Матто баён этган хушхабар
24 Исо маъбаддан чиқиб кетаётганида, ёнига шогирдлари келиб, унинг эътиборини маъбаднинг биноларига қаратмоқчи бўлишди. 2 Исо эса уларга шундай деди: «Буларнинг барини кўряпсизларми? Ишонаверинг, бу ерда тош устида тош қолмайди, ҳаммаси ер билан яксон бўлади»+.
3 Исо Зайтун тоғида ўтирганида, шогирдлари ёнига келиб савол беришди: «Бизга айтинг-чи, бу воқеалар қачон юз беради? Сизнинг ҳозир бўлишингизни*+ ва замон* охирлаб бораётганини қайси белгидан билиб оламиз?»+
4 Исо уларга шундай жавоб берди: «Эҳтиёт бўлинглар, тағин биров сизларни йўлдан урмасин+. 5 Чунки кўплар менинг номим билан келиб: “Мен Масиҳман”,— дея анча-мунчасини йўлдан оздиришади+. 6 Урушлар шовқинини ва урушлар хабарларини эшитасизлар. Тағин ваҳимага тушманглар, ахир бу воқеалар юз бериши муқаррар. Аммо бу ҳали охират эмас+.
7 Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади+. Бир жойда, кейин бошқа жойда озиқ-овқат етишмовчилиги+ ва зилзилалар бўлади+. 8 Буларнинг бари эса тўлғоқнинг бошланиши, холос.
9 Ўша пайтда одамлар сизларни қийнаш+ ва ўлдириш+ учун тутиб беришади. Менинг номим туфайли ҳамма халқлар сизлардан нафратланади+. 10 Шунингдек, ўшанда кўп одамлар имондан қайтади ва бир-бирига хиёнат қилиб, бир-биридан нафратланади. 11 Талайгина сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, кўпларни йўлдан уради+. 12 Қонунсизлик кўпайиши туфайли, кўпчиликнинг севгиси совийди. 13 Фақат охиригача чидаган қутулади+. 14 Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади+. Ана ўшандагина охират бўлади.
15 Шундай экан, Дониёр пайғамбар орқали башорат қилинганидай, вайронагарчилик келтирадиган жирканч нарса муқаддас жойда турганини кўрганингизда+ (ўқиган ўзи фаҳмлаб олсин), 16 Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочсин+. 17 Томда турган киши бирор нарсасини олиш учун пастга тушмасин. 18 Ким далада бўлса, устки кийимини олиш учун қайтмасин. 19 Ўша кунларда ҳомиладор бўлган аёллару эмизикли оналарнинг ҳолига вой! 20 Қочиш вақтингиз қишга ёки Шаббат кунига тўғри келиб қолмасин, деб ибодат қилинглар. 21 Чунки ўшанда шунақанги буюк мусибат бўладики+, дунё пайдо бўлганидан бери бунақаси ҳали бўлмаган, бундан кейин ҳам бўлмайди+. 22 Агар ўша кунлар қисқартирилмаганида эди, бирон жонзот ҳам тирик қолмасди. Аммо танланган кишилар учун бу кунлар қисқартирилади+.
23 Шунда бирортаси сизларга: “Қаранглар, Масиҳ шу ерда!”+ ёки “Ана у ерда!” — деб айтса ҳам ишонманглар+. 24 Чунки кўпгина сохта Масиҳлар ва сохта пайғамбарлар+ пайдо бўлиб, иложи бўлса ҳатто танланганларни ҳам йўлдан оздириш ниятида буюк аломатлару мўъжизалар кўрсатишади+. 25 Мен сизларни бу ҳақда олдиндан огоҳлантириб қўйяпман. 26 Шунинг учун, бирор ким: “Ана, у саҳрода”,— деса ҳам, у ерга борманглар. “Ана, у ичкари хоналарда”,— деса ҳам ишонманглар+. 27 Зеро Инсон Ўғлининг ҳозир бўлиши* гўё шарқда чақнаб, ҳатто ғарбда ҳам барчага кўринадиган чақмоқдай бўлади+. 28 Ўлакса қаерда бўлса, бургутлар ҳам ўша ерда тўпланади+.
29 Ўша кунлардаги мусибатдан сўнг дарҳол қуёш қорайиб+, ой нурини сочмай қўяди. Юлдузлар осмондан тушиб, самовий кучлар ларзага келади+. 30 Сўнг осмонда Инсон Ўғлининг аломати пайдо бўлади ва ер юзидаги барча қабилалар фиғон чекиб, кўксларига уришади+. Шунда улар Инсон Ўғлининг+ куч-қудрат ва шон-шуҳрат билан булутлар узра келаётганини кўришади+. 31 У карнайнинг баланд овози билан фаришталарини юборади ва улар осмоннинг бир четидан иккинчи четига қадар, дунёнинг тўрт томонидан* Аллоҳ танлаган кишиларни йиғишади+.
32 Анжир дарахтидан ибрат олинглар. Унинг шохлари кўкариб, барг чиқараётганидан ёз яқинлашганини биласизлар+. 33 Шунга ўхшаб, сизлар ҳам барча бу воқеаларни кўрганингизда, Инсон Ўғли яқин, эшик олдида турганини билинглар+. 34 Ишонаверинг, бу авлод ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси амалга ошади. 35 Осмон билан ер йўқ бўлиб кетади, лекин менинг сўзларим пучга чиқмайди+.
36 У кун ва у соат ҳақида осмондаги фаришталар ҳам, Ўғил ҳам билмайди+. Фақатгина самовий Отам билади+. 37 Нуҳ пайғамбар даврида қандай бўлган бўлса+, Инсон Ўғли ҳозир бўлганида* ҳам шундай бўлади+. 38 Тўфондан олдин, Нуҳ пайғамбар кемага киргунча+, одамлар еб-ичишган, уйланиб, эрга тегишган. 39 Аммо Тўфон келиб барини қириб ташламагунча+, улар парво қилишмаган. Инсон Ўғли ҳозир бўлганида ҳам худди шундай бўлади. 40 Ўшанда далада юрган икки кишидан бири олинади, бири қолдирилади. 41 Тегирмон тортаётган икки аёлдан бири олинади, бири қолдирилади+. 42 Хуллас, ҳушёр туринглар, чунки Ҳазратингиз қайси куни келишини билмайсизлар+.
43 Шуни билиб қўйингларки, ўғри кечаси соат нечада келишини уй эгаси билганида+, ҳушёр туриб, уйига ўғри тушишига йўл қўймасди+. 44 Шунга ўхшаб, сизлар ҳам тайёр туринглар+, чунки Инсон Ўғли сизлар ўйламаган соатда келади.
45 Уйидагиларга ризқ-рўзни вақтида бериб туриш учун хўжайин улар устидан тайинлаган ишончли ва ақлли* хизматкор ким?+ 46 Хўжайин қайтиб келгач, хизматкорни ўз вазифасини бажараётган ҳолда кўрса, бу хизматкор нақадар бахтлидир!+ 47 Ишонаверинг, хўжайин бор мол-мулкини унга ишониб топширади.
48 Борди-ю, хизматкор кўнглида ёмон ният билан: “Хўжайиним ҳали-бери келмайди”,— деса+ 49 ва шерикларини уриб, пиёнисталар билан еб-ичса, 50 хўжайини кутилмаган кунда ва у билмаган соатда келиб қолади+. 51 Шунда у хизматкорини қаттиқ жазога мубтало қилиб, иккиюзламачиларнинг олдига ташлайди. Ўша ерда у йиғлаб, тишларини ғижирлатади+.