Ҳозир уйма-уй ваъз қилишнинг айни пайтидир
Ҳар куни маъбадда ва хонадонларда таълим бериш, Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни ёйишдан тинмас эдилар. ҲАВОР. 5:42
1, 2. а) Ваъз қилишнинг асосан қайси усули орқали одамлар бизни танийди? б) Ушбу мақолада нима ҳақда гап боради?
ИККИТА покиза кийинган киши уйма-уй юриб, инсонлар билан Аллоҳнинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни қисқача баҳам кўришяпти. Уй эгаси бу хабарни тинглашга рози бўлса, улар Худонинг Каломига асосланган адабиёт қолдириб, Муқаддас Китобни ўрганишни таклиф этишяпти. Бугун ушбу фаолият оламнинг барча жойларида олиб борилаётганини кўрса бўлади. Агар сиз ҳам шундай фаолиятда қатнашаётган бўлсангиз, эҳтимол ҳатто оғиз очишни улгурмадингиз-у, сизни Яҳованинг Шоҳиди деб билиб қолишларига эътибор бергандирсиз. Ҳа, уйма-уй ваъз қилганимизни ҳамма билади.
2 Ваъз қилиш ва шогирд орттириш каби Исонинг топшириғини бажараётиб, турли усулларини қўллаймиз (Мат. 28:19, 20). Масалан бозорларда, кўча-кўйда ва одамлар бор жойларда ваъз қилмоқдамиз (Ҳавор. 17:17). Боз устига телефону мактублар ёрдамида ҳамда кундаги ишлар мобайнида ҳам хушхабарни баҳам кўрамиз. Бизнинг ҳатто расмий веб-сайтимиз бўлиб, унда Муқаддас Китобга асосланган 300 тилдан ортиқ маълумотни топиш мумкинa. Ҳа, ушбу усулларнинг барчаси яхши самаралар олиб келяпти. Бироқ уйма-уй ваъз қилиш энг асосий усулимиздир. Хўш, нега экан? Аллоҳ хизматчилари аро, у қандай қилиб кенг тарқалди? Нимага ҳозир уйма-уй ваъз қилишнинг айни пайтидир?
Ҳаворийлар қўллаган усул
3. Ваъз қилиш борасида Исо ҳаворийларига нима топширган ва бундан қандай хулоса чиқарса бўлади?
3 Дарҳақиқат, уйма-уй ваъз қилиш Муқаддас Китобга асосланган. Зеро Исо ҳаворийларини ваъз қилишга юбориб, уларга шундай насиҳат берган: «Қайси шаҳар ёки қишлоққа кирсангиз, у ерда ўзингизга муносибларнигина йўқлаб боринг». Аммо буни қанақасига бажаришлари мумкин эди? Исо одамларнинг уйларига боришни буюриб, бундай деди: «Уйга кираётганингизда уй аҳлига салом беринглар. Агар у уй аҳли ниятингизга муносиб бўлса, уларнинг боши саломат бўлади». Қизиқ, ҳаворийлар уйга киришларидан олдин таклиф қилинишлари керакмиди? Мана, Исо давом этиб айтган сўзларига эътибор беринг: «Агар ким сизни қабул қилмаса ва сўзларингизга қулоқ солмаса, у уйдан ёки шаҳардан чиқиб кетаётганингизда оёқларингиздан чангни ҳам қоқиб кетинглар» (Мат. 10:11–14). Кўриб турганимиздек ҳаворийлар, ким бизни таклиф қилар экан, демай «қишлоқдан-қишлоққа ўтиб бориб, ҳамма ёқда Хушхабарни тарғиб қилишлари» лозим эди (Луқо 9:6).
4. Муқаддас Китобнинг қайси оятларида уйма-уй ваъз қилиш ҳақида аниқ айтилган?
