3- БОБ
«Мен Худодан келган ваҳийни кўра бошладим»
БУ БОБДА: Ҳизқиёнинг самовий арава ҳақидаги башоратини таҳлил қилиш
1–3. а) Ҳизқиё кўрган ва эшитганларини тасвирлаб беринг. (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.) б) Ҳизқиё кўрган нарсанинг ортида қандай куч турган ва бу унга қай йўсин таъсир қилган?
ҲИЗҚИЁ узоқдан, қумли текисликдан келаётган бир нарсани синчиклаб кузатяпти. Унинг кўзлари чақчаяди. У кўзларига ишонмайди. Ер ва осмон туташган жойдан бўрон келяпти. Лекин бу оддий бўрон эмас. Шимолдан эсаётган кучли шамол сингари у Ҳизқиёнинг сочларини тўзғитиб, кийимларини учиради. У улкан ва баланд булутни кўради. Унинг ичи ёнаётган олов билан тўлган бўлиб, ярқираши эритилган олтин ва кумушни эслатади. Булут Ҳизқиё томон шиддат ила яқинлашар экан, овози баландлашиб боради — унинг товуши ҳарбий қўшиннинг шовқинига ўхшайди. (Ҳиз. 1:4, 24)
2 Тахминан 30 ёшда бўлган бу ёш киши илк бор унутилмас воқеаларга дуч келяпти. У «Яҳованинг қудратини», яъни Унинг тенги йўқ муқаддас руҳининг таъсирини ўзида ҳис этади. У мазкур руҳ таъсирида кўрадиган ва эшитадиган нарсалар ҳайратомуз бўлиб, бугунги ҳар қандай махсус эффектли фильмдан ўтиб тушади. Ҳизқиё кўрган ваҳийси туфайли «ерга юзтубан тиз чўкади» ва бутунлайин эсанкираб қолади. (Ҳиз. 1:3, 28)
3 Лекин Яҳова уни эҳтиром ҳиссига тўлдиришдан кўпроқ нарсани ният қилган. Ҳизқиё кўрган илк ваҳий — бу китобда ёзилган бошқа ҳайратомуз башоратлар сингари — ҳам у, ҳам Яҳованинг бугунги садоқатли хизматчилари учун аҳамиятга эгадир. Шундай экан, келинг, Ҳизқиё кўрган ва эшитган нарсалари билан яқинроқ танишайлик.
Ўша пайтдаги вазият
4, 5. Ҳизқиё ваҳий олган пайтда вазият қандай эди?
4 Ҳизқиё 1:1–3 ни ўқинг. Келинг, аввалига вазият қандай бўлганини эслайлик. Мил. авв. 613 йил эди. Олдинги бобдан билиб олганимиздай, Ҳизқиё Бобилда, сургун қилинганлар орасида Кавор дарёси бўйида яшарди. Бу дарё, эҳтимол, қайиқлар қатнайдиган ва одамлар томонидан қазилган анҳор бўлиб, Фурот дарёсидан ажралиб чиққан, кейинчалик эса унга яна қуйилган.
5 Сургун қилинганларнинг уйи, яъни Қуддус тахминан 800 километр узоқликда эдиa. Ҳизқиёнинг отаси руҳоний бўлиб хизмат қилган маъбад сохта топиниш билан булғанган бўлиб, бутпарастлик оддий ҳолга айланган эди. Қачонлардир Довуд ва Сулаймон улуғворлик ила тахтда ўтириб шоҳлик қилишган Қуддус энди шарманда аҳволда эди. Садоқатсиз шоҳ Ёҳайихин эса Бобилда, сургун қилинганлар билан эди. Унинг ўрнига тахтни эгаллаган Зидқиё Бобил шоҳи қўлида қўғирчоқ бўлиб, ёвуз инсон эди. (4 Шоҳ. 24:8–12, 17, 19)
6, 7. Нега бу давр Ҳизқиё учун оғир бўлган бўлиши мумкин?
