Матто баён этган хушхабар
12 Шаббат* кунларидан бирида Исо экинзорни оралаб ўтиб кетаётган эди. Шогирдлари оч қолганидан буғдой бошоқларини узиб ея бошлашди+. 2 Шунинг учун буни кўрган фарзийлар унга: «Ие, шогирдларинг Шаббат куни қонун бўйича тақиқланган ишни қилишяпти-ку»+,— дейишди. 3 Исо эса уларга жавобан шундай деди: «Довуд ва у билан бўлган одамлар оч қолишганида нима қилишгани тўғрисида ўқимаганмисизлар?+ 4 У Худонинг уйига кириб, одамлари билан бирга бахшида қилинган нонларни*+ еганидан бехабармисизлар? Ахир қонунга кўра бу нонларни руҳонийлардан ташқари ўзи ҳам, одамлари ҳам ейиши мумкин бўлмаган+. 5 Ёки руҳонийлар Шаббат куни маъбадда ишлашса-да, айбдор бўлмасликларини Тавротдан ўқимаганмисизлар?+ 6 Аммо сизларга айтиб қўяй, бу ерда маъбаддан ҳам буюкроқ киши турибди+. 7 Агар сизлар: “Мен қурбонлик эмас+, раҳм-шафқат истайман”+,— деган сўзлар нимани англатишини билиб олганингизда эди, айбсиз кишиларни ҳукм қилмаган бўлардингиз. 8 Чунки Инсон Ўғли Шаббат кунининг Хўжайинидир»+.
9 Исо ўша жойдан чиқиб ибодатхонага келди. 10 У ерда қўли қуриб қолган* бир киши бор эди+. Шунда баъзилар ундан айб топиш мақсадида: «Шаббат куни касални даволаш қонунийми?» — дея сўрашди+. 11 Исо уларга шундай деди: «Сизлардан қай бирингиз, биттаю битта қўйи Шаббат куни чуқурга тушиб кетса, уни чиқариб олмас экан?+ 12 Инсон эса қўйдан қанчалик қадрлироқ! Демак, Шаббат кунида яхши ишлар қилиш қонуний экан-да». 13 Шу пайт Исо ҳалиги кишига: «Қўлингизни узатинг»,— деди. У узатган ҳам эдики, бу қўли бошқа қўлидай соппа-соғ бўлди-қолди. 14 Фарзийлар бўлса ташқарига чиқиб, Исонинг жонига қасд қилишга тил бириктиришди. 15 Бундан хабар топган Исо у ердан кетди. Кўплар унинг орқасидан эргашди+ ва у касалларнинг ҳаммасини соғайтирди. 16 Лекин Исо бошқаларга ўзи ҳақида гапиришни қатъий ман этди+. 17 Бу эса, Ишаё пайғамбар орқали айтилган ушбу сўзлар амалга ошиши учун содир бўлди:
18 «Ана, танлаб олган севимли хизматкорим+. Мен ундан мамнунман!+ Ўз руҳимни унга ёғдираман+ ва у халқларга адолат нима эканини тушунтиради. 19 У талашиб-тортишмайди+, бақирмайди, катта кўчаларда овози ҳам эшитилмайди. 20 У адолатни ўрнатмагунча, букик қамишни синдирмайди, липиллаётган пиликни ҳам ўчирмайди+. 21 Халқлар унинг исмига умид боғлайди»+.
22 Бундан кейин, унинг ёнига жинга чалинган, кўзи ожиз, соқов бир одамни олиб келишди. Исо унга шифо берди ва соқов киши гапирадиган ва кўрадиган бўлди. 23 Бутун халойиқ ҳайрон бўлиб: «Бу киши Довуднинг Ўғли эмасмикин?» — дея бошлади. 24 Ушбу гапни эшитган фарзийлар шундай дейишди: «Бу киши жинлар ҳукмдори Баалзабубнинг* ёрдами билан жинларни қувиб чиқаряпти»+. 25 Уларнинг ўй-фикрини билган Исо қуйидагиларни айтди: «Ичидан бўлинган ҳар қандай шоҳлик вайрон бўлади. Ичидан бўлинган ҳар бир шаҳар ёки уй ҳам хароб бўлади. 26 Худди шундай, агар Шайтон Шайтонни қувиб чиқараётган бўлса, у ичидан бўлиниб, салтанати ўз якунига етмайдими? 27 Айтайлик, мен жинларни Баалзабубнинг ёрдами билан қувиб чиқараётган бўлсам, унда издошларингиз кимнинг ёрдами билан қувиб чиқаришяпти? Шу йўсин, улар ноҳақлигингизни ошкор этишади. 28 Агар мен Аллоҳнинг руҳи билан жинларни қувиб чиқараётган бўлсам, Худонинг Шоҳлиги сизларга етиб келгани аниқ+. 29 Бақувват одамнинг уйига ўғриликка кирган киши уни боғламай туриб унинг мулкини эгаллай оладими? Уни боғлаган ҳолдагина уйини талон-торож қила олади. 30 Ким мен тарафда бўлмаса, менга қаршидир. Мен билан бирга йиғмаган, сочади+.
