Тинчлик пайидан бўлайлик
Тинчлик келтирадиган... нарсалар пайидан бўлайлик. РИМ. 14:19
1, 2. Нима учун Яҳованинг Шоҳидлари орасида тинчлик ҳукмронлик қилмоқда?
БУГУНГИ кунда дунёда тинчликни топиш жуда қийин. Ҳаттоки миллати ва тили бир бўлган инсонлар орасида диний, сиёсий ҳамда ижтимоий жиҳатдан бўлинишлар мавжуд. Аммо турли «миллатдан, қабиладан, халқдан ва тилдан бўлган» Яҳованинг халқи орасида бирлик ҳукмронлик қилмоқда (Ваҳ. 7:9).
2 Орамиздаги тинчлик шунчаки тасодиф эмас. Гуноҳларимиз учун тўлов сифатида қонини тўккан Исога ишонганимиз туфайли, барчамиз «Аллоҳ билан тинчликда» яшаяпмиз (Рим. 5:1; Эфес. 1:7). Боз устига, Яҳова Таоло садоқатли хизматчиларига муқаддас руҳини беряпти. Бу руҳнинг самараси эса тинчликдир (Галат. 5:22). Биз бу «дунёга тегишли» бўлмаганимиз учун ўзаро тинч-тотувликда яшаяпмиз (Юҳан. 15:19). Ҳаттоки сиёсий масалаларда бировнинг томонини эгаллашнинг ўрнига, бетарафликни сақлашга интиляпмиз. Қиличларни омочга айлантирганимиз сабабли, фуқаролик ва давлатлараро урушларда иштирок этмаймиз (Ишаё 2:4).
3. Орамиздаги тинчликнинг асосий сабаби нимада ва бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?
3 Орамиздаги тинчликнинг асосий сабаби имондошларимизга зарар етказишни хоҳламаганимизда эмас. Жамоатимиз турли миллат ва маданият вакилларидан ташкил топган бўлса-да, барчамиз «бир-биримизни севамиз» (Юҳан. 15:17). Орамиздаги тинчлик «ҳаммага, айниқса имондошларимизга яхшилик қилишга» имкон яратади (Галат. 6:10). Яҳова ҳамда биродару опа-сингилларимиз орасидаги тинчлик жуда бебаҳодир. Шу сабабли биз уни асраб-авайлашимиз даркор. Энди келинг, жамоатда қандай қилиб тинчлик пайидан бўлишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
Хато қилганимизда
4. Кимнидир хафа қилсак, тинчликни сақлаш учун нима қилишимиз мумкин?
4 Исонинг шогирди Ёқуб шундай деб ёзган эди: «Барчамиз тез-тез хато қилиб турамиз. Борди-ю, кимдир сўзида хато қилмаса, у бутун танасини жиловлай оладиган мукаммал инсондир» (Ёқб. 3:2). Шундай экан, имондошлар ўртасида гоҳ-гоҳида муаммо ва тушунмовчиликлар бўлиб туради (Филип. 4:2, 3). Аммо бу муаммони жамоатдаги тинчликни бузмасдан ҳал қилиш даркор. Масалан, кимнидир хафа қилиб қўйганимизда нима қилишимиз кераклиги борасида, Исо берган маслаҳатни ўқийлик (Матто 5:23, 24 ни ўқинг).
5. Кимдир бизни ранжитса, қандай қилиб тинчлик пайидан бўламиз?
5 Мабодо кимдир бизни ранжитса-чи? Ўша инсон келиб биздан кечирим сўрашини кутишимиз керакми? 1 Коринфликларга 13:5 да: «[Севги] хафагарчиликларни ҳисоблаб юрмайди»,— деб айтилган. Биров бизни ранжитганида, уни кечириб, орадаги хафагарчиликни унутсак, тинчлик пайидан эканлигимизни кўрсатган бўламиз (Колосаликларга 3:13 ни ўқинг). Имондошларимизнинг арзимас камчиликларини кундан-кунга кечириш, муаммони ҳал қилишнинг энг яхши усулидир. Шу йўсин, имондошларимиз билан тинч-тотувликда яшашга ва фикр-хаёлимизда тинчликни сақлашга ҳисса қўшган бўламиз. Ҳикматли китобда шундай дейилган: «Гуноҳни кечириш... шуҳрат келтиради» (Ҳик. 19:11).
