«У чарчаганга куч... ато этади»
2018 йилнинг ояти: Яҳовага умид боғлаганлар қайтадан кучга тўлади. ИШАЁ 40:31
1. Қандай қийинчиликларга дуч келишимиз мумкин, лекин нега Яҳова садоқатли хизматчиларидан мамнун? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
УШБУ замонадаги ҳаёт ташвишлардан холи эмаслигини биласиз. Азиз биродару опа-сингиллар, кўпларингиз жиддий касалликлар билан курашиб келаётганингизни Тангри Яҳова билади. Бошқалар ёши ўтиб бораётганига қарамай, кекса қариндошларига ғамхўрлик қиляпти. Яна бировлар эса, ортиқча нарсалар у ёқда турсин, оиласининг асосий эҳтиёжларини қондириш учун зўр бериб ишлаяпти. Кўпларингиз бир пайтнинг ўзида ушбу муаммоларнинг барчаси билан курашаётганингизни биламиз. Бу анча вақт ва ҳиссий кучингизни олади, пул ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Аммо Яҳова сизга ёрдам беришига ишончингиз комил. Вазият яхши томонга ўзгаришига ишонасиз, чунки буни Яҳова ваъда қилган. Бундай имонингиз Яҳовани роса қувонтиради!
2. Ишаё 40:29 даги сўзлардан қандай далда оламиз, аммо қанақа жиддий хатога йўл қўйишимиз мумкин?
2 Баъзида ҳаётдаги қийинчиликлар сизни ҳолдан тойдирганини сезганмисиз? Агар шундай бўлса, сиз ёлғиз эмассиз. Худонинг садоқатли хизматчилари ҳам ўзларини тез-тез кучсиз ҳис қилгани тўғрисида Муқаддас Китобдан ўқиймиз. (3 Шоҳ. 19:4; Аюб 7:7) Лекин улар таслим бўлишмаган, аксинча, Яҳовадан куч излашган. Уларнинг умиди пучга чиқмаган, сабаби Худойимиз «чарчаганга куч... ато этади». (Ишаё 40:29) Афсуски, бугунги кунда Худонинг баъзи хизматчилари муаммоларни ечишнинг энг яхши йўлини излаб «ҳақиқатдан дам олмоқчи» бўлишди. Уларнинг айтишича, маънавий ишлар барака эмас, балки юкдир. Шайтон умид қилганидай, бу имондошларимиз Муқаддас Китобни ўқимай қўйишяпти, йиғилишларни қолдиришяпти ва хизматда иштирок этишмаяпти.
3. а) Қандай қилиб Шайтон бизни сусайтиришига қарши тура оламиз? б) Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?
3 Иблис шуни биладики, маънавий ишлар билан банд бўлиш бизни мустаҳкамлайди. У эса кучли бўлишимизни истамайди. Жисмонан ва ҳиссан чарчаганингизда Яҳовадан узоқлашманг. Унга ҳар қачонгидан ҳам яқинлашинг, шунда У сизни «мустаҳкам ва кучли қилиб қўяди». (1 Бутр. 5:10; Ёқб. 4:8) Ушбу мақолада, хизматимиз сусайишига сабаб бўладиган иккита вазиятни ҳамда бунда Муқаддас Китобдаги принциплар бизга қандай ёрдам бериши мумкинлигини муҳокама қиламиз. Аввалига, келинг, Ишаё 40:26–31 даги сўзлар Яҳова бизга куч ато этишини қай йўсин кўрсатаётганига диққат қаратайлик.