6 Юз бераётган воқеалар дастидан сургунда бўлганларнинг имони сусайиб бораётганини кўриш Ҳизқиё каби имонли киши учун жуда оғир бўлгандир. У билан сургунда бўлганларнинг айримлари шундай ўйлагандир: «Яҳова бизни бутунлайин тарк этганга ўхшайди. Қудратли ва ёвуз Бобилнинг беҳисоб сохта худолари Яҳовага бўлган пок топинишни ва Унинг ер юзидаги ҳукмдорлигини наҳотки йўққа чиқарса?!»
7 Буни ёдда тутган ҳолда Ҳизқиёнинг илк ҳайратомуз ваҳийсини ўқиб, ушбу бобни тадқиқ қилиб кўринг. (Ҳиз. 1:4–28) Буни қилар экансиз, ўзингизни Ҳизқиёнинг ўрнига қўйиб, у кўрган ва эшитган нарсаларни тасаввур қилишга интилинг.
Ўхшаши йўқ арава
8. Ҳизқиё ваҳийда нимани кўрган ва у нимани билдиради?
8 Хўш, умуман олганда, Ҳизқиё нимани кўрган? У баҳайбат ва эҳтиром ҳиссини уйғотадиган аравага ўхшаш нарсани кўрган. Унинг тўртта катта ғилдираги бўлиб, ёнида тўртта ўзгача руҳий мавжудот туради. Кейинчалик бу руҳий мавжудотлар карублар экани айтилган. (Ҳиз. 10:1) Уларнинг тепасида музга ўхшаш чегараланган майдон ёки саҳн турарди. Унинг устида эса Худованд Яҳова улуғвор тахтида ўтирарди! Бу арава нимани билдирарди? Ҳизқиёнинг ваҳийси фақат бир нарсани — Яҳованинг улуғвор ташкилотининг самодаги қисмини билдиради. Нега бундай деяпмиз? Бу хулосага келишимизга сабаб бўлган учта омилга эътибор беринг.
9. Яҳованинг осмондаги мавжудотлари билан муносабатлари самовий арава тасвирланганида қандай акс этган?
9 Яҳованинг самовий мавжудотлари билан бўлган муносабатлари. Эътибор берган бўлсангиз, ваҳийда Яҳованинг тахти карублар устида жойлашган. Муқаддас Ёзувларнинг бошқа жойларида ҳам Яҳова шунга ўхшаш тарзда, яъни карублар устида ёки ўртасида тахтда ўтирган ҳолда тасвирланган. (4 Шоҳлар 19:15 ни ўқинг; Чиқ. 25:22; Заб. 80:1) Албатта, У том маънода карублар, яъни қудратли руҳий мавжудотлар устида ўтирмайди. Ахир Худо улар Уни кўтаришига ҳам, том маънодаги аравада юришга ҳам муҳтож эмас. Бироқ карублар Худонинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлайди ва У иродасини бажариш учун коинотнинг ҳар қандай ерига уларни юбора олади. Барча муқаддас фаришталар сингари улар Яҳованинг хизматчилари ёки вакиллари сифатида Унинг қарорларини амалга оширади. (Заб. 104:4) Шу маънода Яҳова фаришталарнинг барчаси устида «ўтиради», яъни ҳукмдори сифатида уларни бошқаради ва шу йўсин улар Яҳованинг улкан, бирлашган аравасини ташкил қилади.
10. Самовий арава тўртта карубдан кўпроқ руҳий мавжудотлардан иборат эканини қаердан билса бўлади?
10 Карубларнинг сони тўртта билан чегараланиб қолмайди. Ҳизқиё ваҳийда тўртта карубни кўради. Бу сон Муқаддас Китобда тўлиқликни билдириш ёки ҳеч қандай истисносиз барчани тасвирлаш мақсадида ишлатилади. Шу боис, тўртта каруб Яҳованинг барча садоқатли руҳий ўғилларини билдиради деб айтиш мумкин. Қолаверса, нафақат ғилдираклар, балки карублар ҳам кўзларга тўла эканига диққат қаратинг. Бу, ваҳийда кўрсатилган тўртта карубдан кўпроқ руҳий мавжудотлар ҳушёр турганининг белгисидир. Шунингдек, Ҳизқиё аравани баҳайбат деб тасвирлаганидан, ҳатто ҳайратомуз карублар унинг олдида кичкина кўринган деб хулоса қилсак бўлади. (Ҳиз. 1:18, 22; 10:12) Шунга ўхшаб, Яҳова ташкилотининг самодаги қисми улкан бўлиб, тўртта каруб билан чегараланиб қолмайди.
