Исонинг сўзлари ибодатларингизга таъсир қилишига йўл қўйинг
Исо бу сўзларни айтиб бўлгандан кейин, халойиқ Унинг таълимотига ҳайрон қолди. МАТ. 7:28
1, 2. Нега Тоғдаги ваъзни эшитганлар лол қолган?
АЛЛОҲНИНГ азизи бўлмиш Исо Масиҳнинг сўзларига қулоқ тутиб, уларни ҳаётимизда қўллайлик. Шуни айтиш лозимки, ҳеч бир киши у каби гапирмаган. Бу, унинг Тоғдаги ваъзини эшитишга йиғилган халойиқнинг лол қолганидан кўриняпти (Матто 7:28, 29 ўқиб беринг).
2 Ҳа, Исонинг таълим бериш услуби уламоларникидан умуман фарқ қиларди, чунки улар гуноҳкор кишиларнинг ғояларига асосланишарди-да. Устозимиз доим Худонинг каломига таянгани учун «қудратли куч эгасидай» ўргатган (Юҳан. 12:50). Шул боис келинг, Тоғдаги ваъз ибодатларимизга қандай таъсир қилиши мумкинлигини кўриб чиқайлик.
Иккиюзламачи каби ибодат қилманглар
3. Ибодат борасида Исо қандай насиҳатлар берган?
3 Ҳақ топинишда ибодат муҳим ўринни эгаллайди. Шу туфайли, мунтазам айтган дуоларимизни Яҳова хуш кўради. Ибодат қилаётиб, Исонинг тоғдаги насиҳатларини ёдда сақлашимиз даркор. У шундай деган: «Ибодат қилаётганингизда, одамларга кўриниш учун ибодатхоналарда ва кўча бурчакларида туриб ибодат қилишни яхши кўрадиган иккиюзламачиларга ўхшаманглар. Сизларга чинини айтайин: улар ўзларига ярашасини олиб бўлдилар» (Мат. 6:5).
4–6. а) Нега уламолар «ибодатхоналарда ва кўча бурчакларида туриб ибодат қилишни яхши кўришган»? б) Қайси маънода «улар ўзларига ярашасини олиб бўлдилар»?
4 Одатда фарзийлар хўжа кўрсинга дуо ўқишарди. Исонинг шогирдлари эса бундай «мунофиқлар»га ўхшамасликлари керак эди (Мат. 23:13–32). Шунингдек, уламолар «одамларга кўриниш учун ибодатхоналарда ва кўча бурчакларида туриб ибодат қилишни яхши кўришган». Ўша даврдаги яҳудийлар, маъбадда қурбонлик келтираётган пайтда (тахминан эрталаб соат тўққизда ва кундузи учда) ибодат қилиш учун йиғилишарди. Қуддусда яшовчиларнинг аксарияти маъбадга келганлар билан ибодат қилишарди. Шаҳарда бўлмаган художўй яҳудийлар эса кунига икки марта ибодатхоналарда дуо ўқишган (Луқо 18:11, 13 солиштиринг).
5 Ҳамма ҳам маъбадга ёки ибодатхонага кела олмас эди. Шу сабабли ибодат вақтида ким қаерда бўлса, ўша жойда дуо ўқишга тўғри келарди. Шунақа одамлар ҳам бўлганки, ибодат вақтида «кўча бурчакларига» атайин чиқиб олишарди. Шундай қилиб, улар ўтган-кетганнинг назарига тушишни исташган. Ушбу мунофиқлар бошқаларга яхши кўриниш мақсадда «хўжа кўрсинга узоқ дуо ўқиш» учун баҳона топишарди (Луқо 20:47). Биз бунақа кеккайган кишиларга ўхшамаслигимиз зарур.
6 Зеро Исо таъкидлаганидек, «улар ўзларига ярашасини олиб бўлдилар». Бу иккиюзламачиларнинг олган мукофоти одамларга яхши кўрингани холос. Нега деганда, Яҳова уларнинг ибодатларига бефарқ эди. Исонинг кейинги сўзларига биноан, Аллоҳ ҳақ масиҳчиларнинг ибодатларини илгари ҳам, ҳозир ҳам тинглашга тайёр.