ЯҲОВАГА ТАЯНГАНЛАР ҚАЙТА КУЧ ОЛАДИ
4. Ишаё 40:26 дан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
4 Ишаё 40:26 ни ўқинг. Коинотда нечта юлдуз борлигини ҳеч ким санай олмаган. Олимларнинг фикрича, Сомон йўли галактикасининг ўзида 400 миллиардан ошиқ юлдуз бор. Бироқ Яҳова уларнинг ҳар бирига ном берган. Бундан қандай сабоқ олсак бўлади? Агар Яҳова жонсиз ижодларига шундай қизиқиш кўрсатса, Унга мажбурликдан эмас, севганингиз учун хизмат қилаётган сизни кам кўрармиди?! (Заб. 19:1, 3, 14) Азиз Отамиз сизни жуда яхши билади. Муқаддас Китобда «сочларингизнинг ҳар бир толаси саналган», деб айтилган. Яҳова уларнинг сонини билади. (Мат. 10:30) Қолаверса, сано бастакори бизни қуйидагича ишонтирмоқда: «Яҳова бенуқсон кишиларнинг ҳаёт йўлини билади». (Заб. 37:18) Ҳа, Худо қийинчиликларингизга бефарқ эмас ва уларнинг ҳар бирини енгиб ўтишингиз учун сизга куч бера олади.
5. Яҳова бизга куч бера олишига қай йўсин амин бўлишимиз мумкин?
5 Ишаё 40:28 ни ўқинг. Яҳова фаол қудрат Манбаидир. Масалан, У фақатгина қуёшга қанча энергия бериши борасида ўйлаб кўринг. Дейвид Боданис исмли ёзувчи-олимнинг кузатувларига кўра, «қуёш ҳар сонияда чиқарадиган энергия миллиардлаб атом бомбаларининг портлашига тенг». Бошқа тадқиқотчининг ҳисобига биноан, қуёш «бир сонияда чиқарадиган энергия... одамзодга 200 000 йилга етади». Қуёшга шундай «ёнилғи» берадиган Зот бизга ҳам муаммоларимизни енга олишимиз учун куч беришидан шубҳаланмасак бўлади.
6. Қайси маънода Исонинг бўйинтуруғи қулай ва буни билиш бизга қандай таъсир қилади?
6 Ишаё 40:29 ни ўқинг. Яҳовага хизмат қилиш кўп қувонч келтиради. Исо шогирдларига: «Менинг бўйинтуруғимни олинглар»,— деган. Кейин давом этиб: «Жонларингиз роҳат топади. Зеро менинг бўйинтуруғим қулай ва юким енгилдир»,— деб айтган. (Мат. 11:28–30) Бу нақадар ҳақ сўзлар! Гоҳида йиғилишга кетаётиб ёки хизматга чиқаётиб ўзимизни чарчаган ҳис қилишимиз мумкин. Аммо қайтаётганда ўзимизни қандай ҳис этамиз? Биз далда олган ва қийинчиликлар билан курашишга янада яхшироқ тайёрланган бўламиз. Дарҳақиқат, Исонинг бўйинтуруғи чиндан ҳам қулайдир!
7. Матто 11:28–30 даги сўзлар ҳақ эканини кўрсатувчи мисоллар келтиринг.
7 Бир имондошимиз, дейлик исми Кайла, сурункали чарчаш синдроми, депрессия ва мигрень (қаттиқ бош оғриқлари) билан курашади. Шу боис, баъзида у йиғилишларга боришга қийналади. Аммо у жамоат учрашувига боришга ҳаракат қилди ва кейин қуйидагича ёзди: «Ўшанда тушкунлик ҳақида нутқ бўлди. Биродар ҳамдардлик ила қайғуриб гапирганидан кўзларим ёшланди. Бу, учрашувларни қолдирмаслигим кераклигини эслатди». У йиғилишга бориш учун ҳаракат қилганидан жуда хурсанд эди.
8, 9. Павлус: «Заиф бўлганимда, кучлиман»,— деб айтганида, нимани назарда тутган?
8 Ишаё 40:30 ни ўқинг. Қанчалик қобилиятли бўлмайлик, ўз кучимиз билан қила оладиган ишлар саноқлидир. Биз қуйидаги мисолдан сабоқ олишимиз мумкин. Ҳаворий Павлус қобилиятли киши бўлган бўлса-да, доим ҳам истаган нарсаларининг барчасини қила олмаган. Павлус ўз ташвишларини Худога айтганида, У шундай жавоб берган: «Менинг қудратим заиф бўлганингда камол топади». Павлус Яҳова нима демоқчи эканини тушунган. Шунинг учун ҳам у: «Заиф бўлганимда, кучлиман», — деб айтган. (2 Кор. 12:7–10) Хўш, у нимани назарда тутган?
