«Азадорларнинг ҳаммасини овутинг»
«Азадорларнинг ҳаммасини овутсин», деб Эгам мени юборди. ИШАЁ 61:1, 2
1. Исо ғам-қайғу чекаётганлар учун нима қилган ва нега?
ИСО МАСИҲ: «Менинг овқатим, мени Юборганнинг иродасини бажариш ва Унинг ишини якунига етказишдир»,— деб айтган эди (Юҳан. 4:34). Аллоҳ томонидан берилган топшириқни бажараётиб, Исо самовий Отасига ўхшаб, ажойиб фазилатларни намоён этган. Булар қаторида Яҳованинг инсониятга бўлган буюк севгисидир (1 Юҳан. 4:7–10). Ҳаворий Павлус Яҳовани «тасалли берадиган Аллоҳдир», деб атаганида Унинг шу севгисига эътибор қаратган (2 Кор. 1:3). Исо Ишаё пайғамбарнинг башоратига биноан йўл тутганида шундай севгини намоён этган (Ишаё 61:1, 2 ни ўқинг)a. Ер юзидаги хизмати давомида Исо меҳр билан ғам-қайғу чекаётганларга далда ва хотиржамлик бахш этиб, уларга тасалли берган.
2, 3. Нега Масиҳнинг издошлари тасалли беришда унга тақлид қилишлари зарур?
2 Исонинг барча издошлари унга тақлид қилиб, мусибат чекаётганларга тасалли беришлари зарур (1 Кор. 11:1). Ҳаворий Павлус: «Бир-бирингизга тасалли бериб, бир-бирингизни қўллаб-қувватланглар»,— деган эди (1 Салон. 5:11). Ҳозир одамларга тасалли беришнинг айни вақтидир, чунки биз «ниҳоятда оғир вақтлар»да яшаяпмиз (2 Тим. 3:1). Дунё бўйлаб кўпгина самимий инсонлар бошқаларнинг қўпол муомаласига дуч келиб, руҳан азоб чекишяпти.
3 Муқаддас Китобда башорат қилинганидек, бу ёвуз дунёнинг охирги кунларида аксарият инсонлар «ўзини севадиган, пулпараст, ўзига ортиқ даражада ишонган, кеккайган, шаккок, ота-онага итоатсиз, ношукур, садоқатсиз, меҳрсиз, муросасиз, туҳматчи, ўзини тута билмайдиган, шафқатсиз, ҳимматни яхши кўрмайдиган, сотқин, ўзбошимча, мағрур, Аллоҳдан кўра айш-ишратни кўпроқ севадиган» бўлишяпти. Бундай аҳволни ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ кўриш мумкин, чунки «ёмон инсонлар ва ёлғончилар... тобора разиллашиб боряптилар» (2 Тим. 3:2–4, 13).
4. Ҳозирги вақтда дунё қай аҳволга тушиб қолган?
4 Биз бундан ҳайратга тушмаслигимиз лозим, ахир Худо Каломида: «Бутун дунё ёвуз Шайтоннинг ҳукмидадир»,— деб аниқ айтилган-ку (1 Юҳан. 5:19). «Бутун дунё» деганда, ундаги сиёсат, дин, тижорат ва тарғибот воситалари ҳам назарда тутилган. Иблис Шайтон «бу дунёнинг ҳукмдори» ҳамда «ушбу замонанинг худоси», деб бекорга айтилмаган экан-да (Юҳан. 14:30; 2 Кор. 4:4). Шайтон яқинда Яҳова томонидан йўқ қилинишини билиб, ғазабга минган. Шу сабабли бутун ер юзидаги аҳвол ёмонлашиб боряпти (Ваҳ. 12:12). Аллоҳ Шайтонни ва унинг ёвуз дунёсини ортиқ чидаб ўтирмайди. Боз устига, Шайтон кўтарган Яҳованинг ҳукмдорлигига доир масала ҳал қилинади. Буни билиш нақадар тасалли беради! (Ибт., 3- боб; Аюб, 2- боб).
