ЕТТИНЧИ БОБ
Ўсмир — уйнинг қўзғолончисими?
1, 2. а) Дин раҳбарларининг садоқатсизлигини таъкидлаш учун, Исо пайғамбар қандай масал айтиб берган эди? б) Исо алайҳиссаломнинг масалидан ўсмирлар ҳақида нимани билиб олиш мумкин?
ИСО пайғамбар ер юзида бўлганида, дин раҳбарларига уларни ўйлантириб қўйган бир савол берган эди. У шундай деб айтди: «“Сизларнинг фикрингиз қандай? Бир одамнинг икки ўғли бор экан. У биринчисига келиб: ‘Ўғлим, бугун бориб узумзоримизда ишла,’— дебди. Аммо у: ‘Истамайман!’ — деб сўз қайтарибди. Кейин пушаймон бўлиб, борибди. У одам иккинчи ўғлига келиб, яна шундай дебди. Буниси жавоб бериб: ‘Хўп хўжайин, бораман’,— дебди-ю, лекин бормабди. Икковидан қайси бири отасининг хоҳишини бажо келтирган бўлади?” Исога: “Биринчиси”,— дедилар» (Матто 21:28–31).
2 Бу мисол билан, Исо алайҳиссалом дин раҳбарларининг садоқатсизлигини таъкидлади. Улар масалдаги иккинчи ўғил каби, Худонинг иродасини бажаришга ваъда қилишган-у, лекин бажаришмаган. Лекин, Исо пайғамбарнинг масали у оилавий ҳаётни яхши билишидан далолат беради ва бунга кўп ота-оналар қўшилишади. Унинг мисолидан аниқ кўриниб турибдики, болаларнинг фикрлаш ёки йўл тутиш тарзини гоҳо тушуниш қийин. Масалан ўсмир оилага кўп ташвиш келтириши мумкин, аммо кейинчалик эса масъулиятли ва обрўли инсон бўлиб етишади. Қўзғолончи ўсмирларнинг муаммосини кўриб чиқиш давомида буни ёдда тутишимиз ўта зарурдир.
КИМНИ ҚЎЗҒОЛОНЧИ ДЕЙИШ МУМКИН?
3. Нима учун ота-она ўз фарзандини қўзғолончи деб айтишга шошилмаслиги керак?
3 Баъзида ўсмирлар ота-онасига очиқчасига қарши чиқишади. Балки сиз, ўсмир бошқариб бўлмайдиган оилани биларсиз. Лекин ўсмир қўзғолончими ёки йўқми, ҳар доим ҳам аниқлаб бўлмайди. Чунки ҳатто бир оилада катта бўлган болалар ҳам бири қўзғолончи, бири мўмин бўлиши мумкин. Хўш, агар фарзанд ўтакетган қўзғолончи бўлса, ота-она нима қилиши мумкин? Буни аниқлаш учун келинг, аввал кимни қўзғолончи деб аташ мумкинлигини билиб олайлик.
4–6. а) Кимни қўзғолончи деса бўлади? б) Агар ўсмир баъзида итоатсизлик қилса, ота-онаси нимани ёдда тутиши керак?
4 Оддий қилиб айтганда, қўзғолончи — ҳокимиятга бўйсунмайдиган ёки атайлаб унга қарши чиқадиган инсон. Дарҳақиқат, «ақлсизлик боланинг дилига ўрнашган» (Ҳикматлар 22:15). Шунинг учун болалар вақти-вақти билан ота-онага ёки бошқа бир раҳбарликка қарши чиқишади. Бу айниқса, ўсмир жисмоний ва ҳиссий жиҳатдан ривожланаётган пайтда юз беради. Ҳаётдаги ўзгаришлар ҳар бир одамга таъсир қилади, ўспиринлик даври эса ўзгаришларга лиқ тўла. Чунки фарзандингиз болаликни қолдириб, балоғат ёшига қадам қўйишни бошлайди. Шу сабабли ўсмирлик даврида фарзандлар ва ота-оналар орасида қийинчиликлар пайдо бўлиб туради. Кўпинча ота-оналар бу даврни секинлаштиришга, болалар эса тезлаштиришга ҳаракат қилишади.
