Маънавий хазиналарга кўнгил боғланг
Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади. ЛУҚО 12:34
1, 2. а) Яҳова бизга қайси учта маънавий хазинани берган? б) Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?
ТАНГРИ ЯҲОВА — коинотдаги энг бадавлат Зотдир. (1 Сол. 29:11, 12) Саховатли Ота сифатида У жон деб маънавий бойликларини уларнинг беқиёс қадр-қимматини англаб етадиган барча билан бўлишяпти. Яҳова бизга 1) Шоҳлигини, 2) нажотбахш хизматимизни ва 3) Каломидаги бебаҳо ҳақиқатларни ўз ичига олган маънавий хазиналарни бергани учун Ундан беҳад миннатдормиз! Лекин диққатли бўлмасак, ушбу хазиналарга нисбатан ношукур бўлиб қолишимиз ва, натижада, уларни ташлаб юборишимиз мумкин. Бу хазиналарни сақлаб қолиш учун эса биз улардан унумли фойдаланиб, уларга бўлган севгимизни алангалатиб туришимиз лозим. Ахир Исо бежизга: «Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади»,— деб айтмаган-ку! (Луқо 12:34)
2 Келинг, Шоҳлик, хизмат ва ҳақиқатга бўлган муҳаббатимизни ҳамда улар учун миннатдорчилигимизни қай тариқа ривожлантиришимиз ва сақлаб қолишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик. Шу аснода, ушбу маънавий хазиналарга нисбатан севгимизни қандай ошира олишимиз устида ҳам мулоҳаза юритайлик.
ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИ — ҚИММАТБАҲО МАРВАРИД СИНГАРИДИР
3. Исонинг масалидаги савдогар қимматбаҳо марваридга эга бўлиш учун нима қилишга тайёр бўлган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
3 Матто 13:45, 46 ни ўқинг. Исо марваридларни излаган бир савдогар борасида масал келтирди. Шубҳасизки, йиллар мобайнида бу савдогар юзлаб марваридларни харид қилиб, сотарди. Лекин унинг бу сафар топган марвариди шунчалик ажойиб эдики, ҳатто уни кўришнинг ўзи савдогарнинг қалбига қувонч бахш этарди. Аммо унга эга бўлиш учун савдогар бор-будини сотиб юборишга тайёр эди. Ўша марварид савдогар учун қанчалик қимматли бўлганини тасаввур қиляпсизми?
4. Агар Худонинг Шоҳлигини ўша савдогар марваридни севгани каби севсак, нима қилишга шай бўламиз?
4 Хўш, бунда биз учун қандай сабоқ бор? Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги ҳақиқат — ўша қимматбаҳо марварид сингаридир. Агар ҳақиқатни савдогар марваридни севгани каби севсак, ушбу Шоҳликнинг фуқароси бўлиш ва унинг тарафдори сифатида қолиш учун қолган барча нарсадан воз кечишга тайёр бўламиз. (Марк 10:28–30 ни ўқинг.) Келинг, айнан шундай йўл тутган иккита кишининг мисолида тўхталиб ўтайлик.
5. Заккай исмли киши Худонинг Шоҳлиги фуқароси бўлмоқчи эканини қандай кўрсатди?
5 Заккай исмли киши одамлардан пул ундириб бой бўлиб кетган солиқчиларнинг бошлиғи эди. (Луқо 19:1–9) Бироқ у Исо Шоҳлик тўғрисида ваъз қилаётганини эшитганида, бу нарсалар қанчалик беқиёс қадр-қимматга эга эканини тушуниб, дарров ҳаракатга тушди. У шундай деб хитоб қилди: «Ҳазратим, энди мол-мулкимнинг ярмини камбағалларга тарқатаман. Кимдан бирор нарса тортиб олган бўлсам, уларга тўрт баробар қайтариб бераман». У ғирром йўл билан топган бойликларидан ва уларга бўлган очкўзлигидан жон деб воз кечди.
6. Роза Худонинг Шоҳлиги фуқароси бўлиш учун қандай ўзгаришлар қилди ва нега?