6. Бизни хафа қилган инсонни кечира олмаётган бўлсак, нима қилишимиз даркор?
6 Борди-ю, бизни хафа қилган инсонни кечира олмаётган бўлсак-чи? Албатта бошқаларга буни айтиб бериш оқилона бўлмасди. Бундай гап-сўзлар жамоатдаги тинчликка хавф туғдиради, холос. Хўш, бу муаммони тинчгина ҳал қилиш учун нима қилишимиз даркор? Матто 18:15 да: «Мабодо биродарингиз сизга қарши гуноҳ қилса, у билан яккама-якка гаплашиб, айбини кўрсатинг. Агар сизга қулоқ солса, уни тўғри йўлга солган бўласиз»,— деб ёзилган. Гарчи Матто 18:15–17 даги оятлар жиддий гуноҳга нисбатан қўлланилса ҳам, 15- оятдаги принципни бошқа вазиятларда, хусусан кимдир бизни хафа қилганда қўллаш мумкин. Бундай пайтда шахсан унинг ўзига мурожаат қилиб, орадаги тинчликни тиклашга уриниб кўришимиз керакa.
7. Нима учун орадаги тушунмовчиликни дарҳол ҳал қилиш лозим?
7 Ҳаворий Павлус қуйидагича ёзган: «Ғазабланиб, гуноҳ қилманглар. Қуёш ботгунча ғазабдан қайтинглар. Иблисга имкон берманглар» (Эфес. 4:26, 27). Ҳазратимиз Исо эса: «Даъвогар одам билан маҳкамага бораркансиз, йўл-йўлакай у билан масалани ҳал қилишга шошилинг»,— деб айтган (Мат. 5:25). Орадаги тушунмовчиликни тезроқ ҳал қилсак, тинчлик пайидан бўламиз. Акс ҳолда муаммо ҳам катталашиб, жиддийлашиб бораверади. Мисол учун, бирон-бир жойимиз кесилса ва уни дарров даволамасак, ичига инфекция тушиб йиринглаб кетади. Шундай экан, мағрурлик, ҳасад ёки пулпарастлик ўртадаги келишмовчиликни тезда ҳал этишга тўсқинлик қилмасин (Ёқб. 4:1–6).
Муаммога кўпчилик алоқадор бўлса
8, 9. а) Римдаги масиҳийлар орасида қандай тушунмовчилик юз берган? б) Павлус уларга қанақа маслаҳат берган?
8 Баъзида жамоатда нафақат икки кишининг орасида, балки кўпчиликка алоқадор бўлган тушунмовчилик юз бериши мумкин. Римдаги масиҳийларда айнан шундай муаммо пайдо бўлгани учун ҳаворий Павлус уларга мактуб ёзган эди. Бу муаммо яҳудий ва ўзга халқлардан бўлган масиҳийлар орасида содир бўлади. Жамоатда айримларнинг виждони заиф эди. Ҳатто Муқаддас Ёзувларда у ёки бу нарса нотўғри деб айтилмаган бўлса-да, бундайларнинг виждони кўп нарсани қилишга йўл қўймаган. Бошқаларнинг виждони эса кучли бўлган. Улар виждони заифлардан кўра, ўзларини яхшироқ деб ҳисоблашган. Натижада виждони заиф кишилар виждони кучли бўлганларни қоралай бошлашган. Аммо бу баҳс-мунозаралар шахсий танлов билан боғлиқ эди. Павлус ушбу жамоат аъзоларига нима деб маслаҳат берган? (Рим. 14:1–6).