5 Қўзғолончи бўлган ўсмир, ота-онаси қадрлаган нарсаларни рад этади. Бироқ ёдингизда бўлсин, агар ўсмир бир неча марта итоатсизлик қилса, у қўзғолончи эканини англатмайди. Ёки баъзи фарзандлар Муқаддас Китобни ўрганишга қизиқишмаса, шунда ҳам уларни қўзғолончи деб айтиб бўлмайди. Хуллас, фарзандни қўзғолончи деб аташга ҳеч шошилманг.
6 Ҳамма ўсмирлар ҳам ота-онанинг раҳбарлигига қарши чиқишадими? Йўқ, ҳаммаси ҳам эмас. Ҳаётдан кўриниб турибдики, қўзғолон кўтариш айрим болаларга хос. Лекин атайлаб қўзғолон кўтарадиган фарзандга қандай муносабатда бўлиш керак? Бунга нима сабаб бўлиши мумкин?
ҚЎЗҒОЛОННИНГ САБАБЛАРИ
7. Қандай қилиб Шайтоннинг дунёси фарзандларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин?
7 Қўзғолонга Шайтоннинг дунёси сабаб бўлади. Чунки Худонинг Каломида: «Бутун дунё эса ёвуз шайтоннинг ҳукмидадир»,— дейилган (1 Юҳанно 5:19). Шайтоннинг дунёсида ахлоқсизлик ривожланган бўлиб, Яҳова Таолонинг хизматчилари бунга қарши туришларига тўғри келади (Юҳанно 17:15). Олдингидан кўра, бугунги кунда ахлоқ янада бузилган бўлиб, хавфли ва салбий таъсир кўрсатмоқда (2 Тимўтийга 3:1–5, 13). «Шайтон руҳи ҳозир ҳам осий бандаларда амал қилмоқда» ва агар ота-оналар фарзандларига таълим бериб огоҳлантиришмаса ва ҳимоялашмаса бу, ўсмирларга зарар етказиши мумкин (Эфесликларга 2:2). Тенгдошларнинг таъсири ҳам кучлидир. Муқаддас Китобда: «Аҳмоққа йўлдош бўлган ҳалок бўлади»,— деб айтилган (Ҳикматлар 13:20). Шу каби, дунёнинг таъсирида бўлган одамлар билан дўстлашганлар ҳам, бундай таъсир остида қолишади. Ёшлар Тангрининг қонун-қоидаларига итоат қилиш бахтли ҳаётга асос солишини тушуниши учун, уларга доимо ёрдам бериш керак (Ишаё 48:17, 18).
8. Бола қўзғолончи бўлишига қандай сабаблар бор?
8 Қўзғолонга уйдаги муҳит ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, агар ота ёки она ичкиликка ружу қўйган, гиёҳванд ёки шафқатсиз бўлса, бу боланинг ҳаётига ёмон таъсир қилади. Шунга ўхшаб, ота-онаси фарзанди билан иши бўлмаса, ҳатто тинч-тотув оилада ҳам, қўзғолончи пайдо бўлиши ҳеч гап эмас. Бироқ, қўзғолон доим ҳам ташқи таъсирга боғлиқ бўлмайди. Баъзи болалар, ота-онаси Худонинг қонунига амал қилиб, уларни дунёнинг таъсиридан ҳимоя қилишига қарамай, ота-онасининг қадриятларидан воз кечишади. Бунинг сабаби нимада? Одамзоднинг номукаммаллигидадир. Ҳаворий Павлус айтган эди: «Битта одам [Одам Ато] дастидан дунёда гуноҳ пайдо бўлди, гуноҳдан эса ўлим пайдо бўлди ва бутун инсонларга ўтди. Маълумки, ҳамма гуноҳ қилган» (Римликларга 5:12). Дарҳақиқат, Одам Ато худбин қўзғолончи эди ва фарзандларига бундай ёмон мерос қолдирди. Шунинг учун баъзи ўсмирлар ҳам Одам Ато каби исёнчи бўлишади.
