36- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Одам овчилари бўлишга тайёрмисиз?
Қўрқманг, бундан буён инсонларни овлайсиз. ЛУҚО 5:10
73- ҚЎШИҚ Бизга жасорат бер
БУ МАҚОЛАДАa
1. Исо тўртта балиқчига нимани таклиф қилди ва улар қандай йўл тутди?
БУТРУС, Идрис, Ёқуб ҳамда Юҳанно деган шогирдлар балиқчилик билан шуғулланарди. Исонинг: «Менинг ортимдан юринглар, мен сизларни одам овчилариb қиламан»,— деган сўзларини эшитганда, улар қанчалик ҳайрон бўлганини бир тасаввур қилинг. Хўш, улар қандай йўл тутди? Муқаддас Китобда: «Шунда улар дарҳол тўрларини қолдириб, Исонинг кетидан эргашдилар»,— деб ёзилган. (Мат. 4:18–22) Уларнинг бу қарори ҳаётини тубдан ўзгартирди. Энди улар том маънодаги балиқларни эмас, «инсонларни» овлашади. (Луқо 5:10) Бугун ҳам Исо ҳақиқатни севадиган самимий инсонларни одам овчилари бўлишга таклиф қилмоқда. (Мат. 28:19, 20) Сиз-чи, Исонинг бу таклифини қабул қилдингизми?
2. Нега одам овчилари бўлиш қарорига жиддий қарашимиз керак ва бу қадамни қўйишимизга нима ёрдам беради?
2 Балки, Муқаддас Китобни муайян вақт давомида тадқиқ қилиб келаётган ва ҳаётингизга ўзгаришлар киритгандирсиз. Ҳозир эса ваъзгўй бўлиш-бўлмаслик борасида қарор чиқаришингиз керак. Исонинг таклифини қабул қилишга иккиланаётган бўлсангиз, руҳингиз тушмасин. Эҳтимол, бу қарор нечоғлик муҳим эканини тушунганингиз учун иккиланаётгандирсиз. Тўғри, Муқаддас Китобда Бутрус ва унинг дўстлари том маънодаги тўрларини «дарҳол» қолдириб кетишгани ҳақида айтилган. Лекин Бутрус ва унинг укаси ўйламасдан, шошқалоқлик ила бу қарорга келишмаган. Улар ярим йилдан ошиқ вақт аввал Исони Масиҳ сифатида билиб уни қабул қилишган. (Юҳан. 1:35–42) Шунга ўхшаб, сиз ҳам Яҳова ҳамда Исо тўғрисида анчагина билимга эга бўлган ва маънан ўсишни давом эттиришни хоҳлаётгандирсиз. Ваъзгўй бўлиш қарорини чиқаришдан аввал атрофлича ўйлаб кўринг. Қизиқ, Бутрус, Идрис ва бошқаларга бу қарорга келишга нима ёрдам берди?
3. Қайси омиллар Масиҳнинг таклифини қабул қилиш истагингизни кучайтиради?
3 Исонинг илк шогирдлари истаги, билими, жасорати ҳамда шахсий интизоми туфайли муваффақиятли балиқчи бўла олган. Айнан шу омиллар хушхабарни ваъз этишда ҳам маҳоратли бўлишларига ёрдам берган. Ушбу мақолада қай йўсин истак, билим, жасорат ва шахсий интизомни ривожлантириб, Масиҳнинг муваффақиятли шогирди бўла олишингиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.
ВАЪЗ ҚИЛИШ ИСТАГИНГИЗНИ КУЧАЙТИРИНГ
4. Бутрус нега балиқ овлаган?
4 Бутрус оиласини таъминлаш учун балиқ овлаган, лекин у бунга шунчаки ишдай қарамаган. Балиқ овлаш Бутруснинг жону дили бўлганга ўхшайди. (Юҳан. 21:3, 9–15) Шунингдек, у одам овчиси бўлишга ҳам меҳр қўйган. Яҳованинг мадади билан Бутрус бу ишда самарали бўлган. (Ҳавор. 2:14, 41)
5. Луқо 5:8–11 га кўра, Бутрус нега қўрққан ва шунга ўхшаш туйғуларни енгишга бизга нима ёрдам беради?
