«Яҳованинг йўллари адолатлидир»
«Яҳованинг йўллари адолатлидир, ва солиҳлар ундан юрадилар» (ҲЎШЕЯ 14:9 ЯДТ).
1, 2. Яҳова исроилликларга қандай йўлни кўрсатган эди, лекин улар билан нима юз берди?
МУСО пайғамбар даврида Яҳова исроилликларга адолатли йўлларини кўрсатган эди. Мил. авв. VIII асрга келиб эса, улар аянчли аҳволга тушишди, Худо уларни ўта қонунбузарликда айбдор деб топди. Бу, Ҳўшеянинг 10дан 14гача бобларидан яққол кўринади.
2 Исроилликлар иккиюзламачи бўлиб кетган эди. Ўн қабилали шоҳликдаги халқ «ёмонлик экиб», адолатсизликни ўриб олишди (Ҳўшея 10:1, 13). «Исроил чақалоқлигида Мен уни севардим, ва ўғлимни Мисрдан чақириб олган эдим», деди Яҳова. (Ҳўшея 11:1). Худо исроилликларни Миср асирлигидан озод этганига қарамай, улар ёлғон ва айёрлик билан Унга жавоб қайтаришди (Ҳўшея 11:12). Шу сабабли Яҳова исроилликларга мурожаат қилиб: «Худойингга қайтиб, меҳр-иноят ва адолатни сақла, ва доимо Худойингга умид боғла»,— деди (Ҳўшея 12:6, ЯДТ).
3. Исёнкор Самарияни нима кутарди, аммо қандай қилиб исроилликлар марҳаматга эришишлари мумкин эди?
3 Исёнкор Самарияни ҳамда унинг шоҳини даҳшатли интиҳо кутмоқда эди (Ҳўшея 13:11, 16). Ҳўшея башоратининг сўнгги боби: «Эй Исроил, Худойинг Яҳовага қайт»,— деган ўтинч билан бошланади. Агар исроилликлар тавба-тазарру ила кечирим сўрашса, Яҳова уларга марҳамат кўрсатади. Аммо, аввало улар «Яҳованинг йўллари адолатли» эканини фаҳмлаб, ундан юришлари лозим (Ҳўшея 14:1-6, 9).
4. Ҳўшея башоратидаги қайси фикрларни кўриб чиқамиз?
4 Ҳўшея башоратининг бу қисмида, Худо билан юришимизга ёрдам берадиган кўп қонун-қоидалар мавжуд. Биз қуйидаги фикрларни кўриб чиқамиз: 1) Яҳова самимий топинишни талаб қилади; 2) Худо Ўз халқига садоқатли севгисини кўрсатмоқда; 3) биз доимо Яҳовага умид боғлашимиз лозим; 4) Яҳованинг йўллари доимо адолатлидир, ва 5) гуноҳкорлар Яҳовага қайтиши мумкин.
Яҳова самимий топинишни талаб қилади
5. Худо биздан қандай хизматни талаб қилади?
5 Яҳова, бизнинг илоҳий хизматимиз покиза, самимий бўлишини талаб қилади. Бироқ Исроил ҳосилсиз «нави бузилаётган токка» ўхшаб қолганди. Исроил аҳолиси сохта топинишда қўлланиладиган «қурбонгоҳларни» кўпайтириб юборгандилар. Бу муртад, яъни Худодан қайтган одамлар сиғиниш учун ҳатто устунлар ўрнатдилар. Яҳова бу қурбонгоҳларни ва устунларни вайрон қилиш ниятида эди (Ҳўшея 10:1, 2).
6. Худо билан юриш учун, қандай хислатдан фориғ бўлишимиз керак?
6 Яҳованинг хизматчилари орасида иккиюзламачиликка ўрин йўқ. Лекин, исроилликлар билан нима юз берди? Улар иккиюзламачи бўлиб кетишди! Гарчи улар Яҳова билан аҳд тузиб, Унга бағишланган халқ бўлишган бўлса-да, Худо уларни иккиюзламачиликда айбдор деб топди. Биз бундан қандай сабоқ оламиз? Агар Яҳовага ўзимизни бағишлаган бўлсак, иккиюзламачи бўлмаслигимиз керак. Ҳикматлар 3:32да: «Эгамизга ёвузлар жирканчдир, У тўғри одамга яқин бўлади», деб огоҳлантириш ёзилган. Худо билан юриш учун, «соф юракдан, тоза виждондан, холис имондан» севгимизни намоён қилмоғимиз лозим (1 Тимўтийга 1:5).