6 Бир неча йил аввал лесбиянлик билан шуғулланган бир аёл, дейлик унинг исми Роза, Шоҳлик ҳақидаги хабарни эшитади. У гомосексуаллар ҳуқуқларини ҳимояловчи ташкилотнинг президенти эди. Роза Муқаддас Китобни тадқиқ қилгани сайин Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги ҳақиқат қанчалик бебаҳо эканини англайди. Шунда у ҳаётида кескин ўзгаришлар қилиши кераклигини тушунади. (1 Кор. 6:9, 10) Қалби уни лавозимидан бўшашга ва лесбиянлик билан шуғулланишни тўхтатишга ундайди. Роза 2009 йили сувга чўмади ва келаси йили доимий кашшоф сифатида хизмат қилишни бошлайди. Розанинг Яҳовага ҳамда Унинг Шоҳлигига бўлган севгиси ҳар қандай тана истакларидан устун чиқди. (Марк 12:29, 30)
7. Аллоҳнинг Шоҳлигига бўлган самимий севгимизни қандай сақлай оламиз?
7 Аёнки, кўпчилигимиз Худонинг Шоҳлиги фуқароси бўлиш учун ҳаётимизни тубдан ўзгартирганмиз. (Рим. 12:2) Шундай бўлса ҳам, ишимиз ҳали ўз ниҳоясига етгани йўқ. Биз меҳр-муҳаббатимизни ўғирлаш учун фаол беллашаётган нарсаларга, жумладан, моддий нарсаларга эга бўлиш ниятига ва ҳар қандай шаҳвоний истакларга нисбатан сергак туришимиз зарур. (Ҳик. 4:23; Мат. 5:27–29) Аллоҳнинг Шоҳлигига бўлган самимий севгимизни сақлашимиз учун Яҳова бизларга бошқа қимматбаҳо бир хазина берган.
НАЖОТБАХШ ХИЗМАТИМИЗ
8. а) Нима учун ҳаворий Павлус хизматимизни лойдан ясалган идишларда сақланаётган хазина сифатида тасвирлаган? б) Қандай қилиб Павлус хизматни қадрлаётганини кўрсатган?
8 Исо бизга Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилиш ва таълим бериш вазифасини топширган. (Мат. 28:19, 20) Ҳаворий Павлус бу хизмат қанчалик юқори қадр-қимматга эга эканини тушунган. У янги аҳднинг хизматчиси бўлишни лойдан ясалган идишларда сақланаётган хазина сифатида тасвирлаган. (2 Кор. 4:7; 1 Тим. 1:12) Гарчи лойдан ясалган осий банда бўлсак-да, биз эълон қилаётган хабар ўзимизни ва бизни тинглаётган кишиларни абадий ҳаётга етаклаши мумкин. Буни билган Павлус қуйидагича айтганди: «Буларнинг барини хушхабар учун, яъни уни бошқалар билан баҳам кўриш ниятида қиляпман». (1 Кор. 9:23) Ҳа, Павлуснинг хизматга бўлган севгиси уни шогирд тайёрлаш ишида тер тўкиб меҳнат қилишга ундаган. (Римликларга 1:14, 15; 2 Тимўтийга 4:2 ни ўқинг.) Бундай меҳнати туфайли у шиддатли қаршиликларга дош бера олган. (1 Салон. 2:2) Хўш, қай тариқа биз хизматга нисбатан бундай севгини намоён эта оламиз?
9. Хизмат учун миннатдор эканимизни намоён этишнинг айрим йўллари қандай?
9 Павлус ваъзгўйлик хизмати учун миннатдорчилик билдирганининг йўлларидан бири — бошқаларга ваъз қилиш мақсадида ҳар бир имкониятдан фойдалангани эди. Ҳаворийларга ва илк масиҳийларга ўхшаб, биз ҳам норасмий, омма олдида ва уйма-уй ваъз қиламиз. (Ҳавор. 5:42; 20:20) Қолаверса, шароитларимиз йўл қўйганча хизматимизни кенгайтириш йўлларини излаймиз. Эҳтимол, кўмакчи ёки доимий кашшоф бўлиб хизмат қилармиз. Ё бўлмаса, бошқа тилни ўрганишимиз, мамлакатимиздаги бошқа ҳудудга ёки ҳатто бошқа юртга кўчиб ўтишимиз мумкиндир. (Ҳавор. 16:9, 10)
10. Ирен хушхабарни баҳам кўришга қатъий қарор қилгани учун қандай барака олган?
