7- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Ўзингизни паст тутиб Яҳовани мамнун этинг
Яҳовани изланг, эй, ер юзида яшовчи камтар кишилар... камтарлик пайида бўлинг. ЗАФ. 2:3, изоҳ
80- ҚЎШИҚ «Тотиб кўр, шунда Яҳова яхши эканини билиб оласан»
БУ МАҚОЛАДАa
1–2. а) Мусо ҳақида нима дейилган ва у қандай ишлар бажарган? б) Ўзимизни паст тутиш учун қандай асосли сабабимиз бор?
МУҚАДДАС КИТОБДА Мусо ҳақида «ер юзидаги барча одамлар ичида энг камтар [ўзини паст тутадиган] инсон» деб айтилган. (Саҳ. 12:3, изоҳ) Хўш, бу Мусо заиф, беқарор ва қўрқоқ бўлганини англатадими? Баъзилар ўзини паст тутадиган одамлар ҳақида шундай ўйлаши мумкин. Лекин бу фикр ҳақиқатдан йироқдир. Мусо Худонинг кучли, қатъий ва жасоратли хизматчиси эди. Яҳованинг ёрдами билан у Мисрнинг қудратли бошқарувчисига қарши чиққан, эҳтимол, 3 000 000 кишини саҳрода олиб юрган ва Исроил халқига душманларини енгишда ёрдам берган.
2 Мусоникига ўхшаш қийинчиликларга дуч келмаймиз, лекин ҳар куни одамлар билан муносабат қилганда ёки турли вазиятларда ўзимизни паст олиш қийин бўлиши мумкин. Аммо бу фазилатни ривожлантириш учун асосли сабабимиз бор. Яҳованинг ваъдасига кўра, «камтар кишилар ер юзига эгалик қилади». (Заб. 37:11) Ўзингизни паст олиб юрадиган инсон деб ҳисоблайсизми? Бошқалар сизни ўзини паст тутадиган киши сифатида биладими? Бу муҳим саволларга жавоб топишдан аввал ўзини паст тутиш нимани англатишини тушунишимиз керак.
ЎЗИНИ ПАСТ ТУТИШ НИМА ДЕГАНИ?
3–4. а) Ўзини паст тутишни нимага ўхшатса бўлади? б) Ўзимизни паст олиб юришни истасак, қайси тўртта фазилатни ривожлантиришимиз керак ва нега?
3 Ўзини паст тутишb чиройли бир расмга ўхшайди. Қанақасига дейсизми? Рассом бир нечта бўёқдан фойдаланиб сурат солгани сингари, биз ҳам ўзимизни паст тутиш учун бир нечта фазилатни намоён этишимиз лозим. Улар орасида энг асосийлари камтарлик, итоаткорлик, хушмуомалалик ва жасорат. Яҳовани мамнун этиш учун нега бу фазилатларни ривожлантиришимиз зарур?
4 Фақатгина камтар кишилар Худонинг иродасига бўйсуна олади. Унинг иродаси мулойим бўлишимизни ўз ичига олади. (Мат. 5:5; Галат. 5:23) Аллоҳнинг иродасини бажарганимизда Шайтоннинг ғазаби қайнайди. Гарчи камтарин ва мулойим бўлсак-да, Шайтон дунёсидаги кўплар биздан нафратланади. (Юҳан. 15:18, 19) Бунинг натижасида, Шайтонга қарши туриш учун жасоратли бўлишимиз зарур.
5–6. а) Нега Шайтон ўзини паст тутадиган кишилардан нафратланади? б) Қайси саволларга жавоб топамиз?
5 Ўзини паст тутадиган кишининг акси — мағрур, ғазабини тия олмайдиган ва Яҳовага итоат қилмайдиган шахс. Бу Шайтонни жуда яхши тасвирлаяпти. У ўзини паст олиб юрадиган кишилардан нафратланиши шубҳасиздир. Бундай инсонлар Шайтон қанчалик ёвуз шахс эканини очиб беришади. Бундан ташқари, улар Шайтон ёлғончи эканини исботлашади. Нега деганда, Шайтон нима деса ёки қилса ҳам, ўзини паст тутадиган кишиларни Яҳовага хизмат қилишдан тўхтатолмайди! (Аюб 2:3–5)
6 Қачон ўзимизни паст олиш қийин бўлиши мумкин? Нима учун бу фазилатни ривожлантиришдан тўхтамаслигимиз керак? Бу саволларга жавоб топиш учун Мусо, Бобилда асирликда бўлган учта иброний йигит ва Исонинг мисолига диққат қаратамиз.