11. Дониёр Ҳизқиёникига ўхшаш қандай ваҳий кўрган ва қандай хулосага келсак бўлади?
11 Дониёр пайғамбар осмон ҳақида шунга ўхшаш ваҳий кўради. Дониёр пайғамбар узоқ йиллар давомида Бобилда асирликда бўлган. У осмон ҳақида ваҳий олган. Шуниси қизиқки, ўша ваҳийда ҳам Яҳова тахтининг ғилдираклари бор эди. Дониёр кўрган ваҳийда Яҳованинг осмондаги руҳий оиласи қанчалар катта эканига эътибор қаратилган эди. Дониёр Худонинг «минг-минглар... лак-лак» руҳий ўғиллари Унинг ҳузурида турганини кўрган. Улар суд мажлисида бўлганидай, ҳар бири, эҳтимол, у учун белгиланган ўринда ўтирган. (Дон. 7:9, 10, 13–18) Ҳизқиё ваҳийда кўрган арава ўша барча улуғвор руҳий мавжудотларни билдирган, деб хулоса қилиш ўринли эмасми?!
12. Нега самовий арава ҳақидаги ваҳийга ўхшаш ваҳийларни тадқиқ қилиш биз учун ҳимоя бўлиб хизмат қилади?
12 Яҳова диққатимизни «кўринмайдиган нарсаларга» қаратиш биз инсонлар учун ҳимоя эканини билади. Нега? Эт ва қондан яратилган эканмиз, кўпинча «кўринадиган нарсаларга», яъни вақтинчалик бўлган жисмоний масалаларга диққат қаратишга мойилмиз. (2 Коринфликларга 4:18 ни ўқинг.) Шайтон кўпинча бу мойиллигимиздан фойдаланиб, диққатимизни тана истакларига қаратишга ҳаракат қилади. Бу босимга қарши туришимиз учун, Яҳова Ҳизқиёнинг бу каби башоратида ёзилган оятларни севги ила тақдим этди. Бу ажойиб оятлар Яҳованинг самовий оиласи қанчалар улуғвор эканини ва эҳтиром ҳиссини уйғотишини эслатади.
«Айланадиган ғилдираклар»
13, 14. а) Ҳизқиё ваҳийда кўрган ғилдиракларни қай йўсин тасвирлаган? б) Нега самовий араванинг ғилдираклари бўлган деб айта оламиз?
13 Бошида Ҳизқиё диққатини тўртта карубга қаратди. Бу мавжудотлар ва уларнинг ўзгача кўриниши Яҳова тўғрисида нимани очиб беришини кейинги бобдан билиб оламиз. Шу билан бирга Ҳизқиё ўша ҳар бир карубнинг ёнида биттадан ғилдиракни кўради. Балки улар тўрт тарафда жойлашган бўлиб, улкан тўртбурчакни ташкил қилгандир. (Ҳизқиё 1:16–18 ни ўқинг.) Улар тиниқ ва шаффоф қимматбаҳо тош бўлмиш хризолитдан ташкил топганга ва ранги сариқ ёки сарғиш-яшил бўлганга ўхшайди. У чиройли бўлиб ярқирарди.
14 Ҳизқиё кўрган ваҳийда араванинг ғилдиракларига катта урғу берилган. Тахтнинг ғилдираги борлиги ўзгача, шундай эмасми? Тахт бирон ерга ўрнатилган бўлади, деб ўйлашга ўрганганмиз ва кўпинча ҳам шундай. Чунки ер юзидаги бошқарувчиларнинг таъсир қилиш чегараси чекланган. Аммо Яҳованинг ҳукмдорлиги ҳар қандай инсоний бошқарувдан фарқ қилади. Ҳизқиё билиб олганидай, Яҳованинг ҳукмдорлик қилиш қудрати чексиз. (Нахим. 9:6) Яҳова том маънода ҳар қандай ерда ҳукмдорлик қила олади!
