Яҳованинг Каломи жонли
Галатияликларга, Эфесликларга, Филиппиликларга ҳамда Колосаликларга йўлланган мактубларнинг диққатга сазовор оятлари
ГАЛАТИЯЛИК масиҳчилар яҳудийликка ёпишиб олганларнинг таъсири остида ҳақ топинишдан узоқлашишни бошладилар. Буни эшитган ҳаворий Павлус «Галатия ўлкасидаги Масиҳ жамоатларига» таъсирчан бир мактуб ёзди (Галат. 1:2). Ушбу мактубда кучли даъват ва танбеҳ берилган бўлиб, тахминан милодий 50–52- йиллар мобайнида ёзилган.
Қарийб 10 йил ўтгач, «Исо Масиҳ учун маҳбус бўлган» Павлус, Эфес, Филиппи ҳамда Колосадаги масиҳчилар жамоатига мактублар ёрдамида севги ила далда ва насиҳат берди (Эфес. 3:1). Биз ҳам Муқаддас Китобдаги Галатияликларга, Эфесликларга, Филиппиликларга ҳамда Колосаликларга йўлланган мактублардан ўзимиз учун кўп фойда олишимиз тайин (Иброн. 4:12).
ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ХУДО ОЛДИДА ОҚЛАНИШ МУМКИН?
Яҳудийликка ёпишиб олганлар ҳийла ишлатиб, Павлуснинг ҳаворийлигини шубҳа остига қўйишди. Шунда Павлус чиндан ҳам ҳаворий эканини тасдиқлаш учун ўз ҳаёти ҳақида айтиб берди (Галат. 1:11–2:14). Ёлғон таълимотларга қарши туриб, ҳаворий Павлус қуйидаги фикрга эътиборни қаратди: «Худо Илоҳий Қонунга амал қилган кишини эмас, Исо Масиҳга ишонган кишини оқлайди» (Галат. 2:16).
Павлус, Қонун қуллигида бўлганлар қувонишлари учун Исо уларни халос қилгани ҳақида айтди. У галатияликларни: «Масиҳ бизга берган эркинликни маҳкам тутинглар, қайтадан қуллик бўйинтуруғини тақманглар»,— деб даъват қилди (Галат. 4:4, 5; 5:1).
Саволларга жавоблар:
3:16–18, 28, 29 — Иброҳим билан тузилган аҳд бугунги кунга келиб ўз кучини йўқотдими? Асло. Илоҳий Қонун Иброҳим билан тузилган аҳднинг ўрнига эмас, балки унга қўшимча қилиб берилган. Гарчи Тавротнинг қонун-қоидалари бекор қилинган бўлса-да, Иброҳим билан тузилган битим эса кучини йўқотмаган (Эфес. 2:15). Ушбу битим билан боғлиқ бўлган ваъдалар, Иброҳим зотининг асосий қисми бўлмиш Исо Масиҳ ҳамда унинг умматига тегишли.
6:2 — «Масиҳнинг Қонуни» нимадан иборат? Ушбу қонунга, Исо ўргатган ҳамда буюрган барча нарсалар киради. Шунингдек, унинг: «Бир-бирингизни севинглар»,— деган васиятини ҳам ўз ичига олади (Юҳан. 13:34).
6:8 — Қандай қилиб «руҳ даласига» уруғ экишимиз мумкин? Бунинг учун Худонинг муқаддас руҳи бизга таъсир қилишига йўл қўйишимиз лозим. Шунингдек у таъсир қилишига кўмаклашадиган ишларда иштирок этсак, руҳ даласига эккан бўламиз.
Хулосалар:
1:6–9. Жамоатда муаммолар туғилганида, оқсоқоллар кечиктирмасдан чоралар кўришлари керак. Нотўғри фикрлаш тарзини Муқаддас Китоб ва далиллар ёрдамида тузатиш мумкин.
2:20. Тангри Таоло тақдим этган тўлов қурбонлигини, ҳар биримиз учун берилган ҳадя сифатида қабул қилишимиз лозим (Юҳан. 3:16).
5:7–9. Салбий таъсир қиладиган мулоқот, ҳақиқатга итоат қилишимизга халақит беради. Бундай мулоқотдан узоқлашсак, оқилона йўл тутган бўламиз.
6:1, 2, 5. Маънан етук биродарлар оғирликни кўтаришга, яъни бирон ишимиз дастидан қийин вазиятга тушганимизда, бизга ёрдам беришлари мумкин. Бироқ «ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши», яъни зиммасига юкланган вазифаларни ўзи бажариши лозим.
