«Ҳар бир тилагингизни Худонинг олдида... изҳор қилинглар»
Ҳар доим ибодатда ва илтижода бўлиб, ҳар бир тилагингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар. ФИЛИППИЛИКЛАРГА 4:6
1. Биз кимга мурожаат қилишимиз мумкин ва нега бу ҳайратга солади?
АГАР президент билан расмий учрашишни илтимос қилсангиз, қандай жавоб олган бўлардингиз? Балки президент маъмуриятидан сизга мулойимлик билан жавоб беришар, аммо президентнинг ўзи билан учрашиш эҳтимолдан йироқ. Бироқ Сарвари Олам Яҳова билан эса умуман бошқача. Унга ҳар доим ва ҳар ерда, мурожаат қилиш имкониятимиз бор. Агар биз Унга маъқул келадиган тарзда ибодат қилсак, У бизни доимо эшитади (Ҳикматлар 15:29). Бу нақадар ажойиб! Наҳотки бунга бўлган миннатдорчилик, «ибодатни эшитгучи»га мунтазам равишда ибодат қилишга ундамаса? (Забур 64:3).
2. Ибодатлар Худога маъқул келиши учун нима зарур?
2 Бироқ кимдир: «Қандай ибодатлар Худога маъқул келади?» — деб сўраши мумкин. Бунинг учун нима зарурлиги Муқаддас Китобда тушунтирилган: «Ишонмасдан эса Худонинг розилигини топмоқнинг имкони йўқ. Ким Худога яқинлашмоқчи бўлса, Унинг борлигига ишонмоғи лозим, Худо Уни изловчиларга мукофот беришига эътиқод қилмоғи шарт» (Ибронийларга 11:6). Ўтган мақолада муҳокама қилинганидай, Худога яқинлашиш учун имон керак. Аллоҳ, Унга бўлган ишончини хайрли ишлар билан исботлаб, самимият ила ва чин қалбдан мурожаат қилганларнинг ибодатларини тинглашга тайёр.
3. а) Худонинг қадимги хизматчиларининг ибодатларидан кўриниб турганидай, нималар ҳақида ибодат қилишимиз мумкин? б) Ибодатнинг қандай турлари мавжуд?
3 Ҳаворий Павлус замонасидаги имондошларини: «Ҳеч нарсадан ташвиш қилманглар, лекин ҳар доим ибодатда ва илтижода бўлиб, ҳар бир тилагингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар»,— деб ундаган эди (Филиппиликларга 4:6, 7). Муқаддас Китобда ўз ташвишлари билан бўлишган одамлар ҳақида айтилган. Улардан баъзилари — Ханна, Илёс, Ҳизқиё ва Дониёр кабилардир (1 Шоҳлар 2:1–10; 3 Шоҳлар 18:36, 37; 4 Шоҳлар 19:15–19; Дониёр 9:3–21). Биз улардан ўрнак олишимиз керак. Павлуснинг сўзларидан кўриниб турибдики, ибодатларимиз турлича бўлиши мумкин. Шунингдек у миннатдорчиликни, яъни ибодатларимизда Парвардигор биз учун қилган ишларига миннатдор бўлишни таъкидлаб ўтди. Миннатдорчиликни ҳамду санолар билан ҳам изҳор этиш мумкин. Илтижо, бирор нарса ҳақида камтарона ва ўтиниб сўрашни англатади. Шунингдек биз, Худога тилакларимизни айтиб мурожаат қилишимиз мумкин (Луқо 11:2, 3). Самовий Отамиз бундай мурожаатларни тинглашга тайёр.
4. Гарчи Яҳова биз нимага муҳтож эканимизни билса-да, нима учун Унга мурожаат қилишимиз керак?
