«Таълим билан машғул бўл»
«СИЗЛАР Мени Устозимиз ва Раббимиз [Ҳазратимиз, ЯДТ] деб айтасизлар ва тўғри қиласизлар, чунки Мен худди шундайман» (Юҳан. 13:13). Исо, шогирдларига айтган бу сўзлар билан айнан у Устоз эканини таъкидлаяпти. Гап шундаки, Исо Масиҳ осмонга кўтарилишидан аввал издошларига қуйидагича деган: «Бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар... Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар» (Мат. 28:19, 20). Кейинчалик, ҳаворий Павлус ҳам, Худонинг ҳақиқатига ўргатиш қанчалар муҳим эканини айтган эди. Оқсоқол бўлган Тимўтийга у шунақа маслаҳат берган: «Тиловат, насиҳат ва таълим билан машғул бўл... Ҳамма бу ишлар билан шуғуллан. Сенинг муваффақиятингга ҳамма гувоҳ бўлиши учун ўзингни бу ишларга бутунлай бағишла» (1 Тим. 4:13–15).
Биламизки, ваъзгўйлик хизмати ва йиғилишларда таълим бериш ҳозир ҳам, келажакда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хўш, унда қандай қилиб таълим билан машғул бўлишимиз мумкин? Қолаверса, Аллоҳнинг Каломидаги ҳақиқатни ўзгаларга етказишда муваффақиятли бўлиш учун бизга нима кўмаклашади?
Буюк Устозимизга эргашинг
Исонинг таълим бериш усуллари ҳаммабоп эди. Унинг сўзлари, ҳатто Носирадаги ибодатхонада тинглаган кишиларда чуқур таассурот қолдирган. Устозимизнинг шогирди Луқо шундай ёзганди: «Ҳамма Исонинг айтганларини маъқуллар эди. Унинг оғзидан чиққан латиф сўзларга маҳлиё бўлишарди» (Луқо 4:22). Шунингдек, Исонинг шогирдлари ваъз қилишаётганда, унга тақлид қилишга интилишарди. Павлус имондошларини: «Мен Масиҳга қандай эргашсам, сизлар ҳам менга шундай эргашинглар»,— деб чорларди (1 Кор. 11:1). Ҳа, Павлус Исонинг таълим бериш усулларидан ўрнак олгани учун, «кўчама-кўча, уйма-уй юриб таълим беришда» аъло самараларга эришган (Ҳавор. 20:20).
«Бозор майдонида» суҳбатлашинг
Ҳаворийлар 17- бобини ўқиганимизда, Павлус омма олдида маҳорат ила ваъз қилганини кўришимиз мумкин. У Афинага (Греция) ташриф буюргани тўғрисида ҳам, у ердан билиб оляпмиз. Павлус, шаҳарнинг кўчалари ва оммавий жойлари бутлар билан тўлиб кетганини кўрган. Буларнинг барчаси ғашини келтираётган бўлса-да, ҳаворий туйғуларига берилмади. Аксинча у, «гоҳ яҳудий ибодатхонасида... гоҳ бозор майдонида учрашиб турганлар билан ҳар куни мунозара қилар эди» (Ҳавор. 17:16, 17). Нақадар зўр ўрнак! Шундай эмасми? Келиб чиқиши турлича бўлган кишилар билан суҳбатлашаётганда, уларни дарров айблаб қўймайлик. Қайтанга, бундайлар билан хушмуомала тарзда гаплашсак, эҳтимол баъзилари сохта диндан озод бўлишига йўл очиб берармиз (Ҳавор. 10:34, 35; Ваҳ. 18:4).
Павлус бозор майдонида ваъз қилаётганида, одамларнинг ҳаммаси ҳам хушхабарни қабул қилмаган. Тингловчилар орасида тушунчалари ҳақиқатга умуман зид бўлган файласуфлар ҳам бор эди. Бу одамлар Павлуснинг гапларига қўшилмаса ҳам, у барибир уларни эшитишга ҳаракат қиларди. Уларнинг айримлари ҳаворийни «маҳмадона» дейишса, бошқалари эса: «У бегона тангриларнинг ваъзхони, шекилли»,— деб айтишарди (Ҳавор. 17:18).