ҚАЧОН ЎЗИМИЗНИ ПАСТ ОЛИШ ҚИЙИН БЎЛАДИ?
7–8. Мусони ҳурмат қилишмаганда, у қандай муносабат билдирди?
7 Муайян ҳокимиятга эга бўлганда. Қандайдир ҳокимиятга эга бўлганда ўзини паст тутиш қийин кечиши мумкин. Айниқса, масъулияти камроқ бўлган киши уни ҳурмат қилмаса ёки чиқарган қарорларини ҳукм қилса, бу осон бўлмайди. Сиз ҳам бунга дуч келганмисиз? Оила аъзоингиз шундай йўл тутган бўлса-чи? Қандай муносабат билдирардингиз? Мусо бундай вазиятда ўзини қандай тутгани ҳақида бир ўйлаб кўринг.
8 Яҳова Мусони Исроил халқи устидан йўлбошчи этиб тайинлади ва улар учун қонунларни ёзиш шарафини берди. Яҳова Мусони қўллаб-қувватлаётгани шубҳасиз эди. Бироқ шунда ҳам, Мусонинг туғишган опаси Марям ва акаси Ҳорун унга қарши гапириб, танлаган хотини учун уни ҳукм қилишади. Мусонинг ўрнида бошқа киши бўлганида, эҳтимол, ғазабга берилиши ва қасос олиши мумкин эди. Лекин Мусо бундай йўл тутмади ва дарров хафа бўлмади. У ҳатто Яҳовага ёлвориб, Марямга шифо беришини сўради. (Саҳ. 12:1–13) У нега бундай муносабат кўрсатди?
9–10. а) Яҳова Мусога нимани тушунишига ёрдам берди? б) Оила боши ва оқсоқоллар Мусодан қандай ўрнак олиши мумкин?
9 Мусо Яҳова уни тарбиялашига йўл қўйди. Деярли 40 йил илгари, Мусо Мисрда шоҳ оиласининг аъзоси бўлганида ўзини паст олиб юрмас эди. Аксинча, унинг ғазаби тез бўлган ва адолатсизларча ҳукм қилаётган бир кишини ўлдириб қўйди. Мусо Яҳова унинг ҳаракатларидан рози бўлади, деб ўйлади. Яҳова 40 йил мобайнида Мусога ёрдам бериб, у Исроил халқини олиб чиқиш учун жасоратдан кўра кўпроқ нарсага эга бўлиши кераклигини ўргатди; у ўзини паст тутиши зарур эди. Қолаверса, Мусо ўзини паст олиб юриш учун камтар, итоаткор ва мулойим бўлиши керак эди. У буларни яхши уқиб олди ҳамда ажойиб йўлбошчига айланди. (Чиқ. 2:11, 12; Ҳавор. 7:21–30, 36)
10 Бугунги кунда оила боши ва оқсоқоллар Мусога тақлид қилишлари лозим. Сизга ҳурмат кўрсатишмаса, тезда хафа бўлманг. Камтарлик ила хатоларингизни тан олинг. (Воиз 7:9, 20) Муаммоларни ҳал қилишда итоаткорлик ила Яҳованинг йўл-йўриғига амал қилинг. Шунингдек, доим мулойим бўлинг. (Ҳик. 15:1) Бундай йўл тутган оила боши ва масъулиятли биродарлар Яҳовани мамнун қилади, тинчлик бўлишига ҳисса қўшади ва ўзини паст тутишда ўрнак кўрсатади.
11–13. Учта иброний йигит бизга қандай ўрнак қолдирди?
11 Қувғунларга дуч келганда. Тарих давомида бу дунёдаги ҳукмдорлар Яҳованинг халқини қувғун қилган. Улар бизни турли «жиноятларда» айблаши мумкин, лекин таъқиб қилишаётганининг асосий сабаби биз «одамларга эмас, Сарвари Оламга бўйсунганимиздадир». (Ҳавор. 5:29) Устимиздан кулишлари, қамоққа олишлари ёки ҳатто дўппослашлари мумкин. Аммо Яҳованинг ёрдами билан уларга қарши зарба қайтармаймиз, аксинча, тинчликни сақлаймиз.
