46- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Жасоратли бўлинг! Яҳова ёрдамчингиздир
Сени ҳечам ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман. ИБРОН. 13:5
55- ҚЎШИҚ Ёвдан ҳеч қўрқма!
БУ МАҚОЛАДАa
1. Муаммоларни енга олмай ўзимизни ёлғиз ҳис қилганимизда бизга нима тасалли беради? (Забур 118:5–7)
МУАММОГА дуч келганда ҳеч ким сизга ёрдам бермаганидан ўзингизни жуда ёлғиз ҳис қилганмисиз? Кўплар, шу қаторда, Яҳованинг садоқатли хизматчилари ҳам буни ҳис этишган. (3 Шоҳ. 19:14) Сиз ҳам қачондир бунга дуч келсангиз, Яҳованинг қуйидаги ваъдасини ёдда тутинг: «Сени ҳечам ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман». Шунда биз аминлик ила: «Яҳова менинг ёрдамчим, мен қўрқмайман», — деб айта оламиз. (Иброн. 13:5, 6) Ҳаворий Павлус ушбу сўзларни тахминан мил. 61 йили Яҳудиядаги имондошларига ёзган эди. Бу сўзлар Забур 118:5–7 даги (ўқинг) сано бастакорининг ҳис-туйғуларини ёдимизга соляпти.
2. Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз ва нега?
2 Сано бастакори каби Павлус ҳам ўз тажрибасида Яҳова унинг Ёрдамчиси эканини кўрган. Мисол учун, тахминан 58 йили, яъни Ибронийларга номли мактубини ёзишдан олдин, Павлус бўронли денгизда хавфли вазиятга тушиб омон қолган эди. (Ҳавор. 27:4, 15, 20) Бу сафардан олдин ва сафар пайтида Яҳова турли йўллар билан Павлусга Ёрдамчи эканини кўрсатган. Биз улардан учтасини кўриб чиқамиз. Яҳова Исо ва фаришталар, ҳокимиятга эга кишилар ҳамда имондошлар орқали бу ёрдамни тақдим этган. Павлуснинг ҳаётида юз берган ушбу воқеаларни кўриб чиқиш, ёрдам сўраб қилган ибодатларимизга жавоб бериш ҳақидаги Яҳованинг ваъдасига бўлган ишончимизни кучайтиради.
ИСО ВА ФАРИШТАЛАРНИНГ ЁРДАМИ
3. Павлус нима ҳақида ўйлаган бўлиши мумкин ва нега?
3 Павлус ёрдамга муҳтож эди. Тахминан мил. 56 йили оломон уни Қуддусдаги маъбад ташқарисига судраб чиқиб, ўлдирмоқчи бўлган. Кейинги куни эса у Олий Кенгаш аъзоларининг олдига олиб келинган ва душманлар уни тилка-пора қилиб юборишларига сал қолган. (Ҳавор. 21:30–32; 22:30; 23:6–10) Ўшанда Павлус: «Бундай муносабатга яна қанча чидашим керак?» — деб ўйлаган бўлиши мумкин.
4. Яҳова Исо орқали Павлусга қандай ёрдам берган?
4 Павлус қандай ёрдам олган? Ҳибсга олинганидан кейинги кеча «Ҳазратимиз» Исо унга зоҳир бўлиб шундай деб айтган: «Дадил бўл! Қуддусда мен ҳақимда қандай шаҳодат берган бўлсанг, Римда ҳам шундай қилишинг керак». (Ҳавор. 23:11) Бу ўз вақтида берилган далда эди! Исо Павлусни Қуддусда шаҳодат бергани учун мақтаган. Сўнг эса Павлусга Римда шоҳидлик қилиш учун у ерга эсон-омон етиб боришини ваъда қилган. Бундай сўзлардан кейин Павлус ўзини отасининг қучоғида хавфсизликда бўлган бола каби ҳис этган бўлса керак.
