Ҳаёт нонидан татиб кўрганмисиз?
ҚОРНИ очиққан саёҳатчилар қадимий Байтлаҳм шаҳрининг тарихий обидаларини кўздан кечиришяпти. Бундан уларнинг иштаҳаси янада очилиб, улар ушбу ҳудуднинг миллий таомини татиб кўриш ниятида юришибди. Шунда саёҳатчилардан бири кичкина бир ресторанни кўриб қолди. У ерда фалафель, яъни майдаланган нўхатдан думалоқ шаклда тайёрланадиган ва ноннинг ичига помидор, пиёз ҳамда бошқа сабзавотлар билан бирга қўйилиб, дастурхонга тортиладиган мазали бир таомни буюртма қилиш мумкин. Саёҳатчилар қоринларини тўйғизиб, кучга тўлишди-да, сафарларини давом эттиришди.
Бундай тансиқ таомдаги нон Байтлаҳмнинг тарихи билан боғлиқ экани саёҳатчиларнинг ҳаёлига ҳам келмаган эди. Чунки Байтлаҳм номи «нон уйи» деган маънони билдиради ва ўша ерларда минглаб йиллар давомида нон ёпиш билан шуғулланишарди (Рут 1:22; 2:14). Бугунги кунда ушбу нон Байтлаҳм шаҳрининг машҳур нонларидан биридир.
Тахминан тўрт минг йил аввал Байтлаҳм шаҳрининг жанубига яқин жойда Иброҳим Халилуллоҳнинг рафиқаси Сора кутилмаган учта одам учун нон ёпиб берган (Ибтидо 18:6). Сора ишлатган «уннинг яхшиси» эҳтимол, буғдойнинг ўзгача туридан (полба) ёки арпадан қилинган бўлиши мумкин. Сора бу нонни тезда тайёрлаши керак бўлгани учун ҳойнаҳой, уни иссиқ тош устида пиширгандир (3 Шоҳлар 19:6).
Ушбу баёнотга кўра, Иброҳим пайғамбарнинг оиладагилари ўзлари нон пиширишган. Уларнинг ҳаёт тарзи кўчманчи бўлгани сабаб, Сора биби ва унинг чўрилари кўпинча Ур шаҳридагидек печкаларда нонни пишира олишмасди. Сора биби яхши унни маҳаллий дондан тайёрлаган. Бу, олиб юришга қулай бир тегирмон ва эҳтимол, дастали ҳовонча ёрдамида қилинадиган машаққатли бир меҳнат бўлган.
Тўрт асрдан кейин Тавротда тегирмон эгасининг «ҳаёти» билан тенглаштирилиб, гаровга олинмаслиги ҳақида айтилган (Қонунлар 24:6). Худо тегирмонни кундалик буюмлардан энг зарурий деб ҳисоблаган, чунки усиз оила кундалик нонини тайёрлай олмасди («Қандай қилиб қадимда дон янчиб, нон пиширишган?» номли рамкага қаранг.)
ИНСОН ҲАЁТИГА ҚУВВАТ БЕРУВЧИ НОН
Муқаддас Ёзувларда нон юзлаб маротаба тилга олинган ва Муқаддас Китоб ёзувчилари кўпинча нон сўзини овқат маъносида ишлатишган. Исо пайғамбар Худога хизмат қилаётган одамлар: «Бугунги ризқ-рўзимизни бер»,— дея аминлик ила ибодат қилишлари мумкинлигини ўргатган (Матто 6:11). Бу ерда «ризқ-рўз» деб таржима қилинган юнонча сўз нонни англатади, аммо умуман олганда бу, егуликни билдиради ва бу ерда Исо алайҳиссалом кундалик ризқ-рўзимиз масаласида Худога таянишимиз мумкинлигини кўрсатган (Забур 36:25).
Аммо нондан, яъни овқатдан ҳам муҳимроқ нарса бор. Бу ҳақда Исо пайғамбар шундай деган эди: «Одам фақат нон билан эмас, балки Яҳованинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшайди» (Матто 4:4). Илк бор бу сўзларни Мусо пайғамбар Исроил халқига, улар Худонинг ғамхўрлигига бутунлайин боғлиқ бўлган пайтда айтган эди. Бу воқеа улар Мисрдан чиқишгандан кўп ўтмай юз берган. Синай саҳросига киришганларидан бери тахминан бир ой ўтди ва уларнинг овқат захиралари тугаб қолаётган эди. Саҳрода очликдан ўлиб кетишдан хавотирга тушиб: «Биз Мисрда... тўйгунимизча нон ердик»,— дея нолишарди (Чиқиш 16:1–3).