9 Виждони кучли бўлганлар Таврот қонунига амал қилишнинг кераги йўқлигини тушунишган. Виждони заифлар эса Таврот қонунида ман этилган нарсаларни ейишмаган. Шунда Павлус иккала томонга ҳам маслаҳат берган. У виждони кучлиларга виждони заиф кишилардан ўзларини устун қўймасликни айтган (Рим. 14:2, 10). Чунки бундай фикрлаш тарзи ва ишлар, виждони заиф кишиларнинг Яҳова билан бўлган муносабатларига путур етказган. Шу сабабли Павлус: «Егуликни деб, Худонинг ишини бузишни бас қилинг. [...] Ундан кўра гўшт емагани, шароб ичмагани ёки биродарини қоқинтирадиган бирон иш қилмагани маъқул»,— дея насиҳат қилган (Рим. 14:14, 15, 20, 21). Бундан ташқари, Павлус виждони заиф масиҳийларга, бошқача фикр юритадиганларни ҳукм қилмасликни айтган (Рим. 14:13). У имондошларига: «Ҳар бирингизга шундай деяпман: ўз ҳақингизда керагидан ортиқ ўйламанглар»,— деб маслаҳат берган (Рим. 12:3). Иккала томонни тузатгандан кейин, у шундай деган: «Шунинг учун келинглар, тинчлик келтирадиган ва бир-биримизни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган нарсалар пайидан бўлайлик» (Рим. 14:19).
10. Римдаги имонлилар жамоати каби бугун ҳам тушунмовчиликларни бартараф этиш учун нима қилиш зарур?
10 Аминмизки, Римдаги имонлилар жамоати Павлуснинг маслаҳатини қабул қилишган ва керакли ўзгаришлар киритишган. Бугунги кунда ҳам биродару опа-сингиллар билан гапимиз қочиб қолса, келинг, Муқаддас Китобда айтилганидек муаммоларни меҳр ила ҳал қилайлик. Римдаги имондошларимизнинг вазиятидек, бугун ҳам муаммога алоқадор бўлган жамоатнинг барча аъзолари «ўзаро тинч-тотув яшаши» учун керакли ўзгаришлар қилиши муҳимдир (Марк 9:50).
Ёрдам сўраб мурожаат қилишганида
11. Имондоши билан муаммоси чиққан Худонинг хизматчиси оқсоқолга бу ҳақда айтиб бермоқчи бўлса, оқсоқол нима қилиши керак?
11 Айтайлик, Худонинг хизматчисида қариндоши ёки имондоши билан муаммо чиқиб қолди ва у бу ҳақда оқсоқол билан гаплашмоқчи бўлади. Бундай вазиятда нима қилса бўлади? Ҳикматлар 21:13 да шундай дейилган: «Камбағалнинг йиғисига ким қулоқ солмаса, ўзи йиғлаганда ҳам ҳеч ким жавоб бермайди». Кимдир ёрдам сўраб келганида, оқсоқол албатта уни тинглайди. Бироқ, бошқа бир оятда шундай дейилган: «Биринчи гапирган одам бошқаси келиб, текширмагунча, ҳақ кўринади» (Ҳик. 18:17). Шубҳасизки, оқсоқол хафа бўлган инсонни диққат билан тинглайди, аммо унинг томонини олишдан эҳтиёт бўлиши даркор. Тинглаб бўлгач, оқсоқол ундан бу муаммо ҳақида хафа қилган инсон билан гаплашиб олганми, деб сўрайди. Шунингдек оқсоқол ёрдам сўраб келган билан биргаликда тинчлик сақлаш учун муҳим бўлган Муқаддас Китоб оятларини кўриб чиқади.
12. Муаммога алоқадор бўлган фақат бир томонни тинглаб чора кўриш хавфли эканини кўрсатувчи мисоллар келтиринг.
12 Муаммога алоқадор бўлган фақат бир томонни тинглаб, дарров чора кўриш хавфли. Муқаддас Китобдаги учта мисол буни тасдиқлайди. Биринчиси Пўтифарнинг мисоли. Хотини ёлғон гапириб, эрига Юсуф уни зўрламоқчи бўлганини айтади. Пўтифар хотинига ишониб, ғазаб устида Юсуфни зиндонга ташлайди (Ибт. 39:19, 20). Иккинчиси шоҳ Довуд билан содир бўлган. Зибах шоҳ Довудга, хўжайини Мефибосит унинг душманларига ёрдам бергани ҳақида айтади. Довуд унинг гапига ишониб, ўйламасдан шундай дейди: «Мефибоситнинг ҳамма нарсаси энди сеники» (2 Шоҳ. 16:4; 19:25–27). Учинчиси шоҳ Ахашвераш билан юз беради. Худо халқининг душманлари, яҳудийлар қўзғолон кўтариш ниятида Қуддуснинг деворларини қайта тикламоқчи эканини шоҳга айтишади. Шоҳ бу гапларга ишониб, яҳудийларга ишни тўхтатишни буюради. Бунинг дастидан Худонинг халқи маъбадни қайта қуриш ишларини тўхтатишга мажбур бўлади (Эзра 4:11–13, 23, 24). Оқсоқоллар ҳам Павлуснинг Тимўтийга берган маслаҳатига қулоқ солишса, яъни қарор чиқаришдан олдин вазиятнинг барча тафсилотлари билан танишиб чиқишса, оқилона йўл тутган бўлишади (1 Тимўтийга 5:21 ни ўқинг).
