Виждонингизга қулоқ солинг
Илоҳий Қонуни йўқ халқлар ўз-ўзларидан бу Қонунда буюрилгандек қиляптилар. РИМЛИКЛАРГА 2:14
1, 2. а) Кўп инсонлар бошқалар учун нима қилишга тайёр? б) Муқаддас Китобда раҳмдилликнинг қандай ўрнаклари мавжуд?
МЕТРОНИ кутиб турган 20 ёшли йигит тўсатдан ҳушидан кетиб, темир йўл устига йиқилиб тушди. Буни кузатиб турган киши, қизалоқларини қолдириб, пастга қараб сакради. У ҳушидан кетган кишини икки рельс оралиғига ётқизиб, ўзини эса унинг устига ташлади. Келаётган поезд уларнинг олдида чийиллаб зўрға тўхтади. Айримлар қутқарган кишини қаҳрамон, деб аташлари мумкин, лекин унинг ўзи бундай деди: «Мен шундай йўл тутишим зарур эди. Мен буни шуҳрат қозониш учун эмас, раҳмим келгани учун қилдим».
2 Балки сиз ҳам бошқалар учун жонини хавф остига солган кишиларни биларсиз. Иккинчи жаҳон уруши даврида кўплар ўзларига бегона одамларга ёрдам қўлини чўзишган. Шунингдек, ҳаворий Павлус 275та ҳамроҳлари билан Сицилия яқинидаги Мальта оролида кема ҳалокатига учрашганида, маҳаллий аҳоли бу мусофирларга «одатдан ташқари инсонийлик кўрсатди» (Ҳаворийлар 27:27–28:2). Асирликда бўлган исроиллик бир қизча ҳаётини хавф остига солмаган бўлса-да, суриялик хўжайинига нисбатан меҳрибонлик кўрсатган эди (4 Шоҳлар 5:1–4). Шунингдек, Ҳазрати Исонинг самариялик киши тўғрисидаги ўрнакли нақлини эсимизга келтирайлик. Дин арбоблари бўлмиш руҳоний ва левит бахтсизликка учраган юртдоши яҳудийнинг олдидан назар-писанд қилмай ўтиб кетаверган, самариялик киши эса уни кўриб, ёрдам қўлини чўзган эди. Ушбу нақл асрлар оша турли миллатдаги одамларнинг қалбларини забт этиб келмоқда (Луқо 10:29–37).
3, 4. Инсонларга фидойилик хос экан, эволюция назарияси ҳақида нима дейиш мумкин?
3 Тўғри, «оғир вақтлар»да яшаётганимиз сабабли, кўплар «инсонлик ва яхшилик душмани» бўлиб кетишган (2 Тимўтийга 3:1–3). Аммо бунга қарамай, одамлар бир-бирларига ёрдам бераётганларининг шоҳиди бўляпмиз. Ҳатто ўз жонини хавф остига солиб, бошқаларга ёрдам беришга интилиш, шу қадар кенг тарқалганки, айримлар буни одамгарчилик деб аташади.
4 Бу каби ўз манфаатини кўзламасдан бошқаларга ёрдам беришга тайёрлик, барча ирқ ва маданиятларга хос бўлиб, одам ҳайвондан пайдо бўлган деган ғояга зиддир. Америкалик олим Фрэнсис Коллинз бундай деб ёзган: «Эволюцияга [яъни одамлар ҳайвондан пайдо бўлганига] ишонувчи инсонлар, ҳайвонлар билан одамлар фақат ўзларининг ва ўз гуруҳдошларининг [яъни ўз оилалари, ирқи ёки динидагиларнинг] манфаатини кўзлайди, деб ишонишади. Бироқ аслида, одамлар ўз гуруҳига тегишли бўлмаган ва уларга ҳеч қандай алоқаси йўқ кишиларга самимий ёрдам бериш учун, ҳатто ўзларини фидо қилишаётганида, эволюция назариясига инонганлар лол қолмоқда. Чунки улар бунга шарҳ беришга ожиз».
Виждон
5. Одатда одамлар қандай йўл тутишини кузатамиз?
