Ибодатларимиз нимани аён қилади?
Сен ибодатни эшитгучисан, Сенга келади барча банибашар. ЗАБ. 64:3
1, 2. Нима учун Яҳованинг хизматчилари, Унга ишонч билан мурожаат қилишади?
ЭГАМИЗ ЯҲОВА, садоқатли хизматчиларининг илтижоларини доим тинглайди. У бизни эшитаётганига амин бўлишимиз мумкин. Ҳатто, миллионлаб Яҳованинг Шоҳидлари бир вақтда ибодат қилишса ҳам, Аллоҳ ҳар бирини эшитишга қодир.
2 Дуолари ижобат бўлишига ишонч ҳосил қилиб, ҳазрати Довуд шундай ёзган: «Сен ибодатни эшитгучисан, Сенга келади барча банибашар» (Заб. 64:3). Довуд Яҳованинг содиқ хизматчиси бўлгани учун, унинг илтижолари жавобсиз қолмаган. Шу боис, биз ҳам ўзимизга шундай савол берсак бўлади: «Дуоларим, Худога таянаётганимни ва Унга сиғиниш ҳаётимда энг муҳим ўринни эгаллаётганини кўрсатяптими? Ибодатларим мен ҳақимда нималарни аён қиляпти?»
Камтарлик ила ибодат қилинг
3, 4. а) Худога қай тарзда мурожаат этишимиз лозим? б) Жиддий гуноҳ дастидан қийналаётган бўлсак, нима қилишимиз керак?
3 Ибодатларимизга жавоб олишни истасак, Худога камтарона тарзда мурожаат этишимиз лозим (Заб. 137:6). Биз ҳам, ҳазрати Довуд сингари, мана шундай ибодат қилишимиз зарур: «Эй Тангрим, Мени синаб, юрагимни билиб олгин! Мени текшириб, хаёлларимни ўрганиб чиққин! Кўргил-чи, йўлимда бирон хафалик бормикин? Абадият йўлига мени йўналтиргин!» (Заб. 138:23, 24). Бироқ, бу ҳақда сўрабгина қолмай, балки Унинг Каломидаги маслаҳатларга амал қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Ўшанда, Яҳова бизни ҳам «абадият йўлига йўналтиради».
4 Жиддий гуноҳ қилганимиз ҳақидаги фикрлар бизни ташвишга солаётган бўлса-чи? (Забур 31:1–5 ўқиб беринг). Виждон азобидан қийналиб, ёзнинг жазирамасидан қовжираб қолган дарахт каби бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Довуд, қилган гуноҳлари туфайли қувончини йўқотиб, касал бўлишига сал қолганди. Бироқ, айбларида иқрор бўлганида, анча енгиллик тортган. Яҳова унинг хатоларини кечирганида, у нақадар шод бўлганини тасаввур қилиб кўринг! Агар, биз ҳам айбларимизни эътироф этсак, енгиллик ҳис қилишимиз шубҳасиз. Ва оқсоқолларнинг ёрдами билан маънавий соғлигимизни тиклаб олишимиз мумкин (Ҳик. 28:13; Ёқб. 5:13–16).
Илтижо ва миннатдорчилик
5. Яҳовага илтижо қилиш нимани англатади?
5 Мабодо, бирор сабабдан қайғу чекаётган бўлсак, ҳаворий Павлуснинг қуйидаги маслаҳатини қўллашимиз мумкин: «Ҳеч нарсадан ташвиш қилманглар, лекин ҳар доим ибодатда ва илтижода бўлиб, ҳар бир тилагингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар» (Филип. 4:6). «Илтижо», ёлвориб сўрашни англатади. Айниқса қувғинларга дучор бўлганимизда, Яҳовадан мадад ва йўл-йўриқ сўраб илтижо қилишимиз даркор.
6, 7. Нима сабабдан миннатдорчилик ила ибодат қилишимиз керак?