15. Ҳизқиё ғилдиракларнинг тузилиши ва ҳажми тўғрисида нима деган?
15 Ғилдиракларнинг ҳажми Ҳизқиёни лол қолдирган эди. У: «Уларнинг гардишлари шу қадар баланд эдики, ваҳимага соларди»,— деб ёзган. Ҳизқиё баҳайбат, ярқираган ва деярли осмонгача етгандай кўринган гардишларни томоша қилганини тасаввур қилишимиз мумкин. Сўнг у қуйидаги қизиқарли тафсилотни қўшиб қўйди: «Тўртала гардиш ҳам гир айланасига кўзлар билан қопланган эди». Лекин, эҳтимол, энг ҳайратда қолдирадигани ўша ғилдираклар ўзгача тарзда тузилгани эди. У буни шундай деб тушунтирган: «Уларнинг кўриниши ва тузилиши, биттаси иккинчисининг ичида жойлашган ғилдиракдай эди». Хўш, бу нимани англатарди?
16, 17. а) Қайси маънода ғилдиракнинг биттаси иккинчисининг ичида жойлашган? б) Ғилдираклар самовий араванинг ҳар томонга ҳаракатланиши ҳақида нимани ошкор этмоқда?
16 Балки Ҳизқиё кўрган ҳар бир ғилдирак аслида кўндалангига ўрнатилган иккита бирлашган ғилдиракдан ташкил топган. Бу нима сабабдан Ҳизқиё уларни қуйидагича тасвирлаганини тушунтиряпти: «Юрганда улар тўрт томонга қараб ҳаракат қила оларди ва юриб кетаётганда ҳеч қаерга бурилмасди». Бу ғилдираклар Ҳизқиё кўрган самовий арава ҳақида нималарни очиб беряпти?
17 Бундай улкан ҳажмдаги ғилдираклар битта айланганда катта масофани босиб ўтарди. Бежизга ваҳийда араванинг ҳаракатланиши чақнаётган чақмоқдай бўлмаган! (Ҳиз. 1:14) Бундан ташқари, ҳар томонга тезда ҳаракатлана оладиган ғайриоддий ғилдираклар ҳақида муҳандислар фақат орзу қилиши мумкин. Бу арава ҳар қандай тарафга тезлигини пасайтирмай ва ҳатто бурилмай ҳаракатлана олади! Аммо у бу ҳаракатларини кўр-кўрона қилмайди. Гардишлар кўзлар билан қоплангани арава қайси йўналишда ҳаракатланмасин, атрофидаги барча нарсадан буткул хабардор эканини кўрсатмоқда.
18. Ғилдиракларнинг ҳайратга солувчи ҳажми ва кўзлар билан қопланганидан нималарни билиб оляпмиз?
18 Хўш, Яҳова Ҳизқиёга — ва барча садоқатли хизматчиларига — ташкилотининг самовий қисми ҳақида нимани ўргатмоқчи эди? Ҳозиргача нималарни кўриб чиққанимиз ҳақида мулоҳаза юритиб кўринг. Ғилдиракларнинг ярқираши ва ҳажмидан кўрганимиздай, Яҳова ташкилотининг самовий қисми улуғвор бўлиб, эҳтиром ҳиссига тўлдиради. Ғилдираклар кўзларга тўла бўлганидан Худо барчасидан хабардор эканини билдик. Ҳа, Яҳова Ўз кўзлари билан ҳаммасини кўриб турибди. (Ҳик. 15:3; Ерм. 23:24) Шунингдек, Унинг коинотнинг ҳар қандай ерига юбориши мумкин бўлган миллионлаб фаришталари бор ва улар барчасини икир-чикиригача ўрганиб, Ҳукмдорига хабар бера олади. (Ибронийларга 1:13, 14 ни ўқинг.)
19. Самовий араванинг тезлигию ҳар томонга ҳаракатланиши Яҳова ҳамда ташкилотининг самодаги қисми ҳақида нимани очиб беряпти?