5 Коллинз шунингдек фидойиликнинг бир хусусиятига эътибор қаратмоқда: «Виждонимиз бошқаларга беғараз ёрдам беришга ундайди»a. Бу сўзлар ҳаворий Павлуснинг қуйидаги гапларини ёдимизга келтиради: «Илоҳий Қонуни йўқ халқлар ўз-ўзларидан бу Қонунда буюрилгандек қилганларда, улар Илоҳий Қонунга эга бўлмай туриб, ўзлари учун ўзлари қонундирлар. Бу билан улар Илоҳий Қонуннинг талаблари ўз юракларида ёзилганини кўрсатадилар. Уларнинг виждони ҳамда бири иккинчисини гоҳ қоралаб, гоҳ оқловчи фикрлари бунга гувоҳдир» (Римликларга 2:14, 15).
6. Нима учун барча инсонлар Яратувчиси олдида жавобгарлар?
6 Ҳаворий Павлус римликларга ёзган мактубида, инсонлар Худо олдида жавобгар, чунки Аллоҳнинг мавжудлиги ҳамда хислатлари табиатда акс этганлигини кузатишлари мумкинлиги ҳақида айтган эди. Зеро бу, «борлиқни яратганидан» буён шундай бўлиб келмоқда (Римликларга 1:18–20; Забур 18:2–5). Бироқ кўпчилик Яратувчини рад этиб, ахлоқсиз ҳаёт кечирмоқда. Аммо Худо, одамлар Унинг адолатини тан олиб, ёвуз ишларидан тавба қилишларини истайди (Римликларга 1:22–2:6). Яҳудийлар Мусо пайғамбар орқали Тавротни олишгани учун бундай йўл тутишларига барча асослари бор эди. Ҳатто «Худонинг ваҳийлари»дан бехабар бўлган инсонлар, Унинг мавжудлигидан ҳеч шубҳаланмайдилар (Римликларга 2:8–13; 3:2).
7, 8. а) Нима учун адолат ҳисси барча инсонларга хос дейиш мумкин? б) Бундан қандай хулосага келиш мумкин?
7 Яхшиликни ёмонликдан ажратиш ҳисси — Худо мавжудлигини тан олишнинг муҳим сабабидир. Инсондаги адолат ҳисси эса, виждон борлигидан далолат беради. Мисол учун, ёш болалар арғимчоқда учиш учун навбатда туришибди дейлик. Бир бола кутиб турганларга эътибор бермай, олдинга туриб олди. Шунда бошқа болалар: «Эй, навбатга турмайсанми?!» — деб шовқин кўтаришади. «Нима учун ҳаттоки болалар адолатни беихтиёр намоён этишади?» — деган савол туғиляпти. Чунки уларга ато этилган виждон шундай йўл тутишга ундайди. Ҳаворий Павлус: «Илоҳий Қонуни йўқ халқлар ўз-ўзларидан бу Қонунда буюрилгандек қилганларида...» — дейиши билан, одамлар гоҳ-гоҳида эмас, балки одатда шундай қилишларини назарда тутган эди. Шундай экан, одамларнинг виждони Худонинг Каломига мувофиқ йўл тутишга рағбатлантиряпти.
8 Виждонан йўл тутиш кўп миллатдаги одамларга хос. Кембриж университетининг бир профессори таъкидлашича бобилликлар, мисрликлар, юнонлар ҳамда Австралия ва Американинг туб аҳолисида хулқ-атвор меъёрлари ўрнатилган бўлиб, уларга кўра «зулм, қотиллик, сотқинлик ва ёлғон гапириш қораланган. Аксинча қариялар, болалар ва заиф инсонларга меҳрибонлик кўрсатиш талаб этилганди». Фрэнсис Коллинз бу ҳақда: «Яхшилик ва ёмонлик тушунчаси ҳар қандай инсон жамиятида мавжуд бўлган эди»,— деб ёзган. Бу сўзлар, Римликларга 2:14- оятини ёдингизга солмаяптими?
Виждонингиз сизга қандай таъсир қилади?
9. Виждон ўзи нима ва у бизни қандай огоҳлантириши мумкин?
9 Муқаддас Китобга кўра, виждон — одамнинг ўз хатти-ҳаракатига баҳо бериш қобилиятидир. Бизнинг виждонимиз муайян ишларимизни ё қоралайди, ё оқлайди. Ҳаворий Павлус: «Муқаддас Руҳдан ёришган виждоним ҳам бундан далолат бермоқда»,— деб айтган эди (Римликларга 9:1). Мисол учун, яхшини ёмондан ажратишда виждонингиз олдиндан сизни огоҳлантириши мумкин. Виждонингиз қиладиган ишларингизга баҳо беришга ҳамда уни амалга оширганда, ўзингизни қандай ҳис қилишингизни тасаввур этишга кўмаклашади.
