Яҳованинг Каломи жонли
Юҳанно китобининг диққатга сазовор оятлари
«ИСОНИНГ севикли шогирди» Юҳанно, Исонинг ердаги ҳаёти ва хизмати ҳақида ёзган охирги кишидир (Юҳан. 21:20). Юҳанно китоби милодий 98- йилда ёзиб тугатилган бўлиб, бошқа Хушхабарларда ёзилган сўзлар кам такрорланган.
Юҳанно ўз китобини аниқ бир мақсад билан ёзган. Бу мақсад қуйидагича ифодаланган: «Булар эса Исо — Худонинг Ўғли, Масиҳ эканлигига ишонишингиз учун ва ишониб, Унинг номи билан ҳаётга эришишингиз учун ёзилган» (Юҳан. 20:31). Бу китоб биз учун катта қадр-қимматга эга (Иброн. 4:12).
«МАНА ХУДОНИНГ ҚУРБОНЛИК ҚЎЗИСИ»
Исони кўриб, Яҳё пайғамбар аминлик билан: «Мана, дунёнинг гуноҳини Ўзига олувчи Худонинг қурбонлик Қўзиси!» — деди (Юҳан. 1:29). Исо Самария, Жалила, Яҳудия ва Иорданнинг шарқида жойлашган жойларга саёҳат қилиб, ваъз қилган, таълим берган ва қудратли ишларни амалга оширган. Шунда, «талай одамлар Исога узил-кесил ишондилар» (Юҳан. 10:41, 42).
Исо кўрсатган ажойиб мўъжизаларидан бири — Лазарни тирилтириши бўлган. Ўлганига тўрт кун бўлган киши ҳаётга қайтганини кўриб, кўп инсонлар Исога ишонч ҳосил қилдилар. Олий руҳонийлар ва фарзийлар эса, Исони ўлдиришга тил бириктиришди. Шунда Ҳазрати Исо «у ердан саҳро яқинидаги Эфраим шаҳрига борди» (Юҳан. 11:53, 54).
Саволларга жавоблар:
1:35, 40 — Яҳёнинг олдида Идрис билан бирга яна ким турган эди? Юҳанно китобида ўз исмини ёзмаган. Шунга кўра, исми ёзилмаган шогирд Юҳаннонинг ўзи бўлган дейиш мумкин.
2:20 — Қайси маъбад «қирқ олти йилда қурилган»? Яҳудийлар, шоҳ Ҳирод томонидан қайта тикланган Зарубобил маъбади ҳақида гапиришган эди. Тарихчи Иосиф Флавийнинг сўзларига кўра, қурилиш ишлари Ҳирод шоҳлигининг 18- йили, ёки мил. авв. 18–17- йиллари бошланган эди. Маъбаднинг асосий иншоотларини тиклашга 8 йил вақт кетди. Бироқ маъбад биносининг айрим қисмларининг қурилиши эса, милодий 30- йилнинг Ҳосил байрамидан кейин ҳам давом этган. Ўша пайтда яҳудийлар қурилишга 46 йил кетган дейишганди.
5:14 — Касаллик, содир этилган гуноҳнинг оқибатими? Ҳар доим ҳам бундай деб бўлмайди. Исо соғайтирган киши, мерос бўлиб ўтган номукаммаллик дастидан, 38 йилдан буён касал ётарди (Юҳан. 5:1–9). Исонинг сўзлари, соғайган киши атайлаб гуноҳ қилмаслиги, акс ҳолда бошига янада ёмон кун келишини англатарди. Бордию кейинчалик бу киши кечириб бўлмайдиган гуноҳга йўл қўйганида, тирилиш бўлмайдиган ўлимга дучор бўларди (Мат. 12:31, 32; Луқо 12:10; Иброн. 10:26, 27).
5:24, 25 — «Ўлимдан ҳаётга ўтганлар» кимлар? Исо бу оятда, маънан ўлик ҳолатида бўлган, лекин унга ишонч ҳосил қилиб, гуноҳли ҳаёт тарзидан воз кечганлар ҳақида гапирган. «Ўлимдан ҳаётга ўтганлар»дан ўлимга маҳкумлик бекор қилиниб, Худога ишонч ҳосил қилганликлари учун абадий ҳаётга эга бўлиш умиди бахш этилган (1 Бутр. 4:3–6).