19 Шунингдек, арава ниҳоятда тез ва ҳар томонга ҳаракатлана олишини кўряпмиз. Яҳова ташкилотининг самодаги қисми билан инсоний ҳукуматлар, тизимлару ташкилотлар орасида қандай фарқ борлиги тўғрисида бир ўйлаб кўринг! Яҳованинг аравасидан фарқли равишда инсоний ҳукуматлар дунёдаги муаммоларни қандай ҳал қилишни ва ўзгараётган вазиятларга мослашишни билмайди. Шу боис, улар муваффақият қозонолмайди ва йўқ бўлиб кетади. Аммо Яҳованинг назорати остида бўлган арава Унинг мулоҳазакорлигини ва мослашувчанлигини мукаммал тарзда акс эттиради. Худо Ўз исмининг маъносига кўра, ниятини амалга ошириш учун ким бўлиши керак бўлса Ўша бўла олади. (Чиқ. 3:13, 14) Масалан, У халқини ҳимоя қилиш мақсадида тезда қудратли Жангчи бўлиши ва шу заҳоти гуноҳларни раҳмдиллик ила кечирадиган Шахсга айланиши, гуноҳидан тавба қилиб, қалби қаттиқ ўксиганларга ғамхўрлик қилиши ва уларни оёққа турғизиши мумкин. (Заб. 30:5; Ишаё 66:13)
20. Нима учун самовий арава бизда эҳтиром ҳиссини уйғотиши керак?
20 Булар устида мулоҳаза қилар эканмиз, Ҳизқиёнинг ваҳийси бизни ўзимизга шундай савол беришга ундайди: «Яҳованинг араваси менда эҳтиром ҳиссини уйғотяптими?» Шуни унутмаслигимиз керакки, ўша арава ҳозир ҳам ҳаракат қиляпти. Яҳова, Унинг Ўғли ва барча фаришталар бизни тушкунликка тушираётган айрим муаммоларни кўришмаяпти, деб асло ўйламаслигимиз керак. Қолаверса, Яҳова бизга зарур бўлган ёрдамни тақдим этишга кечикади ёки Унинг ташкилоти атрофимиздаги беқарор дунёнинг баъзи янги қийинчиликларига мослаша олмайди, деб ташвишланмаслигимиз зарур. Яҳованинг ташкилоти фаол ва доим ҳаракатда эканини ёдда тутсак, оқилона бўларди. Дарвоқе, Ҳизқиё осмондан: «Айланадиган ғилдираклар!» — деган овозни эшитган. (Ҳиз. 10:13) Ҳа, Яҳованинг ташкилоти ҳаракатда экани устида мулоҳаза юритиш эҳтиром ҳиссини уйғотади, шундай эмасми?! Яҳованинг Ўзи ҳақида фикр юритганда эса, янада кўпроқ эҳтиром ҳиссига тўламиз.
Ягона Бошқарувчи
21, 22. Арава бир бутун бўлиб турганини қандай тушунтириб берсак бўлади?
21 Ғилдираклардан сўнг Ҳизқиё диққатини «ҳайбатли муз каби товланаётган, саҳнга ўхшаш бир нарса»га қаратади. (Ҳиз. 1:22) Карубларнинг бошларидан анча баландроқда ярқираётган шаффоф майдон бор эди. Шунда механика соҳасини тушунадиган ўқувчида арава борасида кўплаб саволлар пайдо бўлиши мумкин. Мисол учун, баъзилар шундай ўйлар: «Саҳнни ғилдираклар устида нима ушлаб турибди? Агар ғилдираклар ўзаро бириктирилмаган бўлса, улар қандай ҳаракатланади?» Шуни ёдда тутингки, бу арава физика қонунларига бўйсунмайди, чунки у рамзий маънога эга бўлиб, самодаги ҳаётни тасвирлайди. Бундан ташқари, қуйидаги муҳим сўзларга диққат қаратинг: «Тирик мавжудотларда амал қилаётган руҳ ғилдиракларда ҳам амал қилар эди». (Ҳиз. 1:20, 21) Хўш, ўша карубларда ва ғилдиракларда қайси руҳ амал қилган?
22 Шубҳасизки, бу коинотдаги энг қудратли куч — Яҳованинг муқаддас руҳи эди. Бу фаол куч аравани бир бутун қилиб ушлаб туради, унга таъсир қилади ва мукаммал уйғунликда ҳаракат қилиши учун уни бошқаради. Буни ёдда сақлаган ҳолда, келинг, Ҳизқиё диққатини араванинг ягона Бошқарувчисига қаратишига эътибор берайлик.