10. Кўпинча қайси пайтда виждонимиз бизни қийнайди?
10 Одатда виждонингиз бирон иш қилиб қўйганингиздан кейин қийнай бошлайди. Ҳазрати Довуд, шоҳ Шоулдан қочиб юрганида, унда Худо томонидан тайинланган бу шоҳга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатиш имконияти яралди ва Довуд бу имкониятни қўлдан бой бермади. Бундан кейин Довуднинг «юрагида ўкинч пайдо бўлди» (1 Шоҳлар 24:2–6; Забур 31:3, 5). Бу баёнотда «виждон» сўзи ишлатилмаган бўлса-да, Довуднинг ҳис-туйғулари виждони борлигидан далолат беряпти. Ҳар биримиз виждон азобини бошимиздан кечирганмиз. Бирон қилмишга йўл қўйиб, сўнг афсус-надомат чекиб юрганмиз. Масалан, солиқ тўламаган баъзи инсонларнинг виждони шу қадар қийнаганки, оқибатда қарзларини узишган. Бошқалари эса турмуш ўртоқларига нисбатан хиёнат қилганликларини тан олишган (Ибронийларга 13:4). Дарҳақиқат, одам виждонан йўл тутса, мамнуният ва хотиржамликни ҳис этади.
11. Нима учун виждонга қулоқ солиш, баъзида хавфли бўлиши мумкин? Мисол келтиринг.
11 Ҳар доим виждонимизга қулоқ солишимиз керакми? Албатта виждонга қулоқ солиш фойдали, бироқ баъзида у бизни адаштириши ҳам мумкин. Ҳа, «ботиний вужудимиз» йўлдан уруши ҳеч гап эмас (2 Коринфликларга 4:16). Келинг, бир мисолни кўриб чиқайлик. Инжилда Исонинг садоқатли издоши, «имони комил ва илоҳий қудратга тўлган Стефан» ҳақида баён этилган. Баъзи яҳудийлар уни Қуддуснинг ташқарисига чиқариб, тошбўрон қилиб ўлдиришган. Шоул (кейинчалик ҳаворий Павлус деб танилган) «Стефанни тошбўрон қилаётганлар»нинг олдида туриб, уларнинг қилмишини маъқуллаган. Бу яҳудийлар тўғри иш қилаётганларида амин бўлганликлари сабабли, виждонлари қийнамаган. Шоул ҳам худди шундай фикрда бўлгани учун, «Исо Масиҳнинг шогирдларига қарши қатлу қирғин таҳдидлари билан нафас олиб юрар эди» (Ҳаворийлар 6:8; 7:57–8:1; 9:1).
12. Бизнинг виждонимизга нималар таъсир қилиши мумкин?
12 Шоулнинг виждонига нима таъсир қилган эди? Шоулга у билан яқин муносабатда бўлган инсонлар ўз таъсирини ўтказган. Мисол учун, кўпчилигимиз телефонда овози отасиникига жуда ўхшаш инсон билан гаплашганмиз. Эҳтимол, бу одамнинг овоз оҳанги отасидан мерос бўлиб ўтгандир. Ҳатто унинг гапириш услуби ҳам отасиникига ўхшаб қолган бўлиши мумкин. Шу сингари Шоулнинг, Исодан нафратланган ва унинг таълимотига қаршилик кўрсатган инсонлар билан яқин муносабатда бўлгани, унга қаттиқ таъсир қилган (Юҳанно 11:47–50; 18:14; Ҳаворийлар 5:27, 28, 33). Дарҳақиқат Шоулнинг виждони шаклланишига атрофидагилар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишган.
13. Одамнинг қайси муҳитда катта бўлгани, виждонига қандай таъсир қилиши мумкин?