7. Омма олдида ибодат қилишга Исонинг нуқтаи назари қандай эди?
7 «Сен эса ибодат қилаётганингда ўз ҳужрангга кир ва эшикни беркитиб, яширин бўлган Отангга ибодат қил. Шунда яширин бўлганларни кўрувчи Отанг сени аниқ тақдирлайди» (Мат. 6:6). Албатта бу сўзлар билан Исо, омма олдида ибодат қилиб бўлмайди демоқчи эмас эди. У бор-йўғи, бошқаларнинг эътиборини жалб қилиб, олқиш олиш ниятда айтилган дуоларни ҳукм қилган. Бордию биз ҳам кўпчилик ичида ибодат қилиш шарафига эга бўлсак, бу маслаҳатни унутмаслигимиз муҳим. Ҳозир эса ибодатга оид яна бошқа насиҳатларни муҳокама қиламиз.
8. Ибодат давомида нимадан четланиш лозим?
8 «Ибодат қилаётганингизда, мажусийлар каби ортиқча сўзларни такрорлаб турманглар. Улар: кўп сўзласам, ибодатим ижобат бўлади, деб ўйлайдилар» (Мат. 6:7). Бу ерда Исо, бир хил сўзларни қайта-қайта гапиришдан четланиш лозимлигини кўрсатган. Лекин у, чин дилдан ва миннатдорлик ила айтилган илтижоларни такрорламаслик кераклигини назарда тутмаган. Масалан, Исо ўлимидан олдин Гетсемания боғида туни бўйи ибодат қилаётиб, ўша-ўша сўзларни тобора такрорлаганди (Марк 14:32–39).
9, 10. Ибодат бир хил бўлмаслиги керак дегани нима?
9 Дуоларида муайян сўзларни такрорлайдиган «мажусийларга», яъни турли халқлардаги кишиларга тақлид қилмаймиз. Сабаби, улар кераксиз «ортиқча сўзларни такрорлаб туришади». Қадимда, Баалга сиғинганлар «эрталабдан пешингача» сохта худосини чақириб: «“Эй, Баал, бизга жавоб бер!”» — дея илтижо қилишарди (3 Шоҳ. 18:26). Бугун ҳам миллионлаб кишилар ортиқча сўзларни такрорлаб, «ибодатим ижобат бўлади» деган нотўғри фикрда. Аммо Устозимиз ўргатганидек, узун ва бир хил дуолар Яҳованинг назарида бир тийин.
10 Исо қуйидагича давом этган: «Уларга ўхшаманглар, чунки Отангиз нималарга муҳтожлигингизни Ундан сўрашингиздан олдин билади» (Мат. 6:8). Кўп яҳудий дин пешволари ортиқча сўзлар билан ибодат қилиб, турли халқлардаги одамларга ўхшаб қолишганди. Миннатдорлик ила сидқидилдан айтилган илтижолар, ҳақ топинишда муҳим ўринга эгадир (Филип. 4:6). Бироқ бир нарсани қайта-қайта гапирмасам Яҳова мени эшитмай қолади, деб ўйламаслигимиз керак. Бинобарин, ибодат қилаётганимизда, нимада эҳтиёжимиз борлигини, сўрашимиздан олдин Аллоҳ билишини унутмаслигимиз лозим.
11. Омма учун ибодат қилаётганда нимани ёдда тутамиз?
11 Хуллас, баландпарвоз дуолар Худованд Яҳовани лол қолдирмайди. Омма учун ибодат қилаётганимизда, мақсадимиз тингловчиларни ҳайратда қолдириш ёки уларни «омин» деб айтишга куттириш эмас. Шунингдек, ибодат орқали эълон қилиш ёки атрофдагиларга маслаҳат бериш ноўрин ҳисобланади.
Устозимизнинг ўргатган ибодати
12. «Исминг улуғлансин», деган тилак нимани англатади?
