17- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Ёвуз руҳларга қарши туриш учун Яҳованинг ёрдамини қабул қилинг
Кўкдаги ёвуз руҳлар... билан курашяпмиз. ЭФЕС. 6:12
55- ҚЎШИҚ Ёвдан ҳеч қўрқма!
БУ МАҚОЛАДАa
1. Эфесликларга 6:10–13 да тушунтирилганидек, Яҳова бизга ғамхўрлик қилаётганини кўрсатадиган муҳим йўлларидан бири қандай? Тушунтиринг.
ЯҲОВА биз хизматчиларига ғамхўрлик қилаётганини кўрсатадиган муҳим йўлларидан бири душманларимизга қарши туришга кўмаклашишидир. Асосий душманларимиз Шайтон ва жинлар. Яҳова бизни улар ҳақида огоҳлантириб, уларга қарши туришимиз учун бизга керакли нарсаларни тақдим этмоқда. (Эфесликларга 6:10–13 ни ўқинг.) Яҳованинг кўмагини қабул қилиб, Унга бутунлайин таянсак, Иблисга қарши туришда муваффақиятли бўламиз. Ҳаворий Павлуснинг: «Агар Тангри биз тарафда бўлса, унда ким бизга қарши чиқади?» — деб айтган сўзларига аминмиз. (Рим. 8:31)
2. Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?
2 Худонинг ҳақиқий хизматчилари эканмиз, Шайтон ва жинларга ҳаддан ташқари эътибор бермаймиз. Аксинча, кўпроқ диққатимизни Яҳова ҳамда Унга хизмат қилиш борасида билим орттиришга қаратамиз. (Заб. 25:5) Лекин Шайтон бизни алдаш мақсадида қўллаётган асосий усулларни билишимиз керак. Нима сабабли? Чунки шунда, унга алданиб қолмаймиз. (2 Кор. 2:11) Ушбу мақолада Шайтон ва жинлар одамларни йўлдан уриш учун қўллаётган асосий усулни кўриб чиқамиз. Шунингдек, уларга қарши туришда қай йўсин муваффақиятли бўла олишимизни ҳам билиб оламиз.
ҚАЙ ЙЎСИН ЁВУЗ РУҲЛАР ОДАМЛАРНИ ЙЎЛДАН УРЯПТИ?
3–4. а) Сеҳр-жоду бу нима? б) Сеҳр-жодуга ишониш қанчалик кенг тарқалган?
3 Шайтон ва жинлар одамларни йўлдан оздириш учун қўллайдиган асосий усул сеҳр-жоду. Бу билан шуғулланадиган кишиларнинг таъкидлашича, улар одатда инсонлар билмайдиган ёки назорат қила олмайдиган нарсаларни билиб, назорат қила олишар экан. Масалан, баъзилар фолбинлик ёки мунажжимлик орқали келажакни башорат қила олишини айтади. Бошқалар эса, ўзини арвоҳлар билан гаплашаётгандек тутиши мумкин. Яна кимлардир сеҳргарлик ёки афсунгарлик билан шуғулланиб, иссиқ-совуқ қилишадиb.
4 Сеҳр-жоду билан шуғулланиш қанчалик кенг тарқалган? Тадқиқотларга кўра, Лотин Америкасининг 18 та мамлакатида ва Кариб оролларида яшовчи одамларнинг тахминан учдан бир қисми афсунгарлик, жодугарлик ёки сеҳргарлик билан шуғулланади ва деярли шунчаси арвоҳлар билан алоқа қилиш мумкинлигига ишонади. Бошқа тадқиқот Африканинг 18 та мамлакатида ўтказилди. Унга биноан, ўртача ҳисобда, одамларнинг ярмидан кўпи жодугарликка ишонар экан. Гап шундаки, қаерда яшашимиздан қатъи назар, ўзимизни сеҳр-жодудан ҳимоя қилишимиз даркор. Негаки, Шайтон «бутун ер юзидаги» инсонларни йўлдан оздирмоқчи. (Ваҳ. 12:9)
5. Яҳова сеҳр-жоду борасида қандай фикрда?