ИРОДАСИ СУСТ ЭЛАХ ВА ШАФҚАТСИЗ РАХАБОМ
9. Тарбияга нисбатан қандай нотўғри муносабат, бола қўзғолончи бўлишига сабаб бўлади?
9 Қўзғолоннинг яна бир сабаби, ота-она фарзандининг тарбиясига нотўғри муносабатда бўлишидир (Колосаликларга 3:21). Баъзи ота-оналар боласига қатъий чегара қўйиб, уни жазолаб туришади. Бошқалари эса, иродаси суст бўлгани учун, ўсмирларига хоҳлаган нарсасини қилишига йўл қўйишади. Лекин ҳамма нарсанинг ўз меъёри бўлиши даркор. Ҳар бир фарзанднинг ўзига яраша эҳтиёжи бор. Улардан баъзилари бошқаларига қараганда кўпроқ назоратга муҳтож бўлиши мумкин. Бунга қарамай, Муқаддас Китобдаги иккита мисол шафқатсиз ёки иродасиз бўлмасликка ёрдам беради.
10. Нима учун Элах олий руҳоний бўлишига қарамай, оталик вазифасини бажара олмади?
10 Қадимги Исроилда яшаган Элах исмли бир олий руҳонийнинг иккита фарзанди бор эди. У Худога 40 йил хизмат қилиб, Унинг қонун-қоидаларини жуда яхши билар эди. Шунингдек, Элах руҳонийлик вазифасини бажараётиб, Хўфнах ва Пинхос исмли ўғилларини Парвардигорнинг қонунларига ўргатарди. Бироқ Элах ўғилларига ўғилларига гапини ўтказа олмайдиган, иродасиз инсон эди. Хўфнах ва Пинхосга ҳам руҳонийлик вазифаси берилганди, аммо улар «ярамас йигитлар» бўлиб, ўз нафсларию шаҳвоний ҳирсларини қондириш билан овора эдилар. Гарчи улар муқаддас маконда ҳар хил жирканч ишларни қилишса-да, уларни вазифаларидан маҳрум этишга Элахнинг жасорати етмаган эди. У шунчаки уларни оз-моз койиб қўярди. Бундан кўриниб турибдики, Элах ўғилларини Худодан кўра ортиқ кўрган. Натижада Элахнинг ўғиллари Тангри Яҳовага қарши исён кўтариб, ўз хонадонини лаънатга дучор қилишди (1 Шоҳлар 2:12–17, 22–25, 29; 3:13, 14; 4:11–22).
11. Ота-оналар, Элахнинг қилмишидан қандай сабоқ олишлари мумкин?
11 Бу воқеалар содир бўлганида Элахнинг ўғиллари анча улғайган эди, лекин бу ҳодиса, тарбияга юзаки қарамаслик кераклигини таъкидламоқда (Ҳикматлар 29:21- оятни солиштиринг). Баъзи ота-оналар меҳр-муҳаббатни иродасизлик билан адаштириб, фарзандларига аниқ ва оқилона қоидалар ўрнатиб, уларга амал қилишни талаб этишмайди. Бундай ота-оналар, жигарбандлари ҳатто Муқаддас Китоб қонунларини бузишганда ҳам, қилт этишмайди. Бунинг оқибатида болалар ота-онасини ёки бошқа бир раҳбарликни ҳурмат қилмай қўйишади-да (Воиз 8:11- оятни солиштиринг).
12. Рахабом подшоҳ бўлганида, қандай хатога йўл қўйган эди?