12 Исо нафақат нимадан четланишни, балки қандай ибодат қилишни ҳам ўргатган (Матто 6:9–13 ўқиб беринг). Аммо бу ибодатни ёдлаб олиш шарт эмас. Негаки, у биз учун намуна холос. Устозимиз ибодатини: «Осмондаги Отамиз! Сенинг муқаддас исминг улуғлансин»,— деб бошлаган (Мат. 6:9). Яҳова Таоло бизни яратган экан, уни «Отамиз» дейишга барча асосимиз бор (Амр. 32:6; 2 Сол. 6:21; Ҳавор. 17:24, 28). Исо ушбу ибодатни шогирдларининг ҳаммасига қарата айтган. Шуниси қизиқки, Адан боғидаги исён бўлганидан бери, Худонинг исми қораланиб келмоқда. «Исминг улуғлансин», деган сўзларимиз билан Яҳованинг исми оқланишини хоҳлаётганимизни кўрсатамиз. Бундай дуоларга жавобан, Яҳова ёвузликни бутунлайин йўқ қилиб Ўзини улуғлайди (Ҳиз. 36:23).
13. а) «Сенинг Шоҳлигинг келсин», деган тилак қанақасига амалга оширилади? б) Ер юзига нисбатан Яҳованинг иродаси қандай?
13 «Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин» (Мат. 6:10). Бу ердаги «Шоҳлик» — Масиҳ ва унинг ворисдошларига бериладиган осмон ҳукуматини назарда тутади (Дон. 7:13, 14, 18; Ишаё 9:6, 7). Унинг келиши тўғрисида ибодат қилаётиб, Худонинг ҳокимлигига қарши чиқаётганлар тез орада бартараф этилишини сўраймиз. Ушбу Шоҳлик келажакда адолат, тинчлик ва фаровонлик ҳукм сурадиган жаннатни ўрнатади (Заб. 71:1–15; Дон. 2:44; 2 Бутр. 3:13). Ҳа, Яҳованинг иродаси осмонда бажариляпти, энди ер юзида ҳам у амалга ошишини сўрашимиз ўринлидир (Забур 82:2, 3, 14–19 ўқиб беринг).
14. Нега «бугунги ризқ-рўзимизни бергин», дея ибодат қилишимиз ўринли?
14 «Бугунги ризқ-рўзимизни бергин» (Мат. 6:11; Луқо 11:3). Бундай ибодат қилиб, Худо ҳар кунги нонимизни етказиб туришига ишонишимизни кўрсатамиз. Тўғри, бунақа дуо орқали ўзимизга мўл-кўлчиликни тиламаймиз. Зотан, ўтмишдаги исроилликлар ҳам кунда керак бўладиган нонни йиғиштириб олишларини Худо уларга буюргани эсимизда (Чиқ. 16:4).
15. Кечиримли бўлиш борасида Исо нима деган?
15 Исонинг ибодатидаги кейинги сўзларида, биздан нима кутилаётганига диққат қаратилган. «Бизга гуноҳ қилганларни биз кечиргандек, Сен ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечиргин» (Мат. 6:12). Демак, бошқаларни кечирсак, Яҳова ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечиради (Матто 6:14, 15 ўқиб беринг). Хуллас, чин дилдан кечиришга интилайлик (Эфес. 4:32; Колос. 3:13).
16. Иблис бизни бошқармаслиги учун Худодан нимани сўраймиз?
16 «Бизни васвасага дучор қилмагин, аммо ёвуз шайтондан халос қилгин» (Мат. 6:13). Буни қандай тушуниш мумкин? «Васвасага дучор қилмагин» деганда, гуноҳга йўл қўйишдан Яҳова бизни асрашини сўраймиз. «Ёвуз шайтондан халос қилгин», деб айтганда эса Иблис бизни бошқармаслигини Худога айтамиз. Шубҳасизки, «У кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди» (1 Коринфликларга 10:13 ўқиб беринг).
Сўраб, излаб ва тақиллатиб туринг
17, 18. Сўраб, излаб ва тақиллатиб туринг, деганда нимани тушунасиз?