13 Виждонимиз шаклланишига шунингдек, маданиятимиз ҳамда қандай муҳитда ўсиб улғайганимиз таъсир этади. Буни, одамнинг қайси шевада гапириши, қаерда яшаганига боғлиқлиги билан солиштирса бўлади (Матто 26:73). Қадимги оссурияликлар билан шунга ўхшаш воқеа содир бўлган эди. Улар ўзларининг жанговарлиги билан машҳур бўлган ва ўша пайтдаги тош лавҳаларда қандай қилиб улар асирларни қийнаётгани тасвирланган (Нохум 2:11, 12; 3:1). Юнус пайғамбар давридаги найнаволиклар «оқ-қорани ажрата олмайдиган» инсонлар бўлишган. Улар Худонинг назарида нима яхши ва нима ёмон эканлигини билишмаган. Найнавода туғилиб ўсган инсоннинг виждони қанақа бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг-а! (Юнус 3:4, 5; 4:11). Шунга ўхшаб, бугунги кунда ҳам инсоннинг виждони шаклланишида, у қандай одамлар билан мулоқот қилаётгани аҳамиятга эгадир.
Виждонингизни тарбияланг
14. Қандай қилиб, бизга виждон ато этилгани Ибтидо 1:27- оятидаги сўзларга мувофиқдир?
14 Яҳова Таоло, Одам Ато ва Момо Ҳавога виждон туҳфа этган бўлиб, бу бизга мерос бўлиб ўтган. Ибтидо 1:27- оятида одамзод илоҳий суратда яратилгани ҳақида ёзилган. Бу, ташқи кўринишимиз билан Худога ўхшашимизни англатмайди, чунки Аллоҳ руҳий шахс, биз эса жисмоний танага эгамиз. Худонинг суратида яратилганимиз, Унинг фазилатларини акс эттиришимиз ҳамда бизга ахлоқий меъёрлар ва виждон ато этилганини англатади. Бу, ўз виждонимизга ишонишимиз учун, уни тарбиялашимиз мумкинлигини кўрсатмоқда. Бунинг учун Яратувчимиз тўғрисида кўпроқ билим олиб, Унга яқинлашишимиз лозим.
15. Нима сабабдан самовий Отамиз ҳақида билим олишимиз даркор?
15 Муқаддас Китобга кўра, муайян маънода Яҳова барчамизнинг Отамиздир (Ишаё 64:8). Хоҳ осмонда, хоҳ ер юзида яшашга умидвор бўлишимиздан қатъий назар, Унга Ота сифатида мурожаат қилишимиз мумкин (Матто 6:9). Бизда Аллоҳга яқинлашиб, Унинг нуқтаи назари ва меъёрларини ўрганиш истаги бўлиши лозим (Ёқуб 4:8). Аммо баъзиларни бу умуман қизиқтирмайди. Улар, Исо Масиҳ давридаги яҳудийларга ўхшашади. Исо уларга бундай деган эди: «Сизлар эса ҳеч қачон Унинг овозини ҳам эшитмагансиз, қиёфасини ҳам кўрмагансизлар. Унинг каломи ҳам кўнгилларингиздан жой олмайди» (Юҳанно 5:37, 38). Гарчи биз том маънода Худонинг овозини эшитмаган бўлсак-да, Унинг Каломини кўнглимизга жо қилиб, Унга ўхшашимиз ва ҳис-туйғуларини тушунишимиз мумкин.
16. Юсуф билан юз берган воқеа, ўз виждонимизни тарбиялаб, унга қулоқ солишимиз кераклигини қандай кўрсатмоқда?
16 Юсуф хўжайини Пўтифарнинг уйида яшаганида, у билан нима содир бўлгани бунга яққол далил бўла олади. Пўтифарнинг хотини Юсуфни йўлдан урмоқчи бўлганди. Гарчи у даврда Таврот бўлмаганига қарамай, Юсуф унга: «Мен қандай қилиб бундай қабиҳликка бориб, Худога қарши гуноҳ қиламан?» — деб айтган эди (Ибтидо 39:9). Юсуф ўз оила аъзоларини ранжитишдан қўрққани учун бундай йўл тутмаган эди, чунки у яқинларидан йироқда яшарди. Аслида у Худога маъқул келишни жуда ҳам истарди. У, эркак кишининг фақат битта хотини бўлиши кераклиги тўғрисидаги Аллоҳнинг амрини биларди. Шоҳ Абумалик, Ривқо эрли хотин эканини билиб қолиб, қандай аҳволга тушгани ҳақида эҳтимол Юсуф ҳам эшитган эди. Чунки Абумалик уни хотинликка олиш гуноҳ бўлишини ва бу билан халқининг бошига кулфат келтиришини биларди. Шоҳ Абумалик ва Ривқо билан содир бўлган воқеадан, Яҳованинг зинога нисбатан муносабати яққол кўринганди. Юсуф ушбу воқеадан хабардор бўлгани, унинг виждонига таъсир қилиб, жинсий ахлоқсизликни рад этишга ундади (Ибтидо 2:24; 12:17–19; 20:1–18; 26:7–14).