4 Баъзилар бундай деб савол беришлари мумкин: «Наҳотки Яҳова нимага муҳтож эканимизни билмаса?» Албатта билади (Матто 6:8, 32). Унда нимага У тилакларимизни айтишимизни истайди? Келинг, бир мисолни кўриб чиқайлик. Баъзи бир дўконларда харидорларга совға берилади. Аммо уни олиш учун, харидорлар дўконнинг эгасига мурожаат қилишлари керак. Агар кимки бундай қилишни истамаса, демак бу имкониятнинг қадрига етмаяпти. Шундай қилиб, агар биз ҳам ўз тилакларимизни ибодатда изҳор қилмасак, унда Яҳова Таоло тақдим этаётган нарсалар учун миннатдор эмаслигимизни кўрсатамиз. Исо Масиҳ: «Сўранглар, эришасизлар»,— деб айтган эди (Юҳанно 16:24). Шундай йўл тутиб, Яҳовага умид боғлаётганимизни кўрсатамиз.
Худога қандай мурожаат қилишимиз лозим?
5. Нега Исо Масиҳ номидан ибодат қилишимиз лозим?
5 Худованд Яҳова қандай Унга ибодат қилишимизга нисбатан сон-саноқсиз қоидалар ўрнатмаган. Шундай бўлса-да, Аллоҳга тўғри тарзда, яъни Муқаддас Китобда айтилганидай мурожаат қилишимиз даркор. Масалан, Исо алайҳиссалом ўз шогирдларига: «Агар Менинг номимдан Отадан нима сўрасангизлар, Ўзи сизларга беради»,— деб ўргатган эди (Юҳанно 16:23). Демак, биз Исо Масиҳнинг номидан, ибодат қилишимиз лозим. Чунки фақат у орқали Худо инсониятни баракалайди.
6. Ибодат қилаётганимизда, бирор хатти-ҳаракат қилишимиз керакми?
6 Ибодат қилаётганимизда, бирор хатти-ҳаракат қилишимиз керакми? Муқаддас Китобда ибодатларимиз ижобат бўлиши учун муайян ҳолатда ибодат қилиш керак, деб айтилмаган (3 Шоҳлар 8:22; Нахимиё 8:6; Марк 11:25; Луқо 22:41). Энг муҳими, бу самимият ила ва чин кўнгилдан ибодат қилиш керак (Йўэл 2:12, 13).
7. а) «Омин» сўзи нимани англатади? б) Нимага ибодатда бу сўзни қўллаш ўринли бўларди?
7 Нима учун «омин» деган сўз ишлатилади? Муқаддас Китобга кўра бу сўзни ибодатнинг охирида, айниқса бошқалар учун ибодат қилганимизда айтиш ўринли бўлади (Забур 71:19; 88:53). Ибронийча «амен» сўзи, «илоҳи шундай бўлсин» деган маънони англатади. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»да айтилишича, «омин» сўзи ибодат қилиб бўлингандан сўнг айтилиб, «қабул этсин, ижобат бўлсин» деган маънода ишлатилади. Шунинг учун одам ибодатнинг охирида чин қалбдан «омин» деганида, айтилган сўзларга қўшилишини исботлайди. Имонлилар жамоати учун ибодат қилаётган биродар охирида «омин» деб айтса, тингловчилар ҳам унинг сўзлари билан рози эканликларини кўрсатиши учун, қалбида ё овоз чиқариб «омин» деб айтишлари мумкин (1 Коринфликларга 14:16).
8. Қандай қилиб ибодатларимиз Ёқуб ва Иброҳимнинг ибодатларига ўхшаши мумкин ва бу илтижолар нимадан далолат беради?
8 Гоҳида Худо, биз ибодат қилиб сўраётган нарсамиз ўзимиз учун қанчалик муҳим эканини кўришимизга йўл қўяди. Эҳтимол, биз дуо олиш мақсадида тонг отгунча фаришта билан курашган Ёқуб сингари саботли бўлишимизга тўғри келар (Ибтидо 32:24–26). Баъзида эса, Лутни ва Садўмдаги бошқа солиҳ одамларни сақлаб қолишини Яҳовадан бир неча марта сўраган Иброҳимга тақлид қилишимиз мумкин (Ибтидо 18:22–33). Худди шундай биз ҳам, қадрли бўлган нарсалар ҳақида Яҳовага ибодат қилиб, адолат, меҳр-иноят ва раҳмдиллик кўрсатишини сўрашимиз мумкин.
Нима ҳақида сўрашимиз мумкин?
9. Ибодатларимизнинг энг муҳим мавзуси қандай бўлиши керак?