5 Яҳовани севганимиз учун ваъз қиламиз. Ҳа, бу ишда қатнашаётганимизнинг асосий сабаби шудир. Ўзимизни маҳоратли эмасман, деб ўйлаганимизда ҳам Яҳовага бўлган севгимиз бошқаларга У ҳақда айтишимизга ёрдам беради. Исо Бутрусни одам овчиси бўлишга таклиф қилганида унга: «Қўрқманг»,— деган. (Луқо 5:8–11 ни ўқинг.) Бутрус «Унинг шогирди бўлсам, мен билан нима юз беради» деб қўрқмаган. Аксинча, Исо уларга роса кўп балиқ ушлашга ёрдам бергани Бутрусни ҳайратда қолдирган. Исо мўъжиза яратганини у билган ва ўзини унинг ҳамкори бўлишга нолойиқ ҳис қилган. Бутрус сингари сиз ҳам қўрқишингиз мумкин. Эҳтимол, Масиҳнинг шогирди бўлганингизда, нималар қилиш кераклиги сизни ташвишга солар. Шундай бўлса, Яҳовага, Исога ҳамда яқинингизга бўлган севгингизни кучайтиринг. Бу сизда Исонинг одам овчиси бўлиш таклифини қабул қилиш истагини уйғотади. (Мат. 22:37, 39; Юҳан. 14:15)
6. Яна қандай сабабларга кўра ваъз қилишни хоҳлаймиз?
6 Ваъз қилиш истагимизни кучайтирадиган яна баъзи сабабларни кўриб чиқайлик. Исонинг қуйидаги амрига бўйсунишни хоҳлаймиз: «Боринглар... шогирд тайёрланглар». (Мат. 28:19, 20) Шунингдек, одамлар «тарқоқ ва ҳолдан тойган» ҳамда Шоҳлик тўғрисидаги ҳақиқатни ўрганишга муҳтож бўлгани сабабли ваъз қиламиз. (Мат. 9:36) Яҳова ҳар турли одамлар ҳақиқат тўғрисида аниқ билимга эга бўлиб, нажот топишларини истайди. (1 Тим. 2:4)
7. Қай йўсин Римликларга 10:13–15 даги сўзлар ваъзгўйлик иши муҳим эканини кўрсатяпти?
7 Ваъзгўйлик ишимиз қай йўсин одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлиги ҳақида ўйласак, ваъз қилишни хоҳлаймиз. Балиқчилар сотиш ёки ейиш учун балиқ овлашади. Улардан фарқли равишда, биз ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида одамларни “овлаймиз”. (Римликларга 10:13–15 ни ўқинг; 1 Тим. 4:16)
БИЛИМИНГИЗНИ ОШИРИНГ
8, 9. Балиқчи нимани билиши керак ва нега?
8 Исонинг даврида исроиллик балиқчи қайси турдаги балиқни овлаши мумкинлигини билиши керак бўлган. (Лев. 11:9–12) Шунингдек, у қаердан балиқ топиш мумкинлигини билиши лозим эди. Одатда балиқлар сув шароити мос келадиган ва озуқа мўл-кўл бўлган жойда яшайди. Хўш, қайси пайтда овга чиқиш-чи, аҳамиятга эгами? Тинч океанидаги бир оролда хизмат қилаётган тўла вақтли махсус ваъзгўй балиқ овлашнинг ўз вақти борлигини билиб олди. Маҳаллий биродаримиз уни балиқ овлашга таклиф қилганида, у шундай деди: «Сиз билан эртага эрталаб соат тўққизда кўришамиз». Маҳаллий биродаримиз эса: «Сиз тушунмадингиз. Биз ўзимиз учун эмас, балиқ овлаш учун қулай пайтда борамиз»,— деб айтди.