6 Агар, фақат бирор нарсага муҳтож пайтимиздагина ибодат қилсак, ниятларимиз нотўғри эканини кўрсатган бўламиз. Павлус айтганидек, тилакларимизни «миннатдорчилик билан» изҳор қилишимиз керак. Дарҳақиқат, барчамиз ҳазрати Довуд каби, Яҳовани олқишлашимиз даркор. Зеро, у шундай деганди: «Ҳамдлар бўлсин! Худовандга шукр қилинглар! У олижанобдир, абадийдир инояти» (Заб. 105:1).
7 Исо Масиҳ Қутлуғ Кечликни нишонлаётиб, овқат, нон ва шароб учун Худога шукрона дуосини айтганди (Мат. 15:36; Марк 14:22, 23). Биз ҳам, Аллоҳимиз берган ноз-неъматлари, кўрсатган мўъжизалари, одил ҳукмлари ва Каломи бўлмиш Муқаддас Китобни ато этгани учун, Унга шукрона айтсак арзийди (Заб. 106:15; 118:62, 105).
Бошқалар учун ибодат қилинглар
8, 9. Нега имондошларимиз учун ибодат қилишимиз лозим?
8 Ўзимиз учун ибодат қилишдан ташқари, ҳатто танимаган имондошларимиз учун ҳам ибодат қилсак яхши бўлади. Гарчи, ҳаворий Павлус Колоса шаҳридаги имондошларининг ҳаммасини ҳам танимаган бўлса-да, шундай сўзларни ёзган: «Сизларнинг ҳақингизга ибодат қилар эканмиз, Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси — Худога доим шукроналар билдирамиз. Чунки Исо Масиҳга бўлган имонингиз ва бутун аҳли мўминга қўйган меҳр-муҳаббатингиздан хабардормиз» (Колос. 1:3, 4). Павлус, шунингдек Салоника шаҳридаги биродарлари ҳақида ибодат қиларди (2 Салон. 1:11, 12). Дарвоқе, бундай дуолар биз ҳақимизда кўп нарсани очиб беради ва биродару опа-сингилларимизга бўлган муносабатимизни кўрсатади.
9 Бундан ташқари, мойланган масиҳчилар ҳамда «бошқа қўйлар» қаторидан бўлганлар учун ибодат қилиб, Худонинг ташкилоти ҳақида қайғураётганимизни кўрсатамиз (Юҳан. 10:16). Павлус биродарларига шундай деган эди: «Мен учун ҳам ибодат қилинглар. Мен оғзимни ҳар очганимда, зарур бўлган сўз менга берилсин, Инжил сирини қўрқмасдан баён эта олайин» (Эфес. 6:17–20). Биз ҳам, азиз имондошларимиз учун ибодат қиляпмизми?
10. Бошқалар учун ибодат қилсак, бу бизга қандай таъсир этиши мумкин?
10 Бошқалар учун ибодат қилсак, уларга бўлган муносабатимиз ўзгариши мумкин. Масалан, биз унча ёқтирмаган одам учун ибодат қилсак, унга бўлган муносабатимиз эҳтимол яхшироқ бўлиб қолар (1 Юҳан. 4:20, 21). Ҳа, бундай дуолар имондошларимиз билан якдил бўлишимизга ҳисса қўшади. Боз устига бу, Масиҳнинг севгисига эга эканимиздан далолат беради (Юҳан. 13:34, 35). Севги эса, илоҳий руҳнинг самарасидир. Шундай экан, муҳаббат, севинч, хотиржамлик, сабр-тоқат, лутфкорлик, хайрихоҳлик, садоқат, мулойимлик ва ибо каби хислатларни намоён этиш учун, шахсий ибодатларимизда Яҳовадан муқаддас руҳ сўраяпмизми? (Луқо 11:13; Галат. 5:22, 23). Агар шундай қилаётган бўлсак, илоҳий руҳ амри билан яшаётганимиз сўзларимизда ҳам, ишларимизда ҳам аён бўлади (Галатияликларга 5:16, 25 ўқиб беринг).
