ХУДОГА ЯҚИНЛАШИНГЛАР
«Сен буларни... гўдакларга очиб бердинг»
Худо тўғрисида ҳақиқатни, яъни У ким эканини, нимани яхши кўришини, нимадан нафратланишини ва Унинг иродаси нимадан иборат эканини билиб олишни истайсизми? Тангри Яҳова Ўзи тўғрисида бор ҳақиқатни Муқаддас Китобда ошкор этган. Аммо ҳамма ҳам Муқаддас Китобни ўқиб, Худо тўғрисидаги ҳақиқатни тўлиқ тушуниб етмайди. Нега дейсизми? Чунки ҳар ким ҳам ҳақиқатни тушуниш шарафига эга эмас. Келинг, Исо пайғамбар бу борада нима деганини кўриб чиқайлик (Матто 11:25- оятни ўқинг).
Ушбу оятда: «Исо сўзида давом этиб, шундай деди»,— деб ёзилган. Бу сўзларни Ҳазрати Исо эҳтимол, яқинда бўлиб ўтган бир воқеадан сўнг айтган. Яъни, у қудратли ишларни кўрсатган учта Жалиладаги шаҳарларда яшовчи одамларни ҳақиқатга бефарқ бўлганлари учун таъна қилган (Матто 11:20–24). Эҳтимол, сиз: «Қандай қилиб одам Исо пайғамбарнинг яратган мўъжизаларини кўриб, у ўргатган ҳақиқатни тан олмайди?» — деб ҳайрон бўларсиз. Шу одамлар қайсар бўлишгани учун ҳақиқатни қабул қилишмади (Матто 13:10–15).
Исо алайҳиссалом билганки, Худо тўғрисидаги ҳақиқатни тушуниш учун бизга иккита нарса, яъни Тангрининг ёрдами ва холис ният керак. Ҳазрати Исо шундай дея ибодат қилганди: «Эй Ота, еру осмоннинг Рабби, ҳамманинг олдида Сени улуғлайман. Чунки Сен буларни доною зукколардан яшириб, гўдакларга очиб бердинг». Кўриб турганимиздек, Муқаддас Китобда ёзилган ҳақиқатни тушуниш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Худованд Яҳова — «еру осмоннинг Рабби», Ўз иродасига кўра ҳақиқатни ё яшириши, ё очиб бериши мумкин. Бироқ Аллоҳ бу масалада юзхотирчилик қилмайди. Хўш, унда нима сабабдан У Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ҳаммага эмас, фақат айримларга ошкор қилади?
Яҳова мағрурларга қарши, камтарларга эса иноятлидир (Ёқуб 4:6). Аллоҳ ҳақиқатни «донишмандлар ва зукколардан», яъни бу дунёда донишманд ҳисобланган ҳамда мағрурлигидан ва ўзига ортиқ даражада ишонганидан Унинг ёрдамига муҳтожлигини сезмаганлардан яширган (1 Коринфликларга 1:19–21). Аммо У ҳақиқатни «гўдакларга», яъни болалардек камтаринликни намоён қилиб, Унинг олдига самимий қалб билан келганларга очиб берган (Матто 18:1–4; 1 Коринфликларга 1:26–28). Худонинг Азизи бўлмиш Исо бундай одамлар билан шахсан таниш эди. Мағрур, зиёли дин раҳбарларнинг кўпчилиги Исо пайғамбар айтган ушбу сўзларнинг мағзини чақишмаган, аммо камтарин балиқчилар эса буни англаб етишган (Матто 4:18–22; 23:1–5; Ҳаворийлар 4:13). Шу билан бирга, баъзи бой ва ўқимишли одамлар чинакам камтарликни намоён этиб, Исо алайҳиссаломнинг издошлари бўлишган (Луқо 19:1, 2, 8; Ҳаворийлар 22:1–3).
Энди эса мақоланинг бошида келтирилган саволга қайтайлик: «Худо тўғрисидаги ҳақиқатни билишни истармидингиз?» Ундай бўлса, ушбу дунёнинг назарида доно ҳисобланганларга Худо қарши эканини билишдан тасалли топишингиз мумкин. Бундан ташқари, бу дунёнинг донишмандлари менсимаган одамларга Аллоҳ яқиндир. Агар ўзингизни камтар тутиб, Худонинг Каломини тадқиқ қилсангиз, Тангри Яҳова сизга ҳам Ўзи тўғрисида ҳақиқатни тушунишга ёрдам бериши мумкин. Шу ҳақиқатни англаб етиш ҳозирнинг ўзида ҳаётингизга мазмун қўшиб, яқин келажакда «ҳақиқий ҳаётга», яъни Худо ваъда қилган адолатли янги дунёдаги мангу ҳаётга етаклайдиa (1 Тимўтийга 6:12, 19; 2 Бутрус 3:13).
a Яҳованинг Шоҳидлари сизга Худо ва Унинг ниятлари тўғрисида ҳақиқатни билиб олишга жон деб ёрдам беришади. Улар, «Муқаддас Китоб таълимотлари» номли адабиёт ёрдамида бепул тадқиқ ўтказишади.