13, 14. а) Икки инсон орасида тушунмовчилик юз берганида нимани ёдда тутишимиз муҳим? б) Тўғри қарор чиқаришда оқсоқолларга нима ёрдам бериши мумкин?
13 Муқаддас Китобда шундай деб айтилган: «Борди-ю, кимдир бирор нарсани биламан деб ўйласа, у ҳали бу ҳақда етарлича билимга эга эмас» (1 Кор. 8:2). Иккала томон орасида нима юз берганини тушундик, деган фикрга боришимиз мумкин. Бироқ барча тафсилотларни билмаслигимиз мумкинлигини унутмайлик. Боз устига, ораларида тушунмовчилиги бор инсонлар ҳақида ҳамма нарсани билмасмиз. Бу вазиятда оқсоқоллар ёлғон ёки миш-мишларга алданиб, хулоса чиқаришдан эҳтиёт бўлишлари керак. Шунингдек, улар одам бой бўлгани учун унинг гапларига ишонмасликлари лозим. Худо танлаган ҳакам Исо Масиҳ, «ҳукм қилмас кўзлари кўргани ила, ажрим қилмас эшитганлари ила» (Ишаё 11:3, 4). Ҳазратимиз Аллоҳнинг руҳи остида йўл тутган. Оқсоқоллар ҳам муқаддас руҳнинг йўл-йўриғига риоя қилишлари керак.
14 Оқсоқоллар муаммони ҳал қилишдан олдин, ибодатда Яҳовадан муқаддас руҳни сўрашлари зарур. Худонинг Каломи ҳамда «ишончли ва ақлли хизматкор»нинг адабиётлари орқали муқаддас руҳ уларни йўналтиришига имкон беришлари керак (Мат. 24:45).
Худо билан тинчликни сақлашимиз керак
15. Масиҳий имондоши жиддий гуноҳ қилганини билиб қолса, қачон оқсоқолларга бу ҳақда айтиб бериши керак?
15 Худонинг хизматчилари сифатида барчамиз тинчлик пайидан бўлишга чорланяпмиз. Бироқ, Муқаддас Китобда шундай айтилгани ҳам бор: «Юқоридан тушган донолик эса биринчидан пок, иккинчидан тинчликпарвар» (Ёқб. 3:17). Демак, биз авваламбор пок бўлишимиз муҳим экан. Пок бўлиш — нима яхши ва нима ёмон эканини ҳал қилишни Худога қўйиб бериб, Унинг кўнглини мамнун этиб яшашни англатади. Мабодо масиҳий, имондоши жиддий гуноҳ қилганини билиб қолса, унга оқсоқоллар олдида гуноҳида иқрор бўлишни маслаҳат бериши даркор (1 Кор. 6:9, 10; Ёқб. 5:14–16). Борди-ю у гуноҳида тавба қилмаса, бундан хабардор бўлган имондоши оқсоқолларга бу ҳақда айтиб бериши керак. Гуноҳ қилган имондоши билан тинчлик сақлашни хоҳлагани учун бу ишни қилмаса, оқибатда у ҳам гуноҳ қилган бўлади (Лев. 5:1; Ҳикматлар 29:24 ни ўқинг).