9 Ҳаворий Павлус шуни тушунганки, у ўз кучи билан озгина нарсани қила оларди. Худонинг муқаддас руҳи Павлусга у муҳтож бўлган кучни бериши мумкин эди. Шунингдек, у ўз кучи билан ҳеч қачон қила олмайдиган вазифаларни муқаддас руҳ ёрдамида бажарган. Биз билан ҳам худди шундай. Кучимиз манбаи Яҳова бўлса, биз албатта мустаҳкам бўламиз.
10. Қай йўсин Яҳова Довудга қийинчиликларини енгиб ўтишга кўмаклашган?
10 Сано бастакори Довуд ҳам муқаддас руҳ таъсирини ўзида тез-тез ҳис этган. У шундай деб куйлаган: «Сенинг ёрдаминг билан босқинчилар тўдасига ҳужум қиламан, Аллоҳнинг қудрати ила девордан ошиб ўтаман». (Заб. 18:29) Ҳаётимизда баъзи муаммоларимиз ўз кучимиз билан «ошиб ўтиш» қийин бўлган деворлар каби бўлиши мумкин. Шунда биз Яҳовадан ёрдам излашимиз лозим.
11. Муаммоларимиз билан курашишда муқаддас руҳнинг ўрни қандай?
11 Ишаё 40:31 ни ўқинг. Бургут фақат ўзининг кучи билангина узоқ масофага парвоз қилмайди. Иссиқ ҳаво оқими унга кўтарилишга ёрдам бериб, кўп куч сарфламаслик имконини яратади. Сиз ҳам ечими йўқдек туюлган муаммога дуч келганингизда, бургутни эсланг. Яҳовага илтижо қилиб «ёрдамчи, яъни... муқаддас руҳ» сизга «кўтарилишга» кўмаклашишини сўранг. (Юҳан. 14:26) Яхшиямки, Яҳова Ўз руҳини бизга ҳар қачон — кунига 24 соат — бериши мумкин. Айниқса, жамоатнинг қайсидир аъзоси билан келишмовчилик юз берса, Худонинг ёрдамига муҳтож эканимизни сезамиз. Аммо нима сабабдан бундай келишмовчиликлар юзага келади?
12, 13. а) Нима учун масиҳийлар орасида келишмовчиликлар бўлиб туради? б) Юсуфнинг мисолидан Яҳова ҳақида нимани билиб оляпмиз?
12 Номукаммал бўлганимиз учун келишмовчиликлар пайдо бўлади. Бунинг устига, имондошимизнинг гаплари ё ҳаракатлари жаҳлимизни чиқариши ёки биз унинг аччиғини келтиришимиз мумкин. Бу жиддий синовга айланиши ҳеч гап эмас. Аммо бу Яҳовага бўлган садоқатимизни исботлашга имкон беради. Қандай қилиб? Имондошларимиз билан якдиллик ила ҳамкорлик қилишни ўрганиб буни намоён эта оламиз. Улар номукаммал бўлишига қарамай Яҳова уларни севар экан, биз ҳам Унга тақлид қилишимиз керак.
13 Юсуфнинг мисолида шуни кўришимиз мумкинки, Яҳова хизматчиларини синовлардан сақлаб қолмайди. Ҳасадчи акалари уни ёш бўлганида қулликка сотиб юборишди ва Юсуф Мисрга олиб кетилди. (Ибт. 37:28) Яҳова нималар бўлаётганини кўрган ва шубҳасиз, Унинг дўсти, одил Юсуф билан қандай муносабат қилганларини кузатиб қалби оғриди. Лекин У вазиятга аралашмади. Кейинчалик Юсуф Пўтифарнинг хотинини зўрламоқчи эканликда айбланиб зиндонга ташланганида ҳам Яҳова уни қутқармади. Яҳова Юсуфни тарк этганмиди? Йўқ, аксинча «Яҳова унинг ҳар бир ишига ривож берарди». (Ибт. 39:21–23)
14. Қаҳру ғазабни ўзимиздан «соқит қилиб» қандай фойда оламиз?