10 Келинг, Қўшма Штатларда яшовчи турмушга чиқмаган Ирен исмли имондошимизнинг мисолини ўрганиб чиқайлик. У рус тилида гапирувчи муҳожирларга ваъз қилишни жудаям истаган ва бунга 1993 йили киришган. Ўша пайтда Нью-Йорк шаҳрида биттагина, атиги 20 кишидан иборат рус гуруҳи бор эди. Тахминан 20 йил ичида Ирен ушбу гуруҳ билан хизмат қилиб келди. У шундай деди: «Мен ҳалигача рус тилини мукаммал билмайман». Лекин Яҳова Иреннинг ва унга ўхшаганларнинг ғайратини кўриб, барака ёғдирди. Бугунги кунда Нью-Йорк шаҳрида 6 та рус жамоати бор. Ирен тадқиқ ўтказган кишилардан 15 таси сувга чўмди. Улардан баъзилари байтилчи, кашшоф ва оқсоқол бўлиб хизмат қилишяпти. Ирен қуйидагича бўлишди: «Мен эришишим мумкин бўлган бошқа мақсадлар ҳақида ўйлаганимда, улардан қайсидири менга ҳозиргидан ҳам кўпроқ қувонч келтиришини тасаввур қила олмайман». Кўриб турганимиздек, Ирен ростдан ҳам хизматни қадрлайди!
11. Қувғинларга қарамай, ваъз қилишда давом этиш қандай ижобий натижаларга олиб келади?
11 Агар хизматни қадрласак, биз ҳам ҳаворий Павлусга ўхшаб, қувғинларга қарамай, ваъз қилишда давом этамиз. (Ҳавор. 14:19–22) 1930 ва 1940 йилларнинг бошида Қўшма Штатлардаги имондошларимиз қаттиқ қаршиликларга дуч келишди. Бироқ улар ҳаворий Павлус сингари қатъий туриб, ваъз қилишни тўхтатишмади. Ваъз қилиш ҳуқуқимизни ҳимоялаш учун биродарларимиз кўп судлашишди. 1943 йили Нейтан Норр биродаримиз АҚШнинг Олий судида қозонилган ғалаба борасида қуйидагича изоҳ берди: «Барча зафарларга сизлар кураш олиб борганинглар учун эришганмиз. Агар ваъзгўйлар хизмат қилишда давом этмаганларида, Олий судда ҳеч қандай ишлар кўриб чиқилмасди, лекин сизлар, бутун дунёдаги ваъзгўйлар, на ҳозир, на келажакда ваъз қилишни тўхтатмоқчи эмаслигингиз туфайли таъқибларга чек қўйиляпти. Ҳа, Раббимизнинг халқи қатъий тургани судда шундай қарор чиқарилишига олиб келди». Бошқа мамлакатлардаги имондошларимизнинг қатъийлиги туфайли худди шундай ғалабаларга эришиляпти. Дарҳақиқат, хизматга бўлган муҳаббатимиз қувғинларни тўхтатиши мумкин!
12. Хизмат масаласида нима қилишга қарор қилдингиз?
12 Хизматни Яҳова томонидан берилган қимматбаҳо хазина деб билсак, ҳеч қачон шунчаки соат йиғиш билан кифояланиб қолмаймиз. Биз «хушхабарни айтиш орқали кенг шоҳидлик бериш» учун қўлимиздан келганини қиламиз. (Ҳавор. 20:24; 2 Тим. 4:5) Лекин бошқаларга нима ҳақда таълим берамиз? Келинг, Худо берган яна бир хазинани кўриб чиқайлик.
ОЧИЛГАН ҲАҚИҚАТЛАРДАН ИБОРАТ ХАЗИНАМИЗ
13, 14. Матто 13:52 да Исо тилга олган «хазина» нимани ўз ичига олади ва биз уни қандай тўлдирмоқдамиз?