Ҳизқиё пайғамбар тасвирлашга тил ожиз бўлган нарсаларни тушунтириш учун сўз топиши керак эди
23. Ҳизқиё Яҳовани тасвирлашга ҳаракат қилиб қандай ибораларни қўллаган ва нега?
23 Ҳизқиё 1:26–28 ни ўқинг. Мазкур ваҳийни тасвирлаётганда Ҳизқиё «ўхшаш», «сингари», «ўхшарди» каби сўзларни тез-тез қўллаган. Лекин юқоридаги оятларда у бу сўзлардан янада кўпроқ фойдаланган. У тасвирлашга тил ожиз бўлган нарсаларни айтмоқчи бўлганга ўхшайди. Ҳизқиё «сапфир тоши каби, тахтга ўхшаш бир нарса»ни кўрди. Улкан тўқ кўк рангли сапфирдан ўйилган тахтни тасаввур қила оласизми? Унинг устида бир Шахс ўтирарди ва унинг «қиёфаси инсонникига ўхшарди».
24, 25. а) Яҳованинг тахтини қуршаб турган камалак бизга нимани эслатади? б) Бу каби ваҳийлар баъзида пайғамбарларга қандай таъсир қилган?
24 Бу улуғвор сиймони фақат умумий тарзда кўриш мумкин эди. Чунки Яҳованинг бели ва юқори қисмидан улуғворлик нурлари таралиб турарди. Пайғамбар бу улуғворликни кузатар экан, кўзларини қисиб, қўлини кўзларига соябон қилиб қарашига тўғри келганини тасаввур қилишимиз мумкин. Ниҳоят Ҳизқиё ваҳийнинг авж нуқтасини кўради: «Таралиб турган нур, ёмғирли кунда булутлар орасидан чиққан камалакка ўхшарди». Камалакка кўзингиз тушганида, завққа тўлганингизни ҳис этганмисиз? Бу Яратувчимизнинг улуғворлигини эслатиб турувчи нақадар ёрқин тасвир! Шунингдек, осмондаги рангли камалак бизга Яҳова Тўфондан кейин қилган тинчлик аҳдини эслатиши мумкин. (Ибт. 9:11–16) У ҳам Қудратли Тангри, ҳам Қодир тинчлик Худосидир. (Иброн. 13:20) Унинг қалбида тинчлик ҳукм суради ва бу тинчлик Унга садоқат ила топинадиган барчага таъсир қилади.
25 Тангри Яҳова улуғворлигининг тасвирини кўриш Ҳизқиёга қандай таъсир қилган? Нима бўлгани ҳақида Ҳизқиё қуйидагича ёзган: «Буни кўрганимда, ерга юзтубан тиз чўкдим». Ҳизқиё Худодан қўрқиб, эҳтиром ҳиссига тўлган ва ерга юзтубан тиз чўккан. Бошқа пайғамбарлар ҳам Яҳовадан ваҳийлар олганда, шунга ўхшаш муносабат кўрсатган; бундан улар Худонинг олдида қанчалар ожиз эканини тушуниб, ҳатто эсанкираб қолган бўлса керак. (Ишаё 6:1–5; Дон. 10:8, 9; Ваҳ. 1:12–17) Аммо вақт ўтгач, бу кишилар Яҳова уларга очиб берган нарсалар туфайли кучга тўлган. Шубҳасизки, Ҳизқиё ҳақида ҳам шундай деса бўлади. Хўш, у ҳолда Муқаддас Ёзувлардан бу каби воқеаларни ўқиш бизга қандай таъсир қилиши керак?
26. Ҳизқиё кўрган ваҳий уни қай йўсин қўллаб-қувватлаган?
