«Ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин»
Католик ақидаларига кўра тўртта охирги ҳолат бор: ўлим, қиёмат, жаҳаннам ва осмон. Жорж Брантл (Catholicism)
ЭЪТИБОР берсангиз ер ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Ва бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки кўп динларнинг таълимотига кўра, шу жумладан католицизмда ҳам, ер яксон бўлиб кетишига ўргатилади. Бир луғатнинг «охирзамон» сарлавҳаси остида, католикларнинг эътиқодига биноан Худо яратган ҳозирги дунё абадий мавжуд бўлмайди, деб айтилган (Dictionnaire de Théologie Catholique). Бошқа янги чиққан бир китобда эса: «Дунёмизнинг тақдири — яксон бўлишдир»,— деган фикр бор. Аммо сайёрамиз яксон бўлиб кетса, ер юзида жаннат бўлиши тўғрисида Муқаддас Китоб ваъдасини қандай тушуниш мумкин?
Муқаддас Китоб келажакда ер юзида жаннат бўлишини аниқ баён этмоқда. Масалан Ишаё пайғамбар ер юзини ва унда яшовчиларни тасвирлаб, улар уйлар қуриб, унда яшайдилар; узумзорлар ўтқазиб, меваларидан ейдилар; кунлари дарахт кунлари каби бўлади; ўз қўллари билан ишлаган буюмларидан узоқ вақт фойдаланадилар, деб башорат қилган (Ишаё 65:21, 22). Бу башоратларни эшитган одамлар, бир кун эмас бир кун бутун ер юзи жаннатга айланишига ва инсонлар унда абадий яшашига ишонишган.
Забурнинг 36-саноси 11-ояти буни таъкидлаб: «Беозорлар эса ер юзига эга бўлажак»,— деб айтмоқда. Бошқа оятда эса: «Солиҳлар ер юзига эга бўлиб, унда мангу яшайдилар»,— деган сўзларни ўқиймиз (Забур 36:29). Эътибор беринг беозорлар учун мукофот — мангу ҳаётдир. Бир китобда: «Бу оятдаги “беозор” деб таржима қилинган сўз аслида кенгроқ маънога эга бўлиб, толесиз, ҳамда Яҳво исми ила азоб ва қувғинларга дучор бўлган, Худога итоат қиладиган камтарин инсонларни билдиради»,— деб айтилади.
Ер юзида ё осмондами?
Забур китобидан боя келтирилган оятларга Исо алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзлари уйғун келмоқда: «Беозор бўлганлар бахтлидир, чунки улар ер юзига эга бўлур» (Матто 5:5). Бу сўзларда ҳам итоаткор одамлар ер юзига эга бўлиши ҳақида такрорланмоқда. Бўлмаса Исо ўз шогирдларига самода, Худонинг ҳузурида жой тайёрлаши ҳақида нима дейиш мумкин? (Юҳанно 14:1, 2; Луқо 12:32; 1 Бутрус 1:3, 4). Ахир ер юзида жаннат бўлиши тўғрисида Муқаддас Китоб ваъдасини қандай тушуниш мумкин? Бу ваъда қачондир рўёбга чиқадими ва у кимларга тегишли?
Кўп илоҳиётшуносларнинг фикрича Забурнинг 36-саносидаю Исо алайҳиссаломнинг гапларида «ер» сўзи мажозий маънода қўлланилган. Масалан Фулькран Вигуру учун «ер» сўзи остида «осмон ва черков тимсоли» кўринади (Bible de Glaire). Мари Жозеф Ланграж исмли француз илоҳиётшунос учун эса «беозорлар на ҳозир, на бошқа яхшироқ бир тузумда ер юзига эга бўлмайдилар; бу фақатгина самовий шоҳликка тегишлидир». Яна бир илоҳиётшуноснинг айтишича «осмонни тасвирлаб бериш учун ердаги қадриятлар рамзий қўлланилган». Бошқа илоҳиётшуносларнинг таъкидлашича Худо «ерни» ваъда қилиши, «беозорларга Худонинг ҳузурида мерос берилишидадир; Забурнинг 36-саносини ва бошқа барча оятларни шундай деб тушуниш керак». Хўш, Худонинг ниятларидан ерни дадил ўчириб қўйсак бўлармикин?