9 Шу сингари, одам овчилари бўлган Исонинг шогирдлари одам бор жойларга ва улар ўша ерда бўладиган пайтда боришган. Масалан, улар маъбадда, ибодатхоналарда, уйма-уй ҳамда бозор майдонида ваъз қилишган. (Ҳавор. 5:42; 17:17; 18:4) Биз ҳам ҳудудимиздаги одамлар қайси пайт қаерда бўлишини билишимиз лозим. Қолаверса, одамларни топиш мумкин бўлган жойда ва пайтда ваъз қилиш учун мослашувчан бўлишимиз даркор. (1 Кор. 9:19–23)
10. Яҳованинг ташкилоти бизга қандай асбобларни тақдим этмоқда?
10 Балиқчи керакли асбобларга эга бўлиши ҳамда улардан қандай фойдаланишни билиши лозим. Бизда ҳам ваъзгўйлик ишида асқатадиган асбоблар бўлиши даркор. Улардан қандай фойдаланишни ҳам билишимиз керак. Исо шогирдларига қай йўсин ваъз қилиш кераклиги тўғрисида аниқ йўл-йўриқ берган. Бундан ташқари, у ўзлари билан нима олишни, қаерда ваъз қилишни ҳамда нима дейишни айтган. (Мат. 10:5–7; Луқо 10:1–11) Бугунги кунда Яҳованинг ташкилоти самарали бўлган «Таълим бериш “қутимиздаги” асбоблар»ни ҳам тақдим этмоқдаc, улардан қандай фойдаланишни ҳам ўргатмоқда. Ушбу таълим бериш ишида самарали бўлиш учун керакли ишонч ва маҳоратга эга бўлишимизга ёрдам бермоқда. (2 Тим. 2:15)
ЖАСОРАТЛИ БЎЛИНГ
11. Нега одам овчилари жасоратли бўлишлари керак?
11 Балиқчилик билан шуғулланадиганлар жасоратли бўлиши керак. Чунки баъзида улар денгизда кутилмаган вазиятларга дуч келишади. Одатда улар кечаси ишлайди ҳамда кутилмаганда бўрон кўтарилиши мумкин. Одам овчилари ҳам жасоратли бўлишлари лозим. Ваъз қилишни бошлаганимизда ва ўзимизни Яҳованинг Шоҳиди сифатида таништирганимизда оиламизнинг қаршилиги, танишларимизнинг масхаралаши ҳамда бизни тингламаслиги «бўрон» каби бўлиши мумкин. Лекин бундан ажабланмаймиз. Исо шогирдларини улар ваъз қилишганда, қаршиликларга дуч келишлари ҳақида огоҳлантирган. (Мат. 10:16)
12. Ёшуа 1:7–9 га биноан, жасоратли бўлишимизга нима кўмаклашади?
12 Қай йўсин жасоратли бўла оласиз? Аввало, Исо ваъзгўйлик ишини осмондан туриб йўналтираётганига ишончингиз комил бўлсин. (Юҳан. 16:33; Ваҳ. 14:14–16) Сўнг Яҳова сизга ғамхўрлик қилиши тўғрисидаги ваъдасига бўлган ишончингизни мустаҳкамланг. (Мат. 6:32–34) Имонингиз қанча кучли бўлса, шунча жасоратли бўласиз. Бутрус ва унинг дўстлари балиқчиликни ташлаб, Исога эргашганида кучли имонни намоён этишган. Шу сингари дўстларингиз ва оила аъзоларингизга Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаганингиз ҳамда йиғилишларига қатнаётганингизни айтиб кучли имонни намоён этгансиз. Шубҳасизки, Яҳованинг адолатли меъёрлари бўйича яшаш учун юриш-туришингиз ва ҳаёт тарзингизда катта ўзгаришлар қилгансиз. Бу ҳам имон ва жасоратни талаб этган. Янада жасоратли бўлишда давом этар экансиз, «қаерга борсанг ҳам, Аллоҳинг Яҳова сен билан бўлади» деган сўзлар ҳақ эканига амин бўласиз. (Ёшуа 1:7–9 ни ўқинг.)
13. Қай йўсин ибодат ва мулоҳаза жасоратга тўлишингизга ёрдамлашиши мумкин?