Мисрдаги нон чиндан ҳам мазали эди. Мусонинг даврида ўша юртдаги тажрибали новвойлар турли-туман нон ва пишириқлар қилишарди. Аммо Тангри Яҳова Ўз халқини умуман нонсиз ташлаб кетмоқчи эмас эди. Зеро У: «Нонни сизларга осмондан ёғдираман!» — деб ваъда берган эди. Худди шундай ҳам бўлди: эрта тонгда ер юзини «лайлак қор учқунига ўхшаш, қировсимон бир нарса» қоплади ва бу, айнан нон эди. Исроил халқи уни илк бор кўрганда, Мусо пайғамбардан: «Бу нима?» — деб сўрашган. У эса уларга: «Тановул қилишларингиз учун Эгамиз сизларга берган нон шудир»,— деб жавоб берган. Улар уни «манна»a деб номлашган ва бу нон уларга 40 йил давомида қувват бериб келган (Чиқиш 16:4, 13–15, 31).
Аввал ушбу мўъжизавий манна Исроил халқини қойил қолдирган бўлса керак. Унинг «мазаси асал қўшилган чалпакка ўхшарди» ва ҳар бир хонадон ундан кераклича олиши мумкин эди (Чиқиш 16:18). Аммо вақт ўтгач, улар Мисрда еган хилма-хил таомларни эслашни бошлашган. Улар: «Маннадан бошқа ейдиган ҳеч нарса йўқ»,— деб нолишган (Саҳрода 11:6). Кейинчалик эса улар минғирлаб шундай дейишган: «Мана бу бўлмағур манна меъдамизга тегиб кетди-ку!» (Саҳрода 21:5). Осмондан ёғдирилган бу нон улар учун умуман бемаза ва ёқимсиз бўлиб қолганди (Забур 104:40).
ҲАЁТ НОНИ
Ушбу баёнотдан билиб олганимиздек, бошқа нарсаларга ўхшаб нонни ҳам оддий нарсадек қабул қилишимиз мумкин. Аммо Муқаддас Китобда муносиб баҳо беришимизга арзийдиган ноннинг алоҳида бир тури ҳақида гап кетяпти. Бу нон абадий баракалар келтириши мумкин. Исо пайғамбар уни Исроил халқи ношукурлик ила рад этган манна билан солиштирган.
Исо алайҳиссалом тингловчиларига: «Мен — ҳаёт нониман»,— деб айтган эди. «Ота-боболарингиз саҳрода манна еганларига қарамай, ўлиб кетишган. Самодан тушган нонни еган инсон эса ўлмайди. Мен осмондан тушган тирик нондирман. Бундай нонни ким еса, мангу яшайди. Бу нон эса — менинг танамдир, уни одамзодга ҳаёт бахш этиш учун фидо қиламан» (Юҳанно 6:48–51).
Исонинг тингловчиларидан аксарияти у мажозий маънода қўллаган «нон» ва «тана» сўзларини тушунишмаган. Бироқ унинг ушбу мисоли жуда ўринли бўлган. Чунки манна Исроил халқига саҳрода 40 йил давомида қувват бериб келганидек, том маънодаги нон ҳам яҳудийлар учун кундалик ризқ-рўз бўлган. Манна Худонинг туҳфаси бўлган бўлса ҳам, у абадий ҳаётга етакламас эди. Исо алайҳиссаломнинг қурбонлиги эса Унга ишонганларнинг барчасига бундай мукофотни тақдим этади. Демак, Исо чиндан ҳам «ҳаёт нони» бўлган.
Эҳтимол, оч қолганингизда бир бурда нонни қидирарсиз. Шунда сиз ушбу «ризқ-рўз» учун Худога шукрона айтарсиз (Матто 6:11). Биз ушбу озуқа учун миннатдорчиликни изҳор этганимизда, «ҳаёт нони» бўлмиш Исо Масиҳнинг муҳимлигини ҳеч қачон унутмайлик!
Мусо пайғамбар давридаги ношукур Исроил халқидан фарқли равишда биз ушбу қимматбаҳо нонни шунчаки оддий ҳол деб қабул қилмаётганимизни қандай кўрсатишимиз мумкин? Ҳазрати Исо: «Агар мени севсангиз, амрларимга риоя қиласиз»,— деб айтган эди (Юҳанно 14:15). Дарҳақиқат, ҳаёт нони бўлмиш Исо пайғамбарни тан олиб, унинг амрларига риоя қилсак, биз том маънодаги нондан абадий баҳраманд бўламиз! (Қонунлар 12:7).
a Эҳтимол, «манна» деган ном «бу нима?» маъносини билдирадиган ибронийча «ман ху?» иборасидан келиб чиққан.