12 Бошқамисол тариқасида, ўз ҳукмдорлигини суиистеъмол қилган Рахабомни келтириш мумкин. У Исроилнинг охирги ва ёмон подшоҳи бўлган эди. Рахабом отаси Сулаймоннинг меросхўри бўлиб, оғир бўйинтуруқдан қийналган халқ устидан шоҳлик қиларди. Хўш, у фуқароларига қандай муносабатда бўлган? Ёмон, чунки халқ бу машаққатларни енгиллаштиришни сўраганида, у оқсоқолларнинг доно маслаҳатларини назар-писанд қилмай, уларни янада эзишни бошлаган. Рахабомнинг такаббурлиги ўн-қабилали шимолий шоҳликнинг исён кўтаришига сабаб бўлиб, шоҳлик иккига бўлиниб кетди (3 Шоҳлар 12:1–21; 2 Солномалар 10:19).
13. Қандай қилиб ота-оналар Рахабомнинг хатоларини қайтармасликлари мумкин?
13 Ота-оналар Рахабомнинг мисолидан бир нечта муҳим сабоқ олишлари мумкин. Улар ибодат орқали ‘Худовандни ахтаришлари’ ва фарзандларини Муқаддас Китоб асосида тарбиялашлари керак (Забур 104:4). Ҳазрати Сулаймон шундай деб ёзган: «Дўқ-пўписа донони ҳам телба қилади» (Воиз 7:7). Меъёрида қўйилган қоидалар ўсмирнинг ривожланишига имкон яратиб, шу билан биргаликда уни ҳимоя қилади. Лекин ҳаддан ташқари талабчанлик, болаларни ўзига ва ўз кучига ишонмайдиган қилиб қўяди. Агар ота-оналар эркинлик ва талабчанликнинг меъёрини билишса, ўсмирларнинг аксарияти қўзғолончи бўлишмайди.
ФАРЗАНДГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛАЁТИБ, ҚЎЗҒОЛОННИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МУМКИН
14, 15. Ота-она фарзандининг ривожланишига қандай муносабатда бўлиши керак?
14 Ота-оналар фарзандлари улғаётганини кўриб қувонишса-да, улар борган сари мустақил ва ўзига ишонадиган бўлиб кетаётганларидан ташвишланишлари мумкин. Агар фарзанд балоғатга етиш арафасида ўжар ёки истаганини қиладиган бўлса, таажжубланманг. Ёдингизда бўлсинки, ота-онанинг мақсади фарзандини етук, ҳамма нарсада меъёрини биладиган ва масъулиятли инсон қилиб етиштиришдан иборатдир (1 Коринфликларга 13:11- оятни солиштиринг; Эфесликларга 4:13, 14).
15 Бу қанчалик қийин бўлмасин, ота-она боланинг кўпроқ эркинлик бериш илтимосига салбий муносабатда бўлмасликка ҳаракат қилиши керак. Дарҳақиқат, фарзанд алоҳида бир шахс бўлиб ривожланиши лозим. Ҳатто айрим ўсмирлар ёш бўлишига қарамай, катталардек нуқтаи назарга эга бўлишади. Масалан, Муқаддас Китобда подшоҳ Йўшиё ҳақида, у ҳали ўспиринлигиданоқ ҳақ Аллоҳга сиғиниш бурчига жиддий қараганди, деб ёзилган. Бундан кўриниб турибдики, у масъулиятни сезадиган инсон эди (2 Солномалар 34:1–3).
16. Агар болаларга кўпроқ эркинлик берилган бўлса, улар нимани тушунишлари даркор?
