37- БОБ
Яҳовани ва Ўғлини эслаб турайлик
ТАСАВВУР қилинг, кимдир сизга зўр совға берди. Шунда ўзингизни қандай ҳис қиласиз? ~ Шунчаки раҳмат, деб совға берган кишини унутиб юборасизми? Ёки ўзини ҳам, қилган яхшилигини ҳам эслаб юрасизми? ~
Тангри Яҳова бизга ажойиб бир совға берган. У Ўзининг Ўғлини ер юзига юборган. Нега Исо биз учун ўлиши керак эди, биласизми? ~ Бу жудаям муҳим нарса ва биз буни тушуниб етишимиз зарур.
Шу китобнинг 23- бобидан билиб олганимиздек, Одамато Худонинг мукаммал қонунини бузиб, гуноҳ қилган. Биз эса Одаматонинг фарзандлари бўлганимиз учун ундан гуноҳни мерос қилиб олганмиз. Демак, энди биз нимага муҳтожмиз? ~ Ер юзида мукаммал ҳаёт кечирган янги отага. Сизнингча, ким биз учун бундай ота бўла олади? ~ Исо.
Яҳова, Одаматонинг ўрнига бизга ота бўлиши учун ер юзига Исони юборди. Муқаддас Китобда айтилишича: «“Биринчи одам — Одамато тирик жон бўлди”. Охирги Одам эса ҳаёт бахш этувчи руҳ бўлди». Биринчи Одам ким эди? ~ Ҳа, Худо тупроқдан яратган киши эди. Иккинчи Одам эса ким эди? ~ Бу Исо эди. Муқаддас Китобда бу шундай тушунтирилган: «Биринчи одам [Одамато] ердан, тупроқдан яралган, иккинчиси эса [Исо] осмондан келган» (1 Коринфликларга 15:45, 47; Ибтидо 2:7).
Худо Исонинг ҳаётини осмондан Марям исмли аёлнинг ичига ўтказгани учун, Исо Одаматодан гуноҳни мерос қилиб олмаган. Шу боис Исо мукаммал одам бўлган (Луқо 1:30–35). Яна, шу сабабли Исо туғилганида фаришта чўпонларга: «Бугун сизлар учун Нажоткор туғилди»,— деб айтган (Луқо 2:11). Аммо чақалоқ бўлиб туғилган Исо Нажоткор бўлиш учун аввало нима қилиши керак эди? ~ У Одамато каби катта киши бўлиб улғайиши лозим эди. Ўшандагина Исо «иккинчи Одам» бўла оларди.
Нажоткоримиз Исо шунингдек биз учун «Абадий ота» бўлади. Муқаддас Китобда у айнан шундай номланган (Ишаё 9:6, 7). Ҳа, гуноҳ қилиб номукаммал бўлиб қолган Одаматонинг ўрнига мукаммал Исо бизнинг отамиз бўла олади. Шундай қилиб, биз ўзимиз учун ота сифатида «иккинчи Одамни» танлашимиз мумкин. Албатта, Исонинг ҳам Отаси бор — бу Тангри Яҳовадир.
Исони яқиндан таниб-билганимиз сари, уни Нажоткор сифатида қабул қила оламиз. Биз нимадан нажот топишимиз кераклиги эсингиздами? ~ Ҳа, Одаматодан мерос қилиб олинган гуноҳ ва ўлимдан. Исо биз учун қурбон қилган мукаммал ҳаёт, тўлов деб аталади. Ушбу тўлов асосида Яҳова бизнинг гуноҳларимизни кечиради (Матто 20:28; Римликларга 5:8; 6:23).
Худонинг ва Ўғлининг биз учун қилган яхшиликларини унутиб қўймаслигимиз лозим, шундай эмасми? ~ Исо ўзининг шогирдларига ўзгача бир эслатма берган. Келинг, бу ҳақда озгина суҳбатлашайлик.
Фараз қилинг, сиз Қуддус шаҳридаги бир уйнинг болохонасида ўтирибсиз. Кеч кириб қолди. Дастурхон атрофида Исо ва унинг ҳаворийлари ўтиришибди. Дастурхонда эса қовурилган қўзичоқ, юпқа нонлар ва қизил шароб турибди. Улар ўзгача таом ейишяпти. Нима учун, биласизми? ~
Бу таом уларга бир неча юз йил аввал Яҳова Исроил халқини Мисрдаги қулликдан озод этганини эслатиб турарди. Ўшанда Яҳова Ўз халқига шундай деган эди: «Ҳар бир оила биттадан қўзичоқ сўйсин ва қонини уйларининг эшиги ромларига суртсин. Сўнг, уйларига кириб, қўзичоқ гўштини ейишсин».