4 Ҳаворийлар уйма-уй ваъз қилишгани тўғрисида Аллоҳнинг Каломида аниқ айтиляпти. Масалан, Ҳаворийлар 5:42 да қуйидагича ёзилган: «Ҳар куни маъбадда ва хонадонларда таълим бериш, Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни ёйишдан тинмас эдилар». Тахминан 20 йил ўтгач, ҳаворий Павлус Эфес жамоатидаги оқсоқолларга шуни эслатди: «Фойдали бўлган ҳеч бир нарсадан сизларни маҳрум қилмайин, деб кўчама-кўча, уйма-уй юриб таълим бериш фурсатини бекор ўтказмадим». Павлус бу оқсоқолларникига, улар Тангри Яҳованинг хизматчиси бўлишларидан олдин ташриф буюрганми? Бу эҳтимолдан йироқ эмас, нега деганда Павлус уларга: «Тавба қилиб, Худога илтижо этинглар ва Раббимиз [Ҳазратимиз, ЯДТ] Исо Масиҳга имон келтиринглар»,— дея ўргатган (Ҳавор. 20:20, 21). Бир луғатга кўра, Ҳаворийлар 20:20 га шундай изоҳ берилган: «Шуни айтиш жоизки, бу машҳур тарғиботчи уйма-уй ваъз қиларди» (Robertson’s Word Pictures).
Замонамиздаги чигиртка қўшини
5. Йўэл пайғамбарнинг башоратида, ваъзгўйлик фаолияти қандай тасвирланган?
5 Биринчи асрдаги ваъзгўйлик фаолияти, бугунги кунда хушхабар кенг миқёсда тарқалишининг рамзи бўлган холос. Йўэл пайғамбар мойланган масиҳчиларнинг ваъзгўйлик ишини ҳашаротларнинг, шу жумладан чигирткаларнинг ҳужуми билан таққослаган (Йўэл 1:4). Чигирткалар худди қўшин босқин қилгандай, йўлидаги ҳамма тўсиқларни енгиб, учратган барча нарсаларни еб битиришади (Йўэл 2:7, 9 ўқиб беринг)b. Бугунги кунда Худонинг халқи астойдил ва тиришқоқлик билан ваъз қилаётгани бунинг ёрқин тасвиридир! Ушбу каромат рўёбга чиқиши учун мойланган масиҳчилар ва «бошқа қўйлар»дек тасвирланган кишилар хушхабарни асосан уйма-уй эълон қилишмоқда (Юҳан. 10:16). Хўш, ҳаворийлар қўллаган усул Яҳованинг Шоҳидлари орасида қандай қилиб кенг тарқалди?
6. Уйма-уй ваъз қилиш муҳимлиги борасида 1922- йилда нимага эътибор қаратилган ва баъзиларнинг бунга муносабати қандай эди?
6 Айниқса 1919- йилдан бошлаб, ваъз қилиш ҳар бир масиҳчининг бурчи эканига эътибор қаратилган. Масалан, «Қўриқчи минораси» журналининг 1922- йил 15- август сонидаги «Хизматнинг муҳимлиги» номли мақоласида, мойланган масиҳчиларга бундай эслатиб ўтилган: «Одамларникига ташриф буюриб, адабиётлар орқали Аллоҳ Шоҳлиги яқинлашганини ғайрат ила етказиш даркор». Шунингдек «Бюллетенда» (ҳозир «Илоҳий хизматимиз») батафсил муқаддималар чоп этиларди. Бироқ бунга қарамай, уйма-уй ваъз қилиш усули унча қўлланилмади. Сабаби баъзилар бундай тарзда ваъз қилишни истамай, ҳар хил баҳона ахтаришарди. Аслини олганда эса айб ўзларида эди, чунки хонадонма-хонадон ваъз қилишни улар ўзларига эп кўришмади. Вақт ўтган сайин ваъзгўйлик ишига кўпроқ эътибор қаратилганда, улардан аксарияти Тангри Яҳовага хизмат қилмай қўйишди.
7. Ваъзгўйлик фаолияти борасида 1950- йилларда нимада эҳтиёж пайдо бўлди?