13 Учинчи маънавий хазина — очилган ҳақиқатлардан иборат бўлган хазинамиздир. Яҳова — ҳақиқат Манбаидир. (2 Шоҳ. 7:28; Юҳан. 17:17) Саховатли Ота сифатида У Ундан қўрқадиганлар билан илоҳий ҳақиқатларни баҳам кўради. Ҳақиқатни илк бор эшитганимиздан бери бизда Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобдан, адабиётларимиздан, анжуманларимиздан ва ҳар ҳафтадаги йиғилишлардан ҳақиқатларни жамлаш имконияти бор. Вақт ўтиб эса, Исонинг сўзлари билан айтганда, биз эски ва янги ҳақиқатлардан иборат «хазина» тўплаган бўламиз. (Матто 13:52 ни ўқинг, изоҳ.) Бундай ҳақиқатларни яширин хазина қидиргандай изласак, Яҳова бизга янги қимматбаҳо ҳақиқатларни «хазинамизга» тўплашга ёрдам беради. (Ҳикматлар 2:4–7 ни ўқинг.) Қизиқ, буни қандай қила оламиз?
14 Биз самарали шахсий тадқиқ ўтказиш одатини ривожлантиришимиз ва Худонинг Каломи ҳамда адабиётларимиз асосида пухта изланиш олиб боришимиз керак. Бу бизга ҳали биз билмаган янги ҳақиқатларни топишга ёрдам беради. (Ёшуа 1:8, 9; Заб. 1:2, 3) 1879 йили июль ойида чоп этилган ушбу журналнинг илк сонида шундай ёзилганди: «Ҳақиқат бамисоли ҳаёт саҳросидаги оддий кичкина бир гул кабидир. Унинг атрофини қалин ўсган бегона ўтлар сингари бўлган хатоликлар ўраб олади ва уни деярли бўғиб қўяди. Агар уни топсангиз, доимо ҳушёр бўлиб юришингиз керак бўлади... Агар унга эга бўлишни истасангиз, унинг соҳиби бўлиш учун ўзингизни ерга уришингизга тўғри келади. Биттагина ҳақиқат гули билан кифояланиб қолманг... Мудом тўпланг, кўпроқ изланг». Ҳа, илоҳий ҳақиқатлардан иборат хазинамизни бойитиш учун жон-жаҳдимиз билан курашишимиз лозим.
15. Нега биз айрим ҳақиқатларни «эски» деб таърифлай оламиз ва улардан қайси бирларини сиз айниқса қадрлайсиз?
15 Худонинг халқи билан илк бор мулоқот қилишни бошлаганимизда, баъзи бебаҳо ҳақиқатларни билиб олганмиз. Бу ҳақиқатларни «эски» деб таърифласа бўлади, нега деганда уларни биз масиҳий йўлдан юришни бошлаганимиздан буён билиб, тушунганмиз. Қизиқ, бундай қимматбаҳо ҳақиқатларга нима киради? Мисол учун, Яҳова Яратувчимиз ва ҳаёт ато этувчи Зот эканини ва Унинг одамзод учун нияти борлигини ўргандик. Қолаверса, Аллоҳ бизни гуноҳ ва ўлимдан халос қилиш учун Ўз Ўғлини тўлов қурбонлиги сифатида севги ила тақдим этганини ҳам билиб олдик. Кейинчалик Унинг Шоҳлиги барча азоб-уқубатларни бартараф этишини ҳамда бу Шоҳлик остида биз абадият давомида тинч ва бахтли ҳаёт кечириш истиқболига эга эканимизни ўргандик. (Юҳан. 3:16; Ваҳ. 4:11; 21:3, 4)
16. Қайсидир ҳақиқат борасидаги тушунчага ойдинлик киритилганида, нима қилишимиз керак?
16 Вақт ўтиши билан Муқаддас Китобдаги башоратларнинг ёки айрим баёнотларнинг тушунчаси ойдинлашиши мумкин. Бундай янги тушунчалар киритилганида, биз бу маълумотни синчиклаб тадқиқ қилиш ва устида мулоҳаза юритиш учун вақт ажратишимиз даркор. (Ҳавор. 17:11; 1 Тим. 4:15) Биз нафақат катта ўзгаришларни, балки эски ва янги тушунчанинг орасидаги унчалик катта бўлмаган фарқни ҳам яхшилаб тушуниб олишимиз лозим. Шундай йўл тутиб, биз янги ҳақиқатни ўзимизнинг хазинамизга жойлаштириб қўйган бўламиз. Нега бундай ҳаракатларимизни арзигулик деса бўлади?