Бутун жаҳон бўйлаб хушхабар ваъз қилиняпти
5. Ваъзгўйлик иши ҳақидаги башорат ушбу охирзамонда қандай амалга ошяпти?
5 Одамзод тарихидаги ушбу машаққатли дамларда Исонинг айтганлари рўёбга чиқяпти. У шундай деган: «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади. Ана ўшандагина охират бўлади» (Мат. 24:14). Худо Шоҳлиги тўғрисида шоҳидлик бериш иши ҳозир жаҳон бўйлаб қулоч ёзяпти. Бугунги кунда 7 500 000 дан зиёд Яҳованинг Шоҳидлари 107 000 дан кўп жамоатлар билан ҳамкорликда бутун ер юзида Худонинг Шоҳлиги тўғрисида ваъз этишяпти. Бу билан улар Ҳазрати Исога тақлид қилишяпти, зеро у ҳам асосан шу ҳақда ваъз этиб, таълим берарди (Мат. 4:17). Ана шу ваъзгўйлик фаолиятимиз туфайли ғам-қайғу чекаётганларга катта тасалли бериляпти. Масалан, ўтган икки йил ичида 570 601 киши сувга чўмиб, Яҳованинг Шоҳидларига қўшилишди!
6. Ваъзгўйлик фаолиятимизнинг кўлами ҳақида қандай фикрдасиз?
6 Ушбу ваъзгўйлик иши асосан Яҳованинг Шоҳидлари томонидан Муқаддас Китобга асосланган адабиётларнинг 500 дан ортиқ тилларга таржима қилинаётгани туфайли кенг кўламга ёйиляпти. Инсоният тарихида бунақаси ҳали бўлмаган! Яҳова ташкилотининг ер юзидаги қисми мавжудлиги, фаолияти ва ўсишини кўриб, қойил қолса бўлади. Шайтоннинг ҳукми остидаги бу дунёда, Аллоҳнинг қудратли муқаддас руҳи бошқаруви ва кўмагисиз бунинг иложи бўлмасди. Хушхабар бутун ер юзи бўйлаб ваъз қилинаётгани туфайли нафақат имондошларимиз, балки Шоҳлик хабарини қабул қилаётган азадор кишилар ҳам Муқаддас Китобдан тасалли топишяпти.
Имондошларимизга тасалли берайлик
7. а) Нега Худо бутун мусибат келтирадиган вазиятларга ҳозир чек қўяди, деб умид қилиш нотўғри? б) Таъқиблару қийинчиликларга дош беришимиз мумкинлигини қаердан биламиз?
7 Ёвузлик ва азоб-уқубатларга тўла бу дунёда, айрим вазиятлар бизни қайғуга солиши шубҳасиздир. Албатта, Худо бутун бахтсизликларга ёки мусибатларга бу дунёнинг охирати келгунигача чек қўяди, деб умид қилсак нотўғри бўлади. Башорат қилинган қувғинларга дуч келган бир пайтда Сарвари Оламнинг тарафини эгалласак, Яҳовага бўлган садоқатимиз кучаяди (2 Тим. 3:12). Бироқ самовий Отамиздан мадад ва тасалли олиб, биз ҳам қадимги Салоникадаги мойланган масиҳийлар каби таъқиблару қийинчиликларга дош беришимиз мумкин (2 Салоникаликларга 1:3–5 ни ўқинг).
8. Яҳова Ўз хизматчиларига тасалли бераётганини Муқаддас Китоб қандай кўрсатяпти?