13 Жасоратга тўлишингизга яна нима ёрдам беради? Жасорат сўраб ибодат қилинг. (Ҳавор. 4:29, 31) Яҳова ибодатларингизга жавоб бериб, сизни асло ташлаб қўймайди. У сизни қўллаб-қувватлашга доим тайёр. Шунингдек, Яҳова ўтмишда бошқаларнинг ҳаётини қай йўсин сақлаб қолгани устида мулоҳаза юритишингиз мумкин. Бундан ташқари, У муаммоларга дуч келганингизда ёрдам бергани ҳамда ҳаёт тарзингизни ўзгартиришга куч ато этгани тўғрисида бир ўйлаб кўринг. Ўз халқини Қизил денгиздан олиб ўтган Шахс, наҳотки Масиҳнинг шогирди бўлишингизга кўмаклаша олмаса?! (Чиқ. 14:13) Сиз ҳам қуйидаги сўзларни айтган сано бастакори сингари Яҳовага ишонишингиз мумкин: «Яҳова мен томонда экан, қўрқмайман. Инсон менга нима ҳам қила оларди?!» (Заб. 118:6)
14. Масаэ ва Томойонинг мисолларидан нимани ўргандингиз?
14 Жасоратли бўлишнинг яна бир йўли Яҳова табиатан уятчан кишиларга жасоратли бўлишга қандай қилиб ёрдам берганини билиб олишдир. Келинг, Масаэ исмли имондошимизнинг мисолига диққат қаратайлик. У уятчан бўлгани боис, ваъзгўйлик ишида ҳеч қачон қатнаша олмайман, деб ўйлаган. Бегоналар билан суҳбат қуриш ҳақидаги фикрнинг ўзи унга асло ошиб ўтиб бўлмайдиган баланд девордай туюлган. Шунинг учун у Яҳовага ҳамда яқинига бўлган севгисини оширишга жон куйдирган. У ваъзгўйлик иши нечоғлик шошилинч экани устида чуқур мулоҳаза юритиб, ваъз қилиш истагини кучайтириш учун Яҳовадан куч сўраб ибодат қилган. У қўрқувларини енгган ва ҳатто доимий кашшоф сифатида хизмат қилган. Яҳова янги ваъзгўйларга ҳам жасоратли бўлишга ёрдам бера олади. Масалан, Томойо исмли имондошимизнинг мисоли ҳақида ўйлаб кўринг. Томойо уйма-уй ваъз қилишни бошлаганида, у ташриф буюрган биринчи уй эгаси унга: «Яҳованинг Шоҳидлари билан гаплашадиган гапим йўқ!» — деб бақириб эшикни қарсиллатиб ёпган. Томойо қўрқмаган ва ҳамкорига: «Эшитдингизми? Бир оғиз сўз айтмасимдан у Яҳованинг Шоҳиди эканимни билди. Бундан жуда хурсандман!» — деган. Ҳозирда Томойо доимий кашшоф бўлиб хизмат қиляпти.
ШАХСИЙ ИНТИЗОМНИ РИВОЖЛАНТИРИНГ
15. Шахсий интизом нима ва нега уни ривожлантириш масиҳийлар учун муҳим?
15 Муваффақиятли балиқчилар шахсий интизомга эга бўлади. Шахсий интизомга «бажарилиши керак бўлган ишларни қилишга ўзини мажбурлаш қобилияти», деб таъриф берилган. Балиқчилик билан шуғулланадиганлар барвақт туриш, ишни охиригача етказиш ҳамда ёмон об-ҳавога қарамай балиқ овлаш учун ўзларини мажбурлаши керак. Биз ҳам сабр-бардошли бўлиш ва ишимизни охиригача етказиш учун шахсий интизомни ривожлантиришимиз лозим. (Мат. 10:22)
16. Қай йўсин шахсий интизомни ривожлантира оламиз?
16 Шахсий интизом бизга мерос бўлиб ўтмайди. Аксинча, кўпинча энг осон йўлни танлашга мойилмиз. Шахсий интизомга эга бўлиш учун ўзини тута билиш талаб этилади. Шу боис, бизга қилиш қийин бўлган ишларни бажаришга ўрганиш учун ёрдамга муҳтожмиз. Бундай ёрдамни Яҳова муқаддас руҳи орқали тақдим этади. (Галат. 5:22, 23)
17. Коринфликларга биринчи мактуб 9:25–27 га кўра, ҳаворий Павлус шахсий интизомни ривожлантириш учун нима қилган?