31 Ана шунинг учун сизларга айтиб қўяй: ҳар қандай гуноҳ ва ҳақорат кечирилади-ю, лекин муқаддас руҳни ҳақорат қилганни Худо кечирмайди+. 32 Мисол учун, ким Инсон Ўғлига қарши гапирса кечирилади+, аммо ким муқаддас руҳга қарши гапирса, ҳозирги замонда* ҳам, келаси замонда ҳам кечирилмайди+.
33 Дарахтингиз яхши бўлса, мевангиз ҳам яхши бўлади, аммо дарахтингиз ёмон бўлса, меваси ҳам ёмон бўлади. Хуллас, дарахтни мевасидан билиб олиш мумкин+. 34 Вой илонлар зоти-ей+, сизлар ёвуз бўла туриб, қандай қилиб яхши нарсаларни гапира оласизлар? Ахир одамнинг дилида нима бўлса, тили шуни гапиради-ку+. 35 Яхши инсон дилидаги яхши нарсаларни сўзлайди, ёмон инсон эса дилидаги ёмон нарсаларни сўзлайди+. 36 Шуни билиб қўйингларки, одамлар айтган ҳар бир бемаъни сўзи учун Ҳукм кунида жавоб беришади+. 37 Чунки айтган сўзларингиз туфайли, ё одил деб эълон қилинасиз, ё маҳкум этиласиз».
38 Унга жавобан баъзи уламолару фарзийлар шундай дейишди: «Устоз, сиздан бир аломат кўришни истаймиз»+. 39 Исо бўлса қуйидагича деди: «Бу ёвуз ва бевафо насл аломат излаяпти, лекин унга Юнус пайғамбарникидан бошқа аломат кўрсатилмайди+. 40 Юнус пайғамбар уч кечаю уч кундуз катта балиқ қорнида бўлганидек+, Инсон Ўғли ҳам уч кечаю уч кундуз ер бағрида бўлади+. 41 Ниневияликлар* Ҳукм кунида шу насл билан бирга тирилиб, уни ҳукм қилишади. Чунки улар Юнус пайғамбарнинг ваъзини эшитиб, тавба қилишган эди+. Лекин қаршингизда турган киши Юнусдан ҳам буюкроқдир+. 42 Жануб маликаси ҳам Ҳукм кунида шу насл билан бирга тирилиб, уни ҳукм этади. Зеро у Сулаймоннинг ҳикматларини тинглаш учун дунёнинг нариги четидан келган эди+. Лекин қаршингизда турган киши Сулаймондан ҳам донороқдир+.
43 Ёвуз руҳ одамнинг ичидан чиққач, ўзига маскан излаб сувсиз ерларни айланади-ю, аммо паноҳ тополмай+, 44 ўзига: “Тарк этган маконимга қайтиб борай”,— дейди ва қайтиб келганда у жойни супуриб-сидирилган, безатилган, бўш ҳолда топади. 45 Шунда у бориб ўзидан ҳам ёвузроқ еттита бошқа руҳни олиб келади ва улар ўша маконга кириб яшай бошлашади. Бундай инсоннинг ҳозирги аҳволи аввалгисидан баттарроқ бўлади+. Ушбу ёвуз насл ҳам шундай аҳволга тушади».
46 Ушбу гапларни халойиққа айтиб турган пайтда, унинг онаси ва укалари+ у билан гаплашмоқчи бўлиб ташқарида кутиб туришган эди+. 47 Бир киши келиб унга деди: «Ана, онангиз ва укаларингиз сиз билан гаплашиш учун ташқарида кутиб туришибди». 48 Исо унга жавобан шундай деди: «Менинг онам ва ака-укаларим кимлигини биласизми?» 49 Сўнг қўли билан шогирдларига ишора қилиб: «Мана, менинг онам ва ака-укаларим!+ 50 Кимки самовий Отамнинг иродасини бажарса, ўша менинг ака-укам, опа-синглим ва онам бўлади»+,— деди.