7 Кейинги ўн йиллар давомида ваъзгўйлик фаолияти кенг тарқалишни бошлади. Шу тариқа уйма-уй ваъз қилишга ўрганиш муҳим эди. Мисол тариқасида Қўшма Штатларни олса бўлади. У ерда 1950- йилларда Яҳова Шоҳидларининг 28 фоизи, кўчаларда шунчаки журналларни олиб туриш ёки хушхабарни қоғозлар орқали тарқатиш билан чегараланишарди. Шоҳидларнинг 40 фоизи хизматда сусайиб, ҳатто бир неча ой ваъзгўйликда иштирок этмай қўйишган. Бундай вазиятда масиҳчилар, уйма-уй ваъз қилишларига қандай қилиб ёрдам берса бўларди?
8, 9. Умумжаҳон миқёсда 1953- йилда қанақа маърифат дастури бошланган ва бунинг самаралари қандай эди?
8 Нью-Йоркда 1953- йилда бўлиб ўтган халқаро анжуманда уйма-уй ваъз қилишга кўп диққат қаратилган. Ўшанда ваъзгўйлик фаолиятида ғайрат ила қатнашган биродаримиз Нейтан Норр, жамоат нозирларининг эътиборини энг муҳим мақсадга қаратди. Унга биноан ҳар бир ваъзгўйга мунтазам равишда хонадонма-хонадон хизмат қилишига ёрдам берилиши керак эди. У айтиб ўтганидек: «Ҳар биримиз уйма-уй ваъзгўйлигида иштирок эта олишимиз даркор». Шу йўсин, умумжаҳон маърифат дастури олиб борилишига замин яралди. Ким ҳали уйма-уй ваъз қилмаган бўлса, унга суҳбатни бошлаш, Муқаддас Китоб асосида муҳокама олиб бориш ва саволларга жавоб беришга ўргатишарди.
9 Ушбу маърифат дастури жудаям яхши самаралар келтирди. Масалан, ўн йил ичида Яҳова Шоҳидларининг сони жаҳон бўйлаб икки баробар ошди. Такрорий ташрифларнинг миқдори 126 фоизга, Муқаддас Китоб тадқиқлари эса 150 фоизга ортди. Бугунги кунга келиб дунё бўйлаб, қарийб етти миллион Яҳованинг Шоҳиди хушхабарни баҳам кўришяпти. Бундай ажойиб самаралар шуни исботлаяптики, Яҳова Таоло хизматчиларининг уйма-уй ваъз қилиш ҳаракатларига барака бермоқда (Ишаё 60:22).
Халос бўлиш тамғаси
10, 11. а) Ҳизқиё пайғамбар қандай ваҳий кўрган? б) Бу ваҳий бизнинг давримизда қандай амалга ошиб келмоқда?
10 Уйма-уй ваъз қилиш қанчалик муҳим экани, Ҳизқиё пайғамбарга келган ваҳийдан маълум. У, қурол ушлаб турган олти кишини ва зиғир матосидан кийим кийган ҳамда котиб асбоб-ускуналарини тақиб олган яна бир одамни кўрган. Бу киши шаҳар бўйлаб юриб, бўлаётган қабиҳ ишлардан нафратланган ва қийналган кишиларнинг пешоналарига тамға босиб чиқиши лозим эди. Қуролли олти кимсалар эса бу кишининг орқасидан юриб, тамғаси йўқларни қатл қилишлари керак бўлган (Ҳиз. 9:1–6).
11 Ушбу кароматдаги зиғир матосидан кийим кийган киши ҳозирги пайтда ер юзида яшаётган барча мойланган масиҳчиларни англатади. Улар, «бошқа қўйлар» сонига қўшилаётган кишиларга ваъз қилиш орқали, рамзий маънода тамға қўйишмоқда (Юҳан. 10:16). Бу тамға нимани билдиради, деб сўрамоқчидирсиз? Ушбу рамзий тамға, одам Худога маъқул фазилатларга эга бўлиб, ҳаётини Унга бағишлаб бунинг рамзи сифатида сувга чўмган ва бу билан Исо Масиҳнинг издоши бўлганини англатади (Эфес. 4:20–24). Бу беозор инсонлар мойланганларга қўшилиб, ўта муҳим фаолиятда уларга кўмаклашишмоқда (Ваҳ. 22:17).