5 Яҳова «ҳақиқат Тангриси». (Заб. 31:5) Шундай экан, У сеҳр-жоду борасида қандай фикрда? Худо ундан нафратланади! Яҳова Исроил халқига шундай деган: «Орангизда ўғилу қизларини оловда куйдирадиган, фолбин, сеҳр-жоду билан шуғулланувчи, белгиларга қараб фол очувчи, сеҳргар, иссиқ-совуқ қилувчи, арвоҳ чақирувчи билан маслаҳатлашадиган, фолбин ёки ўликларга мурожаат қилувчи бўлмасин. Чунки бундай нарсалар билан шуғулланадиган ҳар қандай киши Яҳова учун жирканчдир». (Қонун. 18:10–12) Тўғри, масиҳийлар Яҳова Исроил халқига берган Таврот Қонуни остида эмас. Аммо биламизки, Яҳованинг сеҳр-жоду борасидаги фикри ўзгармаган. (Мал. 3:6)
6. а) Қандай қилиб Шайтон сеҳр-жоду орқали одамларга зарар келтирмоқда? б) Воиз 9:5 да ёзилган ҳақиқатга кўра, ўлганлар қандай ҳолатда?
6 Яҳова сеҳр-жодудан бизни огоҳлантирмоқда. Чунки Худо биладики, Шайтон у орқали одамларга зарар келтиради. Шайтон сеҳр-жоду орқали ёлғонларни, жумладан, арвоҳлар борасидаги уйдирмани олға сурмоқда. (Воиз 9:5 ни ўқинг.) У шунингдек, сеҳр-жодудан фойдаланиб одамларни қўрқув остида тутмоқчи ва уларни Яҳовадан узоқлаштирмоқчи. Унинг мақсади сеҳр-жоду билан шуғулланадиган кишилар Яҳовага эмас, ёвуз руҳларга таянишига қаратилган.
ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ЁВУЗ РУҲЛАРГА ҚАРШИ ТУРА ОЛАМИЗ?
7. Яҳова нима қилишимизни хоҳлаяпти?
7 Юқорида айтилганидай, Шайтон ва жинлар томонидан алданиб қолмаслигимиз учун Яҳова бу борада нима деяётганига қулоқ солишимиз лозим. Келинг, Шайтон ва жинлар билан қарши курашиш учун баъзи амалий маслаҳатларга диққат қаратайлик.
8. а) Ёвуз руҳларга қарши туришимизга кўмаклашадиган асосий йўл қайси? б) Забур 146:4 даги сўзлар Шайтоннинг ўлганлар ҳақидаги ёлғонини қай йўсин ошкор этмоқда?
8 Худонинг Каломини ўқиб, унинг устида мулоҳаза юритинг. Бу ёвуз руҳлар олға сураётган ёлғонларни рад этишимизга ёрдам берадиган асосий йўлдир. Худонинг Каломи ўткир қилич бўлиб, Шайтон тарқатаётган ёлғонларни ошкор этади. (Эфес. 6:17) Масалан, Муқаддас Китобда арвоҳлар билан гаплашиш мумкинлиги ҳақидаги уйдирма фош этилган. (Забур 146:4 ни ўқинг.) У ерда шунингдек, фақат Яҳова келажак ҳақида аниқ башорат қилиши эслатилган. (Ишаё 45:21; 46:10) Худонинг Каломини доим ўқиб, унинг устида мулоҳаза юритсак, бу ёвуз руҳлар бизни ишонтирмоқчи бўлган уйдирмаларни рад этиб, улардан нафратланамиз.
9. Сеҳр-жоду билан боғлиқ қандай ишлардан йироқлашамиз?
9 Сеҳр-жоду билан боғлиқ бўлган ҳар қандай нарсани рад этинг. Худонинг ҳақиқий хизматчилари бўлганимиз учун сеҳр-жодунинг ҳеч қандай тури билан асло шуғулланмаймиз. Масалан, арвоҳ чақирувчиларга мурожаат қилмаймиз ёки ўлганлар билан ҳеч қандай алоқа қилишга ҳаракат қилмаймиз. Ўтган мақолада муҳокама қилганимиздай, арвоҳларга ишонишга асосланган дафн маросимлардан йироқлашамиз. Келажакни билиш учун мунажжимларга ёки фолбинларга мурожаат қилмаймиз. (Ишаё 8:19) Бу каби ишларнинг бари жуда хавфли эканини ва улар Шайтон ҳамда жинлар билан тўғридан-тўғри алоқа қилишга етаклашини биламиз.