5:26; 6:53 — Исо учун «ҳаёт манбаи» бўлиш нимани англатади? Унинг издошлари учун эса «ҳаёт бўлиш» нимани билдиради? Исо Масиҳ учун бу, Худо унга иккита махсус қобилият — инсонларни Яҳовага манзур қилиш ҳамда тирилтириш қобилиятларини ато этганини англатади. Исонинг издошлари учун эса «ҳаёт бўлиш», комил ҳаётга эга бўлишларини билдиради. Мойланганлар самовий ҳаётга тирилганларида, бундай ҳаётга эришадилар. Худонинг ер юзида яшашга умидвор бўлган хизматчилари эса, Исонинг Минг йиллик шоҳлигининг охирида сўнгги синовдан ўтганларидан кейингина абадий ҳаётга эга бўладилар (1 Кор. 15:52, 53; Ваҳ. 20:5, 7–10).
6:64 — Исо, Яҳудо Ишқариётнинг хиёнат қилишини олдиндан билганми? Эҳтимол билмагандир. Лекин милодий 32- йили Исо ҳаворийларига: «Сизларнинг бирингиз иблисдир»,— деб айтди. Ўшанда Исо, Яҳудо Ишқариётнинг ёмон йўлга биринчи бор қадам босганини сезган бўлиши мумкин (Юҳан. 6:66–71).
Хулосалар:
2:4. Исо Марямга, Худонинг мойланган ва сувга чўмган Ўғли сифатида, фақат самовий Отасидан раҳбарлик олиши кераклигини кўрсатди. Гарчи Исо эндигина ўз хизматини бошлаган бўлса-да, топшириқларини бажаришнинг, шу ҳисобда фидокорона ўлимининг вақт-соати борлигини яхши тушунарди. Исо илоҳий амрни бажаришига ҳатто оила аъзолари, шу жумладан Марям ҳам аралаша олишмасди. Биз ҳам Тангри Яҳовага худди шундай хизмат қилишимиз даркор.
3:1–9. Яҳудий бошлиқларидан бири Никодимнинг мисолидан, иккита сабоқ олишимиз мумкин. Биринчидан, Никодим оддий дурадгорнинг ўғлини Худо томонидан юборилган устоз деб тан олиб ҳамда ўз маънавий эҳтиёжларини қондириш кераклигини тушуниб, камтаринлик намоён этган. Биз ҳам камтарин бўлишмиз зарур. Иккинчидан, Никодим Исо ер юзида бўлганида унинг шогирди бўлишни орқага сурган. Эҳтимол, у Олий Кенгаш аъзолигидан маҳрум бўлишдан ёки одамлардан қўрққанлиги, ёки бойлигига кўпроқ кўнгил қўйганлиги учун шундай қилгандир. Бу биз учун муҳим огоҳлантиришдир: Исонинг шогирди бўлиш қароримизга бирор нарса тўсқинлик қилишига ҳеч қачон йўл қўймаслигимиз даркор (Луқо 9:23).
4:23, 24. Топинишимиз Худога маъқул келиши учун, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларга мувофиқ тарзда Уни шарафлашимиз ҳамда муқаддас руҳ раҳбарлиги остида бўлмоғи лозим.
6:27. «Абадий ҳаётга бошловчи боқий озиқ»қа эга бўлиш учун, маънавий эҳтиёжларимизни қондиришга ҳаракат қилишимиз керак. Ўшандагина бахтга эришамиз (Мат. 5:3).
6:44. Яҳованинг Ўзи бизга ғамхўрлик қилади. У ваъзгўйлик орқали ва Ўз Каломини фаҳмлашимиз учун муқаддас руҳ ато этиб, бизни Исо Масиҳга яқинлаштиради.
11:33–36. Ҳис-туйғуларни намоён этиш, заифлик аломати эмас.
УНИНГ ОРҚАСИДАН ЮРИНГЛАР
Милодий 33- йили Ҳосил байрами яқинлашганида, Исо Байтанияга қайтди. У, 9- нисон куни хўтикка ўтириб, Қуддусга кириб келди. 10- нисон куни эса, Исо яна маъбадга ташриф буюрди. У Отасининг исми улуғланиши ҳақида қилган ибодатига, осмондан: «Мен уни [исмимни] улуғлаганман ва бундан кейин ҳам улуғлайман»,— деган садо келди (Юҳан. 12:28).