5. Яҳова фариштаси ёрдамида Павлусга қандай кўмаклашган? (Муқовадаги расмга қаранг.)
5 Павлус яна қандай муаммоларга дуч келган? Қуддусдаги бу воқеалардан тахминан икки йил ўтгач, Павлус Италияга бориш учун ўтирган кема кучли бўронга дуч келади. Ўшанда кема экипажи ва йўловчилари ҳалок бўлишига сал қолади. Лекин Павлус бундан қўрқмайди. Нега? У кемадагиларга қуйидагича деган: «Бу кеча мен топинадиган Аллоҳ Ўз фариштасини юборди. У менга шундай деб айтди: “Қўрқма, Павлус. Сен подшоҳнинг олдида туришинг керак. Тангри сен билан бирга бўлганларнинг ҳаётини сақлаб қолади”». Яҳова фариштаси ёрдамида бундан олдин Исо орқали айтган сўзларни яна такрорлайди. Яҳова ваъда қилганидек Павлус Римга етиб келади. (Ҳавор. 27:20–25; 28:16)
6. Исонинг қайси сўзлари бизга куч ато этади ва нега?
6 Биз қандай ёрдам оламиз? Павлусга ўхшаб Исо бизни ҳам қўллаб-қувватлайди. Мисол учун, Исо унга эргашганларнинг барчасига шундай ваъда берган: «Замонанинг охиригача мен доимо сизлар билан бўламан». (Мат. 28:20) Бу сўзлар бизга ҳам куч ато этади. Нега? Чунки баъзан чидаш қийин бўлади. Масалан, яқинимиз ҳаётдан кўз юмса, биз бу оғриқ билан курашишимизга тўғри келади. Бошқалар эса қарилик билан боғлиқ қийинчиликлар билан курашади. Яна бировлар депрессияга тушгани сабабли оғир кунларни бошдан кечиради. Шунга қарамай, Исо «доимо», жумладан, қора кунларда ҳам биз билан бўлишини билиш олға қадам босиш учун бизга куч беради. (Мат. 11:28–30)
7. Ваҳий 14:6 га кўра, бугун Яҳова бизга қандай ёрдам беряпти?
7 Худонинг Каломи бизни Яҳова ёрдам бериш учун фаришталаридан фойдаланишига ишонтиряпти. (Иброн. 1:7, 14) Масалан, фаришталар «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар» «ҳар бир миллат, қабила, тил ва халққа» эълон этилиши учун бизни қўллаб-қувватлайди ва йўналтиради. (Ваҳий 14:6 ни ўқинг; Мат. 24:13, 14;)
ҲОКИМИЯТГА ЭГА КИШИЛАРНИНГ ЁРДАМИ
8. Қандай қилиб Яҳова ҳарбий қўмондон орқали Павлусга ёрдам берган?
8 Павлус қандай ёрдам олган? Мил. 56 йили Исо Павлусни Римга боришига ишонтирган эди. Бироқ Қуддусдаги айрим яҳудийлар пистирма уюштириб Павлусни ўлдиришни режалаштирган. Рим ҳарбий қўмондони Клавдий Лусий бундан хабар топиб Павлусга ёрдамга келган. Клавдий дарҳол кўп аскарлар ҳимояси остида Павлусни Қуддусдан тахминан 105 километр олисда жойлашган Кесарияга жўнатган. Кесарияда ҳоким Феликс уни «Ҳирод саройидаги соқчиларнинг қўлига» топширишни буюрган. Павлус қотилларнинг қўлидан қутулиб қолган. (Ҳавор. 23:12–35)
9. Қандай қилиб ҳоким Фест Павлусга ёрдам берган?
