МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ
«Ҳаётимнинг мазмуни борасида жиддий ўйлай бошладим»
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1941
МАМЛАКАТИ: АВСТРАЛИЯ
ЎТМИШДА: ЧЕККАН ВА СПИРТЛИ ИЧИМЛИКЛАРНИ СУИИСТЕЪМОЛ ҚИЛГАН
ТАРЖИМАИ ҲОЛИМ.
Мен Янги Жанубий Уэльс штатининг Уориалда деган шаҳарчада таваллуд топдим. Бу жойларда асосан фермерлик фаолияти, жумладан қўй ҳамда қорамол боқиш, буғдой ва сабзавотлар етиштириш билан шуғулланишади. Шаҳарчамиз тоза бўлиб, жиноятчилик деярли йўқ эди.
Мен ўнта фарзанддан энг каттаси эдим ва оиламга ёрдамим тегсин деб, 13 ёшимда ишлашни бошладим. Ўрта маълумотга тўла равишда эга бўлмаганим учун фермаларда ишлаб, 15 ёшимда ёввойи отларни эгарлаш билан шуғулланардим.
Фермаларда ишлашнинг ўзига яраша афзалликлари ва камчиликлари бор эди. Бир томондан, ишим ва атрофдаги табиат менга жуда ёқарди. Кечалари гулхан ёнида ўтириб, ой ва юлдузларга тўла осмонни томоша қилардим. Шунингдек, атрофдаги далалардан хушбўй ҳидларни елган шабададан маза қилардим. Бу барча гўзал табиатни Кимдир яратган бўлиши керак, деб фикр юритганим ҳанузгача эсимда. Бошқа томондан, фермада ёмон одатларни ўзлаштирдим. Атрофдагилар тез-тез сўкиниб, сигарет чекишарди. Кўз юмиб очгунимча чекиш ва сўкиниш ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланди.
18 ёшимда Сиднейга кўчиб ўтдим. Ҳарбий хизматни ўтайман, деб роса ҳаракат қилдим. Аммо ўрта маълумотга эга бўлмаганим учун мени қабул қилишмади. Ўшанда иш топиб, бир йилча Сиднейда қолдим. Бу вақт мобайнида илк бор Яҳованинг Шоҳидлари билан танишдим. Уларнинг йиғилишига бориш таклифини қабул қилдим ва таълимотларида ҳақиқат борлигини дарров тушундим.
Аммо бир оз вақтдан кейин бирор кичкина шаҳарга кетишга қарор қилиб, Квинсленд штатининг Гундивинди шаҳрида яшай бошладим. Ўша ерда иш топиб, уйландим. Минг афсуски, ўшанда ичкиликка берилиб кетдим.
Оиламизда иккита ўғил туғилди. Улар дунёга келгандан кейин ҳаётимнинг мазмуни борасида жиддий ўйлай бошладим. Сиднейда Яҳова Шоҳидларининг йиғилишида нима дейилгани эсимга келди ва шунга яраша ҳаракат қилишга қарор қилдим.
Кейин «Қўриқчи минораси» журналининг эски сонини топиб олдим. У ерда Яҳова Шоҳидларининг Австралиядаги филиалининг манзили бор эди. Шунда ёрдам сўраб, хат юбордим. Кўп вақт ўтмай, жуда меҳрибон ва хушмуомала бўлган бир Яҳованинг Шоҳиди уйимга ташриф буюриб, мен билан Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлади.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ.
Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётиб, ҳаётимни тубдан ўзгартиришим кераклигини тушундим. Айниқса 2 Коринфликларга 7:1 даги сўзлар менга қаттиқ таъсир қилди. Бу оят бизни «танамизни булғайдиган ҳар қандай нарсадан ўзимизни поклашга» ундайди.
Чекишни ва ичкиликни ташлашга қарор қилдим. Анча йиллардан бери бу нарсаларга боғланиб қолганим учун, улар билан алоқани узиш осон кечмади. Бироқ Аллоҳга маъқул тарзда ҳаёт кечириш қарорим қатъий эди. Римликларга 12:2 даги: «Ушбу замонга уйғунлашманглар, аксинча... онгингизни янгилаб, ўзингизни ўзгартиринглар»,— деган принципни қўллаш менга катта ёрдам берди. Ёмон одатларимни ташлаш учун фикрлаш тарзимни ўзгартириб, уларга Аллоҳнинг нуқтаи назари билан қараш кераклигини англадим. У эса бундай одатлардан нафратланади. Худонинг мадади билан чекишни ва ичкиликка бўлган мойиллигимни енгишга муваффақ бўлдим.
«Ёмон одатларимни ташлаш учун фикрлаш тарзимни ўзгартириб, уларга Аллоҳнинг нуқтаи назари билан қараш кераклигини англадим»
Мен учун энг қийин бўлган нарса, сўкинишдан халос бўлиш эди. Эфесликларга 4:29 да: «Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин»,— деб ёзилган маслаҳатини билардим. Шундай бўлса-да, нутқимни дарров ўзгартира ололмадим. Менга Ишаё 20:26 да келтирилган сўзлар устидан мулоҳаза юритиш кўмаклашди. У ерда юлдузли осмон ҳақида шундай ёзилган: «Кўзларингизни осмонга тикинг, қаранг: ахир, буларни ким яратган? Худо осмонга юлдузларни териб қўйган-ку! Унинг Ўзи ҳар бирига ном берган-ку! Ўзининг буюк кучи, улуғ қудрати билан ҳар бирини ўз жойига чиқармай қўймайди». Менга томоша қилиш шу қадар ёқадиган бепоён коинотни Аллоҳ яратишга қодир экан, Уни мамнун қилишим учун ҳаётимни ўзгартиришимга У куч ато эта олишини тушундим. Кўпгина ҳаракатлар ва ибодатлар орқали охир-оқибат нутқимни назорат қилишни ўргандим.
ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ.
Мен ишлаган фермаларнинг ҳудудларида одамлар унча кўп бўлмагани учун, кенг миқёсда мулоқот қилиш имкони йўқ эди. Бироқ Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларида олган таълим туфайли, фикрларимни эркин изҳор этишни ўргандим. Қолаверса, бундай таълим, бошқаларга Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни айтишга ёрдам берди (Матто 6:9, 10; 24:14).
Мана бир неча йилдан бери жамоатда оқсоқол бўлиб хизмат қиляпман. Имондошларимга ёрдам беришдек имтиёзли шарафга эга бўлганимдан жуда миннатдорман. Мен эга бўлган энг катта барака, садоқатли ва севимли хотиним ҳамда ажойиб ўғилларим билан Аллоҳ Яҳовага хизмат қилиш имконим борлигидир.
Тангри Яҳова мендай, маълумоти оддий бўлган инсонга Ундан таълим олишга ижозат берганидан жуда миннатдорман (Ишаё 54:13). Ҳикматлар 10:22 да: «Эгамизнинг марҳамати бойлик келтиради»,— деган сўзларга тўла-тўкис қўшиламан. Мен ва оилам Аллоҳ Яҳова ҳақида янада кўпроқ билишни ҳамда Унга абадий хизмат қилишни истаймиз.