Худо Ўз халқига садоқатли севгисини кўрсатади
7, 8. а) Қай ҳолда Худо бизга садоқатли севгисини намоён қилади? б) Агар жиддий гуноҳ қилиб қўйсак, нима қилмоғимиз лозим?
7 Агар Яҳовага самимият ва адолат ила топинсак, У бизга меҳр-иноятини, яъни садоқатли севгисини кўрсатади. Ўзбошимча исроилликларга: «Ўзингиз учун солиҳлик уруғини экиб, меҳр-иноят ҳосилини ўринглар. Ўзингиз учун шудгорли ер тайёрланглар, зеро Яҳова келиб, сизларга солиҳликни ўргатгунига қадар, ҳозир Уни излашнинг айни вақтидир»,— дейилган эди (Ҳўшея 10:12, ЯДТ).
8 Қани энди, исроилликлар тавба қилиб, Яҳовани излашса! Шунда У мамнуният билан уларни солиҳликка ўргатган бўларди. Агар биз жиддий гуноҳ қилиб қўйсак, келинг ибодатда Яҳовадан гуноҳимизни кечиришини сўраб ва оқсоқоллардан маънавий ёрдам сўраб, Яҳовани излайлик (Ёқуб 5:13-16). Муқаддас руҳнинг раҳбарлигини излашимизнинг яна бир сабаби, кимки «ўз нафси даласига уруғ экса, нафсдан завол ўриб олади. Руҳ даласига уруғ экса, Руҳдан абадий ҳаёт ўриб олади» (Галатияликларга 6:8). Агар «руҳ даласига уруғ эксак», Худо бундан буён ҳам садоқатли севгисини бизга намоён қилади.
9, 10. Ҳўшея 11:1-4 оятлари Исроилга қандай тааллуқли?
9 Яҳова халқига доимо меҳр-муҳаббат кўрсатишига амин бўлишимиз мумкин. Ҳўшея 11:1-4даги сўзлар бунинг далилидир: «Исроил чақалоқлигида Мен уни севардим, ва ўғлимни Мисрдан чақириб олган эдим. [Улар] Баалнинг тасвирларига қурбонликлар келтиришар ва ўйма бутларга тутатқи тутатишарди. Мен Эфрайимга юришни ўргатган эдим, уларни қучоғимга олар эдим. Бироқ Мен уларга шифо берганимни тан олишмади. Мен уларни инсон ришталари, муҳаббат ришталари ила етаклаб юрган эдим. Жағларидан бўйинтуруғини ечганлардай бўлиб, ҳар бирига меҳр ила овқат берган эдим».
10 Бу ерда Исроил чақалоқ билан таққосланяпти. Яҳова меҳр ила исроилликларни қучоғига олар ва уларга юришни ўргатган эди. Ҳамда уларни «муҳаббат ришталари ила» етаклаб юрган эди. Нақадар таъсирчан тасвир! Фарзандингизга илк қадамларини ташлашга ёрдам бераётганингизни тасаввур қилинг. Қўлларингизни унга узатиб турибсиз. Ё бўлмаса, кичкинтойингиз йиқилиб тушмаслиги учун қўлтиғидан қайиш ёки тасма ўтказиб оларсиз. Яҳова ҳам бизга худди шундай меҳр-муҳаббат кўрсатмоқда. У жон деб бизларни «муҳаббат ришталари» билан етаклаб юрибди.
11. Қайси маънода Худо ‘бўйинтуруғимизни ечаётган’ киши сингари?