17 Ҳаворий Павлус имондошларини мана нимага ундаган: «Тоат-ибодатда саботли бўлинглар» (Рим. 12:12). Устозимиз ҳам шунга ўхшаш маслаҳат берган: «Сўраб туринг, сизга берилади. Излаб туринг, топасизлар. Тақиллатиб туринг, сизга очилади. Чунки ҳар бир сўраган олар, излаган топар, тақиллатганга эшик очилар» (Мат. 7:7, 8). Дарвоқе, сўраб туриш Аллоҳнинг иродасига мувофиқ. Ҳаворий Юҳанно ҳам шундай ёзган: «Худо ҳузурига дадиллик билан кирамиз, чунки биламизки, Худонинг иродасига кўра бир нима тиласак, У бизга қулоқ солади» (1 Юҳан. 5:14).
18 Сўраб ва излаб туриш тўғрисидаги Исонинг маслаҳати, тушкунликка тушмай, тинмай ибодат қилишни англатади. Устига-устак тақиллатиб туриш ҳам муҳим, чунки шундагина келажакда Худонинг бошқаруви остида қут-баракаларга эга бўламиз. Хўш, ибодатларингиз ижобат бўлишига ишонасизми? Агар Яҳовага садоқатли бўлсангиз бундан ҳеч ҳам шубҳаланманг. Зеро Исо Масиҳ: «Ҳар бир сўраган олар, излаган топар, тақиллатганга эшик очилар»,— деб бекорга айтмаган. Яҳованинг хизматчилари, У «ибодатни эшитгучи» эканига кўп марта амин бўлишган (Заб. 64:3).
19, 20. Яҳованинг ғамхўрлигини тасвирлаб беринг.
19 Исо, Эгамизни яхши ҳадялар берувчи меҳрибон ота билан таққослаган. Қуйидаги ёзилганларни гўё эшитаётгандек тасаввур қилинг: «Орангизда бир кимса борми, ўғли ундан нон сўраганда, унга тош берса? Ёки балиқ сўраганда, унга илон берса? Сизлар ёвуз бўла туриб, болаларингизга яхши ҳадялар беришни билсангиз, боз устига осмондаги Отангиз Ундан сўраганларга мўл-кўл неъматни беради!» (Мат. 7:9–11).
20 Бир ўйлаб кўринг, болаларига яхшиликни раво кўрмаган ота борми? Албатта йўқ! Ахир ҳар бир ота фарзандига «яхши ҳадялар» беришга уринади. Худди шундай Яҳова ҳам муқаддас руҳи орқали «яхши ҳадялар» ато этмоқда (Луқо 11:13). Тўғри ният билан хизмат қилишимиз учун Яҳова «ҳар бир неъмат, ҳар бир мукаммал ҳадяни» биздан аямаяпти (Ёқб. 1:17).
Исонинг маслаҳатлари бундан буён ҳам барака келтирсин
21, 22. Тоғдаги ваъз нимаси билан ўзгача ва у шахсан сизда қандай таассурот қолдирди?
21 Инсоният тарихи давомида Тоғдаги ваъздек нутқ ҳанузгача айтилмаган. У амалий маслаҳатларга тўла ва аниқлиги билан ўзгачадир. Ушбу мақолалар туркумида муҳокама қилинган маслаҳатларни ҳаётимизда қўлласак, ҳозирнинг ўзида фойда кўриб, келажакда эса бахтли умр кечириш умидига эришамиз.
22 Ушбу мақолаларда Тоғдаги ваъзнинг фақатгина айрим қимматбаҳо насиҳатларини кўриб чиқдик. Уларни эшитган киши «ҳайрон қолиши» ажабланарли эмас (Мат. 7:28). Шубҳасизки, Буюк Устозимизнинг бебаҳо маслаҳатларини онгу қалбимизга жо қилсак, шу сингари таассуротга эга бўламиз.
Қандай жавоб берардингиз?
• Юзаки ибодатлар тўғрисида Исо нима деган?
• Нега дуо ўқиётиб, бир хил сўзларни такрорлашдан қочиш керак?
• Исонинг ўргатганларига биноан ибодатимиз қанақа бўлиши даркор?
• Сўраб, излаб ва тақиллатиб туришнинг йўли қандай?
[15- саҳифадаги расм]
Хўжа кўрсинга дуо ўқиган иккиюзламачиларни Исо ҳукм қиларди
[17- саҳифадаги расм]
Сизнингча, нега бугунги ризқ-рўзимизни сўраб ибодат қилиш ўринли?