17 Ҳаворий Павлус шахсий интизомга эга бўлган. Лекин у тўғри бўлган ишни қилиш учун танасини «савалаб» туриши кераклигини тан олган. (1 Коринфликларга 9:25–27 ни ўқинг.) У бошқаларни ҳам ўзини тарбиялашга ҳамда барча нарсани «одоб ва тартиб» билан қилишга ундаган. (1 Кор. 14:40) Шахсий интизомни ривожлантириш учун маънавий ишлар билан доим банд бўлишимиз керак. Улар қаторига рамзий балиқчилик ишида мунтазам равишда қатнашиш ҳам киради. (Ҳавор. 2:46)
ОРТГА СУРМАНГ
18. Нима туфайли Яҳова бизни муваффақиятли, деб ҳисоблайди?
18 Балиқчининг муваффақияти у қанча балиқ ушлаганига қараб белгиланади. Бундан фарқли ўлароқ, биз муваффақиятимизни қанча одамга Худонинг ташкилотига келишга ёрдам берганимиз билан ўлчамаймиз. (Луқо 8:11–15) Хушхабарни ваъз қилиш ва бошқаларга таълим беришда давом этсак, Яҳова бизни муваффақиятли, деб ҳисоблайди. Нега? Сабаби Унга ва Ўғлига итоат этяпмиз. (Марк 13:10; Ҳавор. 5:28, 29)
19, 20. Зудлик билан ваъз қилишимиз кераклигининг муҳим сабаби нима?
19 Баъзи мамлакатларда муайян ойлардагина балиқ овлаш мумкин. Бундай жойларда балиқ овлаш мавсуми ниҳоясига етгани сайин, балиқчилар имилламай ҳаракат қилиш кераклигини тушунишади. Биз ҳам одам овчилари сифатида зудлик билан ваъз қилишимиз кераклигининг яна бир сабаби — ушбу замонанинг охири шиддат билан яқинлашиб келяпти. Нажотбахш хабарни ваъз қилишимиз учун жуда оз вақт қолди. Ушбу муҳим ишни бажариш учун ҳаётингизда ҳамма нарса аъло даражада бўлишини кутиб ўтирманг. (Воиз 11:4)
20 Ҳозирдан ваъз қилиш истагингизни кучайтиринг, билимингизни оширинг, янада жасоратли бўлиб, шахсий интизомни ривожлантиринг. Дунё бўйлаб хушхабарни ваъз қилаётган саккиз миллиондан ошиқ ваъзгўйга қўшилинг! Шунда Яҳова бераётган қувончни ҳис этасиз. (Нахим. 8:10) Бу ишда тўлақонли қатнашиш ва у якунига етганини кўриш қарорингиз қатъий бўлсин. Келаси мақолада учта соҳани кўриб чиқамиз. Улар ёрдамида одам овчилари сифатида Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилишда давом этиш қароримизни мустаҳкамлай оламиз.
66- ҚЎШИҚ Хушхабарни эълон қиламиз
a Исо камтарин ва меҳнаткаш балиқчиларни унинг шогирдлари бўлишга таклиф қилди. Ҳозир ҳам Исо бундай фазилатларга эга кишиларни одам овчилари бўлишга таклиф этмоқда. Бу мақолада Муқаддас Китобни ўрганаётган кишилар Исонинг таклифини қабул қилиш борасида иккиланишса, нима қилишлари кераклиги тўғрисида гап юритилади.
b ИБОРА МАЪНОСИ. «Одам овчилари» ибораси хушхабарни ваъз қилаётганларни ва бошқаларга таълим бериб, Масиҳнинг шогирди бўлишга кўмаклашаётганларни билдиради.
c «Қўриқчи минораси»нинг 2018 йил октябрь сони 11–16- саҳифалардаги «Ҳақиқатни ўргатиш» номли мақолага қаранг.