Исроилликлар худди шундай қилишди. Ўша кечада Худонинг фариштаси Миср юртидан ўтиб кетди. Фаришта кўп уйларда тўнғич фарзандларни нобуд қилди. Қўзининг қони суртилган эшикларни эса четлаб ўтди. Ўша уйларда битта фарзанд ҳам нобуд бўлмади. Миср фиръавни, Яҳованинг фариштаси қилган ишни кўриб, қўрқиб кетди. Шунинг учун фиръавн Исроил халқига: «Йўқолинглар! Мисрдан чиқиб кетинглар!» — деди. Ўшандан кейин исроилликлар нарсаларини эшак ва туяларига юклаб, йўлга чиқишди.
Яҳова уларни қандай қилиб қутқарганини унутиб юборишларини хоҳламаган. Шу сабабли, уларга: «Сизлар бу кеча еган таомни ҳар йили худди шундай тайёрлаб енглар»,— деб буюрган. Улар бу ўзгача егуликни Фисиҳ таоми деб номлашган. Биласизми, нима учун? ~ Чунки «Фисиҳ» сўзи, «четлаб ўтиш» деган маънога эга. Ҳа, ўша кечада Худонинг фариштаси, эшик ромларига қўзининг қони суртилган уйларни «четлаб ўтган» эди (Чиқиш 12:1–13, 24–27, 31).
Исо билан ҳаворийлари Фисиҳ таомини еб ўтиришганда, мазкур воқеани эслашган. Ўшанда Исо муҳим бир иш қилди. Аммо бундан олдин, бевафо ҳаворий Яҳудога ташқарига чиқиб кетишга рухсат берган эди. Сўнг, Исо қолган нонлардан бирини олиб дуо қилди ва синдириб, шогирдларига узатди. «Олинглар, енглар»,— деди у. «Бу нон сизлар учун қурбон қилинадиган танамни билдиради»,— дея қўшиб қўйди.
Шундан кейин Исо косадаги қизил шаробни олди. Яна бир бор шукрона дуосини айтгач, уни шогирдларига узатди. Исо уларга шундай деди: «Ҳаммангиз ундан ичинг. Бу шароб менинг қонимни англатади. Яқинда мен қонимни тўкиб, сизларни гуноҳдан озод қиламан. Сизлар мени эслаш учун шундай қилиб туринглар» (Матто 26:26–28; 1 Коринфликларга 11:23–26).
Исо шогирдларига уни эслаш учун шундай қилиб туришни буюрганига эътибор бердингизми? ~ Энди улар Фисиҳ байрамини нишонлашига ҳожат йўқ эди. Бунинг ўрнига улар йилда бир марта ушбу ўзгача таомни тайёрлаб, Исони ва унинг ўлимини эслаб туришлари керак эди. Бу таом Ҳазратимизнинг Кечлиги деб аталган. Биз буни кўпинча Қутлуғ Кечлик деб номлаймиз. Нега? ~ Чунки бу бизга Исо ва унинг Отаси, Тангри Яҳова биз учун нималар қилишганини эслатиб туради.
Нон бизга Исонинг танасини эслатади. Биз абадий ҳаётга эга бўлишимиз учун у бажонидил танасини қурбон қилди. Қизил шароб ҳақида нима дейиш мумкин? ~ Бу бизга Исонинг бебаҳо қонини эслатиб туради. Унинг қони Мисрда сўйилган Фисиҳ қўзисининг қонидан кўра анча қадрлироқдир. Биласизми, нима учун? ~ Муқаддас Китобда айтилишича, Исонинг қони бизни гуноҳлардан поклай олади. Барча гуноҳлардан покланганимизда эса, бошқа ҳеч қачон касал бўлиб, қариб, ўлмаймиз. Қутлуғ Кечликка борганимизда, ана шу ҳақда ўйлашимиз керак.
Қутлуғ Кечликда узатиладиган нон ва шаробдан ҳамма тановул қилиши лозимми? ~ Улардан ейиши керак бўлган кишиларга Исо шундай деган эди: «Сизлар Шоҳлигимда бўлиб, мен билан биргаликда самовий тахтларга ўтирасизлар» (Луқо 22:19, 20, 30). Бу дегани, улар осмонда Исо билан бирга шоҳлик қилишади. Шундай экан, нон ва шаробдан фақатгина Исо билан бирга осмонда бошқарадиган кишилар тановул қилишади.
Лекин нон ва шаробдан тановул қилмайдиганлар ҳам Қутлуғ Кечликка боришлари керак. Биласизми, нега? ~ Чунки Исо бизлар учун ҳам ўзини қурбон қилган. Қутлуғ Кечликка бориб, биз буни унутиб қўймаганимизни кўрсатамиз. Ҳа, биз Худонинг ажойиб ҳадясини эсда сақлаймиз.
Қуйидаги оятларда Исонинг тўлови нақадар бебаҳо эканлиги кўрсатилган: 1 Коринфликларга 5:7; Эфесликларга 1:7; 1 Тимўтийга 2:5, 6 ва 1 Бутрус 1:18, 19.