган ҳудудда хизмат қилсак, нимани ёдда тутишимиз лозим ва қай йўсин 1 Коринфликларга 3:6, 7 бизга далда беряпти?
14 Муқаддас Китоб тадқиқларини бошлаш қийин бўлган ҳудудда яшаётгандирмиз. Биз ваъз қилаётган хабар одамларга қизиқ бўлмаслиги ёки ҳатто улар бунга қарши чиқиши мумкин. Хўш, ижобий бўлиб қолишимизга нима ёрдам беради? Унутманг, бу ташвишли дунёда одамларнинг вазияти тезда ўзгариши ва қачонлардир қизиқиш билдирмаганлар маънавий нарсаларга чанқоқликни ҳис қилиши ҳеч гап эмас. (Мат. 5:3) Айримлар ўтмишда адабиётларимизни олишдан доим бош тортгандир. Ҳозир эса Муқаддас Китоб тадқиқига рози бўляпти. Шунингдек, Яҳова ҳосил Эгаси эканини биламиз. (Мат. 9:38) Худо экишда ва суғоришда давом этишимизни истайди, аммо уруғни ўстиришга У масъулдир. (1 Кор. 3:6, 7) Бундан ташқари, шуни ёдда тутиш далдалики, ҳозирда Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказа олмасак-да, Яҳова натижа эмас, ҳаракатларимиз асосида бизни мукофотлайдиb.
ШОГИРД ТАЙЁРЛАБ ҚУВОНИНГ
15. Одам Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, ўрганаётганларини амалда қўлласа, Яҳова нималарни ҳис қилади?
15 Яҳова киши ҳақиқатни қабул қилганида ва уни бошқалар билан бўлишганида хурсанд бўлади. (Ҳик. 23:15, 16) Ҳа, У бугунги кунда нималар содир бўлаётганини кўриб, жуда қувонаётгандир. Масалан, бутун дунёда пандемия бўлишига қарамай, 2020 хизмат йили давомида 7 705 765 та тадқиқ ўтказилди ва 241 994 та одам ўзини Яҳовага бағишлаб, сувга чўмди. Ўз навбатида, бу янги шогирдлар Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказиб, кўпроқ шогирд тайёрлашда ҳисса қўшади. (Луқо 6:40) Шубҳасизки, шогирд тайёрлаш ишида қатнашиб, Яҳовани хурсанд қиляпмиз.
16. Қандай мақсад қўйишимиз мумкин?
16 Шогирд тайёрлаш осон эмас, аммо Яҳованинг ёрдами билан бу ишда қатнашиб, янги шогирдларга Уни яхши кўришни ўргата оламиз. Камида битта тадқиқ бошлаб, уни ўтказишни мақсад қилиб қўя оламизми? Биз учратган одамларга тадқиқ таклиф қилиш учун ҳар фурсатдан фойдаланганда, бу қандай натижа келтириши бизни ҳайрон қолдириши мумкин. Аминмизки, Яҳова ҳаракатларимизга барака ёғдиради.
17. Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказсак, нимани ҳис қиламиз?
17 Ҳақиқатни ваъз қилиш ва ўргатиш шарафига эгамиз. Бундан роса бахтиёрмиз. Салоникада кўпларга Масиҳнинг шогирди бўлишга ёрдам берган ҳаворий Павлус ҳис-туйғуларини қуйидагича ифодалаган: «Ҳазратимиз Исонинг ҳозир бўлиш пайтида унинг олдида умидимиз ёки қувончимиз ё фахрланадиган тожимиз ким? Сизлар эмасми? Ҳа, бизнинг шон-шарафимиз ва қувончимиз сизларсиз». (1 Салон. 2:19, 20; Ҳавор. 17:1–4) Кўплар ўзини шундай ҳис қиляпти. Эри билан кўпларга сувга чўмишга ёрдам берган Стефани қуйидагича деди: «Одамларга ўзини Яҳовага бағишлашга ёрдам беришдан улкан қувонч йўқ».
57- ҚЎШИҚ Ҳар турли одамларга ваъз қиламиз
a Яҳова бизга нафақат бошқаларга ваъз қилиш, балки уларга Исо амр этган барча нарсага амал қилишни ўргатиш шарафини ҳам берган. Бундай қилишга бизни нима ундайди? Ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш ишида қандай қийинчиликларга дуч келяпмиз? Уларни қай йўсин енга оламиз? Мазкур мақолада ушбу саволларнинг жавобини кўриб чиқамиз.
b Шогирд тайёрлашда қай йўсин ҳисса қўша олишимиз борасида кўпроқ билиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2021 йил март сонидаги «Жамоатдаги барча Каломни ўрганаётганларга сувга чўмишга ёрдам бера олади» номли мақолага қаранг.
c РАСМГА ШАРҲ. Тадқиқ ёрдамида инсоннинг ҳаёти ўзгариши мумкинлигига эътибор беринг. Бошида киши ҳақиқатни билмайди ва ҳаёти мазмунсиздай кўриняпти. Сўнг Яҳованинг Шоҳидлари ваъз қилаётиб, уни учратди ва у тадқиқ ўтишга рози бўлди. Ўрганганлари уни ўзини Худога бағишлашга ва сувга чўмишга етаклади. Вақт ўтиб у ҳам шогирд тайёрлаш ишида қатнашди. Ниҳоят жаннатда абадий ҳаётдан завқ оляпти.