«БОР МАВЖУДОТЛАРНИ МАСИҲ БОШЧИЛИГИДА БИРЛАШТИРИШ»
Ҳаворий Павлус ўз мактубида иноқлик қанчалик муҳимлигини таъкидлаб, Худо Ўз ниятини белгилаган вақтда амалга ошириши ва «еру осмондаги бор мавжудотларни Масиҳ бошчилигида бирлаштириши» ҳақида айтган. Биз «имонда якдил» бўлишимиз учун, Исо Масиҳ «ҳадялар» сифатида маънан етук эркакларни тақдим қилди (Эфес. 1:10; 4:8, 13).
Масиҳчилар, Худога шараф келтириш ва тинч-тотув яшашлари учун «янги табиатни ўзлаштириши» ҳамда «Масиҳни ҳурматлаб, бир-бирига бўйсуниш»лари лозим. Боз устига улар, «Иблиснинг ҳийлаларига қарши тура олиш учун, Худо берган барча қурол-аслаҳалар» билан қуролланишлари лозим (Эфес. 4:24; 5:21; 6:11).
Саволларга жавоблар:
1:4–7 — Қайси маънода мойланган масиҳчилар «дунё яратилишидан аввал танланган»? Улар алоҳида шахс сифатида эмас, балки гуруҳ сифатида олдиндан танланишган. Бу, номукаммал инсон жамияти пайдо бўлганидан олдин содир бўлган. Ибтидо 3:15 даги кароматга биноан, Худонинг нияти бўйича Исонинг баъзи издошлари самовий Шоҳликда Масиҳ билан биргаликда ҳукмронлик қилишади (Галат. 3:16, 29).
2:2 ва изоҳ — Нима учун бу дунёнинг руҳи ҳавога ўхшатилган ва қай йўсин у ўз ҳукмронлигини амалга оширади? Бу дунёнинг руҳи, яъни мустақиллик ва итоатсизлик руҳи, биз нафас оладиган ҳаво каби ҳамма ерда тарқалган (1 Кор. 2:12). Унинг ҳокимияти ёки кучи, ён бермасдан ўз мақсадида мустаҳкам туришдан иборат.
2:6 — Қандай қилиб мойланганлар ерда яшаб туриб «самовий оламда» бўлишлари мумкин? Бу оятдаги «самовий олам» ибораси, мойланганларга ваъда қилинган самовий меросга ишора қилинмаган эди. Лекин бу, уларнинг «Худо ваъда қилган Муқаддас Руҳ» билан муҳрланиб, Тангри Таоло олдида туришларига ишора қилмоқда (Эфес. 1:13, 14).
Хулосалар:
4:8, 11–15. Исо Масиҳ «асирларни асир олди», яъни одамларни Шайтон дунёси қуллигидан чиқариб, улардан имонлилар жамоатига далда бериш мақсадида ҳадялар сифатида фойдаланмоқда. Агар масъулиятли биродарларга бўйсуниб, улар билан ҳамкорлик қилсак, «Масиҳ томон ўсиб борамиз» (Иброн. 13:7, 17).
5:22–24, 33. Хотин эрига бўйсунишдан ташқари, авваламбор уни ҳурмат қилиши лозим. Буни у, «ювош ва сокин руҳ» билан намоён қилади. Ҳамда эрининг қарорлари яхши самара бериши учун унга ён бериб, ҳамкорлик қилишга ҳаракат қилади (1 Бутр. 3:3, 4; Титус. 2:3–5).
5:25, 28, 29. Эркак киши ўзини «озиқлантиргани» каби, ўз хотининг жисмоний, ҳиссий ҳамда маънавий эҳтиёжларини қондириши лозим. Ҳамда эрлар, хотинларига етарлича вақт ажратиб ва уларга мулойимлик билан гапириб, асраб-авайлашади.
6:10–13. Шайтоннинг таъсирига қарши туриш учун, Худо берган қурол-аслаҳалар билан қуролланишимиз лозим.
«ҚОИДА БЎЙИЧА ЯШАШ»
Павлуснинг филиппиларга ёзган мактуби меҳр-муҳаббатга тўла. У: «Сизларнинг муҳаббатингиз ҳам ҳар қандай билим ва севгида такомиллашиб, яна кўпдан-кўп ортиб боришини Худодан сўрайман»,— деб ёзган. Шунингдек у, имондошларини, ўзига кўп бино қўйиш тузоғидан огоҳлантириб: «Кўпроқ қўрқув ва титроқ билан топган нажотингизни бут қилишга тиришинглар»,— деб даъват қилди (Филип. 1:9; 2:12).
Павлус қуйидаги сўзлар билан етук масиҳчиларга далда берди: «Худо Исо Масиҳ орқали мени олий мақсадга чорлади» ва давом эттириб: «Бизлар нимага эришган бўлсак, унга яраша фикр юргизишимиз ва ўша қоида бўйича яшашимиз керак»,— деди (Филип. 3:14–16).