11 Яҳова исроилликлар билан муносабатида, «жағларидан бўйинтуруғини ечганлардай бўлиб, ҳар бирига меҳр ила овқат берган»дек бўлган. Мол бемалол ем ея олиши учун бўйинтуруғини ечиб қўядиган киши сингари, Худо ҳам исроилликлар билан худди шундай муомала қилди. Исроилликлар Худога итоат этиш буйинтуруғини синдиришгандагина, душманларининг оғир буйинтуруғи остига тушишарди (Амрлар 28:45, 48; Еремиё 28:14). Биз эса ҳеч қачон ашаддий душманимиз Шайтоннинг азоб-уқубат етказувчи бўйинтуруғи остида қолмайлик. Балки меҳрибон Худойимиз билан юришда давом этайлик.
Доимо Яҳовага умид боғланг
12. Ҳўшея 12:6га биноан, Худо билан юриш учун нима талаб этилади?
12 Худо билан юриш учун, доимо унга умид боғламоғимиз лозим. Исроилликларга: «Худойингга қайтиб, меҳр-иноят ва адолатни сақла, ва доимо Худойингга умид боғла», дейилган эди (Ҳўшея 12:6, ЯДТ). Агар исроилликлар тавба қилиб, Яҳовага қайтишни хоҳлашганида, меҳр-иноят кўрсатишар, адолатли йўл тутишар ва доимо Худога умид боғлашган бўларди. Худо билан қанча вақт юришимиздан қатъиназар, меҳр-иноят кўрсатишимиз, адолатли йўл тутишимиз ва доимо Худога умид боғлашимиз лозим (Забур 26:14).
13, 14. Павлус Ҳўшея 13:14даги сўзларни қўллаб, Яҳова билан юришнинг қайси сабабини келтирди?
13 Исроилликларга қарата айтилган Ҳўшеянинг башоратида, Худога умид боғлашнинг ишончли исботини топамиз. «Уларни ўликлар диёридан тўлов ила сотиб оламан, ўлимдан халос этаман. Эй ўлим, сенинг нишларинг қаерда? Эй ўликлар диёри, ҳалокатли қудратинг қаерда? Раҳм-шафқат кўзларимдан яширинади»,— демоқда Яҳова (Ҳўшея 13:14, ЯДТ). Ўша пайтда Яҳова исроилликларни том маънода ўлимдан халос қилмоқчи эмас эди, аммо вақти келиб ўлимни йўқ қилиб, унинг зафарини пучга чиқаради.
14 Павлус мойланган масиҳчиларга ёзган мактубида Ҳўшеянинг башоратидан оят келтирган эди: «Бу ўткинчи бадан чиримайдиган, бу ўладиган вужудимиз ўлмайдиган бўлиб қолган пайтда, қуйидаги Таврот оятлари амалга ошади: “Ўлим ғалаба билан ютилди. Эй ўлим, сенинг нишинг қаерда? Эй дўзах, сенинг зафаринг қаерда?” Ўлимнинг ниши гуноҳдир. Гуноҳнинг қуввати эса Илоҳий Қонун орқали намоён бўлади. Лекин Худога шукр! У Раббимиз Исо Масиҳ орқали бизга ғалаба бахш этган» (1 Коринфликларга 15:54-57). Яҳова Исони тирилтирди ва бу, Худонинг хотирасида бўлган инсонлар тирилишининг гарови бўлди (Юҳанно 5:28, 29). Ахир бу, Яҳовага умид боғлашнинг ишончли исботи эмасми! Бироқ, тирилишга бўлган умиддан ташқари, Худо билан юришнинг бошқа сабаби ҳам бор.
Яҳованинг йўллари доимо адолатлидир
15, 16. Самария ҳақида нима деб башорат қилинган эди ва бу башорат қандай амалга ошди?
15 «Яҳованинг йўллари адолатли» эканига ишончимиз, Яҳова билан юришимизга ёрдам беради. Самария аҳолиси Худонинг адолатли йўлларидан юришмаган. Бинобарин, улар гуноҳлари ва Яҳовага ишонмасликлари учун жавоб беришлари керак эди. Ҳўшея 13:16да: «Самария ўз Худосига қарши исён кўтаргани учун жазоланади. Улар қиличдан ўтказилади. Гўдаклари ерга уриб ўлдирилади, ҳомиладор аёлларининг қоринлари эса ёриб ташланади»,— деб каромат қилинган. Тарихий далиллар далолат беришича, Самарияни босиб олган Оссурияликлар бундай ваҳшийликларга қодир бўлишган.