11. Нима учун бошқалардан биз ҳақимизда ибодат қилишларини сўрасак бўлади?
11 Агар фарзандларимиз мактабда васвасаларга дуч келаётган бўлса, улар ножўя иш қилиб қўймасликлари учун ибодат қилиш оқилонадир. Қолаверса, Муқаддас Китобга асосланиб, уларни тўғри йўлга солиш мақсадга мувофиқдир. Ҳаворий Павлус, Коринфдаги имондошларига мана бундай ёзганди: «Сизлар ёмон иш қилмаслигингизни Худодан тилаймиз» (2 Кор. 13:7). Бундай камтарона дуолар, Яҳовага маъқул бўлибгина қолмай, биз ҳақимизда яхши шаҳодат беради (Ҳикматлар 15:8 ўқиб беринг). Павлус яна шундай ёзган: «Бизлар учун ибодат қилинглар. Виждонимиз тоза эканлигига аминмиз, чунки биз ҳамма нарсани ҳалоллик билан бажаришга ҳаракат қиламиз» (Иброн. 13:18). Бундан кўриниб турибдики, бошқалардан биз ҳақимизда ибодат қилишларини сўрашимиз ҳам мумкин экан.
Дуоларимиз яна кўп нарсани аён қилади
12. Ибодатларимизда асосий ўринни нима эгаллаши керак?
12 Дуоларимиз, бахтиёр ва ғайратли Яҳованинг Шоҳиди эканимизни намоён этяптими? Ибодатларимиз, Худонинг иродаси бажо бўлишини, яъни хушхабар ваъз этилишини, Унинг ҳукмдорлиги оқланишини ва исми улуғланишини истаётганимизни кўрсатяптими? Чиндан ҳам, ибодатларимизда мана шу нарсалар асосий ўринни эгаллаши керак. Зеро, Улуғ Устозимиз Исо шундай ибодат қилишни ўргатган эди: «Бизнинг осмондаги Отамиз! Сенинг муқаддас исминг улуғлансин. Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин» (Мат. 6:9, 10).
13, 14. Тилакларимиз яна нимани ошкор этади?
13 Худога қилган ибодатларимиз, мурод-мақсадимиз ва фикр-хаёлларимизни ошкор этади. Дарҳақиқат, Яҳова ичимиздагини яхши билади. Бу борада, Ҳикматлар 17:3 да шундай дейилган: «Кумуш, олтин оловда синалади, одамларнинг қалбини эса Эгамиз синайди». Ҳа, кўнглимизда нималар кечаётганини Худованд кўриб турибди (1 Шоҳ. 16:7). Йиғилишлар, хизматимиз ва биродару опа-сингилларимизга қандай муносабатда бўлганимиз Унга маълум. Масиҳнинг мойланган биродарлари ҳақида қандай фикрда эканимиздан ҳам Яҳова хабардордир (Мат. 25:40). Ибодатда сўраган нарсаларимизни ҳақиқатан ҳам хоҳлаяпмизми ёки шунчаки сўзларни такрорлаяпмизми, бу ҳам Унга аёндир. Масалан, Ҳазрати Исо ҳам шундай деганди: «Ибодат қилаётганингизда, мажусийлар каби ортиқча сўзларни такрорлаб турманглар. Улар: кўп сўзласам, ибодатим ижобат бўлади, деб [нотўғри] ўйлайдилар» (Мат. 6:7).