Ер учун Худонинг ўзгармас нияти
Азалдан Худонинг одамлар учун нияти ер билан чамбарчас боғлиқ эди. Шунинг учун Забурда: «Осмон — Худованднинг осмонидир, аммо ерни У инсон ўғилларига берган»,— деган сўзларни ўқиймиз (Забур 113:24). Дарҳақиқат инсонларга осмон эмас, ер аталган эди. Парвардигори Олам Яҳова илк инсонларни ернинг Адан боғида жойлаштириб, уларга бутун ер юзи бўйлаб жаннатни барпо этишни буюрган эди (Ибтидо 1:28). Худонинг ушбу нияти вақтинчалик эмас эди. Зеро Унинг Каломида: «Авлод келиб, авлод кетар, бу дунё эса шундайлигича қолаверар»,— деб дунё, яъни ер абадий туриши ваъда қилинган (Воиз 1:4; 1 Солномалар 16:30; Ишаё 45:18).
Худонинг ваъдаларидан ҳеч бири бажарилмай қолмайди, чунки уларни Қодир Аллоҳ берган эди. Ишаё пайғамбар буни бир мисол билан тасдиқлади: ёмғиру қор осмондан тушади-ю, орқага шундайлигича қайтмайди, балки ерни ҳосилдор қилади. Худди бу сингари Худонинг оғзидан чиққан ҳар бир гапи, Унинг иродасини бажармагунича қайтиб кетмайди (Ишаё 55:10, 11). Худованд ваъдалар беришга ҳақли. Аммо улар амалга ошиши учун эҳтимол муайян вақт ўтиши керакдир. Лекин улар қуруқ гап эмас. Улар Худонинг иродасини бажарганидан сўнггина олдига қайтадилар.
Яҳова инсоният учун ерни яратганида шубҳасизки қувонган эди. Зеро ердаги барча нарсаларни яратиб бўлиб, Худо «ҳаммасининг жуда яхши эканини кўрди» (Ибтидо 1:31). Ер юзи абадий жаннатга айланиши — Худо ниятларининг ҳали амалга ошмаган қисмидир. Яҳова Таолонинг ваъдалари амалга ошмай олдига қайтмайди. Ер юзида тинч, фаровон ва мукаммал шароитлардаги абадий ҳаёт тўғрисидаги Худонинг ваъдалари албатта бажарилади (Забур 134:6; Ишаё 46:10).
Худонинг нияти албатта бажарилади
Одам Ато ва Момо Ҳавонинг гуноҳи, Худонинг ер юзини жаннатга айлантириш ниятига вақтинчалик тўсқинлик қилди. Гуноҳ қилиб қўйганларидан сўнг илк жуфтлик Адан боғидан ҳайдалган эди. Шундай қилиб улар ер юзини жаннатга айлантиришда ўз ҳиссаларини қўшиш имкониятидан маҳрум бўлишди. Бироқ Худо ўз ниятларини амалга ошириш учун баъзи чоралар кўрган. Хўш, бу қандай чоралар экан? (Ибтидо 3:17–19, 23).
Адан боғида содир бўлган воқеаларни бир мисол билан солиштириш мумкин. Бир кимса чиройли жойда уй солишни бошлабди. У эндигина уйнинг пойдеворини солибди-ю, кимдир келиб пойдеворни бузиб юборди. Аммо уй қуришни мақсад қилган одам ҳатто қўшимча харажат қилиб бўлса ҳам ишини давом этишга ва уйини битказишга ҳаракат қилади.