16 Бироқ эркинлик масъулиятли бўлишни англатади. Шунинг учун улғайиб бораётган фарзандингизга баъзи чиқарган қарорлари ва қилмишларининг оқибатини ўзи ҳис этишига йўл қўйинг. «Инсон нима экса, шуни ўради» деган қоида нафақат катталарга, балки ўсмирларга ҳам тегишли (Галатияликларга 6:7). Ахир болаларни муаммолардан умр бўйи сақлаб бўлмайди-ку. Аммо фарзандингиз ман этилган нарсани қилишни хоҳласа-чи? Унда сиз «йўқ» дейишингиз шарт. Гарчи сабабларни тушунтирсангиз ҳам, «йўқ» ҳеч қачон «ҳа» сўзига айланмаслиги лозим (Матто 5:37- оятни солиштиринг). Шундай бўлса ҳам, «йўқ» сўзини юмшоқ ва асосли тарзда айтишга ҳаракат қилинг, чунки «юмшоқ жавоб ғазабни қайтаради» (Ҳикматлар 15:1).
17. Ўсмир нимага муҳтож бўлиши мумкин ва ота-она унга қандай ёрдам бериши керак?
17 Агар ёшлар, берилган қоидалар билан ҳар доим рози бўлишмаса ҳам, тарбия улар учун хавфсизлик гаровидир. Лекин ота-она қоидаларини тез-тез ўзгартириб турса, бу, болани саросимага солиши мумкин. Бундан ташқари, агар ўсмирларга тортинчоқлик, уятчанглик ва ўзига ишонмасликни енгиш учун далда ва ёрдам берилса, эҳтимол улар ҳамма нарсанинг меъёрини биладиган бўлиб улғайишади. Шунингдек, ўсмирлар ота-онаси уларга ишонишларини қадрлашади (Ишаё 35:3, 4; Луқо 16:10; 19:17).
18. Ўсмирлар ҳақидаги қайси маълумот ота-оналарга далда беради?
18 Оилада тинчлик-осойишталик ва меҳр-муҳаббат ҳукмрон бўлса, болаларга яхши таъсир қилади (Эфесликларга 4:31, 32; Ёқуб 3:17, 18). Ҳатто ичкиликка ружу қўйган, зўравонлик ёки бошқа қандайдир ёмон таъсирга берилган оилада тарбияланган кўп ўсмирлар ҳам, яхши инсон бўлиб етишишади. Шунинг учун, агар оилангиз меҳр-муҳаббат, ҳамдардлик ва эътиборга тўла бўлса, ўсмир ўзини хавфсиз ҳис қилади. Агар ғамхўрлигингиз Муқаддас Китоб қонун-қоидаларига асосланган бўлса, унда фарзандингиз сизга шараф келтиради (Ҳикматлар 27:11- оятни солиштиринг).
БОЛА ҚИЙИНЧИЛИККА ДУЧ КЕЛГАНДА
19. Гарчи ота-она болани тўғри йўлга солиб тарбиялаши керак бўлса-да, фарзанднинг вазифаси қандай?
19 Албатта, ота-оналик бурчини тўғри бажариш катта аҳамиятга эга. Тавротда: «Болани тўғри йўлга солиб тарбияла, шунда қариганида ҳам йўлидан адашмайди»,— деб айтилган (Ҳикматлар 22:6). Лекин, ота-онаси яхши бўлишига қарамай, жиддий муаммоларга дуч келаётган болалар ҳақида нима дейиш мумкин? Шундай бўлиши мумкинми ўзи? Албатта. Аммо қандай бўлмасин, юқоридаги оят бошқа оятлар қатори, бола ота-онасига «қулоқ солиши» керак, деб таъкидлайди (Ҳикматлар 1:8). Оилада бирлик бўлиши учун, Муқаддас Китоб қонун-қоидаларини ота-она ҳам, фарзанд ҳам қўллашлари керак. Акс ҳолда муаммолар келиб чиқаверади.
20. Бола хато қилганида, ота-она қандай йўл тутиши керак?