14 Тилакларимизда ишлатган ибораларимиз, Яҳовага қанчалик таянаётганимизни кўрсатиб беради. Масалан, ҳазрати Довуд мана бундай сўзларни айтган эди: «Ўзинг менга паноҳ бўлгансан-ку, ёвга қарши мустаҳкам минора бўлгансан. Сенинг чодирингда боқий қоларман, қанотларинг соясида осойиш топарман» (Заб. 60:4, 5). Демак, Эгамиз рамзий маънода устимиздан «чодир» қурса, биз Унинг ҳимоясида ўзимизни бехатар ҳис қиламиз (Ваҳ. 7:15). Қандай аҳволга тушмайлик, Яҳова биз томонда эканини билиб, Унга ўз тилакларимизни изҳор қилиш нақадар тасалли бахш этади! (Забур 117:5–9 ўқиб беринг).
15, 16. Масъулиятга эга бўлиш истагига тўғри муносабатда бўлиш учун, ибодат қандай ёрдам беради?
15 Ниятларимиз ҳақида Яҳовага очиқ-ойдин гапирсак, уларга тўғри нуқтаи назарда бўлишимизга ёрдам беради. Масалан, биродарлар ўзларидан шундай деб сўрашса бўлади: «Мен Худонинг халқи орасида нозир бўлишни нима учун истаяпман? Ўзимни бошлиқдек ҳис қилиш учунми ёки ваъзгўйлик фаолиятини олға суриш учунми?» Дарҳақиқат, ғараз ниятли бўлиш Яҳованинг хизматчиларига хос эмас (3 Юҳанно 9, 10; Луқо 22:24–27 ўқиб беринг). Бордию, нотўғри ният пайдо бўлаётганини сезиб қолсак, ибодатда Яҳовадан ёрдам сўраб, бунинг зарарли оқибатини бартараф қилайлик.
16 Тақводор аёллар, эрлари жамоат хизматкори ва кейинчалик оқсоқол бўлишини хоҳлашлари табиий. Бироқ, бунинг учун ушбу тилакларини Яҳовага айтиб, ўзлари ҳам шунга мувофиқ ибратли бўлишлари даркор. Бу жуда муҳим, чунки одамнинг сўзларию хатти-ҳаракати, унинг жамоатдаги обрўсига таъсир қилади.
Омма олдида айтилган ибодатлар
17. Нима учун ёлғиз қолиб ибодат қилиш мақсадга мувофиқдир?
17 Исо Масиҳ, осмондаги Отасига мурожаат қилиш учун, кўпинча хилват жойга борарди (Мат. 14:13; Луқо 5:16; 6:12). Шу каби, бизда ҳам тинч-осойишталикда ибодат қилиб туриш эҳтиёжи бор. Чунки, тинч шароитда ибодат қилсак, Яҳовага маъқул келадиган ҳамда маънавиятимизга яхши таъсир қиладиган қарорлар чиқара оламиз. Аммо-лекин, Исо омма олдида ҳам ибодат қилган. Унинг мисолини кўриб чиқиш, биз учун фойдали бўлади.
18. Омма олдида ибодат қилганда, биродарлар нимани ёдда тутишлари зарур?
18 Йиғилишларимизда, садоқатли биродарларимиз омма олдида ибодат қилишади (1 Тим. 2:8). Бундай ибодатнинг охирида, имондошларимиз «омин» деб, розилик билдиришлари кутилади. Тўғри, Ҳазратимиз Исо қандай ибодат қилиш кераклигини кўрсатиб берган (Луқо 11:2–4). Аммо, уни тинглаб ўтирганларнинг эҳтиёж ва муаммоларини бирма-бир санаб ўтмаган. Бундан хулоса шуки, шахсий масалалар борасида омма олдида эмас, ёлғиз қолиб ибодат қилиш керак. Шунингдек, йиғилишда айтилган ибодатларга махфий маълумотни киритишдан эҳтиёт бўлиш лозим.
19. Омма олдида ибодат қилинаётганда, ўзимизни қандай тутишимиз керак?