14 Яна бир мисолни кўриб чиқайлик. Камдан-кам одам Довуд сингари ёмон муносабатга дуч келган бўлса керак. Лекин Худонинг бу дўсти қаҳр-ғазаб уни енгишига йўл қўймади. Аксинча, у қуйидагича ёзган: «Қаҳру ғазабни ўзингдан соқит қил, жаҳлга берилиб, ёмон ишларга юз бурма». (Заб. 37:8) Қаҳру ғазабни ўзимиздан «соқит қилишнинг» энг муҳим йўли «гуноҳларимизга қараб бизга муомала қилмайдиган» Худойимиз Яҳовага тақлид қилишдир. (Заб. 103:10) Қаҳр-ғазабни «соқит қилишнинг» амалий фойдаси ҳам бор. Қаҳр-ғазаб юқори қон босими ва респиратор касалликларга (нафас йўллари касалликлари) сабаб бўлиши мумкин. У жигар ва ошқозоности безига таъсир қилиб, овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши ҳеч гап эмас. Жаҳлимиз чиққанида равшан фикрлай олмаймиз. Устига-устак, баъзида ғазабга эрк бергандан кейин узоқ вақтли тушкунликка тушиб қолиш эҳтимоли бор. Бундан фарқли ўлароқ, Муқаддас Китобда: «Хотиржам юрак танага ҳаёт бахш этади»,— деб ёзилган. (Ҳик. 14:30) Шундай экан, имондошимиз қалбимизни оғритганида, қандай қилиб у билан тинчликни сақлай оламиз? Муқаддас Китобдаги доно маслаҳатларга амал қилсак, бунда муваффақиятга эришамиз.
ИМОНДОШЛАРИМИЗДАН КЎНГЛИМИЗ ҚОЛГАНДА
15, 16. Қалбимизни оғритишганда нима қилсак бўлади?
15 Эфесликларга 4:26 ни ўқинг. Дунёда қандайдир ёмон муносабатга дуч келсак, бундан ҳайрон қолмаймиз. Бироқ имондошимиз ёки оила аъзоимиз сўзларию ишлари билан қалбимизни қаттиқ оғритса, тушкунликка тушишимиз мумкин. Дейлик, бўлиб ўтган воқеани унута олмаяпмиз. Хафагарчилик узоқ йилларга чўзилишига йўл қўямизми ёки масалани тез ҳал қилиш борасидаги Муқаддас Китобда ёзилган доно маслаҳатга амал қиламизми? Вазиятни ҳал этишни қанча орқага сурсак, имондошимиз билан тинчликка эришиш шунча қийин бўлади.
16 Тасаввур қилинг, қайсидир имондош сизни хафа қилди ва сиз бўлиб ўтганларни унута олмаяпсиз. У билан тинч муносабатларга эришиш учун нима қилишингиз мумкин? Аввал, Яҳовага чин дилдан ибодат қилинг. Ундан имондошингиз билан яхши суҳбат қура олишингиз учун ёрдам сўранг. У ҳам Яҳованинг дўстларидан бири эканини унутманг. (Заб. 25:14) Худо уни севади. Яҳова дўстларига меҳрибонлик ила муносабат қилади ва биздан ҳам шуни кутади. (Ҳик. 15:23; Мат. 7:12; Колос. 4:6) Кейин нима демоқчи эканингизни хаёлан тасаввур қилинг. Имондошингиз сизни атайин хафа қилди, деб ўйламанг. Балки бу хатодир ёки сиз уни нотўғри тушунгандирсиз. Қолаверса, шуни тан олингки, сиздан ҳам ўтган бўлиши мумкин. Масалан, суҳбатни қуйидагича бошласангиз бўлади: «Эҳтимол, мен ҳаддан ортиқ ҳис-туйғуларга берилиб кетгандирман. Лекин кеча менга гапирганингизда, мен ўзимни шундай ҳис қилдимки,..». Борди-ю, суҳбат сиз ўйлаган натижани бермаса, тинчлик ўрнатишнинг бошқа йўлларини изланг. Шу билан бирга, у учун Яҳовага ибодат қилиб, унга барака беришини сўранг. Худодан имондошингизнинг яхши тарафларига диққат қаратишингизга ёрдамлашишини илтимос қилинг. Натижаси қандай бўлишидан қатъий назар, Худонинг дўсти, яъни имондошингиз билан тинч муносабатларни ўрнатиш учун қилган самимий ҳаракатларингиздан Яҳова мамнун бўлади.
