118- БОБ
Ким буюк экани тўғрисида баҳс
МАТТО 26:31–35 МАРК 14:27–31 ЛУҚО 22:24–38 ЮҲАННО 13:31–38
ЎЗИГА ТЎҒРИ МУНОСАБАТДА БЎЛИШ САБОҒИ
БУТРУСНИНГ ТОНИШИНИ БАШОРАТ ҚИЛАДИ
ИСОНИНГ ИЗДОШЛАРИ МЕҲР-МУҲАББАТИДАН БИЛИНАДИ
Ҳаворийлар билан ўтказган охирги кечада Исо уларнинг оёқларини ювиб, камтарлик борасида зўр ўрнак кўрсатган эди. Нега бу айни муддао эди? Чунки ҳаворийларнинг бир камчилиги бор. Тўғри, улар Худога садоқатли, лекин ораларида ким буюк экани борасидаги савол уларни ташвишлантиради. (Марк 9:33, 34; 10:35–37) Бу оқшом ҳам уларнинг камчилиги юзага чиқади.
Хуллас, «ораларида ким буюк деб ҳисобланиши кераклиги тўғрисида қаттиқ баҳс-мунозара кўтарилади». (Луқо 22:24) Улар яна баҳслашаётганини кўриб, Исо қанчалик ранжиган бўлса керак-а?! Қизиқ, у нима қилади?
Исо ҳаворийларни фикрлаш тарзи ва хулқ-атвори учун уришиб бермайди, аксинча, улар билан сабр ила қуйидагича мулоҳаза юритади: «Шоҳлар халқлар устидан ҳукмронлик қилишади. Халқларни бошқаришга ҳуқуқи борларни валинеъмат деб аташади. Сизлар бўлса уларга ўхшаманглар. [...] Ким буюк: хонтахта атрофида ёнбошлаганми ёки хизмат қилаётганми?» Сўнгра ўзи доимо қандай йўл тутаётганини эслатиб, уларга: «Мен эса ораларингизда хизмат қилувчидайман»,— дейди. (Луқо 22:25–27)
Номукаммал бўлишига қарамай, ҳаворийлар Исо билан кўп қийин дамларда бирга бўлишган. Шунинг учун уларга: «Отам Шоҳлик қилишим учун мен билан аҳд қилганидек, мен ҳам сизлар билан аҳд қиляпман»,— дейди. (Луқо 22:29) Бу эркаклар Исонинг садоқатли издошларидир. Исо издошларини шунга ишонтирадики, улар билан қилган аҳди туфайли улар Шоҳликда у билан ҳукмронлик қилишади.
Гарчи ҳаворийлар бундай ажойиб умидга эга бўлишса ҳам, улар ҳозирча номукаммал. Исо уларга шундай дейди: «Шайтон ҳаммангизни буғдой каби ғалвирдан ўтказишни талаб қилди». (Луқо 22:31) Буғдойни ғалвирдан ўтказганда, донлар ҳар ёққа учиб кетади. Шунингдек, у қуйидагича огоҳлантиради: «Бу кеча барчангиз мендан юз ўгирасизлар. Зеро Муқаддас Ёзувларда шундай дейилган: “Мен чўпонга зарба бераман, сурувдаги қўйлар эса тарқалиб кетади». (Матто 26:31; Закариё 13:7)
Бутрус аминлик билан: «Ҳамма сиздан юз ўгирса ҳам, мен асло юз ўгирмайман!» — дейди. (Матто 26:33) Исо бўлса, шу кеча хўроз икки маротаба қичқирмасданоқ Бутрус ундан тонишини айтади. Лекин Исо яна қуйидагиларни қўшиб қўяди: «Сиз учун ёлвориб, имонингиз сусаймаслигини Худодан тиладим. Сиз эса тавба қилганингиздан кейин, биродарларингизни қўллаб-қувватланг». (Луқо 22:32) Бироқ Бутрус ўзиникида туриб олиб: «Сиз билан бирга ўлишимга тўғри келса ҳам, сиздан ҳечам тонмайман»,— дейди. (Матто 26:35) Бошқа ҳаворийлар ҳам шунақа дейишади.
Исо шогирдларига шундай дейди: «Мен яна бир оз сизлар билан бўламан. Мени излайсизлар, аммо яҳудийларга айтганимдек, сизларга ҳам айтяпман: “Мен бораётган жойга сизлар боролмайсизлар”». Кейин яна қўшиб қўйиб: «Мен сизларга янги амр беряпман: бир-бирингизни севинглар. Мен сизларни севганимдек, сизлар ҳам бир-бирингизни севинглар. Агар орангизда меҳр-муҳаббат бўлса, сизлар менинг шогирдларим эканингизни барча билиб олади»,— дейди. (Юҳанно 13:33–35)
Исо улар билан оз вақт бўлишини эшитиб, Бутрус ундан сўрайди: «Ҳазрат, қаерга кетяпсиз?» Исо унга: «Мен бораётган жойга сиз ҳозир боролмайсиз, кейинроқ борасиз»,— деб жавоб беради. Бутрус ҳайрон қолиб унга: «Ҳазрат, нега ҳозир орқангиздан боролмас эканман? Мен сиз учун жонимни ҳам беришга тайёрман»,— дейди. (Юҳанно 13:36, 37)
Исо, ҳаворийларни Жалилага ваъз қилишга юборганда, ўзлари билан пул ёки егулик солинган тўрва олмасликни айтганини эслатади. (Матто 10:5, 9, 10) Исо улардан шундай сўрайди: «Бирон-бир нарсага муҳтож бўлганмидингиз?» Улар: «Йўқ!» — дейишади. Хўш, кейинчалик улар қандай йўл тутиши керак бўлади? Исо қуйидагича йўл-йўриқ беради: «Бундан буён кимнинг ҳамёни ва егулик солинган тўрваси бўлса, ўзи билан олсин. Шунингдек, қиличи бўлмаган киши устки кийимини сотиб, қилич олсин. Сизларга айтиб қўяй, Муқаддас Ёзувлардаги: “У жиноятчилар қаторида саналди”,— деб айтилгани менда бажо бўлиши керак. Чунки мен ҳақимда ёзилгани амалга ошяпти». (Луқо 22:35–37)
Исо у жиноятчилар билан азоб устунига михланадиган вақт ҳақида айтади. Бундан сўнг издошлари шиддатли таъқибларга дуч келишади. Улар ўзларини бунга тайёр деб ҳисоблаб: «Ҳазрат, бу ерда иккита қилич бор»,— дейишади. Исо уларга: «Бунинг ўзи етарли»,— дейди. (Луқо 22:38) Уларнинг иккита қиличи бўлгани, Исога яна бир сабоқ беришига имкон яратади.