19 Жамоат учун ибодат қилаётиб, художўйликни намоён этиш муҳим (1 Бутр. 2:17). Эҳтимол, айрим хатти-ҳаракатлар ўз вақтида ва ўз жойида қилинса ноўрин бўлмас. Бироқ, жамоатда қилинса ножўя ҳисобланиши мумкин (Воиз 3:1). Масалан, кимдир ёлғиз қолганда қўлларини кўтариб ибодат қилар. Аслида, бундай ҳаракатни нотўғри деб бўлмайди. Бироқ, жамоат ичида қилинганда, бу кимгадир ғалати туюлиши мумкин. Шунингдек, омма олдида ибодат қилинаётганда, баъзи эр-хотинлар қўл ушлашиб туришади. Лекин, қучоқлашиб туришса, бошқаларни ноқулай аҳволга солиб қўйишлари ҳеч гап эмас. Буни кўрган одам, улар ибодат пайтида Яҳовага ҳурмат кўрсатишнинг ўрнига, ўзларининг ишқий муносабатлари ҳақида ўйлашяпти, деган хаёлга бориши мумкин. Шундай экан, келинглар бошқаларнинг ҳис-туйғуларини эътиборга олиб, уларни хижолат қиладиган ёки қоқинишига сабаб бўладиган хатти-ҳаракатлардан узоқлашайлик ва «ҳамма нарсани Худони улуғлаш учун қилайлик» (1 Кор. 10:31, 32; 2 Кор. 6:3).
Нима ҳақда ибодат қилиш ўринли?
20. Римликларга 8:26, 27 ни тушунтириб бера оласизми?
20 Баъзан, шахсий ибодатда нима ҳақда сўраш дарров ёдимизга келмаслиги мумкин. Павлус бу фикрни шундай таъкидлаб ўтган: «Биз қандай ибодат қилмоқ кераклигини билмаймиз. Лекин Илоҳий Руҳнинг Ўзи ифода қилиб бўлмас оҳ-нолалар билан биз учун Худо олдида шафоат қилади. Юракларни синовчи Худо эса Руҳнинг фикри нимада эканлигини билади» (Рим. 8:26, 27). Бахтимизга, Муқаддас Китобда кўпгина ибодатлар ёзилишига Яҳова ғамхўрлик қилган. Шу боис, илоҳий илҳом билан ёзилган дуоларни ўқиганимизда, буни Яҳова гўё бизнинг илтижоларимиздек қабул қилади. Чунончи, Муқаддас Китобнинг ёзувчилари ҳам Тангри Таолонинг руҳи остида Унинг сўзларини ёзишган. Қолаверса, муқаддас руҳ биз учун «шафоат қилади», яъни воситачилик қилгани туфайли, Яҳова илтижоларимизга жавоб беради. Бироқ, Аллоҳнинг Каломини яхшироқ ўрганиб олганимиз сайин, нима тўғрисида ибодат қилиш кераклиги дарҳол ёдимизга келади.
21. Келаси мақолада нимани муҳокама қиламиз?
21 Кўриб чиққанимиздек, ибодатларимиздан ўзимиз ҳақимизда кўп нарсани билиб олишимиз мумкин экан. Масалан, илтижоларимиздан Худога қанчалик яқин эканимиз ҳамда Унинг Каломини нақадар яхши билишимиз аён бўлади (Ёқб. 4:8). Келаси мақолада эса, Муқаддас Китобда ёзилган айрим дуоларда ишлатилган ибораларни муҳокама қиламиз. Хўш, бундай изланиш олиб борсак, Аллоҳга қилган ибодатларимизга бу қандай таъсир этади?
Такрорлаш учун саволлар:
• Худога қай тарзда мурожаат этишимиз лозим?
• Нега имондошларимиз учун ибодат қилиш зарур?
• Дуоларимиздан, ниятларимиз ҳақида нимани билиш мумкин?
• Омма олдидаги ибодатда ўзимизни қандай тутишимиз керак?
[4- саҳифадаги расм]
Яҳовага шукур қилиб, Уни ҳамиша улуғлаяпсизми?
[6- саҳифадаги расм]
Омма олдидаги ибодатда Яҳовага ҳурмат кўрсатайлик