20 Фарзанд хато қилиб қийинчиликка дуч келганида, ота-она бунга қандай муносабатда бўлиши керак? Ўша пайтда бола айниқса ёрдамга муҳтож бўлади. Агар ота-она ўсмирнинг ҳаётий тажрибаси йўқлигини эътиборга олишса, унда улар бўлиб ўтган воқеани кўнглига яқин олишмайди. Ҳаворий Павлус имондошларига шундай деб маслаҳат берган эди: «Агар бирон одам гуноҳ қилиб қўйса, уни мулойим руҳ билан тузатинглар» (Галатияликларга 6:1). Шу каби ота-оналар ҳам, хато қилган фарзандига бундай муносабатда бўлишлари мумкин. Ота-она унинг хатти-ҳаракати нотўғри эканини ва бундан қандай қочиш кераклигини тушунтираётиб, ўсмирни эмас, балки унинг қилмишини ёмонлаши керак (Яҳудо 22-, 23- оятларни солиштиринг).
21. Агар бола жиддий гуноҳ қилиб қўйса, ота-она нима қилиши даркор?
21 Агар ўсмирнинг қилмиши жиддий бўлса-чи? Унда унга ўзгача ёрдам ва тажрибали йўл-йўриқ бериш лозим. Масалан, имонлилар жамоатининг бир аъзоси жиддий гуноҳ қилиб қўйса, унга тавба қилиб, оқсоқолларга мурожаат қилиш ҳақида маслаҳат берилади (Ёқуб 5:14–16). Тавба қилганидан сўнг, оқсоқоллар бундай кишига маънан тикланишига ёрдам қилишади. Оилада эса, хато қилган ўсмирга ота-онаси жавобгардир. Эҳтимол бунда ота-она жамоат оқсоқолларига маслаҳат сўраб мурожаат қилишига тўғри келар. Бинобарин болалардан бирортаси жиддий гуноҳ қилиб қўйса, унда ота-онаси буни оқсоқоллардан яширмаслиги лозим.
22. Агар фарзанд жиддий хато қилиб қўйса, унда ота-она Эгамиз Яҳовадан қандай ўрнак олиши мумкин?
22 Тўғри, фарзанди жиддий муаммога дуч келиши, ота-она учун қайғулидир. Саросимага тушган ота-она, йўлдан озган ўсмирга дўқ-пўписа қилиши мумкин, лекин бу болани янада ғазаблантиради. Аммо, ўсмирнинг келажаги бундай пайтда унга қандай муносабатда бўлишларига боғлиқлигини эсдан чиқарманг. Шунингдек ёдингизда бўлсин, тўғри йўлдан адашган халқи тавба қилганида, Яҳова Таоло кечиришга тайёр бўлган. Парвардигор Ўз халқига меҳр-муҳаббат ила муносабатда бўлиб, гуноҳлари қанчалик кўп бўлишига қарамай, уларни кечиришга ваъда берган эди (Ишаё 1:18). Бу, ота-оналар учун нақадар ажойиб ўрнак!
23. Агар фарзанд жиддий гуноҳ қилса, ота-она нима қилиши ва нимадан эҳтиёт бўлиши керак?
23 Шу сабабли, йўлдан озган ўсмирни ўз хатти-ҳаракатини ўзгартиришга унданг. Тажрибали ота-оналардан ва жамоатдаги оқсоқоллардан маслаҳат изланг (Ҳикматлар 11:14). Ўйламай йўл тутиб, фарзандингизни ўзингиздан бездирадиган сўзларни айтишдан сақланинг. Ғазабли ва ранжитадиган сўзларни ишлатманг (Колосаликларга 3:8). Умидингизни узманг (1 Коринфликларга 13:4, 7). Ёвузликдан нафратланинг ҳамда фарзандингизга шафқатсиз ва қаттиққўл муносабатда бўлманг. Энг муҳими эса, фарзандга яхши ўрнак кўрсатинг ва Худойи Таолога бўлган ишончингиз мустаҳкам бўлсин.
АТАЙИН ҚЎЗҒОЛОН КЎТАРАДИГАН ЎСМИР
24. Оилада қандай муаммо юз бериши мумкин ва унда ота-она нима қилиши керак?