9 Ҳаворий Павлус нима деганини эслайлик: «Ҳар доим... ҳар бир тилагингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар» (Филиппиликларга 4:6). Бинобарин, бизнинг ибодатларимиз ҳаётимизнинг барча соҳаларига тегишли бўлиши мумкин. Энг асосийси эса, Яҳова Таолонинг иродаси ҳақида ибодат қилишимиз даркор. Бунда Дониёр пайғамбар яхши ўрнак кўрсатган. Исроилликлар ўз гуноҳлари учун жазоланишаётганда, Дониёр Худованд Яҳовадан раҳмли бўлишини сўраган эди: «Ҳурматинг ҳақи шошилгин, чунки бу шаҳринг ва халқинг Сенинг номинг билан аталгандир, эй Худойим!» (Дониёр 9:15–19). Бизнинг ибодатларимиз ҳам, Яҳованинг номи улуғлашини ва Унинг иродасининг бажаралиши биз учун энг муҳим ўринда туришини кўрсатяптими?
10. Шахсан бизга тегишли бўлган нарсалар ҳақида ибодат қилиш ўринли бўлишини қаердан биламиз?
10 Аммо бунга қарамай, шахсан бизга тегишли бўлган нарсалар ҳақида ибодат қилиш ҳам ўринли бўлади. Масалан, маънавий нарсаларни яхшироқ тушуниш учун ибодат қилишимиз мумкин. Бунга нисбатан Худонинг баъзи бир хизматчилари шундай деб ибодат қилишган: «Менга ақл-идрок бергин, токи Қонунингга риоя қилайин, уни чин қалбдан сақлаб юрайин!» (Забур 118:33, 34; Колосаликларга 1:9, 10). Исо эса «Ўзини ўлимдан қутқаришга қодир бўлган Худога зўр фарёд ва кўз ёшлари билан сиғиниб, ялиниб-ёлворди» (Ибронийларга 5:7). Бу билан у, қийинчиликларга дуч келганда, Худодан ёрдам сўраш ўринли бўлишини кўрсатди. Исо Масиҳ ўз шогирдларига қандай ибодат қилишни ўргатганида, гуноҳлардан ўтиш ва кундалик ризқ-рўзни сўраш каби шахсий эҳтиёжларни ҳам айтиб ўтган эди.
11. Қандай қилиб ибодат, синовларга дош беришимизга ёрдам беради?
11 Шунингдек Исо бу ибодатга: «Бизни васвасага дучор қилмагин, аммо ёвуз шайтондан халос қилгин»,— деган сўзларни ҳам киритган эди (Матто 6:9–13). Кейинчалик эса Исо: «Васвасага тушмаслик учун ҳушёр бўлиб, ибодат қила туринглар»,— деб маслаҳат берган эди (Матто 26:41). Васвасаларга дуч келганимизда, ибодат қилишимиз муҳим. Эҳтимол ишда ёки мактабда, Муқаддас Китоб қонун-қоидаларини бузиш каби синовларга рўбарў бўлишимиз мумкин. Имондошимиз бўлмаган одамлар шубҳали ишларда қатнашишга ёки Муқаддас Китобга зид бўлган ишлар билан шуғулланишга ундашлари мумкин. Бундай пайтда, Исонинг маслаҳатига кўра, яъни бу синовларни енгиш учун Худодан ёрдам сўраш тўғри бўларди.
12. Қандай муаммолар ҳақида ибодат қилишимиз мумкин ва биз нимада амин бўлишимиз мумкин?
12 Худонинг бугунги хизматчилари кўп қийинчиликларга ва ташвишларга дучор бўлишяпти. Улардан кўплари касалликлардан азоб чекишмоқда. Шунингдек, атрофда содир бўлаётган зўравонлик ва шафқатсизлик тинчлигимизни бузмоқда. Иқтисодий муаммолар дастидан ишлаб пул топиш қийин бўлиб қолган. Яҳова Таоло, бундай муаммоларга дуч келаётган хизматчиларининг ибодатини тинглашини билиш, тасалли беради! Яҳова Тангри ҳақида Забур 101:18да бундай деб айтилган: «Маъюслар ибодатига эътибор беражак, У хор қилмагай асло тоатларин».
