Ибодат
7 Ижобат бўладими?
ЮҚОРИДА келтирилган савол чиндан ҳам диққатга сазовордир. Муқаддас Китоб Аллоҳ Яҳова ибодатларни тинглашга қодир эканини кўрсатмоқда. Аммо дуоларимизни Худо қабул қилиш ёки қилмаслиги ўзимизга ҳам боғлиқ.
Биринчи асрдаги диний раҳбарлар дуоларни Аллоҳ тинглаши учун эмас, балки халқ олдида ўзини кўрсатмоқчи бўлиб хўжакўрсинга ўқишарди. Ҳазрати Исо бундай қилганларнинг ибодатини қоралаб: «Улар ўзларига ярашасини олиб бўлдилар»,— деб айтганлар. Яъни бу иккиюзламачиларнинг олган мукофоти, одамларга яхши кўрингани холос (Матто 6:5). Бугунги кунда ҳам кўпчилик шундай ният билан ибодат қилади. Уларнинг ибодатлари ижобат бўлмаслигининг асосий сабаби, Муқаддас Китобда келтирилган меъёрларни амалда қўлламасликларидадир.
Нима деб ўйлайсиз, қилаётган ибодатларингизни Худо эшитиб уларга жавоб беряптими? Аллоҳимиз инсонларнинг ирқи, миллати, қолаверса ижтимоий аҳволига қараб ибодатларни тингламайди. Чунки Муқаддас Китоб ушбу саволнинг негизи нимада эканини кўрсатиб: «Худонинг юз-хотир қилмаслигини, балки Ундан қўрққан ва тўғрилик ила иш тутган ҳаммани миллатига қарамай қабул қилишини» таъкидламоқда (Ҳаворийлар 10:34, 35). Агар Худодан қўрқаётган бўлсангиз, Унинг ҳиссиётларини инобатга олиб, хафа қилиб қўйишдан ўзингизни тиясиз. Шунингдек, агар сиз тўғрилик ила иш тутаётган бўлсангиз, демак ўзингиз ёки бошқалар айтганини эмас, Худо айтганини бажарган бўласиз. Дарҳақиқат, ҳар ким ибодатлари ижобат бўлишини хоҳлайди. Бу учун эса муайян нарсаларни инобатга олиш керакa.
Кўп одамлар Худо ибодатларга мўъжизавий равишда жавоб беришини кутади. Тўғри, қадим замонларда Аллоҳ шундай қиларди, аммо бундай ҳодисалар ҳар доим ҳам бўлмаган. Зеро, Муқаддас Китобда баён этилган мўъжизалар орасида гоҳо асрлар ўтарди. Бундан ташқари, Исонинг ҳаворийлари, яъни яқин шогирдлари ҳаётдан кўз юмишганидан кейин мўъжизалар ўз ниҳоясига етиши ҳақида башорат қилинганди (1 Коринфликларга 13:8–10). Бундан чиқди, Аллоҳ ибодатларга жавоб бермас экан-да? Асло! Келинг, дуоларга Худо қандай жавоб бераётганини билайлик.
Донолик беради. Худованд Яҳова барча доноликнинг манбаидир. Ва У, сахийлик билан Унинг йўл-йўриқларини излаган ҳамда бунга биноан йўл тутишни истаганларга ҳикмат ато этади (Ёқуб 1:5).
Муқаддас руҳини беради. Худонинг фаол қудрати бўлмиш муқаддас руҳ, оламдаги энг олий кучдир. Аллоҳнинг қудрати қийинчиликларга бардош беришга кўмаклашади. Қолаверса, юрагимизга хотиржамлик бахш этиб, руҳнинг самараси бўлмиш гўзал фазилатларни ривожлантиришга ҳисса қўшади (Галатияликларга 5:22, 23). Исо алайҳиссаломнинг ваъда беришича, сўраганлардан Худо муқаддас руҳини дариғ тутмайди (Луқо 11:13).
Уни излаганларга ҳақиқатни очиб беради. (Ҳаворийлар 17:26, 27). Бутун дунёда ҳақиқатни излайдиган самимий инсонлар жуда кўп. Улар Худонинг исмини, Унга қандай яқинлашиш мумкинлигини ва бутун инсониятга бўлган ниятини билишини хоҳлайдилар (Ёқуб 4:8). Яҳованинг Шоҳидлари бундай инсонларга тез-тез дуч келиб, Муқаддас Китобдан уларга бажонидил жавоб беришади.
Ким билсин, Яҳованинг Шоҳидлари чиқараётган ушбу журналга эга бўлганингиз ҳам тасодиф эмас, балким ибодатларингизга жавобдир?!
[Изоҳ]
a Ибодатлар ижобат бўлиши учун нима қилиш кераклиги ҳақида кўпроқ маълумот олишни хоҳласангиз, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобининг 7- бобига қаранг.