16 Самария, ўн қабилали Исроил шоҳлигининг пойтахти бўлган. Аммо, Самария деганда бутун шоҳлик назарда тутилган бўлиши ҳам мумкин (3 Шоҳлар 21:1). Оссурия шоҳи Шалманасар V, мил. авв 742 йилда Самарияни қамал қилган эди. Мил. авв. 740 йилда Самария босиб олинганидан сўнг, аҳолининг кўп кўзга кўринган кишилари Месопотамия ва Мидияга олиб кетилди. Лекин Самария айнан ким тарафидан — Шалманасар V, ёки унинг вориси Саргон II томонидан забт этилганлиги аниқ эмас (4 Шоҳлар 17:1-6, 22, 23; 18:9-12). Шундай бўлса-да, Саргоннинг солномаларида, 27 290та исроиллик Эфратнинг юқори қисмига ва Мидияга олиб кетилганлиги ёзилган.
17. Худонинг меъёрларини қадрлашимизни қандай кўрсатишимиз мумкин?
17 Самария аҳолиси учун, Худонинг адолатли йўлларидан юрмагани қимматга тушди. Агар биз ҳам, Худонинг хизматчилари бўла туриб, Худонинг адолатли йўлларини менсимасак, оқибати фожиали бўлади. Илойим, ҳеч қачон бундай ёмон йўлга тушиб қолмайлик! Аксинча, ҳаворий Бутруснинг мана бу насиҳатига амал қилайлик: «Сизлардан ҳеч ким қотил, ўғри, ёмонлик қилувчи ёки фитна-фасодчи бўлиб азоб чекмасин. Лекин агар бирор киши Масиҳий бўлгани учун азоб чекса, уялмасин, аксинча, бу ном билан Худони улуғласин» (1 Бутрус 4:15, 16).
18. Биз қандай қилиб «Худони улуғлай» оламиз?
18 Ўзбошимчалик қилмасдан, биз Яҳованинг адолатли йўлларидан юриб, «Худони улуғлаймиз». Қобил Яҳованинг, остонада гуноҳ пойлаб турибди, деган огоҳлантиришига қарамай, ўз йўлидан бориб, қотиллик қилди (Ибтидо 4:1-8). Балъом Мўаб шоҳидан пора олиб, Исроилни беҳуда лаънатлашга уринди (Саҳрода 24:10). Леви қабиласидан Кўраҳни ва шерикларини эса, Мусо ва Ҳоруннинг раҳбарлигига қарши чиқишгани учун, Худо ўлим билан жазолади (Саҳрода 16:1-3, 31-33). Албатта биз, қотил «Қобилнинг йўлидан» бориб, «Балъом каби манфаатпарастлик тузоғига» илиниб ёки «Кўраҳга ўхшаб исён қилиб», ҳалок бўлмоқчи эмасмиз (Яҳудо 11). Аммо, агарда йўлдан адашиб қолсак, Ҳўшеянинг башоратида тасалли берилган.
Гуноҳкорлар Яҳовага қайтиши мумкин
19, 20. Тавба қилган исроилликлар қандай қурбонлик келтиришлари мумкин эди?
19 Ҳатто йўлдан адашиб, жиддий гуноҳ қилиб қўйганлар ҳам, Яҳовага қайтишлари мумкин. Ҳўшея 14:1, 2да қуйидаги ўтинч ёзилган: «Эй Исроил, Худойинг Яҳовага қайт, зеро сен хатоларинг туфайли қоқилдинг. Тавбаю дуолар билан Яҳовага қайтинглар. Барчангиз Унга: “Айбларимизни кечириб, яхшиликни қабул айлагин, ва биз Сенга ҳамду сано қурбонларини келтирамиз”,— денглар».
20 Тавба қилган исроилликлар, Худога «ҳамду сано қурбонларини» келтиришлари мумкин эди. Бу ерда самимий ҳамду сано ҳақида гап кетяпти. Павлус шу башоратга асосланиб, масиҳчиларни «Худога узлуксиз ҳамду сано қурбонларини бағишлайлик, яъни Унинг номи тилимиздан тушмасин», деб ундаган эди (Ибронийларга 13:15). Худо билан юриб, Унга бундай қурбонлар келтириш, буюк шарафдир!