13. а) Шахсан бизга тегишли бўлган қандай нарсалар ҳақида ибодат қилиш мумкин? б) Бу ҳақда мисол келтиринг.
13 Хизматимизга тегишли бўлган нарсалар ёки Яҳова билан бўлган муносабатимиз ҳақида ибодат қилиш ўринли бўлади (1 Юҳанно 5:14). Агар турмуш қуришга, иш топишга ёки кўпроқ ваъз қилишга нисбатан қарор чиқаришингиз керак бўлса, Худодан раҳбарлик сўраб ибодат қилинг. Масалан, Филиппиндаги бир масиҳчи аёл тўлиқ вақтли ваъзгўй бўлиб хизмат қилмоқчи эди. Бироқ у ўзини таъминлай олиш учун иш топа олмаётган эди. У бундай деб ҳикоя қилади: «Бир куни мен Яҳовага ибодат қилиб, кашшоф бўлиб хизмат қилиш истагим борлигини айтдим. Ўша куннинг ўзида мен бир қизга китоб таклиф қилдим. Кутилмаганда бу қиз менга: “Индинга эрталаб албатта мактабимизга келишингиз керак”,— деб айтди. Мен эса: “Нега?” — деб сўрадим. Уларга зудлик билан бир ишчи кераклигини айтди. Келишим биланоқ, мени дарров ишга қабул қилишди. Ҳамма нарса шундай тезда содир бўлди!» Бундай воқеалар кўпчилик Яҳованинг Шоҳидлари билан юз берган. Шунинг учун Яҳова Таолога бемалол ибодат қилинг!
Агар гуноҳ қилиб қўйган бўлсакчи?
14, 15. а) Нима учун одам гуноҳ қилиб қўйган бўлса ҳам, ибодат қилмай қўймаслиги керак? б) Шахсий ибодатлардан ташқари, Худо билан муносабатларни тиклашга нима ёрдам беради?
14 Гуноҳ қилиб қўйган одамга ибодат қандай ёрдам бериши мумкин? Гуноҳ қилиб қўйган баъзи кишилар уялганларидан ибодат қилмай қўйишади. Аммо бу нотўғри. Келинг бир мисолни кўриб чиқайлик: самолёт учувчилари агар йўлдан адашиб қолишса, диспетчерга мурожаат қилиш кераклигини билишади. Лекин учувчи йўлдан адашганидан уялиб, диспетчерга мурожаат қилмасачи? Бу ҳалокатга олиб келиши мумкин! Шу каби, гуноҳ қилиб қўйган одам ҳам ибодат қилишга журъат этмаса, ўзига зиён етказган бўлади. Шу сабабли, уялиш Яҳовага мурожаат қилишга халақит бермаслиги керак. Аслида Худованд, жиддий гуноҳ қилиб қўйган инсонни ибодат қилишга ундайди. Ишаё пайғамбар гуноҳкорларни Яҳова Тангрига мурожаат қилишга ундаган эди, чунки У кўп шафқатлидир (Ишаё 55:6, 7). Гуноҳ қилган инсон Худонинг марҳаматига эришишни хоҳласа, камтаринлик ила гуноҳларидан қайтиб, чин кўнгилдан тавба қилиши даркор (Забур 118:58; Дониёр 9:13).
15 Ибодат қанчалик муҳимлигининг яна бир сабаби бор. Исонинг шогирди Ёқуб маънавий ёрдамга муҳтож бўлган киши оқсоқолларга мурожаат қилиши ҳақида ёзган эди (Ёқуб 5:14, 15). Тўғри, инсон шахсан Яҳовага илтижо қилиб, гуноҳини тан олиши керак, аммо у шунингдек оқсоқоллар у учун ибодат қилишини сўраши мумкин. Бу унинг Яҳова билан бўлган муносабатини тиклашига ёрдам беради.
Ибодатларимизга жавоблар
16, 17. а) Қандай қилиб Яҳова ибодатларимизга жавоб беради? б) Ибодат ва ваъзгўйлик хизмати бир-бири билан чамбарчас боғлиқлигини қандай воқеалар кўрсатиб турибди?