9 Икки йил ўтгач, мил. 58 йили, Павлус ҳалиям Кесарияда қамоқда ўтирган эди. Кейин Феликснинг ўрнига Фест ҳоким бўлди. Яҳудийлар Фестдан Павлусни ҳукм қилиш учун Қуддусга олиб келишни сўрашди, аммо у рози бўлмади. Ҳойнаҳой, ҳоким Павлусни «йўлда ўлдириш учун пистирма қўйишган»идан хабардор бўлган. (Ҳавор. 24:27–25:5)
10. Павлус подшоҳнинг ҳукмини талаб қилганда ҳоким Фест нима қилган?
10 Кейин Павлуснинг ишини Кесарияда кўриб чиқишган. Фест «яҳудийларга ёқиш мақсадида» Павлусдан шундай деб сўраган: «Қуддусга бориб, шу айблар бўйича ўша ерда ҳукм қилинишни хоҳлайсанми?» Павлус Қуддусда уни ўлдиришлари мумкинлигини, шунингдек, ҳаётини сақлаб қолиши, Римга етиб бориши ва у ерда хизматини адо этиш учун нима қилиши кераклигини ҳам билган. У: «Мени подшоҳ ҳукм этишини талаб қиламан!» — деган. Фест маслаҳатчилари билан кенгашиб, Павлусга: «Подшоҳнинг ҳукмини талаб қилдингми, унинг олдига борасан»,— деб айтган. Фестнинг ижобий қарори Павлусни душманлари қўлидан қутқарган. Кўп ўтмай Павлус Римга — уни ўлдирмоқчи бўлган яҳудийлардан узоққа йўл олган. (Ҳавор. 25:6–12)
11. Павлус Ишаё пайғамбарнинг қайси сўзлари устида мулоҳаза юритган бўлиши мумкин?
11 Павлус Италияга сафари бошланишини кутар экан, Ишаё пайғамбарнинг Яҳовага қарши чиққанларга қарата айтган мана бу огоҳлантириши устида мулоҳаза юритган бўлса керак: «Режа тузинг, аммо у пучга чиқади! Истаганингизни сўзланг, бироқ у амалга ошмайди, зеро, Тангримиз биз билан!» (Ишаё 8:10) Павлус Худо унга ёрдам беришини билган ва бу уни бўлажак синовларга бардошли бўлиш учун кучли қилган.
12. Юлий Павлусга қандай муомала қилган ва натижаси қанақа бўлган?
12 Мил. 58 йили Павлус кемада Италияга йўл олади. У маҳбус бўлгани учун Юлий исмли римлик юзбоши уни қўриқлаб борган. Шу вақтдан эътиборан, Юлий Павлусга ёки қўпол, ёки яхши муомала қилиш ҳокимиятига эга эди. У ўз ҳокимиятидан қандай фойдаланган? Кейинги куни улар тўхташ жойига етиб келишганида «Юлий Павлусга одамгарчилик кўрсатиб, дўстлари унга ғамхўрлик қилишсин, дея уларнинг олдига боришга рухсат этди». Кейин эса у ҳатто Павлуснинг ҳаётини қутқариб қолди. Қандай қилиб? Аскарлар маҳбуслардан ҳеч бири қочиб кетмасин, дея уларни ўлдиришга қарор қилишади. Бироқ юзбоши уларни бундай қилишдан тўхтатади. Нега? У «Павлусни қутқаришни истаб» шундай қилади. Яҳова ушбу меҳрибон юзбошидан фойдаланиб унга ёрдам ва ҳимоя берганини Павлус тушунган бўлса керак. (Ҳавор. 27:1–3, 42–44)
13. Яҳова ҳокимиятга эга инсонлардан қандай фойдаланиши мумкин?
