21- БОБ
Носирадаги ибодатхонада
ИСО ИШАЁ ПАЙҒАМБАРНИНГ ЎРАМА БИТИГИДАН ЎҚИЙДИ
НОСИРАЛИКЛАР ИСОНИ ЎЛДИРИШ ПАЙИДА
Носира шаҳрида ҳаяжон ҳукм сурмоқда. Бир йилдан кўпроқ вақт олдин Исо Яҳёнинг олдига сувга чўмиш учун борганида, уни оддий бир дурадгор сифатида танишарди. Энди эса у ҳамма ерда мўъжиза яратувчи киши тариқасида танилган. Шаҳар аҳолиси бундай мўъжизаларни бу ерда, Носирада кўришни интизорлик билан кутяпти.
Исо одатига кўра, маҳаллий ибодатхонага борганда халқнинг сабрсизлиги ўсиб боради. «Ҳар Шаббат куни ибодатхоналарда» Тавротдан ўқишарди ва ибодат қилишарди. (Ҳаворийлар 15:21) Шунингдек, у ерда пайғамбарлар ёзган нарсаларни ҳам ўқишарди. Исо ўқиш учун ўрнидан турганида, ибодатхонага у билан бирга бориб турган таниш одамларни кўрган бўлиши мумкин. Унга Ишаё пайғамбарнинг ўрама битигини тутқазишади. Шунда Исо, Яҳова Ўз руҳи билан мойлаган киши ҳақида ёзилган жойни топади. Бугун бу сўзларни Муқаддас Китобнинг Ишаё 61:1, 2- оятларида ўқишимиз мумкин.
Исо, ваъда қилинган зот асирларга озодликни, кўрларга кўзлари очилишини ҳамда Яҳова учун мақбул вақтни ваъз этиши ҳақида ўқиб бергандан сўнг битикни қайтариб, жойига ўтиради. Шунда барча унга кўз тикади. Эҳтимол Исо бу сўзларни тушунтириш учун бироз гапиради. Шу пайт у мана бу муҳим гапни ҳам айтади: «Сизлар ҳозиргина эшитган бу сўзлар бугун амалга ошди». (Луқо 4:21)
Халқ унинг нақадар «ёқимли сўзлар» айтганидан ҳайрон қолиб: «Бу Юсуфнинг ўғли эмасми?!» — дейди. Исо эса уларнинг мўъжиза талаб қилишини англаб, шундай давом этади: «Албатта, сизлар менга: “Эй табиб, ўзингни ўзинг давола”,— деган мақолни қўллаб: “Кафарнаҳумда қилган ишларинг ҳақида эшитдик. Энди уларни бу ерда, ўз юртингда ҳам бажар”,— дейсизлар». (Луқо 4:22, 23) Исонинг собиқ қўшнилари, у биринчи навбатда ҳамшаҳарларини соғайтириши керак деб ҳисоблашади. Шунинг учун ҳамшаҳарлари Исо уларни менсимади, деб ўйлашгандир.
Уларнинг фикрларини билиб, Исо Исроил тарихидан баъзи бир воқеаларни айтиб беради. Илёс даврида Исроилда кўп бевалар бўлган, аммо Илёс уларнинг бирортасига ҳам юборилмаганини Исо таъкидлаб ўтади. Илёс Сидон яқинидаги Зорафат шаҳрига, исроиллик бўлмаган бева аёлникига боради. У ерда Илёс мўъжиза яратиб унинг ҳаётини сақлаб қолади (3 Шоҳлар 17:8–16). Элишай пайғамбар даврида ҳам Исроилда моховлар кўп эди, аммо Элишай суриялик Нўмон исмли кишига шифо беради, холос. (4 Шоҳлар 5:1, 8–14)
Худбинлигини ва имони сустлигини ошкор этувчи бу тарихий таққослаш Исонинг ҳамшаҳарларига қандай таъсир қиларкин? Ибодатхонада бўлганлар қаттиқ ғазабланишади ва ўринларидан туриб, шоша-пиша Исони шаҳардан ташқарига чиқаришади. Улар уни Носира шаҳри жойлашган тоғдан пастга ташлаб юбормоқчи бўлишади. Лекин Исо уларни оралаб ўтиб, Носира шаҳридан пастда, Жалила денгизининг шимоли-ғарбида жойлашган Кафарнаҳумга йўл олади.