Бироқ, тингловчилар Павлусни минг камситмасин, у барибир тушкунликка тушмас эди. Бошқа томондан кимдир қизиқиб қолса, ҳаворий бундай фурсатни қўлдан бой бермай, таълим бериш маҳоратини ишга солиб, уларни мулоҳаза юритишга ундарди (Ҳавор. 17:19–22; 1 Бутр. 3:15). Энди келинг, Павлуснинг нутқига диққат қаратиб, таълим бериш маҳоратимизни ошириш учун қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини биламиз.
Тингловчиларни қизиқтирадиган мавзуни танланг
Павлус шуларни айтган: «Эй афиналиклар! Мен сизларни ҳар жиҳатдан жуда диндор кўряпман. Чунончи, кезиб-кезиб, азиз жойларингизни кўздан кечириб, “НОМАЪЛУМ ХУДОГА БАҒИШЛАНГАН” деб ёзилган бир қурбонгоҳга ҳам дуч келдим. Худди шу сизлар билмай сиғинаётган Худони мен сизларга маълум қилмоқчиман» (Ҳавор. 17:22, 23).
Кўриб турганимиздек, Павлус атрофидаги барча нарсага эътибор берган. У ҳамма ёқни синчковлик ила кузатгани учун, тингловчилари ҳақида анчагина маълумотга эга бўлганди. Агар биз ҳам диққатли бўлсак, уй эгаси ҳақида баъзи нарсаларни билиб олишимиз мумкин. Масалан, ҳовлида ётган ўйинчоқлар ёки эшик тепасида илинган қанақадир буюмлар бизга кўп нарсани ойдинлаштиради. Уй эгасининг шароитлари тўғрисида бир оз тушунчамиз бўлса, биз нафақат нима дейишни, балки буни қандай қилиб айтишни ҳам биламиз (Колос. 4:6).
Ҳа, Павлус хушхабарни доимо ижобий тарзда айтарди. Афиналиклар аниқ билимларга эга бўлишмаганини у тушунган. Уларга ёрдам бериш мақсадида, Павлус хушхабарни ваъз қилган. Дарвоқе, одамлар ҳақиқатни билиб олишларини хоҳласак, аниқ тарзда ваъз қилишимиз ўта муҳим (1 Кор. 14:8). Чиндан ҳам, ўзгаларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни етказаётганда, ҳам аниқ, ҳам ижобий тарзда гапириш оқилонадир!
Юз-хотирсиз ва хушмуомала муносабат
Павлус қуйидагиларни ёзган: «Борлиқни яратган Парвардигори олам еру осмон Эгаси бўлиб, инсон қўли билан яратилган маъбадларда яшамайди. У бирон нарсага муҳтож эмаски, Унга инсон қўллари билан хизмат қилиб бўлса. У Ўзи ҳаммага ҳаёт, нафас ва борлиқни берган» (Ҳавор. 17:24, 25).
Яққол кўриниб турибдики, Павлус Яҳова Таоло Яратувчимиз ва «еру осмон Эгаси» эканига алоҳида диққат қаратяпти. Барча нарса Худойимиз Яҳованинг иродаси бўйича вужудга келгани ҳақида турли дин ва миллат вакилларига айтиб бериш, биз учун ҳам катта бахт! (Заб. 35:10).
Давом этиб, Павлус шундай деган: «Худо барча одамзодни бир одамдан яратиб, ер юзига тарқалиб яшашига йўл қўйган. Инсониятнинг белгили даврларини, турли истиқомат жойларини Худо тайин этган. У ҳар биримизга жуда яқин бўлиб, пайпаслаб-пайпаслаб бўлса-да, Мени қидириб топинглар, деб буюрмоқда» (Ҳавор. 17:26, 27).
Шуниси қизиқки, таълим бериш усуллари, хизмат қилаётган Аллоҳимиз қанчалик меҳр-иноятли эканини намоён этади. Тангри Яҳова юз-хотирчилик қилмай, ҳамма одамлар «пайпаслаб-пайпаслаб бўлса-да», Уни топишларини хоҳлайди. Шу каби, биз ҳам кимни учратмайлик, юз-хотирсиз ваъз қиламиз. Зеро, барчамиз Парвардигорга ишонган ҳар бир киши Унга янада яқинлашиб, абадулабад Унинг баракаларидан баҳраманд бўлишини истаймиз (Ёқб. 4:8). Бироқ, Худонинг борлигида шубҳаланаётган инсонларга қандай қилиб ёрдам беришимиз мумкин? Бунда ҳам Павлуснинг мисоли қўл келади. Қаранг, у нима деб айтган.