12. Ҳизқиёга келган ваҳийга кўра, нега айнан ҳозир самимий инсонларни излаб топиш зарур?
12 Ҳизқиё пайғамбар кўрган ваҳий, дунёда содир бўлаётган ишлардан нафратланган ва қийналган кишиларни нега излаб топиш шунчалик муҳим эканининг сабабини кўрсатмоқда. Бу ерда инсоннинг ҳаёти ҳақида гап кетяпти. Яқинда Аллоҳнинг ҳукмини бажарадиган ўша қуролли кишилар, яъни фаришталар рамзий тамғаси йўқ бўлганларни қириб ташлашади. Инжилда ёзилишича, бўлажак ҳукм кунида Ҳазрати Исо «қудратли фаришталари» билан бирга «Худони танимаган ва Ўзининг Хушхабарига итоат этмаган шаккоклардан ўч олади» (2 Салон. 1:7, 8). Бинобарин, одамлар хушхабарга кўрсатган муносабатларига қараб ҳукм қилинадилар. Демак, Аллоҳнинг хабари эълон этилиши охиргача давом этади (Ваҳ. 14:6, 7). Ҳа, Яҳовага ҳаётини бағишлаганларнинг вазифаси жиддий масъулиятдир (Ҳизқиё 3:18 ўқиб беринг)c.
13. а) Павлус қандай масъулиятни ҳис қилган ва нимага? б) Сиз, ҳудудингизда яшаётганлар олдида қандай масъулиятни ҳис этяпсиз?
13 Ҳаворий Павлус ҳам бу вазифа жиддий масъулият эканини тушуниб, шундай ёзган: «Мен юнонлару варварлар, олимлару жоҳиллар олдида қарздорман. Шундай қилиб, Римдаги сизларга ҳам қўлимдан келганича, Инжил Хушхабарини етказишга тайёрман» (Рим. 1:14, 15). Павлус ўзига нисбатан намоён этилган раҳм-шафқат учун жуда миннатдор эди. Бу эса уни, бошқа одамлар ҳам Худонинг меҳр-иноятини ҳис этишларига ёрдам беришга чорлаган (1 Тим. 1:12–16). У кимни учратмасин, ҳамманинг олдида ўзини қарздордек ҳисоблаб, хушхабарни айтиш билангина қарзимни узаман деб ўйлаган. Сиз-чи, ҳудудингизда яшаётган кишиларга нисбатан худди шундай муносабатдамисиз? (Ҳаворийлар 20:26, 27 ўқиб беринг).
14. Омма олдида ваъз қиламизми ёки уйма-уйми, энг асосий мақсадимиз қандай?
14 Шуни айтиш жоизки инсонларни қутқариб олиш, уйма-уй ваъз қилишимизнинг ягона сабаби эмас. Бунга муҳим асос мавжуд. Зотан Тавротда ёзилган башоратга биноан, Худованд Яҳова тонг отгандан то кун ботгунча халқлар аро исми улуғланиши тўғрисида айтган (Мал. 1:11). Яҳованинг Шоҳидлари барча халқлар орасида Унинг исмини шарафлаб, камтаринлик ила хизмат қилганлари, бу башорат амалга ошаётганини кўрсатмоқда (Заб. 108:30; Мат. 24:14). Хуллас, омма олдида ваъз қиламизми ёки уйма-уйми, энг асосий мақсадимиз — «Худога узлуксиз ҳамду сано қурбонларини бағишлаш»дир (Иброн. 13:15).
Келажакдаги улкан воқеалар
15. а) Ерихо шаҳрини қўлга киритиш пайтида, еттинчи кунда нима ўзгарди? б) Ваъзгўйлик фаолиятимиз борасида қандай хулосага келиш мумкин?