8 Яҳова Ўз хизматчиларига зарур бўлганда тасалли бериши шубҳасиздир. Масалан, ёвуз малика Изабел Илёс пайғамбарга таҳдид солганида, у бечора даҳшатга тушиб, қочиб кетган ва ҳатто ўзига ўлим тилаган. Аммо Яҳова Илёс пайғамбарга таъна қилмай, аксинча, тасалли берган ва пайғамбарлигини бажара олиши учун жасорат ато этган (3 Шоҳ. 19:1–21). Яҳова Ўз халқига тасалли бераётганини биринчи асрдаги масиҳийлар жамоатининг мисолидан ҳам кўрса бўлади. Масалан, Муқаддас Китоб баёнотига кўра, ўша даврда «Яҳудия, Жалила ва Самариядаги бутун жамоатда тинчлик ҳукм сура бошлаган». Боз устига, «жамоат Яҳовадан қўрқиб, мустаҳкамланиб борар ва муқаддас руҳдан тасалли топиб, шогирдларнинг сони тобора ортарди» (Ҳавор. 9:31). Шу сингари, биз ҳам «муқаддас руҳдан тасалли топиб» юришимиз қандай яхши-я!
9. Нега Исо ҳақида билим орттириш бизга тасалли бахш этиши мумкин?
9 Биз, масиҳийлар, Исо Масиҳ тўғрисида кўпроқ билим орттириб, унинг изидан юрсак, тасалли топамиз. Исонинг Ўзи: «Эй, заҳмат чекаётганлар ва оғир юк остида юрганлар, барчангиз олдимга келинглар. Мен сизларга роҳат бахш этаман. Менинг бўйинтуруғимни олиб, мендан ўрганинглар, чунки мен мулойим ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз роҳат топади. Зеро менинг бўйинтуруғим қулай ва юким енгилдир»,— деган эди (Мат. 11:28–30). Исонинг меҳр ила таълим бериш услуби ҳамда ижобий ўрнаги тўғрисида билим орттиришнинг ўзи, бошимизга тушаётган қайғуларни енгиб ўтишга кўмаклашади.
10, 11. Жамоатда кимлар тасалли беришга қодир?
10 Имондошларимиз ҳам бизга тасалли бериши мумкин. Мисол учун, жамоат оқсоқоллари қийин вазиятларга дуч келаётган кишиларга қандай ёрдам беришларини кўриб чиқайлик. Исонинг шогирди Ёқуб шундай деб ёзган эди: «Орангизда кимдир [маънан] касалми? Унда жамоат оқсоқолларини чақирсин». Натижада нима бўлади? «Ишонч билан қилинган ибодат касалга шифо беради ва Яҳова уни оёққа турғизади. Агарда гуноҳ қилган бўлса, гуноҳи кечирилади» (Ёқб. 5:14, 15). Жамоатнинг бошқа аъзолари ҳам тасалли беришлари мумкин.
11 Аёллар кўпинча бошқа аёллар билан бемалол дардлаша олишади. Айниқса ёши улуғ, тажрибали опалар ёш сингилларга яхши маслаҳатлар беришлари мумкин. Шундай маънан етук, кекса аёллар ҳаётларида турли вазиятларга дуч келишган. Уларнинг ҳамдардлиги ва аёлларга хос фазилатлари катта ёрдам бериши мумкин (Титусга 2:3–5 ни ўқинг). Ҳа, орамиздаги «руҳи тушганларга тасалли беришга» оқсоқоллар ҳам, бошқалар ҳам қодир экан, улар шундай қилишлари зарур (1 Салон. 5:14, 15). Шуни ҳам ёдда тутиш лозимки, Худо «барча қайғуларимизда бизга тасалли беради. Шу тариқа биз ҳам, Худодан олган тасалли билан турли қайғуларга дучор бўлганларга тасалли бера оламиз» (2 Кор. 1:4).
12. Жамоат йиғилишларига қатнаш нима учун муҳим?