17. Нима сабабдан Юсуфга қараганда, биз учун Худога тақлид қилиш осонроқ?
17 Албатта, бизнинг вазиятимиз уникидан анча енгилроқ. Чунки бугунги кунда тўлиқ Муқаддас Китоб бор бўлиб, унинг ёрдамида биз Худонинг фикрларию ҳис-туйғуларини, нима маъқул келишинию, нима ёқмаслигини билиб оламиз. Аллоҳнинг Каломини чуқурроқ ўрганганимиз сайин, Худога яқинлашиб, Унга тақлид қила бошлаймиз. Бу туфайли виждонимиз, Аллоҳнинг фикрларини янада яққолроқ акс эттиради. Шунда биз Унинг меъёрларига мувофиқ ҳаёт кечира бошлаймиз (Эфесликларга 5:1–5).
18. Ўтмишимизга қарамасдан, қандай қилиб виждонимизни тарбиялаб, унга ишонишимиз мумкин?
18 Атрофдагилар виждонимизга қандай таъсир қилишлари мумкин? Илгари бизга яқинларимизнинг ҳамда атрофимиздагиларнинг фикрлаш тарзи ва хатти-ҳаракатлари ўз таъсирини ўтказганди. Натижада виждонимиз сезувчанлигини йўқотиб, гўё атрофдагиларнинг «шевасида» гапиргандек бўлганди. Албатта биз ўтмишимизни ўзгартира олмаймиз, аммо виждонимизга яхши таъсир қиладиган дўстларни танлаш ўз ихтиёримизда. Шу сабабли, анчадан буён Худога тақлид қилишга ҳаракат қилаётган имондошларимиз билан тез-тез мулоқот қилиб туришимиз муҳим. Жамоат учрашувлари бошланишидан олдин ва тугаганидан кейин биродару опа-сингилларимиз билан мулоқот қилиш, бизга бундай имкониятни яратиб беради. Виждонларини Муқаддас Китоб меъёрлари бўйича тарбиялаган садоқатли имондошларимизнинг фикрлаш тарзига эътибор беришимиз мумкин. Вақт ўтиб, биз ҳам ўз виждонимизни Худонинг Каломига уйғунлаштириб, Аллоҳнинг фазилатларини янада яхшироқ акс эттирамиз. Агар виждонимизни Худонинг иродаси бўйича тарбиялаб, биродару опа-сингилларимизнинг яхши ўрнакларига тақлид қилсак, виждонимизга ишониб йўл тутишдан қўрқмаймиз (Ишаё 30:21).
19. Виждонга нисбатан яна нималарни кўриб чиқамиз?
19 Лекин баъзилар виждонига қараб йўл тутиш учун, ҳар куни кураш олиб борадилар. Худонинг хизматчилари дуч келаётган айрим вазиятларни 19–23- саҳифаларда жойлашган мақолада кўриб чиқамиз. Бундай вазиятлар устидан мулоҳаза юритиб, нега ҳатто Худо хизматчиларининг виждони турлича эканини ҳамда қандай қилиб виждонимизга янада эътиборли бўлишимиз мумкинлигини билиб оламиз (Ибронийларга 6:11, 12).
[Изоҳ]
a Астрономия соҳаси бўйича илмий-тадқиқий ишларни олиб борувчи Гарвард университетининг профессори Оуэн Гингрич бундай изоҳ бермоқда: «Ҳайвонларнинг ҳаётини ўрганиш, нима учун одамлар бир-бирига ёрдам беришга тайёр эканлигини тушунтириб бера олмайди. Эҳтимол, бунинг сабаби, Худованд инсонга виждон каби хислатни ато этганлигидадир».
Нимани билиб олдингиз?
• Нима учун яхшиликни ёмонликдан ажратиш ҳисси, яъни виждон барча миллатдаги инсонларга хос?
• Нега ҳар доим ҳам виждонга қулоқ солиб бўлмайди?
• Виждонимизни қандай тарбиялашимиз мумкин?
[13- саҳифадаги расмлар]
Довуд виждон азобини бошидан кечирган...
бироқ Тарс шаҳридан бўлган Шоул ҳақида бундай деб бўлмайди
[14- саҳифадаги расм]
Виждонимизни тарбиялашимиз мумкин