13 Биз қандай ёрдам оламиз? Агар бу Унинг мақсадига мувофиқ бўлса, Яҳова қудратли муқаддас руҳидан фойдаланиб ҳокимиятга эга инсонларга Ўзи истаган нарсани қилишга туртки беради. Шоҳ Сулаймон қуйидагиларни ёзган эди: «Шоҳнинг юраги Яҳованинг қўлида оқар сувдайдир. Уни истаган томонга йўналтиради». (Ҳик. 21:1) Бу масал қандай маънога эга? Дарё сувини бошқа томонга йўналтириш учун одамлар канал қазишади. Шунга ўхшаб, Яҳова ҳам Ўз руҳидан фойдаланиб ҳукмдорларнинг фикрини Ўз мақсадига уйғун бўлган томонга йўналтиради. Бундай ҳол юз берса, мансабдор шахслар Худо халқининг манфаатига хизмат қиладиган қарорлар чиқаришади. (Эзра 7:21, 25, 26 ни солиштиринг.)
14. Ҳаворийлар 12:5 га кўра, кимлар ҳақида ибодат қилсак бўлади?
14 Биз нима қила оламиз? «Подшоҳлар ва юқори мавқега эга кишилар» ҳаётимиз ва хизматимиз билан боғлиқ қарорлар чиқариши керак бўлса, биз улар учун ибодат қиламиз. (1 Тим. 2:1, 2; Нахим. 1:11) Илк масиҳийларга ўхшаб биз қамоқда ўтирган биродару опа-сингилларимиз учун тинмай ибодат қиламиз. (Ҳаворийлар 12:5 ни ўқинг; Иброн. 13:3) Бундан ташқари, биродару опа-сингилларимизни қўриқлаётган давлат ходимлари учун ҳам ибодат қиламиз. Улар ҳам Юлий каби йўл тутиши ва имондошларимизга «одамгарчилик кўрсатиб» муомала қилиши учун Яҳовага илтижо қилиб, уларнинг фикрлаш тарзига таъсир этишини сўраймиз. (Ҳавор. 27:3)
ИМОНДОШЛАРНИНГ ЁРДАМИ
15, 16. Қандай қилиб Яҳова Павлусга имондошлари Аристарх ва Луқо орқали ёрдам берган?
15 Павлус қандай ёрдам олган? Римга сафари давомида Яҳова Павлусга унинг имондошлари орқали қайта-қайта ёрдам кўрсатган. Келинг, баъзи мисолларни кўриб чиқамиз.
16 Павлуснинг иккита садоқатли дўсти Аристарх ва Луқо у билан Римга йўл олишга қарор қилишадиb. Римга эсон-омон етиб боришлари ҳақида Исо уларни ишонтирмаганга ўхшайди. Аммо шундай бўлса ҳам, улар Павлуснинг ёнида бўлиш учун ихтиёрий равишда ўз ҳаётларини хавф остига қўйишган. Фақатгина Римга кетаётганда бўронга тушиб қолишганида уларнинг ҳаёти сақлаб қолинишини тушунишган. Аристарх билан Луқо Кесарияда кемага чиқишганида, иккита жасоратли имондоши орқали унга ёрдам бергани учун Павлус Яҳовага чин дилдан ибодат қилган бўлса керак. (Ҳавор. 27:1, 2, 20–25)
17. Қандай қилиб Яҳова Павлусга имондошлари орқали ёрдам берган?
17 Ушбу сафари давомида имондошлари Павлусга кўп маротаба ёрдам берган. Мисол учун, Сидондаги бандаргоҳга етиб келишганида, «дўстлари унга ғамхўрлик қилишсин, дея» Юлий Павлусга уларнинг олдига боришга рухсат берган. Ундан кейин Путеол шаҳрида Павлус ва унинг ҳамроҳлари биродарларини топишган. Биродарлар улардан ўша ерда «етти кун» қолишни илтимос қилган. Ўша ерлик масиҳийлар Павлуснинг ва ҳамроҳларининг кам-кўстини қоплаган. Павлус эса далдали воқеаларни сўзлаб бериб, мезбонларга катта қувонч бахш этгани шубҳасиз. (Ҳаворийлар 15:2, 3 ни солиштиринг.) Далда олишганидан кейин Павлус ва унинг ҳамроҳлари сафарларини давом эттиришган. (Ҳавор. 27:3; 28:13, 14)
18. Павлус Худога миннатдорчилик билдиришига ва далда олишига нима сабаб бўлган?