17, 18. Муқаддас руҳ бизга қандай ёрдам бериши мумкин?
17 Исо Аллоҳнинг муқаддас руҳи ўрганган нарсаларимизни ёдимизга солиши мумкинлиги тўғрисида айтганди. (Юҳан. 14:25, 26) Бу бизга ваъз қилаётганимизда қандай ёрдам бериши мумкин? Масалан, Питер исмли биродаримизнинг мисолини олайлик. У 1970 йилда, 19 яшар бўлганида, эндигина Британиядаги Байтилда хизмат қилишни бошлаганди. Бир куни уйма-уй ваъз қилаётганида, у ўрта ёшли соқолли кишини учратибди. Шунда Питер ундан Муқаддас Китобни ўрганиш нияти бор-йўқлигини сўрабди. Бироз эсанкираб қолган ўша киши бу яҳудий дин раҳбарининг уйи эканини айтибди. Кейин эса дин пешвоси Питерни синаш учун унга қуйидаги саволни берибди: «Ундай бўлса, ўғлим, Дониёр китоби қайси тилда ёзилганини айт-чи?» Шунда Питер: «Қисман оромий тилда»,— деб жавоб қайтарибди. Шунингдек, Питер қуйидагиларни эслайди: «Ўша киши жавобни билганимдан лол қолди, лекин менчалик эмас. Чунки ўшанда саволига жавоб бера олганимдан ўзим ҳам қойил қолдим. Уйга қайтгач эса, “Қўриқчи минораси” ҳамда “Уйғонинг!” журналларининг олдинги ойларда чиққан сонларини кўриб чиқиб, Дониёр китоби оромий тилда ёзилгани борасидаги мақолани топдим». (Дон. 2:4, изоҳ) Ҳа, биз илгари ўқиган ва хазинамизда хавфсиз қилиб сақлаб қўйган фикрларни муқаддас руҳ ёдимизга солиши мумкин. (Луқо 12:11, 12; 21:13–15)
18 Агар Яҳовадан олаётган доноликни қадрласак, қалбимиз хазинамизни ҳам эски, ҳам янги ҳақиқатлар билан тўлдиришга ундайди. Яҳованинг донолиги учун севгимиз ва миннатдорчилигимиз ўсгани сайин эса, бошқаларга таълим беришга янада тайёр бўламиз.
МАЪНАВИЙ ХАЗИНАЛАРИНГИЗНИ АСРАНГ
19. Нима сабабдан маънавий хазиналаримизни асрашимиз керак?
19 Шайтон ва унинг дунёси бу мақолада тилга олинган маънавий хазиналарни қадрламай қўйишимизни истайди ва биз бундай ҳийлаларга қарши эмланмаганмиз. Биз осонликча сердаромад иш, фаровон ҳаёт кечириш ёки мол-мулк билан мақтаниш каби орзуларга берилиб кетишимиз мумкин. Лекин Ҳаворий Юҳанно бизни бу дунё ва унинг нафси ўтиб кетиши ҳақида огоҳлантиряпти. (1 Юҳан. 2:15–17) Шунинг учун, биз ҳис-туйғуларимизни асраб, маънавий хазиналарга бўлган севгимиз ва миннатдорчилигимизни сақлаб қолишимиз зарур.
20. Маънавий бойликларингизни асраш учун нима қилишга қарор қилдингиз?
20 Худонинг Шоҳлигига бўлган чин севгингизнинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган ҳар қандай нарсадан воз кечинг. Нажотбахш хизматимиз учун миннатдорликни йўқотмай, ғайрат ила ваъз қилишдан тўхтаманг. Илоҳий ҳақиқатларни астойдил излашда давом этинг. Бундай қилиб, сиз «осмонда... хазина тўплаган» бўласиз. «У ерга ўғри ҳам, куя ҳам тушмайди. Зеро хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади». (Луқо 12:33, 34)