12 Асирликда бўлган учта йигит — Ханониё, Мишаил ва Озариё биз учун қандай ўрнак қолдирганига эътибор берайликc. Бобил шоҳи уларга катта олтин ҳайкалга сажда қилишни буюрди. Улар шоҳга бу ҳайкалга сажда қилмасликларини мулойимлик ила тушунтирди. Шоҳ уларни ёниб турган печга ташлашини айтиб, таҳдид қилса ҳам, бу учта йигит Худога итоаткор бўлиб қолди. Яҳова шу заҳоти уларни қутқаришга қарор қилди, аммо улар Худо бундай йўл тутади деб ўйлашмаган. Аксинча, улар Яҳова йўл қўйган барча нарсани қабул қилишга тайёр эди. (Дон. 3:1, 8–28) Бу учта йигит ўзини паст тутиш чинакам жасоратни намоён этиш эканини исботлади. Дарҳақиқат, на шоҳ, на таҳдид ва на жазо Яҳовага «мутлақ садоқатни» сақлаш қароримиздан қайтара олмайди. (Чиқ. 20:4, 5)
13 Яҳовага бўлган садоқатимиз синалганда, қай йўсин бу учта йигитга тақлид қила оламиз? Биз камтар бўлиб, Яҳова бизга ғамхўрлик қилишига ишонишимиз керак. (Заб. 118:6, 7) Бизни ёмон ишлар қилишда айблаётганларга мулойимлик ва хушмуомалалик ила жавоб берамиз. (1 Бутр. 3:15) Шунингдек, Яҳова билан дўстлигимизга зарар етказадиган ҳар нарсадан воз кечамиз.
14–15. а) Таранг вазиятда бўлганимизда нима юз бериши мумкин? б) Ишаё 53:7, 10 га биноан, таранг вазиятда ҳам ўзини паст тутишда нега Исо энг аъло ўрнак деб айта оламиз?
14 Таранг вазиятларга дуч келганда. Барчамиз турли сабаблар туфайли стресс ҳис этамиз. Масалан, мактабда тест топширишдан ёки ишда муайян вазифани бажаришдан аввал стрессга тушишимиз мумкин. Ёки тиббий муолажа олишимиз кераклиги тўғрисида ўйлаб стресс остида бўлишимиз турган гап. Таранг вазиятда бўлганимизда, ўзимизни паст олиш осон эмас. Одатда биз учун муаммо бўлмаган вазиятлар ҳам аччиғимизни чиқара бошлаши мумкин. Сўзларимиз қаттиқ ботадиган бўлиб, оҳангимиз ўзгариши эҳтимолдан йироқ эмас. Таранг вазиятга тушганингизда, Исонинг мисолини эсланг.
15 Ердаги ҳаётининг охирги ойларида Исо кучли стресс ҳис қилган. У қаттиқ азоб чекиши ва қатл этилиши кераклигини биларди. (Юҳан. 3:14, 15; Галат. 3:13) Ўлимидан бир неча ой олдин Исо қаттиқ азоб чекишини айтган. (Луқо 12:50) Шунингдек, ўлимидан бир неча кун олдин Исо: «Юрагим сиқиляпти»,— деган. Исо ибодатда Худога қалбида борини тўкиб солганидан у камтар ва итоаткор бўлганини кўряпмиз. У: «Отажон, мени шу фурсатдан қутқар. Лекин мен айнан шу фурсат учун келганман. Ота, исмингни улуғла»,— деб ибодат қилган. (Юҳан. 12:27, 28) Ўша вақт келганида, Исо ўзини жасорат ила Худонинг душманлари қўлига топширди. Улар уни жуда оғриқли ва таҳқирли тарзда қатл этишди. Стресс ва азобларга қарамай, Исо ўзини паст олиб Худонинг иродасини бажарди. Аминлик билан шуни айтишимиз мумкинки, таранг вазиятда ҳам ўзини паст тутишда Исо энг аъло ўрнакдир! (Ишаё 53:7, 10 ни ўқинг.)
16–17. а) Қай йўсин Исонинг ўзини паст тутиш фазилати синалган? б) Қандай қилиб Исога тақлид қила оламиз?