26 Борди-ю, Ҳизқиё Худо халқининг Бобилдаги вазияти туфайли шубҳа ёки хато фикрларга борган бўлса ҳам, ўша ваҳий унга куч бахш этган бўлса керак. Дарҳақиқат, Худонинг садоқатли хизматчилари Қуддусда, Бобилда ёки бошқа ерда бўладими, бу муҳим аҳамиятга эга эмасди. Зеро, Яҳованинг улуғвор араваси ета олмайдиган жой асло йўқдир! Садоқатли руҳий мавжудотлардан иборат бўлган улуғвор самовий аравани Худо бошқарар экан, Шайтоннинг кучи унга етармиди?! (Забур 118:6 ни ўқинг.) Қолаверса, Ҳизқиё самовий арава инсониятдан унча узоқда эмаслигини кўрди. Ахир унинг ғилдираклари ерга текканди! (Ҳиз. 1:19) Сабаби Яҳова сургунликда бўлган садоқатли хизматчилари билан астойдил қизиқарди. Ҳа, улар доим Отасининг севгига тўла ғамхўрлиги остида бўлади!
Арава ҳамда сиз
27. Ҳизқиёнинг ваҳийси бугунги кунда биз учун қандай маънога эга?
27 Ҳизқиёнинг ваҳийси бугунги кунда бизга тегишлими? Бўлмасам-чи! Унутманг, ҳозирда Шайтон пок топинишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ҳужумлар уюштирмоқда. У бизни ёлғиз ва яккаланиб қолганимизга, самовий Отамиз ва Унинг ташкилоти бизга ёрдам бера олмаслигига ишонтиришни хоҳлайди. Онгингизда ёки қалбингизда бу каби ёлғонлар илдиз отишига асло йўл қўйманг! (Заб. 139:7–12) Бизда ҳам Ҳизқиё каби эҳтиром ҳиссига тўлиш учун сабаблар бисёр. Балки у каби ерга юзтубан тиз чўкмасмиз. Лекин Яҳова ташкилотининг самодаги қисми нақадар қудратли, тез, ҳар томонга ҳаракатланадиган, мослашувчан ва улуғворлик таратишидан ҳайратда қолиб, эҳтиром ҳиссига тўламиз, шундай эмасми?!
28, 29. Яҳованинг араваси ўтган аср давомида ҳам ҳаракатланганини нимадан кўрсак бўлади?
28 Бундан ташқари, Яҳова ташкилотининг ер юзидаги қисми ҳам борлигини ёдда тутинг. Албатта ташкилотининг ер юзидаги қисми номукаммал одамлардан иборат. Бироқ Яҳова ер юзида нималарни амалга оширгани ҳақида бир ўйлаб кўринг! Дунё бўйлаб Яҳова оддийгина одамларга аслида улар қила олмайдиган ишларни бажаришларига кўмаклашди. (Юҳан. 14:12) Биргина «Худонинг Шоҳлиги бошқармоқда» китобини варақлаб, ўтган асрда ваъзгўйлик иши орқали ажойиб натижаларга эришилганини эслашимиз мумкин. Шунингдек, Яҳованинг ташкилоти масиҳийларга таълим бериш учун ҳаракат қилаётгани, ҳуқуқий ютуқларга эришгани ва ҳатто замонавий технологиялардан фойдаланиб Унинг иродасини бажариши ҳақида бир ўйлаб кўринг!
29 Ушбу ёвуз замонанинг охирги кунларида пок топиниш тикланиши учун нималар қилинаётгани устида мулоҳаза юритсак, Яҳованинг араваси ҳаракатда эканини янада аниқ кўрамиз. Бу ташкилот билан боғлиқ бўлиш ва бундай Ҳукмдорга хизмат қилиш каби эҳтиром ҳиссини уйғотувчи шарафга эгамиз! (Заб. 84:10)
30. Навбатдаги бобда нима ҳақида сўз юритилади?
30 Аммо Ҳизқиё кўрган ваҳийдан яна кўпроқ нарсаларни ўргана оламиз. Навбатдаги бобда ўзгача тўртта «тирик мавжудот»га, яъни карубларга диққат қаратамиз. Хўш, улар улуғвор Ҳукмдоримиз Тангри Яҳова тўғрисида нималарни очиб бермоқда?
a Бу ерда тўғри масофа назарда тутилган, лекин сургунда бўлганлар босиб ўтиши керак бўлган йўл бундан деярли икки баробар узоқроқ эди.