21, 22. Тавба қилган исроилликларни қандай тикланиш кутарди?
21 Итоатсиз йўлларини ташлаб, Худога қайтган исроилликлар, Унга «ҳамду сано қурбонларини» бағишлай бошлашди. Яҳова ваъда қилганидай, бу туфайли Исроил маънан тикланди. Ҳўшея 14:4-7да: «Уларни бевафоликдан шифолайман. Ўз хоҳишим билан уларни севаман, чунки улардан ғазабим қайтди. Мен Исроил учун шудрингдай бўламан. У эса лолагул каби гуллайди, ва Лубнон дарахтидай илдиз отади. Унда новдалар пайдо бўлади, ва кўрки зайтун дарахтининг кўркидек, хушбўйлиги эса Лубнондек бўлади. Улар яна Менинг соямда яшайдилар. Улар буғдой экадилар, ва ток новдаси каби гуллайдилар. Улар Мени худди Лубнон шаробини эслагандек, ёдга оладилар»,— дейилган (Ҳўшея 14:4-7).
22 Тавба қилган исроилликлар маънан шифо топишади ва Худо уларга яна ўз меҳрини кўрсатади. Яҳова улар учун шудрингдай бўлади, яъни уларга қут-баракалар ёғдиради. Бу тикланган халқ ҳақида: «кўрки зайтун дарахтининг кўркидек» дейиш мумкин ва улар Худо билан юрадилар. Агар биз Худованд Яҳова билан юришга қарор қилган бўлсак, биздан нима талаб қилинади?
Яҳованинг адолатли йўлларидан юришда давом этинг
23, 24. Ҳўшеянинг башорати қандай далда берувчи сўзлар билан якунланади ва бу бизга қандай тааллуқли?
23 Бундан буён ҳам Яҳова билан юриш учун, «юқоридан тушган доноликка» эга бўлишимиз ва доимо Унинг адолатли йўлларидан юришимиз лозим (Ёқуб 3:17, 18). Ҳўшея башоратининг сўнгги оятида: «Буни тушуна оладиган доно киши борми? Ва буни била оладиган идрокли инсон борми? Зеро Яҳованинг йўллари адолатлидир, ва солиҳлар ундан юрадилар, қонунбузарлар эса бу йўлларда қоқинадилар»,— деган сўзларни ўқиймиз (Ҳўшея 14:9, ЯДТ).
24 Бу дунёнинг донолиги ва меъёрларига таянгандан кўра, келинг, Худонинг адолатли йўлларидан юрайлик (Амрлар 32:4). Ҳўшея Унинг йўлларидан 59 йил юрди. У садоқат ила илоҳий хабарни етказиб, доно ва идрокли инсонлар буни тушуна олишларини билар эди. Бу бизга қандай тааллуқли? Яҳова ҳали шоҳидлик қилишимизга имкон бераётган экан, Худонинг меҳр-иноятини донолик ила қабул қиладиган одамларни қидирамиз. Ҳамда «ишончли ва ақлли хизматкор» билан бу ишда ҳамкорликда қилишдан жуда мамнунмиз (Матто 24:45-47).
25. Ҳўшеянинг башорати бизга нима қилишда ёрдам беради?
25 Ҳўшеянинг башорати, бизга бундан буён ҳам Худо билан юриб, Унинг янги дунёсида абадий яшашга умид боғлашга ёрдам беради (2 Бутрус 3:13; Яҳудо 20, 21). Нақадар ажойиб умид! «Яҳованинг йўллари адолатли» эканини сўзда ҳам, амалда ҳам исботласак, бу умид ҳар биримиз учун амалга ошади.
Қандай жавоб берардингиз?
• Агар Худога покизалик билан топинсак, У бизга қандай муносабатда бўлади?
• Нима учун доимо Яҳовага умид боғлашимиз керак?
• Нима сабабдан Яҳованинг йўллари адолатли эканига аминмиз?
• Қандай қилиб бундан буён ҳам Яҳованинг адолатли йўлларидан юришимиз мумкин?
w05-UZ 11/15c
26 декабр — 1 январ Қўшиқлар: 33, 148.