16 Ердаги ҳаётининг охирги кечасида Исонинг яқин дўстлари қилган ишлари туфайли унга ўзини паст тутиш осон бўлмагандир. Ўша куни Исо қандай стрессни ҳис этганини бир тасаввур қилинг. У ўлимигача содиқ қоладими? Миллиардлаб одамларнинг ҳаёти Исо ўзини қандай тутишига боғлиқ эди. (Рим. 5:18, 19) Энг муҳими эса, унинг тутган йўли Отасининг обрўсига ҳам таъсир қиларди. (Аюб 2:4) Исо яқин дўстлари, яъни ҳаворийлари билан сўнгги бор овқатланганда, улар «ораларида ким буюк деб ҳисобланиши кераклиги тўғрисида» «қаттиқ баҳс-мунозара» кўтаришди. Бу масала бўйича у уларга бир неча маротаба насиҳат берганди ва ҳатто ўша кеча сал олдин уларнинг оёқларини ювиб ўрнак қолдирганди. Шуниси эътиборга лойиқки, Исонинг аччиғи чиқмаган. Аксинча, у мулойимлик ила жавоб қайтарган. Улар қандай нуқтаи назарда бўлиши кераклиги борасида Исо яна бир бор меҳрибонлик ва шу билан бирга қатъийлик ила тушунтирди. Кейин Исо дўстлари уни садоқат билан қўллаб-қувватлаётгани учун мақтади. (Луқо 22:24–28; Юҳан. 13:1–5, 12–15)
17 Худди шундай вазиятда бўлганингизда, қандай йўл тутардингиз? Исога тақлид қилишимиз ва таранг вазиятда ҳам мулойим қолишимиз мумкин. Яҳованинг «бир-бирингизга чидамли бўлинглар» деган амрига тайёрлик ила бўйсунайлик. (Колос. 3:13) Барчамиз бошқаларнинг аччиғини келтирадиган сўзларни айтишимиз ёки бирон нима қилишимиз мумкинлигини ёдда тутсак, мазкур амрга бўйсуна оламиз. (Ҳик. 12:18; Ёқб. 3:2, 5) Бошқаларнинг яхши тарафларини кўришга ҳаракат қилинг. (Эфес. 4:29)
НЕГА ЎЗИМИЗНИ ПАСТ ОЛИБ ЮРИШДА ТЎХТАМАСЛИГИМИЗ КЕРАК?
18. Қай йўсин Яҳова ўзини паст тутганларга тўғри қарор чиқаришга ёрдам беради, аммо улар нима қилиши керак?
18 Яхшироқ қарорлар чиқара оламиз. Мураккаб қарор олдида турганимизда, ўзимизни паст тутсаккина, Яҳова тўғри қарорга келишимизга ёрдам беради. У «камтарларнинг ўтинчини» эшитишни ваъда қиляпти. (Заб. 10:17) Қолаверса, У эшитишдан кўпроқ нарсани қилади. Муқаддас Китобда қуйидаги ваъда ёзилган: «У камтар кишини тўғриликка бошлайди, камтарларни Ўз йўлларига ўргатади». (Заб. 25:9) Яҳова Муқаддас Китоб ҳамда «ишончли ва ақлли хизматкор» тақдим этаётган адабиётларуd дастурлар орқали йўл-йўриқ беради. (Мат. 24:45–47) Ёрдамга муҳтож эканимизни камтаринлик ила тан олишимиз, Яҳова тақдим этаётган маълумотни тадқиқ қилишимиз ва билиб олганларимизни амалда қўллашимиз даркор.
19–21. Кадешда Мусо қандай хатога йўл қўйди ва бундан қандай сабоқ оляпмиз?