24 Айрим ҳолларда ўсмир атайин исён кўтаришга қарор қилиб, Муқаддас Китоб қонунларини бутунлай рад этади. Бунда эътиборни оиладаги бошқа аъзоларнинг манфаатини сақлашга қаратиш керак. Бор кучингизни қўзғолончига сарфлаб, бошқа фарзандларга бепарво бўлишдан эҳтиёт бўлинг. Бу муаммони уйдагилардан яширишнинг ўрнига, икир-чикирларига эътибор бермай, уни муҳокама қилинг ва оилада тинчликни сақлашга ҳаракат қилинг (Ҳикматлар 20:18- оятни солиштиринг).
25. а) Агар фарзанд атайлаб қўзғолон кўтарса, ота-она қандай йўл тутиши керак? б) Агар болалардан биронтаси қўзғолончи бўлса, ота-она нимани эътиборга олиши лозим?
25 Ҳаворий Юҳанно жамоатдаги бир исёнчи ҳақида: «Уни уйингизга киритманглар, унга салом ҳам берманглар»,— деб айтган эди (2 Юҳанно 10). Агар бола балоғат ёшига етиб, бутунлай итоатсиз бўлиб қолса, ота-она ҳам юқоридаги маслаҳатга риоя қилиши мумкин. Бу қанчалик қийин ва оғир бўлмасин, бошқа оила аъзоларини ҳимоялаш учун, гоҳида бундай йўл тутишга тўғри келар. Уйдагилар сизнинг ҳимоянгиз ва эътиборингизга муҳтож. Шунинг учун, аниқ ўрнатилган ва асосли қоидаларга риоя қилишда давом этинг. Бошқа фарзандларингиз билан мулоқот қилинг. Мактабдаги ва жамоатдаги ишлари билан қизиқинг. Шунингдек, уларга қўзғолончи фарзандингиздан эмас, балки унинг қилмишларидан нафратланаётганингизни кўрсатинг. Унинг ёмон ишларини қораланг. Бобокалонимиз Ёқубнинг иккита ўғли шафқатсизлиги туфайли бутун хонадонга бахтсизлик келтиришган эди. Шунда Ёқуб ўғилларини эмас, балки уларнинг тошқин қаҳр-ғазабини лаънатлаганди (Ибтидо 34:1–31; 49:5–7).
26. Болалардан бири қўзғолончи бўлса, ота-онага тушкунликка тушмасликка нима ёрдам беради?
26 Эҳтимол, сиз оилада бўлиб ўтган воқеада ўзингизни айбдор ҳисоблаётгандирсиз? Агар сиз Худованд Яҳованинг насиҳатларига риоя этиб, қўлингиздан келганини қилган бўлсангиз, унда ўзингизни айбламанг. Мукаммал ота-она йўқ ва сиз яхши ота-она бўлишга жон куйдиргансиз, шунинг учун тушкунликка тушманг (Ҳаворийлар 20:26- оятни солиштиринг). Атайлаб қўзғолон кўтарадиган фарзанд, оила учун катта синов, лекин Аллоҳ садоқатли хизматчиларини тушунишига ва ҳеч қачон ташлаб кетмаслигига амин бўлинг (Забур 26:10). Шу сабабли, бошқа болаларингиз учун оилангиз бехатар бир паногоҳ бўлишига ҳаракат қилинг.
27. Дарбадар ўғил ҳақидаги масални эслаб, ота-она нимага умид қилиши мумкин?
27 Боз устига, ҳеч қачон умидингизни йўқотманг. Ким билсин, эҳтимол сиз фарзандингизга тўғри тарбия бериш учун қилган ҳаракатларингиз, йўлдан озган ўсмирнинг қалбига таъсир қилиб, қачондир уни яхши томонга ўзгартирар (Воиз 11:6). Айрим оилалар ҳам шу каби ҳодисани бошдан кечиришган. Улар ҳам, Исо алайҳиссаломнинг дарбадар ўғил масалидаги ота каби, адашган болаларининг қайтганини кўришган (Луқо 15:11–32). Сизнинг оилангизда ҳам худди шундай бўлиши мумкин.