Фисиҳ байрами кечлиги пайтида, Исо шогирдларига муҳим маслаҳат бериб, улар ҳақда ибодат қилди. Кейин Исо ҳибсга олиниб, ҳукм қилинди ва устунга михлаб ўлдирилди. Сўнг эса тирилди.
Саволларга жавоблар:
14:2 — Қандай қилиб Исо шогирдларига самода «жой тайёрлаган»? Бу, Исо тузган янги аҳдини Худо ҳузурида тасдиқлашини ва тўккан қонининг баҳосини Унга туҳфа этишини ўз ичига оларди. Жой тайёрлаш шунингдек, Исо Масиҳ шоҳлик тахтига эга бўлиб, сўнг мойланган издошларини осмонга тирилтириб олишини англатган (1 Салон. 4:14–17; Иброн. 9:12, 24–28; 1 Бутр. 1:19; Ваҳ. 11:15).
19:11 — Исо Пилатга уни тутиб берган тўғрисида гапирганида, Яҳудо Ишқариётни назарда тутганмиди? Исо ўлимида айбдорликни фақат Яҳудога ёки бошқа муайян кимсага эмас, балки бунга алоқадор бўлган барчанинг зиммасига юклади. Улар қаторига Яҳудо, «Олий руҳонийлар, оқсоқоллар ва бутун Олий Кенгаш» ва ҳатто Бараббани озод этишни сўраган «оломон» ҳам кирган (Мат. 26:59–65; 27:1, 2, 20–22).
20:17 — Нима учун Исо, магдалалик Марям унга қўл тегизишини истамади? «Тегизмоқ» деб таржима қилинган юнонча сўз «қўл билан маҳкам ушлаб олиш» маъносини беради. Албатта Марям шунчаки қўл тегизмоқчи бўлганида, Исо эътироз билдирмасди. Чунки Исо, бошқа аёллар оёқларига ёпишиб топинишларига тўсқинлик қилмаган (Мат. 28:9). Марям эҳтимол, Исо осмонга чиқиб кетиб, уни бошқа кўрмай қолишдан қўрққанлиги учун маҳкам ушлаб олган бўлиши мумкин. Исо эса Марямни ҳали кетмаслигига ишонтириш мақсадида, уни ушлаб турмаслигини, балки бошқа шогирдларига тирилгани ҳақидаги хабарни етказишни айтди.
Хулосалар:
12:36. «Нур аҳли» бўлиш учун, Муқаддас Китобдан аниқ билимларга эга бўлишимиз даркор. Кейин эса бошқаларни маънавий зулматдан Худонинг нурига олиб чиқиш учун, бу билимларни қўллашимиз лозим.
14:6. Исо Масиҳсиз биз Худога маъқул кела олмаймиз. Исога ишонч ҳосил қилиб ҳамда унинг ўрнагига эргашиб, Яҳовага яқинлаша оламиз (1 Бутр. 2:21).
14:15, 21, 23, 24; 15:10. Илоҳий амрга итоаткорлик, Худонинг ва Исо Масиҳнинг севгисига лойиқ бўлишга ёрдам беради (1 Юҳан. 5:3).
14:26; 16:13. Яҳованинг муқаддас руҳи, таълим олишимиз ва олган билимларни эслашимизга кўмаклашади. У шунингдек ҳақиқатларни ёритиб беради. Бинобарин, у билим, донолик, тушунча, адолат ва фикрлаш қобилиятимиз ўсишига ҳисса қўшади. Шундай экан, биз муқаддас руҳни сўраб, ибодат қилиб туришимиз лозим (Луқо 11:5–13).
21:15, 19. Балиқларни назарда тутиб, Исо Бутрусдан: «Мени улардан кўпроқ севасанми?» — деб сўради. Бу билан Исо, Бутрус ё тўла вақт Худога хизмат қилишни, ё балиқчилик билан шуғулланишни танлаши кераклигини таъкидлади. Илоё Юҳанно китоби, Исони чин қалбдан севишга ҳеч нарса тўсқинлик қилмаслигига ундасин. Келинг, бундан буён ҳам садоқат ила Исонинг орқасидан юрайлик!
[31- саҳифадаги расм]
Никодимнинг мисолидан нимани ўрганамиз?