12 Жамоат йиғилишларида бўлиш тасалли топишнинг энг яхши йўлидир, чунки у ерда биз Муқаддас Китоб асосида суҳбатлар юритиб, далда оламиз. Инжилда баён этилишича, Яҳудо ва Сила «кўплаб нутқлари билан биродарларни қўллаб-қувватлашган» (Ҳавор. 15:32). Йиғилиш бошлангунча ва ундан кейин ҳам жамоат аъзолари ўзаро далдали суҳбатлар олиб боришади. Шундай экан, ҳатто қийин вазиятга тушиб, қайғу чекаётган бўлсак ҳам, ҳеч қачон бошқалардан ажралмайлик, чунки бу билан муаммони ҳал қила олмаймиз (Ҳик. 18:1). Бунинг ўрнига, ҳаворий Павлуснинг қуйидаги маслаҳатига амал қилсак, яхши бўлади: «Севишга ва эзгу ишлар қилишга ундаш учун бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик. Баъзиларнинг одатидек, йиғилишларимизни қолдирмайлик. Аксинча, ўша куннинг яқинлашиб қолганини кўриб турган эканмиз, бир-биримизга янада кўпроқ далда берайлик» (Иброн. 10:24, 25).
Худонинг Каломидан тасалли топинг
13, 14. Муқаддас Китоб бизга қай тарзда тасалли бериши мумкинлигини кўрсатинг.
13 Биз сувга чўмган масиҳиймизми ёки Аллоҳ ва Унинг ниятлари тўғрисида эндигина билим оляпмизми, барчамиз Худо Каломидан катта тасалли топишимиз мумкин. Ҳаворий Павлус шундай деган эди: «Қадимда Муқаддас Ёзувларда айтилган барча нарсалар насиҳат олишимиз учун ёзилган. Токи улар туфайли сабр-бардошли бўлиб ҳамда тасалли топиб, умидга эга бўлайлик» (Рим. 15:4). Биз Муқаддас Китоб ёрдамида тасалли топишимиз ва «ҳар тарафлама билимга эга бўлиб, ҳар бир яхши ишга бутунлайин тайёр» бўлишимиз мумкин (2 Тим. 3:16, 17). Аллоҳнинг ниятлари тўғрисида ҳақиқатни билиш ва келажакка умид билан қараш катта тасалли бахш этади. Шундай экан, келинг, Худонинг Каломи ва унга асосланган адабиётлардан тўлақонли фойдаланайлик, зеро бу бизга тасалли бериб, ҳар жиҳатдан фойда келтиради.
14 Муқаддас Китоб ёрдамида бошқаларга таълим ва тасалли беришда Исо бизга яхши ўрнак кўрсатган. Бир марта у тирилиб келганидан сўнг иккита шогирдига кўриниб, Муқаддас Ёзувларни тушунтириб берганди (Луқо 24:32). Исонинг яхши ўрнагига тақлид қилиб, ҳаворий Павлус ҳам «Муқаддас Ёзувлар асосида музокара қиларди». Верия шаҳрида уни тинглаган кишилар «Худонинг каломини катта иштиёқ билан қабул қилиб, айтилганлар тўғрими ёки йўқми дея, Муқаддас Ёзувларни кунда синчковлик билан ўрганишарди» (Ҳавор. 17:2, 10, 11). Шунинг учун Муқаддас Китобни кунда ўқисак ва унга асосланган адабиётлардан фойдалансак, тўғри иш қилган бўламиз. Ахир бу нарсалар бизга ушбу оғир вақтларда тасалли ва умид бахш этиш учун берилган-ку!
Ўзгаларга тасалли беришнинг бошқа йўллари
15, 16. Имондошларимизга қай йўсин ёрдам ва тасалли бера оламиз?
15 Имондошларимизга ёрдам ва тасалли беришнинг ҳар турли йўллари бор. Масалан, ёши улуғ ёки бетоб имондошимиз учун бозор-ўчар қилиб берсак бўлади. Шунингдек, уй ишларига ёрдамлашиб, уларга бефарқ эмаслигимизни кўрсатган бўламиз (Филип. 2:4). Эҳтимол, меҳр-муҳаббат, топқирлик, жасорат, имон каби яхши фазилатларни намоён этгани учун имондошимизни мақтаб қўярмиз.