16. Ёҳу шоҳ Йўрамга қарши кўрган чорасидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
16 Ёҳу, гуноҳ қилаётган инсон билан тинчликни сақлашдан кўра, адолат юзасидан йўл тутиш муҳимроқ эканини кўрсатди. Аллоҳ Ёҳуни Ахабнинг оиласини жазолашга юборади. Ахаб билан Изабелнинг ўғли Йўрам ёвуз шоҳ эди. У аравага миниб Ёҳуни кутиб олишга чиқади ва ундан: «Тинчлик билан келдингми, Ёҳу?» — деб сўрайди. Шунда Ёҳу: «Онанг Изабел бошлаган зиною сеҳр-жоду бизда ҳанузгача давом этиб келар экан, қанақасига тинчлик бўлсин?!» — дейди (4 Шоҳ. 9:21, 22). Ёҳу камонни қўлига олиб, Йўрамнинг юрагини мўлжаллаб ўқ отади. Оқсоқоллар ҳам Ёҳудан ибрат олиб, гуноҳида тавба қилмаётган кишига нисбатан чора кўришлари зарур. Улар бундай киши билан тинчликни сақлаш ниятида унга жамоатнинг аъзоси бўлиб қолишига йўл қўймасликлари керак. Оқсоқоллар уни жамоатдан четлатиш орқали бошқаларга Яҳова билан тинчликни сақлаб қолишга ёрдам беришади (1 Кор. 5:1, 2, 11–13).
17. Тинчликни сақлаб қолиш учун барча масиҳийлар нима қилишлари зарур?
17 Кўп ҳолларда тушунмовчиликлар арзимас хатолар туфайли юз беради. Шундай экан, бу каби вазиятларда севгини намоён этиб, бир-биримизнинг камчиликларимизни унутайлик. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Гуноҳни беркитган дўстликни сақлайди, уни кавлаштирган эса дўстни узоқлаштиради» (Ҳик. 17:9). Агар Худо Каломидаги маслаҳатларга риоя қилсак, жамоатда тинчликни, Яҳова билан дўстликни сақлаб қолган бўламиз (Мат. 6:14, 15).
Тинчлик пайидан бўлиш барака келтиради
18, 19. Тинчлик пайидан бўлсак, Яҳова бизга қандай қут-баракалар беради?
18 Яҳова «тинчлик келтирадиган» нарсалар пайидан бўлганимиз учун сон-саноқсиз қут-баракалар бермоқда. Биз Яҳова билан яқин муносабатларга эгамиз ҳамда жамоатда тинчлик сақланишига ўз ҳиссамизни қўшяпмиз. Жамоат ичида тинчлик пайидан бўлиш, одамларга «тинчлик хушхабарини» ваъз қилганда, улар билан тинчликни сақлашга кўмаклашади (Эфес. 6:15). Шунда «ҳамма билан мулойим» муомала қилиб, «қийинчиликни бошдан кечираётганда» эса ўзимизни тута оладиган бўламиз (2 Тим. 2:24).
19 Тинчликни сақлаш йўлидаги ҳаракатларимиз бизни келажакка тайёрлайди. Муқаддас Китобда айтилишича, «адолатли ва адолатсиз одамларнинг тирилиши» юз берар экан (Ҳавор. 24:15). Яҳова миллионлаб турли инсонларни тирилтиради. Улар ичида дунёнинг ҳар хил жойларида, турли даврларда ва ҳатто одамзоднинг ибтидосида яшаган инсонлар бўлади (Луқо 11:50, 51). Ўшанда биз уларни тинчликсевар бўлишга ўргатиш шарафига муяссар бўламиз. Ҳозир олаётган билимларимиз ўшанда асқатади!
[Изоҳ]
a Жиддий гуноҳлар, жумладан туҳмат ва қаллобликка нисбатан қандай йўл тутиш мумкинлиги борасида «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар» китобининг 222–223- саҳ. ҳамда «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 1999- йил 15- октябрь сонидаги 17–19- саҳ. қ.
Илтимос, жавоб беринг
• Кимнидир хафа қилсак, қандай қилиб тинчлик пайидан бўлишимиз мумкин?
• Кимдир бизни ранжитса, қандай қилиб тинчлик пайидан бўламиз?
• Икки инсон орасида тушунмовчилик юз берса нимани ёдда тутиш муҳим?
• Гуноҳ қилаётган инсон билан тинчликни сақлашдан кўра, адолат юзасидан йўл тутиш нима учун муҳимроқ?
[29- саҳифадаги ёзув]
Яҳова бошқаларни чин дилдан кечирадиган инсонларни севади