15 Охирзамоннинг якунига келиб, ваъзгўйлик фаолиятимизда қандай ўзгаришлар юз берар экан-а? Бу саволнинг жавобини, Ёшуа китобидаги Ерихо шаҳри қўлга киритилгани ҳақидаги воқеани кўриб чиқиб, билиш мумкин. Худованд, Ерихо шаҳрини яксон қилишидан аввал исроилликлар олти кун мобайнида шаҳар атрофини кунига бир марта айланишлари керак эди. Еттинчи куни эса улардан янада кўпроқ уринишлар талаб этилган. Яҳова Таоло Ёшуага шундай деди: «Шаҳар атрофини етти марта айланинглар, руҳонийлар бурғуни чалиб юришсин. Ўша куни бурғуларнинг узоқ чалинганини эшитиши биланоқ, ҳамма бор овози билан бақирсин. Шунда шаҳарнинг деворлари қулайди» (Ёшуа 6:2–5). Ҳойнаҳой бизнинг фаолиятимизнинг ҳам кенгайиши кутилмоқда. Ушбу охирзамоннинг сўнгида, тарихда ҳали бўлмаган даражада Аллоҳнинг исми ва Унинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабар тарқалганини ўз кўзимиз билан кўрамиз.
16, 17. а) Охирзамоннинг якунида биз эълон этаётган хушхабар қандай жаранглайди? б) Келаси мақолада нимани муҳокама қиламиз?
16 Шундай давр келадики, хушхабар худди «бор овоз билан бақирилгандай» жаранглайди. Инжилда, Худонинг даҳшатли ҳукм этиш хабарлари «донаси ботмон келадиган йирик дўл»d билан таққосланяпти. Мана нима учун Ваҳий 16:21 да: «Бу бало ҳаддан зиёд эди»,— дея ёзилган. Яҳованинг якунловчи ҳукмларини эълон этишда, уйма-уй ваъз қилишнинг усули қайси ўринни эгаллашидан ҳозирча бехабармиз. Бироқ қатъий аминмизки, «буюк қайғу» тугагунига қадар, Эгамиз Яҳова ҳали бўлмаган миқёсда Ўз исмини улуғлайди (Ваҳ. 7:14; Ҳиз. 38:23).
17 Келажакдаги улкан воқеаларни кутиб, келинг бундан буён ҳам Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ғайрат ила ваъз қилайлик. Уйма-уй хушхабарни баҳам кўрганимизда, қандай қийинчиликларга дуч келамиз ва уларни енгишга нима кўмаклашади? Ушбу саволларни келаси мақолада кўриб чиқамиз.
[Изоҳлар]
a Веб-сайтимизнинг манзили: www.watchtower.org.
b Йўэл 2:7, 9, ЯДТ: «Улар кучли кишилар каби, югуришади. Жангчилар каби деворга чирмашиб чиқишади. Улар шаҳарга бостириб киришади. Деворга, уйлар тепасига чиқиб олишади. Худди ўғридек деразалардан ёпирилиб киришади».
c Ҳизқиё 3:18, ЯДТ: «Агар Мен қонунбузарга: “Ўласан!” — десам-у, сен, у тирик қолиши учун, уни огоҳлантирмасанг ва қонунбузарни унинг қонунсиз йўлидан сақлаш учун сўзламасанг, қонунбузар ўзининг қонунсизлиги туфайли ўлади, Мен эса унинг қонини сенинг қўлингдан талаб қиламан».
d Агар юнонча ботмон ҳақида гап кетаётган бўлса, унда ҳар бир дўл донаси 20 килодан ҳам оғирроқдир.
Қандай жавоб берардингиз?
• Муқаддас Китобнинг қайси оятларида уйма-уй ваъз қилиш ҳақида аниқ айтилган?
• Бугунги кунда уйма-уй ваъз қилиш муҳимлиги қандай қилиб таъкидланган?
• Нега Яҳова Шоҳидлари хушхабарни эълон этиш масъулиятини ҳис этишмоқда?
• Келажакда бизни қандай улкан воқеалар кутяпти?
[4- саҳифадаги расмлар]
Ҳаворий Павлус каби бошқаларга ваъз қилиш масъулиятини ҳис этяпсизми?
[5- саҳифадаги расм]
Биродаримиз Норр, 1953- йилда