10–11. а) Биринчи асрдаги баъзилар ҳақиқатни билиб олганда қандай йўл тутди? б) 1 Коринфликларга 10:21 га биноан, нега илк масиҳийларнинг ўрнагига тақлид қилишимиз керак ва қай йўсин бунинг уддасидан чиқа оламиз?
10 Оккультизм билан боғлиқ нарсалардан воз кечинг. Биринчи асрда Эфесда яшаганларнинг баъзилари сеҳр-жоду билан шуғулланган. Улар ҳақиқатни билганда эса, қатъий чора кўрган. «Сеҳр-жоду билан шуғулланганлардан кўплари китобларини йиғиб, ҳамманинг олдида ёқиб юборишди». (Ҳавор. 19:19) Улар ёвуз руҳлар билан курашишга жиддий ёндашган. Китоблари жуда қимматбаҳо эди. Бироқ уларни бошқаларга бериб ёки сотиб юборишнинг ўрнига, уларни ёқиб ташлашди. Бу кишилар учун китоблар қанчалар қимматбаҳо бўлгани эмас, Яҳовани мамнун қилиш муҳимроқ эди.
11 Хўш, биринчи асрдаги бу масиҳийларга қандай тақлид қила оламиз? Оккультизм билан боғлиқ ҳар қандай нарсадан қутулсак, доно йўл тутган бўламиз. Бунга тумор, кўзмунчоқ ёки одамлар ўзини ёвуз руҳлардан ҳимоялаш ниятида тақиб юрадиган ёки эга бўлган бошқа нарсалар ҳам киради. (1 Коринфликларга 10:21 ни ўқинг.)
12. Ўйин-кулгилар борасида ўзимизга қандай саволлар беришимиз керак?
12 Ўйин-кулгиларингиз турлари борасида яхшилаб ўйлаб кўринг. Ўзингиздан шундай сўранг: «Мен ўқиётган китоблар, журналлар ёки Интернетдаги мақолалар оккультизм билан боғлиқ эмасми? Мен тинглайдиган мусиқа, томоша қиладиган кино ва теледастурлар ёки видео ўйинларим нима ҳақида? Мен танлаган вақтичоғликнинг бошқа турлари сеҳр-жоду билан боғлиқ эмасми? Улар, масалан, вампир, зомби ёки ғайритабиий нарсалар ҳақида эмасми? Улар сеҳр-жоду, афсунгарлик ёки иссиқ-совуқ қилишни зиёнсиз кўнгилхушлик қилиб кўрсатадими?» Албатта, ўйлаб топилган ҳикоялардан ёки эртаклардан иборат ўйин-кулгиларнинг ҳаммаси ҳам сеҳр-жоду билан боғлиқ эмас. Вақтичоғлик турини танлаётиб, Яҳова нафратланадиган ҳар қандай нарсадан йироқда бўлишга ёрдам берадиган қарор қабул қилинг. Аллоҳимиз олдида виждонимизни тоза сақлаш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз. (Ҳавор. 24:16)c
13. Нима қилмаслигимиз керак?
13 Жинлар ҳақидаги ҳикояларни гапириб берманг. Бу борада Исонинг ўрнагига тақлид қилсак арзийди. (1 Бутр. 2:21) У ер юзига келишидан аввал осмонда яшаган ва Шайтон ҳамда жинлар ҳақида анчагина маълумотга эга эди. Лекин ёвуз руҳларнинг қилмишлари ҳақидаги ҳеч қандай ҳикояларни айтиб бермаган. Исо Шайтон ҳақида эмас, Яҳова тўғрисида шоҳидлик беришни истаган. Биз ҳам унга тақлид қилиб, жинлар ҳақидаги ҳикояларни тарқатмаймиз. Бунинг ўрнига, сўзларимиз орқали юрагимизда ёқимли бир нарса, яъни ҳақиқат жунбишга келаётганини кўрсатишимиз керак. (Заб. 45:1)
14–15. а) Нега ёвуз руҳлардан қўрқмаслигимиз лозим? б) Яҳова бугунги кунда Ўз халқини ҳимоя қилаётганининг қандай тасдиқлари бор?
