Юҳанно баён этган хушхабар
16 Мен буни сизларга қоқинмаслигингиз учун айтдим. 2 Сизларни ибодатхонадан ҳайдайдилар+ ва шундай вақт келадики, сизларни ўлдираётган ҳар бир киши+, Худога муқаддас хизматни бажаряпман, деб ўйлайди. 3 Улар Отамни ҳам, мени ҳам танимаганлари учун шундай қилишади+. 4 Ўша вақт келганида, сизларга бу ҳақда айтганимни эсланглар, дея буларни гапиряпман+.
Бу сўзларни сизларга бошида айтмагандим, чунки сизлар билан бирга эдим. 5 Энди бўлса мени Юборганнинг ёнига кетяпман+ ва ҳеч бирингиз мендан: “Қаерга кетяпсиз?” — деб сўрамаяпсиз. 6 Лекин айтган сўзларимдан қалбларингиз ғам-ғуссага тўлди+. 7 Ишонаверинг, менинг кетишим сизларнинг фойдангиз учун. Борди-ю кетмасам, ёрдамчи*+ олдингизга келмайди. Агар кетсам, уни сизларга юбораман. 8 Ёрдамчи келганида гуноҳ, адолат ва ҳукм тўғрисида дунёга далиллар келтиради. 9 Биринчи навбатда гуноҳ+ ҳақида далил келтиради, боиси одамлар менга ишонмаяптилар+. 10 Кейин эса адолат борасида далил келтиради, чунки мен Отамнинг ёнига кетяпман ва сизлар мени кўрмайсиз. 11 Ниҳоят, ҳукм тўғрисида далил келтиради, негаки бу дунёнинг ҳукмдори маҳкум этилган+.
12 Сизларга айтадиган кўп гапларим бор-у, аммо ҳозир ҳаммасини тушуна олмайсиз. 13 Бироқ у*, ҳақиқат руҳи+ келганида, ҳақиқатни тўлиқ тушунишингиз учун сизларга йўл кўрсатади. Зеро у ўз-ўзидан эмас, балки эшитганларини гапириб, нима бўлиши ҳақида хабар қилади+. 14 У мени улуғлайди+, чунки мендан қабул қилганларини сизларга етказади+. 15 Отамда бор нарсаларнинг барчаси меники+. Шу боис, мендан қабул қилганларини сизларга етказади, деб айтдим. 16 Яна бир оздан сўнг мени кўрмайсизлар+. Кўп ўтмай мени тағин кўрасизлар».
17 Шунда шогирдларидан баъзилари ўзаро шундай дейишди: «Исонинг: “Яна бир оздан сўнг мени кўрмайсизлар. Кўп ўтмай мени тағин кўрасизлар” ҳамда “Чунки Отамнинг ёнига кетяпман”,— деган гаплари ўзи нимани англатади?» 18 Улар: «“Яна бир оз” дегани нима? Биз ҳеч нарсага тушунмаяпмиз»,— деб айтишарди. 19 Шогирдлари унга савол бермоқчи эканини билиб, Исо уларга деди: «“Яна бир оздан сўнг мени кўрмайсизлар. Кўп ўтмай мени тағин кўрасизлар”,— деган сўзларим ҳақида бир-бирингиздан сўраяпсизми? 20 Ишонаверинг, сизлар йиғлаб, фарёд қиласиз, дунё эса қувонади. Сизлар ғам чекасиз, аммо ғамингиз шодликка айланади+. 21 Ойи тўлган аёл дард билан туғади. Бола туғилгандан сўнг эса дардлари эсидан чиқади, чунки бола дунёга келганидан қувонади. 22 Худди шундай, сизлар ҳам ҳозир қайғу-аламдасиз. Лекин сизлар билан яна кўришганимда, қалбингиз шодликка тўлади+ ва бу қувончни сизлардан ҳеч ким тортиб ололмайди. 23 Ўша куни мендан ҳеч нарса сўрамайсиз. Ишонаверинг, Отамдан менинг номимдан+ нимаики сўрасангиз+, У сизларга беради. 24 Ҳозиргача менинг номимдан ҳеч нарса сўрамаган эдингиз. Сўранг ва эришасиз, токи қувончингиз тўла бўлсин.
25 Буларни сизларга мисоллар ёрдамида гапиряпман. Бироқ сизларга ортиқ мисоллар билан гапирмайдиган вақт келяпти. Ўшанда Отам ҳақида очиқ-ойдин гапириб бераман. 26 Ўша куни Отамдан менинг номимдан сўрайсизлар. Сизлар учун Отамдан мен сўрайман, деганим йўқ. 27 Отам сизларни севади, чунки сизлар мени севиб+, Худонинг вакили сифатида келганимга ишондингиз+. 28 Мен дунёга Отамнинг вакили сифатида келдим. Энди бўлса дунёни тарк этиб, Отамнинг ёнига боряпман»+.
29 Шогирдлари бундай дейишди: «Мана энди сиз очиқ-ойдин гапиряпсиз, мисоллар келтирмаяпсиз. 30 Сиз ҳамма нарсани билишингизни энди кўриб турибмиз ва сизни сўроққа тутишнинг ҳожати йўқ. Шу сабабли сиз Худодан келганингизга ишоняпмиз». 31 Исо жавобан бундай деди: «Энди ишоняпсизларми? 32 Мана, мени ёлғиз ташлаб, ҳаммангиз уй-уйингизга қочиб кетадиган вақт келяпти, ҳатто келди ҳам+. Лекин мен ёлғиз эмасман, чунки Отам мен биландир+. 33 Буларни мен туфайли орангизда тинчлик бўлсин+, деб айтдим. Дунёда сизларни қайғу-алам кутяпти, аммо дадил бўлинг! Мен дунёни енгдим»+.