«Биз У орқали яшаймиз, ҳаракат қиламиз, бормиз. Ўз шоирларингиздан баъзилари айтганидек: “Биз ҳам Унинг авлодимиз”. Бизлар Тангрининг авлоди эканмиз, Уни инсон ақли ва усталиги билан ясалган олтинга, кумушга ёки тошга ўхшатмаслигимиз керак» (Ҳавор. 17:28, 29).
Ҳаворий, афиналикларга таниш бўлган шоирларнинг гапларини келтириб, суҳбатга замин яратди. Биз ҳам, кўпчиликка маълум бўлган нарсаларга асосланиб гап очишимиз мумкин. Масалан, Павлус ибронийларга йўллаган мактубида зўр мисол келтирган: «Ҳар бир уйнинг қурувчиси бору, аммо аслида ҳамманинг бинокори — Худо» (Иброн. 3:4). Шунга ўхшаб, тингловчиларга оддий мисоллар орқали ҳақиқатни тушунарли тарзда етказишимиз мумкин. Павлуснинг нутқида амалий томони шундаки, у тингловчиларни ҳаракатга ундарди.
Қандай замонда яшаётганимизни унутманг
Павлус қуйидагича айтган эди: «Худо ўтган бу қоронғи даврларга кўз юмган бўлса-да, энди ҳамма ерда, ҳамма инсонларнинг тавба қилишларини буюрмоқда. Ўзи қўйган Зот орқали У дунёни адолат билан ҳукм этадиган бир кун тайин этди. Ўша Зотни ўлганидан кейин тирилтириб, барча инсонларга ишонч бағишлади» (Ҳавор. 17:30, 31).
Аллоҳимиз Яҳова ёвузликнинг бор бўлишига йўл қўйгани билан, биз аслида қандай инсон эканимизни намоён этишимизга имкон бермоқда. Шундай экан, келинг, қандай замонда яшаётганимизни ёдда сақлаб, яқин орада Худонинг Шоҳлиги қанақа қут-баракалар келтириши тўғрисида жасорат ила барчага айтайлик (2 Тим. 3:1–5).
Ҳар хил муносабат
«Ўликларнинг тирилишини эшитиб, баъзилар масхара қилиб кулдилар. Бошқалар эса: “Бу ҳақда сени бўлак пайт эшитамиз”,— дедилар. Шундай қилиб, Павлус уларнинг ўртасидан чиқиб кетди. Баъзи одамлар эса унга эргашиб имон келтирдилар» (Ҳавор. 17:32–34).
Ҳа, айримлар хушхабарни эшитибоқ, уни қабул қилса, бошқалар учун эса вақт талаб этилади. Аммо-лекин, ўзгалар билан хушхабарни тушунарли ва содда тарзда баҳам кўрсак, ҳатто бир киши бўлса ҳам Яҳова ҳақида аниқ билимга эга бўлади. Ахир бу катта шараф эмасми?! (Юҳан. 6:44).
Сабоқлар
Павлуснинг нутқи ҳақида фикр юритиб, бошқалар билан ҳақиқатни қандай қилиб бўлишиш мумкинлиги борасида анчагина нарсани ўргандик. Жамоатда оммавий нутқни сўзлайдиган биродаримиз ҳам, Павлус каби хушмуомалалик ила гапирса, имондошимиз бўлмаганлар Худонинг Каломи билан қизиқиб қолиши ҳеч гап эмас. Албатта ҳақиқатни аниқ қилиб етказишга интиламиз, бироқ имонимизга шерик бўлмаганларнинг эътиқодини камситишдан эҳтиёт бўламиз. Бошқа томондан эса, ваъзгўйликда қўлимиздан келганича ишонарли ва хушмуомала тарзда таълим беришган жон куйдирамиз. Шу йўсин, Павлуснинг: «Таълим билан машғул бўл»,— деган маслаҳатига қулоқ солган бўламиз.
[30- саҳифадаги расм]
Ҳаворий Павлус аниқ, содда ва хушмуомала тарзда таълим берарди
[31- саҳифадаги расм]
Ваъз қилаётиб, Павлус каби ўзгаларнинг ҳиссиётини эътиборга олайлик