Бунга ўхшаш Худо ҳам ўз ниятини рўёбга чиқариш учун барча нарсани қилди. Илк ота-онамиз гуноҳ қилиб қўйганидан сўнг, Худо уларнинг авлодларига умид бахш этиш мақсадида зиённи бартараф этувчи бир «зот» келишини башорат қилган эди. Башорат амалга ошиши учун «зот»нинг асосий қисми бўлмиш Исо алайҳиссалом ер юзига келиб ва Масиҳ унвони билан танилиб, инсониятни қутқариш учун ўз ҳаётини қурбонликка берди (Галатияликларга 3:16; Матто 20:28). Қайта тирилганидан сўнг Исо Масиҳ Худонинг самовий тахтига ўтирди. У ва самовий ҳаёт учун тирилган баъзи садоқатли шогирдлари ер юзи мулкига эга бўлиб, Осмон Шоҳлигидан бошқарадилар (Забур 2:6–9). Вақти келиб бу самовий ҳукумат Худонинг ниятини амалга ошириб ер юзини жаннатга айлантиради. Исо Масиҳ ва у билан бирга шоҳлик қилганлар бошқаруви остида миллионлаб «беозорлар ер юзига эга бўлиб», кўп баракаларга эга бўладилар (Ибтидо 3:15; Дониёр 2:44; Ҳаворийлар 2:32, 33; Ваҳий 20:5, 6).
«Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам»
Исонинг шогирди бўлмиш Юҳанно Худодан олган ваҳийда иккита гуруҳни кўрган эди. Гуруҳнинг бири самовий ҳаёт учун, бири эса ердаги ҳаёт учун нажот топган эдилар. Исо Масиҳнинг содиқ шогирдларидан баъзилари самовий тахтларда ўтирар экан. Муқаддас Китобда улар бутун ер устидан «ҳукм суражак», деб айтилади (Ваҳий 5:9, 10). Худо ниятининг иккита томонига эътибор беринг: Исо Масиҳ ва унинг ворисдошлари самовий Шоҳликдан бошқариб, ер юзида жаннат тиклашади. Дарҳақиқат, Худонинг раҳбарлиги остида, Унинг азалий мақсадига мувофиқ ер юзи жаннатга айланади.
Исо Масиҳ ўз шогирдларига: «Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин»,— деб ибодат қилиб туришни ўргатган эди (Матто 6:9, 10). Агар еримиз фақат самовотнинг рамзи бўлиб, барча беозорлар осмонга кетса-ю, ер яксон қилинса, унда Исо бундай ибодат қилишга ўргатармиди? Худонинг ер учун бўлган иродаси бутун Муқаддас Китобда яққол кўриниб турибди. Ва унга биноан ер юзида жаннат ўрнатилади. Қодир Аллоҳ буни албатта бажаради! Айнан шу ҳақда Худонинг хизматчилари ибодат қиладилар.
Яратувчимизнинг ер юзида абадий ҳаёт бўлиш азалий нияти ўзгаргани йўқ, чунки «Унда [Худода] ҳеч қандай ўзгариш йўқ» (Ёқуб 1:17; Малахи 3:6; Юҳанно 17:3). Мана юз йилдан ортиқ «Қўриқчи минораси» журнали Муқаддас Китобга асосланиб, Худо ниятининг иккита томонига эътибор қаратмоқда. Шунинг учун ҳам Худонинг ер билан боғлиқ ниятларини тушунишимиз мумкин. Сиз ҳам, бу журналнинг нашриётчиларига ёки Яҳова Шоҳидларининг бирига мурожаат қилиб, Худонинг ниятлари ҳақида кўпроқ билиб олишингиз мумкин.
[4- саҳифадаги расм]
Муқаддас Китобга биноан — ер юзида жаннат ўрнатилади
[7- саҳифадаги расм]
Агар ер яксон қилинса, Исо алайҳиссалом: «Ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин»,— деб ибодат қилишга ўргатармиди?