14 Ёвуз руҳлардан қўрқманг. Бу дунёда биз билан бирон кор-ҳол юз бериши мумкин. Кутилмаганда фожиа, касаллик ёки ҳатто ўлимга дуч келишимиз ҳеч гап эмас. Лекин бунда руҳий шахслар айбдор деб ўйламаслигимиз керак. Муқаддас Китобда тушунтирилишича, ҳар биримиз «вақт ва тасодифга» дуч келамиз. (Воиз 9:11) Жинларга келадиган бўлсак, Яҳова улардан анча қудратлироқ эканини кўрсатган. Мисол учун, Худо Шайтонга Аюбни ўлдиришга йўл қўймаган. (Аюб 2:6) Мусонинг даврида эса, Яҳова Мисрдаги коҳинлардан кучли эканини намоён этган. (Чиқ. 8:18; 9:11) Кейинчалик осмонда Яҳова Исога ҳокимият ато этганда, у Шайтон ва жинларни осмондан ер юзига улоқтирган. Яқинда эса, улар бошқа ҳеч кимга зиён келтирмаслиги учун тубсизликка ташланади. (Ваҳ. 12:9; 20:2, 3)
15 Яҳова бугунги кунда Ўз халқини ҳимоя қилаётганининг кўпгина тасдиқларини кўряпмиз. Бир ўйлаб кўринг, ер юзининг турли жойларида ҳақиқатни ваъз қилиб, таълим беряпмиз. (Мат. 28:19, 20) Бунинг натижасида, Иблиснинг ёвузликларини ошкор этяпмиз. Шубҳасизки, агар Шайтонда фаолиятимизни бутунлайин тўхтатиш имкони бўлганида, у шундай қиларди, аммо бу унинг қўлидан келмайди. Шу боис ҳам ёвуз руҳлардан қўрқмаслигимиз лозим. Биламизки, «Яҳова Унга чин дилдан садоқатли бўлганларга қудратини намоён этиш ниятида бутун ер юзини кўздан кечиради». (2 Сол. 16:9) Агар Яҳовага содиқ бўлиб қолсак, жинлар абадий давом этиши мумкин бўлган зарарни бизга келтира олмайди.
ЯҲОВАНИНГ ЁРДАМИНИ ҚАБУЛ ҚИЛГАНЛАР БАРАКА ТОПАДИ
16–17. Ёвуз руҳларга қарши чиқиш учун жасоратли бўлишимиз кераклигини кўрсатадиган мисол келтиринг.
16 Айниқса, яхши ният ила йўл тутаётган дўст ёки қариндошларимиз бизга босим ўтказаётганда, ёвуз руҳларга қарши чиқиш учун жасоратли бўлишимиз даркор. Яҳова бундай жасоратли кишиларга баракалар ёғдиради. Ганада яшовчи Эрика исмли опамизнинг мисолига эътибор қаратайлик. У Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлаганда 21 ёшда эди. Унинг отаси жодугарлик билан шуғулланадиган руҳоний эди, шунинг учун у ҳам сеҳр-жоду билан боғлиқ урф-одатда иштирок этиб, отаси сиғинадиган худоларга аталган қурбонликларнинг гўштидан ейиши керак эди. Эрика буни рад этганда, қариндошлари унинг ишини худоларга нисбатан ҳурматсизликдай қабул қилишди. Бу туфайли Эриканинг оиласи худолар уларни ақлий ва жисмоний касалликлар орқали жазолашига ишонишган.