16 Қандай қилиб Яҳова ибодатларимизга жавоб беради? Баъзи бир ибодатларимизга У тез ва яққол равишда жавоб қайтаради (4 Шоҳлар 20:1–6). Бошқа ибодатларга жавобларни аниқ пайқаш қийин ёки кутишга тўғри келади. Масалан, қозининг олдига бир неча бор келган тул аёл ҳақидаги Исонинг масалига биноан, эҳтимол Яҳовага биз бирор нарса ҳақида бир неча марта ибодат қилишимизга тўғри келади (Луқо 18:1–8). Бироқ, агар биз Худонинг иродасига мувофиқ равишда ибодат қилсак, Яҳова Таоло бизга ҳеч қачон: «Мени безовта қилма»,— деб айтмайди (Луқо 11:5–9).
17 Худованд Яҳованинг аксарият хизматчилари, У ибодатларига жавоб беришига амин бўлишган. Айниқса бу, хизматимизда билинади. Масалан, Филиппиндаги иккита имондошимиз тайинланмаган ҳудудда адабиёт тарқатишаётган эди. Улар бир аёлга буклама беришганида, унинг кўзлари ёшга тўлиб, бундай деди: «Кеча кечқурун мен Худога ибодат қилиб, Муқаддас Китобни ўрганишим учун биронтасини юборишини сўраган эдим. Мана, ибодатим ижобат бўлди». Кўп ўтмай бу аёл йиғилишларга қатнай бошлади. Жануби-шарқий Осиёда эса битта биродар қўриқланадиган уйларда ваъз қилишдан қўрқарди. Аммо у Яҳовага ибодат қилиб, жасоратга тўлди ва шундай бинога кирди. Хонадонларнинг бирига қўнғироқ қилганида, эшикни бир ёш аёл очди. Бу биродар нима учун келганини айтганида, аёл йиғлаб юборди. Унинг айтишича, Яҳованинг Шоҳидларини топиш учун ибодат қилган экан. Бу биродар унга маҳаллий Яҳованинг Шоҳидлари билан учрашишига ёрдам берди.
18. а) Ибодатларимизга жавоб олганимизда нима қилишимиз керак? б) Агар ҳар бир қулай фурсатда ибодат қилсак нимада амин бўлишимиз мумкин?
18 Ибодат, бу чиндан ҳам Худонинг берган ҳадяси. Яҳова Таоло ибодатларимизни эшитишга ва жавоб беришга тайёр (Ишаё 30:18, 19). Бироқ Яҳова ибодатларимизга қандай жавоб беришини пайқашга ҳаракат қилишимиз керак. Ибодатимизга бўлган жавоб ҳар доим ҳам биз кутганидек бўлмаслиги мумкин. Лекин Худодан олган раҳбарлик учун миннатдорчилик изҳор қилиш ва Унга ҳамду санолар айтиш эсимиздан чиқмаслиги лозим (1 Салоникаликларга 5:18). Бундан ташқари ҳаворий Павлус нимага ундагани доимо ёдингизда бўлсин: «Ҳеч нарсадан ташвиш қилманглар, лекин ҳар доим ибодатда ва илтижода бўлиб, ҳар бир тилагингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар». Ҳар бир қулай фурсатдан фойдаланиб, Аллоҳ билан гаплашинг. Бу, ҳаворий Павлуснинг, ибодатлари ижобат бўлганлар тўғрисида айтган сўзлари ҳақ эканлигига бундан буён ҳам амин бўлишингизга ёрдам беради: «Шунда инсон хаёлига сиғмайдиган, Худо берган тинчлик сизнинг кўнглингиз ва фикр-хаёлингизни хотиржам қилади» (Филиппиликларга 4:6, 7).
Жавоб бера оласизми?
• Ибодатнинг қандай турлари мавжуд?
• Қандай ибодат қилишимиз даркор?
• Нималар ҳақида ибодат қилишимиз мумкин?
• Агар бирор кимса гуноҳ қилиб қўйса, ибодат қандай аҳамиятга эга?
[29- саҳифадаги расмлар]
Чин қалбдан ибодат қилиш, васвасаларга қарши туришга ёрдам беради
[31- саҳифадаги расмлар]
Ибодатда биз Худога миннатдорчиликни изҳор қилиб, ташвишлару тилакларимиз ҳақида айтиб берамиз