Саволларга жавоблар:
1:23 — Павлус «мени униси ҳам, буниси ҳам тортади» деганда нимани назарда тутган ва у нимани орзу қилган? Ҳаворий, юзага келган вазият дастидан ҳаёт ва ўлим танлови олдида турарди (Филип. 1:21). Бироқ у, ушбу иккита нарсадан қайси бирини танлашни истаётганини айтмоқчи бўлмаган, балки «Масиҳ билан бирга бўлишни орзу қилаётганини» изҳор қилмоқчи эди (Филип. 3:20, 21; 1 Салон. 4:16). Павлуснинг бу орзуси, Масиҳ ҳозир бўлган вақтда Яҳова Таоло у учун тайёрлаб қўйган ютуқни берганида амалга ошди (Мат. 24:3).
2:12, 13 — Қай йўсин Яҳова бизда «хоҳишни ҳам, ҳаракатни ҳам туғдиради»? Яҳованинг Муқаддас руҳи, қалбимизни илоҳий хизматда ғайратли бўлишга ундаши мумкин. Шундай экан келинг, Худонинг мадади билан «топган нажотимизни бут қилишга тиришайлик».
Хулосалар:
1:3–5. Филиппиликлар камбағал бўлишса-да, самимий сахийликни намоён қилиб, бизга ўрнак кўрсатишди (2 Кор. 8:1–6).
2:5–11. Масиҳнинг мисолидан кўриниб турганидай, камтарлик иродасизликни эмас, балки қатъиятли ва иродали инсон эканлигимизни намоён қилади (Ҳик. 22:4).
3:13. Орқада қолган нарсаларга катта мартаба, фаровон ҳаёт ва ҳатто ўтмишда қилган жиддий гуноҳлар кириши мумкин. Тўғри биз бу гуноҳларда тавба қилиб, «ювинганмиз» (1 Кор. 6:11). Буларнинг барчасини унутиб, улар ҳақда ташвишланмай, олдиндаги нарсаларга кўз тикишимиз лозим.
«ИМОНИНГИЗДА ҚАТТИҚ ТУРИНГ»
Колосаликларга йўллаган мактубида Павлус, сохта ўқитувчиларнинг нотўғри нуқтаи назарини фош қилган. У, нажот топиш, Илоҳий Қонунга амал қилишга эмас, балки одамнинг мустаҳкам имонига боғлиқлигини тушунтирди. Павлус колосаликларни Масиҳ билан якдил бўлиб яшашга ҳамда унда томир ёйиб, қарор топишга ва имонда қаттиқ туришга чорлади. Бундай ундов уларга қандай таъсир қилди? (Колос. 1:23; 2:6, 7).
Шунингдек у: «Яна буларнинг устига камолот чўққиси бўлган муҳаббат тожини кийинглар. Масиҳ ато қилган тинчлик дилингизда ҳоким бўлсин. [...] Қиладиган ҳар бир ишни инсонлар учун эмас, Раббингиз учун қилаётгандай, чин қалбдан бажаринглар»,— деб айтди. Павлус жамоатдан ташқарида бўлганларга нисбатан «оқилона йўл тутиш» кераклиги ҳақида гапириб ўтди (Колос. 3:14, 15, 23; 4:5).
Саволларга жавоблар:
2:8 — Павлус «дунёнинг қоидалари» деганда, нимани назарда тутган эди? Бу — Шайтон дунёсининг қисмлари, яъни унинг ҳолатини белгиловчи, уни бошқарувчи ва ундовчи асосий нарсалар ёки принциплардир. (1 Юҳан. 2:16) Бу қисмларга фалсафа, молпарастлик ва бу дунёнинг сохта динлари киради.
4:16 — Нима учун лаодикияликларга йўлланган мактуб Муқаддас Китобнинг таркибига кирмади? Эҳтимол ушбу мактубда бугунги кунга тегишли бирон-бир фойдали маълумот бўлмагандир. Ёки бу хатдаги фикрлар Муқаддас Китобнинг таркибига кирган бошқа мактубларда такрорлангандир.
Хулосалар:
1:2, 20. Тўлов қурбонлиги, бизга пок виждон ва хотиржамликни беради. Бу эса Худонинг меҳр-иноятидан далолатдир.
2:18, 23. Баъзи моддий нарсалардан воз кечиб ва баданини қийнаб, «сохта камтарлик кўрсатаётган» одам, бошқаларда таассурот қолдиришни истайди. Бундай киши ўзининг инсоний фикрлаши билан беҳуда мағрурланиб юради.