19 Хатолар қилишдан қочамиз. Мусо билан бўлган воқеани эслайлик. Бир неча ўн йиллар давомида у ўзини паст тутиб Яҳовани мамнун қилган. Саҳродаги 40 йиллик оғир сафар ўз ниҳоясига етиб қолай деганда, Мусо ўзини паст тута олмади. Мисрда унинг ҳаётини опаси Марям сақлаб қолганга ўхшайди ва энди у ҳаётдан кўз юмиб, Кадешда дафн қилинган эди. Бунинг устига, Исроил халқи уларга яхши ғамхўрлик қилинмаётганидан нолиди. Бу сафар улар сув йўқлигидан «Мусо билан жанжаллашди». Тангри Яҳова бир қанча мўъжиза кўрсатганига ва Мусо узоқ йиллар давомида уларга беғаразлик ила йўлбошчилик қилганига қарамай, халқ нолий бошлади. Устига-устак, улар нафақат сув йўқлигидан минғирлади, балки чанқаб кетишганида Мусони айбдор қилишди. (Саҳ. 20:1–5, 9–11)
20 Мусо ғазаб ўтида мулойимлигини йўқотди. Яҳова буюрганидай, имон билан қояга гапиришнинг ўрнига, Мусонинг халққа ғазаби қайнаб, шарафни ҳам ўзига олди. Сўнг у қояга икки марта урди ва ундан сув оқиб чиқди. Мағрурлик ва ғазаб дастидан Мусо катта хатога йўл қўйди. (Заб. 106:32, 33) Мусо ўзини паст тутиш фазилатини намоён этмагани туфайли ваъда қилинган юртга кира олмади. (Саҳ. 20: 12)
21 Ушбу воқеадан қимматли сабоқ оляпмиз. Биринчидан, ўзимизни паст олиб юриш фазилати устида тинмай ишлашимиз керак. Агар бир оз вақтга эътиборсизлик қилсак, мағрурликка берилишимиз ва аҳмоқлик ила гапиришимиз ёки йўл тутишимиз мумкин. Иккинчидан, таранг вазиятлар дастидан заифлашиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Шундай экан, босимга дуч келганда ҳам, ўзимизни паст тутиш учун жон куйдиришимиз зарур.
22–23. а) Нега доим ўзимизни паст тутишимиз керак? б) Зафаниё 2:3 даги сўзлар нимани англатади?
22 Ўзимизни паст тутсак, ҳимоя остида бўламиз. Тез орада Яҳова ёвузларни ер юзидан йўқ қилади ва ўзини паст тутадиган кишиларгина тирик қолади. Ўшанда ерда чинакам тинчлик бўлади. (Заб. 37:10, 11) Сиз ҳам ўзини паст олиб юрадиган инсонлар орасида бўласизми? Яҳованинг Зафаниё пайғамбар орқали айтган илиқ таклифини қабул қилсангиз, улар орасида бўлишингиз мумкин. (Зафаниё 2:3 ни ўқинг.)
23 Қизиқ, нега Зафаниё 2:3 да «балки шунда... паноҳ топарсиз» деб айтилган? Бу ибора Яҳова Уни мамнун қилишни истаганларни ва Уни севадиган кишиларни ҳимоялай олмаслигини англатмайди. Аксинча, бу ҳимоя остида бўлишни истасак, биздан ҳам муайян ҳаракатлар кутилишини англатади. Ҳозирданоқ ўзимизни паст олиб Яҳовани мамнун қилишга жон куйдирсак, Унинг «ғазаб кунида» омон қолиш ва абадий яшаш имконига эга бўламиз.
120- ҚЎШИҚ Исонинг мулойимлигига тақлид қилинг
a Ҳеч ким камтар ёки ўзини паст тутиш фазилати билан туғилмайди. Бу фазилатларни ривожлантиришимиз керак. Тинчликсевар одамлар билан муносабат қилганда, ўзимизни паст тутиш осон бўлиши мумкин, аммо мағрур кишиларга дуч келганда бу фазилатни намоён этиш қийин кечар. Мазкур мақолада ушбу ажойиб фазилатни ривожлантираётганда дуч келиш мумкин бўлган қийинчиликларни қай йўсин енгиш мумкинлигини билиб оламиз.
b ИБОРА МАЪНОСИ. Ўзини паст тутиш. Бундай инсон бошқалар билан муносабат қилганда меҳрибон, иғволи вазиятларга дуч келганда ҳам хушмуомала бўлиб қолади. Камтаринлик. Камтар кишилар мағрурлик ва такаббурликдан ҳоли; улар бошқаларни ўзларидан устун қўяди. Яҳова ҳақида гап кетганда, камтаринликни намоён этиш У Ўзидан паст бўлганларга севги ва раҳм-шафқат ила муносабат қилишини билдиради.
d Масалан, «Қўриқчи минораси»нинг 2011 йил 15 апрель сонида келтирилган «Худони шарафлайдиган қарорлар қабул қилинг» номли мақолага қаранг.
e РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Шогирдлари ораларида ким буюклиги борасида баҳслашганда, Исо мулойимлик ва хотиржамлик ила насиҳат беряпти.