16 Кексаларга тасалли бермоқчи бўлсак, биз уларни йўқлаб борамиз ва ўтмишда бошдан кечирганларини ҳамда Яҳовага хизмат қилиб, қандай баракаларга эга бўлишганини айтиб беришаётганда диққат билан тинглаймиз. Бу ўзимизга ҳам далда ва тасалли бахш этади! Биз уларга Муқаддас Китоб ва унга асосланган адабиётларни ўқиб беришимиз мумкин. Балки шу ҳафтада ўтиладиган «Қўриқчи минораси»даги мақолани ёки Жамоат билан Муқаддас Китоб тадқиқида муҳокама қилинадиган маълумотни биргалашиб кўриб чиқармиз. Яна, улар билан Муқаддас Китобга асосланган DVD фильмини томоша қилсак ҳам бўлади. Бундан ташқари, адабиётларимиздан бирон-бир қизиқарли воқеани топиб, уларга ўқиб ёки айтиб беришимиз мумкин.
17, 18. Нега Яҳова содиқ хизматчиларини қўллаб-қувватлаб, тасалли беришига амин бўлишимиз мумкин?
17 Агар Яҳованинг хизматчиси далдага муҳтож эканини пайқасак, шахсий ибодатларимизда у учун илтижо қилишимиз мумкин (Рим. 15:30; Колос. 4:12). Турмуш ташвишларига дучор бўлганимизда, биз ҳам тасаллига муҳтож бўлиб, худди забурчи каби ишонч билан: «Ташвишингни Худовандга ташлаб кет, Унинг Ўзи сенга таянчиқ бўлур. Солиҳнинг йиқилишига У абадий йўл бермас»,— дея оламиз (Заб. 54:23). Дарҳақиқат, Яҳова Ўзининг садоқатли хизматчиларини доимо қўллаб-қувватлаб, тасалли бахш этади.
18 Худо Ўзининг қадимда яшаган хизматчиларига: «Мен Ўзим сизларни юпатаман!» — деб айтган эди (Ишаё 51:12). Агар биз қайғу чекаётганларга тасалли берсак, Яҳова бизга ҳам худди шундай муносабатда бўлиб, бошқаларга қилган эзгу ишларимизни баракалайди. Осмонда яшашга умид қиламизми ёки ердами, ҳар биримиз Павлуснинг қуйидаги сўзларидан тасалли топишимиз мумкин: «Ҳазратимиз Исо Масиҳ ва бизни севиб, Ўз инояти орқали абадий тасалли ҳамда ажойиб умид ато этган Отамиз Худо юракларингизга тасалли берсин ва ҳар қандай эзгу иш ҳамда сўзда қўллаб-қувватласин» (2 Салон. 2:16, 17).
[Изоҳ]
a Ишаё 61:1, 2: «Эгамиз Раббийнинг руҳи мени қамраб олган, чунки У мени танлаган. “Йўқсилларга хушхабар етказсин, хаста қалбларга шифо берсин, зиндондагиларга, ‘қутуласиз’, десин, асирларга озодлик эълон қилсин”, деб Эгам мени юборди. “Эгамнинг марҳамат йилини, Худонинг қасос оладиган кунини эълон қилсин, азадорларнинг ҳаммасини овутсин”, деб Эгам мени юборди».
Эсингиздами?
• Азадорларни овунтириш фаолияти қанчалик кенг қулоч ёзган?
• Бошқаларга тасалли беришнинг қандай йўллари бор?
• Яҳова Ўз халқига тасалли бераётганини Муқаддас Китоб қандай тасдиқлаяпти?
[28- саҳифадаги расм]
Сиз азадорларни овунтиряпсизми?
[30- саҳифадаги расм]
Ёшу қариларга далда бериш мумкин