ЎТМИШНИ ЭСЛАБ СИҚИЛГАНИМИЗДА
17. Гуноҳ қилганимизда қай йўсин Яҳова бизга ёрдам беради ва нега уни қабул қилишимиз лозим?
17 Баъзилар жиддий гуноҳ қилишгани туфайли ўзларини Яҳовага нолойиқ деб билишади. Гуноҳ бизнинг тинчлигимизни, қувончимизни ва кучимизни олиши турган гап. Содир этган гуноҳи туфайли қийналган шоҳ Довуд буни қуйидагича ифодалаган: «Гуноҳимни тан олмай сукут сақлаганимда, кун бўйи қилган оҳу ноламдан силлам қуриди. Чунки туну кун Сенинг қўлинг зилдай мени босиб турди». Яхшиямки, у маънавий кишидай йўл тутди. Довуд: «Охири гуноҳимга иқрор бўлдим. [...] Сен хатолариму гуноҳларимни кечирдинг»,— деб ёзган. (Заб. 32:3–5) Агар сиз ҳам жиддий гуноҳ қилиб қўйган бўлсангиз, Яҳова тикланишингизга ёрдам беришга тайёр. У сизга жамоат орқали тақдим этадиган ёрдамни қабул қилишингиз лозим. (Ҳик. 24:16; Ёқб. 5:13–15) Буни орқага сурманг, ахир абадий келажагингиз қил устида турибди! Бироқ анча олдин қилган гуноҳингиз кечирилган бўлса-да, виждонингиз қийналаётган бўлса-чи?
18. Ўзини нолойиқ ҳис этганларга Павлуснинг мисоли қандай ёрдам бера олади?
18 Гоҳида ҳаворий Павлус ўтмишдаги қилмишларидан сиқилган. У шундай деб айтган: «Мен ҳаворийларнинг энг кичигиман ва ҳаворий деб номланишга ҳам нолойиқман, чунки Тангрининг жамоатини таъқиб қилардим». Лекин давом этиб у: «Худонинг инояти билан шу мавқега эга бўлдим»,— деган. (1 Кор. 15:9, 10) Яҳова Павлусни борлигича қабул қилган ҳамда Павлусдан буни тушунишини кутган. Агар керак бўлса оқсоқолларга мурожаат қилиб ўтмишдаги гуноҳларингизга чин дилдан иқрор бўлган ва тавба қилган бўлсангиз, Яҳова сизга раҳмдиллик кўрсатишига амин бўлишингиз мумкин. Шундай экан, Яҳова сизни кечирганига ишонинг ва Унинг кечиримини қабул қилинг. (Ишаё 55:6, 7)
19. Қайси оят 2018 йил учун танланди ва нима сабабдан у ўринли?
19 Ушбу замона охирлаб борар экан ҳаётимизда босим кучайиши тайин. Аммо шунда амин бўлингки, Яҳова «чарчаганга куч, толиққанга қудрат ато этади». У сизга ҳам чидай олишингиз учун керак бўлган барча нарсани беради. (Ишаё 40:29; Заб. 55:22; 68:19) 2018 йил давомида ҳар гал Йиғилиш залига борганимизда ва бу йил учун танланган оятдаги «Яҳовага умид боғлаганлар қайтадан кучга тўлади» деган сўзларни кўрганимизда, бу муҳим ҳақиқат бизга эслатма бўлиб туради. (Ишаё 40:31)