17 Эриканинг қариндошлари уни бу урф-одатда иштирок этишга мажбурламоқчи бўлишди, лекин бу, уйдан кетиш кераклигини англатса ҳам, у таслим бўлмади. У баъзи имондошларимизнинг уйларида қўним топди. Дарҳақиқат, Яҳова Эрикага яқин бўлиб қолган биродару опа-сингиллардан иборат бўлган янги оилани ато этди. (Марк 10:29, 30) Гарчи, қариндошлари ундан юз ўгирган ва ҳатто нарсаларини ёқиб юборган бўлса-да, Эрика Яҳовага содиқ бўлиб, сувга чўмди ва доимий кашшоф бўлиб хизмат қиляпти. У жинлардан қўрқмади. Қариндошлари ҳақида эса у шундай деди: «Мен ҳар куни оила аъзоларим ҳақида ибодат қилиб, улар Яҳовани таниб-билиш ва меҳрибон Тангримизга хизмат қилиш эркинлик бахш этадиган барака эканини билиб олишларини сўрайман».
18. Яҳовага таяниш қандай баракаларга элтади?
18 Ҳар биримиз ҳам бу каби қийинчиликка дуч келмаймиз. Аммо ҳаммамиз ёвуз руҳларга қарши туришимиз ва Яҳовага таянишимиз лозим. Агар шундай йўл тутсак, кўпдан-кўп баракаларга эга бўламиз ва Шайтоннинг уйдирмаларига лаққа тушмаймиз. Шунингдек, жинлардан қўрқиш бизни қамраб олмайди. Бунинг устига, Яҳова билан бўлган муносабатларимиз қалинлашади. Исонинг шогирди Ёқуб қуйидагича ёзган: «Худога бўйсуниб, Иблисга қарши туринглар, ўшанда у сизлардан қочади. Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади». (Ёқб. 4:7, 8)
150- ҚЎШИҚ Рабни излаб, нажот топинг
a Яҳова бизни меҳр ила ёвуз руҳлар ва улар етказиши мумкин бўлган зарардан огоҳлантирган. Қандай қилиб ёвуз руҳлар одамларни тўғри йўлдан оздирмоқчи? Уларга қарши туриш учун нималар қила оламиз? Бу мақолада Яҳова биз уларнинг таъсирига берилмаслигимиз учун қандай кўмаклашаётганини билиб оламиз.
b ИБОРАЛАР МАЪНОСИ. Сеҳр-жоду (жин ва руҳлар билан алоқа қилиш) жинлар билан боғлиқ уйдирмалар ва амалларни англатади. Бу шунингдек, одамнинг ўлимидан сўнг танасидан чиқиб кетадиган руҳ борлигига ва у билан, айниқса, арвоҳ чақирувчи орқали гаплашиш мумкинлигига ишонишни билдиради. Жинлар билан алоқа қиладиганлар фолбинлик ва жодугарлик билан шуғулланади. Бу мақоладаги афсунгарлик сўзи оккультизм билан шуғулланишни, яъни сирли, ғайритабиий кучлар мавжудлигига ишонишни англатади. Қолаверса, бунга дам солиш ва иссиқ-совуқ қилиш ёки кинна солиш ҳам киради. Бунга баъзилар бошқаларни шунчаки ҳайратда қолдириш учун қўллар билан қиладиган чапдаст хатти-ҳаракатлар кирмайди.
c Оқсоқоллар ўйин-кулгилар борасида қоидалар ўрнатмайди. Аксинча, ҳар бир масиҳий нима ўқиш, томоша қилиш ёки ўйнаш масаласида Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждони бўйича қарор чиқариши керак. Доно бўлган оила боши яқинлари Муқаддас Китобдаги принциплар асосида ўйин-кулги турларини танлаётганига ишонч ҳосил қилади. jw.org® сайтидаги БИЗ ҲАҚИМИЗДА > КЎПЧИЛИКНИ ҚИЗИҚТИРАДИГАН САВОЛЛАР сарлавҳаси остида келтирилган «Сизларда қандайдир кино, китоб ёки қўшиқлар тақиқланадими?» номли мақолага қаранг.
d РАСМГА ШАРҲ. Исо қудратли самовий Шоҳимиз сифатида фаришталардан иборат қўшинни бошқариб келаётгани тасвирланган.