18 Павлус Рим томон борар экан, уч йил олдин бу шаҳардаги жамоатга ёзган қуйидаги сўзларини эслаган бўлиши мумкин: «Кўп йиллардан бери олдингизга бориш ниятидаман». (Рим. 15:23) Лекин маҳбус сифатида у ерга боришини хаёлига ҳам келтирмаган. Римдаги биродарлар уни қарши олиш учун чиқишганини кўрганида Павлус роса далда олган бўлса керак! «Павлус уларни кўриб Аллоҳга шукрона айтди ва кўнгли кўтарилди». (Ҳавор. 28:15) У ерда имондошлар бўлгани учун Павлус Худога миннатдорчилик билдирган. Нега? Чунки Яҳова яна бир бор имондошлар орқали унга ёрдам берганини кўрган.
19. Бутруснинг биринчи мактуби 4:10 да айтилганидай, қандай қилиб Яҳова бошқаларга ёрдам беришда биздан фойдалана олади?
19 Биз нима қила оламиз? Жамоатингизда касаллик ёки бошқа муаммолар дастидан азоб чекаётган биродару опа-сингилларни биласизми? Балки уларнинг яқини вафот этгандир. Агар кимдир ёрдамга муҳтож эканидан хабар топсак, яхши сўз айтиш ва савоб иш қилиш учун Яҳовадан ёрдам сўрасак бўлади. Сўзларимизу ишларимиз имондошларимиз муҳтож бўлган далдага айланиши мумкин. (1 Бутрус 4:10 ни ўқинг.)c Шунда биздан ёрдам олган кишилар Яҳованинг: «Сени ҳечам ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман», — деган ваъдаси уларга ҳам тегишли эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилади. Бу сизни қувончга тўлдириши шубҳасиз!
20. Нега аминлик ила «Яҳова менинг ёрдамчим», дея оламиз?
20 Павлус ва унинг ҳамроҳлари билан бўлганидек, биз ҳам ҳаёт йўлида кучли бўронлардан ўтамиз. Шу билан бир пайтда, Яҳова биз билан бўлгани учун жасоратга тўламиз. У Исо ва фаришталар орқали бизга ёрдам беряпти. Шунингдек, агар бу Унинг мақсадига уйғун бўлса, ҳокимиятга эга инсонлар орқали бизга ёрдам тақдим этади. Яҳова муқаддас руҳидан фойдаланиб хизматчиларининг қалбида имондошларига ёрдам қўлини чўзиш истагини уйғотади. Кўпчилигимиз буни шахсан ҳис этганмиз. Шу боис, биз ҳам Павлус каби аминлик ила: «Яҳова менинг ёрдамчим, мен қўрқмайман. Инсон менга нима ҳам қила оларди?!» — дейиш учун асосли сабабимиз бор. (Иброн. 13:6)
38- ҚЎШИҚ У сизни мустаҳкамлайди
a Ушбу мақолада қайси учта йўл орқали Яҳова ҳаворий Павлусга муаммоларни енгишга ёрдам берганини кўриб чиқамиз. Шунингдек, Яҳова ўтмишда Ўз хизматчиларига қандай ёрдам берганини билиб оламиз. Бу бизни ҳозир бошдан кечираётган ҳаёт бўронларидан ўтишимизга Яҳова ёрдам беришига ишонтиряпти.
b Илгари Аристарх ва Луқо Павлусга сафарлари давомида ҳамроҳлик қилишган. Ушбу садоқатли кишилар Павлус Римда қамоқда бўлганида унинг ёнида бўлишган. (Ҳавор. 16:10–12; 20:4; Колос. 4:10, 14)