34- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Яҳованинг жамоатида ўз ўрнингиз бор
Тана битта бўлгани билан унинг аъзолари кўп. Аммо аъзоларнинг бари кўп бўлишига қарамай, битта танани ташкил этади. Масиҳнинг танаси ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. 1 КОР. 12:12
101- ҚЎШИҚ Баҳамжиҳат хизмат қилайлик
БУ МАҚОЛАДАa
1. Қандай шарафга эгамиз?
ЯҲОВАНИНГ жамоатига тегишли бўлиш нақадар улкан шараф! Биз тинчликсевар ва бахтиёр одамларга тўла маънавий жаннатдамиз. Хўш, жамоатда қандай ўринга эгасиз?
2. Ҳаворий Павлус илоҳий илҳом остида ёзган бир нечта мактубида қайси мисолдан фойдаланган?
2 Ҳаворий Павлус илоҳий илҳом остида ёзган бир нечта мактубида келтирган мисол ёрдамида жамоатда қандай ўринга эга эканимиз борасида кўп нарсани билиб олсак бўлади. Ўша мактубларининг ҳар бирида Павлус жамоатни инсон танаси билан солиштирган. Жамоатнинг ҳар бир аъзосини эса тана аъзоларига қиёслаган. (Рим. 12:4–8; 1 Кор. 12:12–27; Эфес. 4:16)
3. Ушбу мақолада қайси учта сабоқни кўриб чиқамиз?
3 Мазкур мақолада Павлуснинг мисолидан учта муҳим сабоқ олишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Аввало Яҳованинг жамоатида ҳар биримизнинг ўз ўрниb борлигини билиб оламиз. Кейин эса жамоатда ўз ўрнимиз борлигини кўриш қийин кечаётган бўлса, нима қилишимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз. Сўнг нима сабабдан Худонинг жамоатидаги вазифаларимизни бажаришда фаол бўлишимиз кераклигига диққат қаратамиз.
ЯҲОВАНИНГ ЖАМОАТИДА ҲАР БИРИМИЗНИНГ ЎЗ ВАЗИФАСИ БОР
4. Римликларга 12:4, 5 дан қандай сабоқ оляпмиз?
4 Павлуснинг мисолидан олишимиз мумкин бўлган биринчи сабоқ шуки, Яҳованинг оиласида ҳар биримизнинг муҳим ўрнимиз бор. У мисолини қуйидаги сўзлар билан бошлаган: «Баданимизда аъзолар кўп бўлгани билан ҳаммаси ҳам битта вазифани бажармайди. Биз ҳам кўп бўлишимизга қарамай, Масиҳ билан бирликда битта танани ташкил этамиз, алоҳида эса бир-биримизга тегишли бўлган аъзолармиз». (Рим. 12:4, 5) Павлус нимани назарда тутган? Жамоатда турли вазифаларни бажарсак-да, ҳар биримиз қадрлимиз.
5. Яҳова жамоатига қандай «ҳадя» берди?
5 Жамоатда муайян ўринга эга бўлганлар ҳақида ўйлаганингизда, эҳтимол, шу заҳоти хаёлингизга бошчиликни зиммасига олганлар келар. (1 Салон. 5:12; Иброн. 13:17) Тўғри, Яҳова Исо орқали жамоатига «одамларни ҳадя сифатида» берди. (Эфес. 4:8) «Ҳадя» каби бўлган одамларга Етакчи кенгаш аъзолари, уларнинг ёрдамчилари, Филиал қўмитаси аъзолари, туман нозирлари, ташкилотимиз мактабларида таълим берадиган биродарлар, жамоат оқсоқолларию хизматкорлари киради. Бу биродарларнинг бари Яҳованинг қадрли қўйларига ғамхўрлик қилиш ва жамоатни мустаҳкамлаш учун муқаддас руҳ орқали тайинланади. (1 Бутр. 5:2, 3)
6. Салоникаликларга биринчи мактуб 2:6–8 га биноан, муқаддас руҳ орқали тайинланган биродарлар нима қилишга жон куйдиради?
6 Биродарлар турли вазифаларни бажариш учун муқаддас руҳ орқали тайинланади. Қўл ва оёқлар сингари турли аъзолар бутун танага фойда келтириш учун хизмат қилади. Шунга ўхшаб, муқаддас руҳ орқали тайинланган биродарлар бутун жамоатга фойда келтириш учун тер тўкиб меҳнат қилади. Улар ўзлари учун бошқалардан шараф изламайди, аксинча, биродару опа-сингилларини мустаҳкамлаш учун жон куйдиради. (1 Салоникаликларга 2:6–8 ни ўқинг.) Бундай фидойи ва маънан етук биродарлар учун Яҳовадан миннатдормиз!
7. Тўла вақтли хизматдаги кўплар қандай баракаларга эга?
7 Жамоатдаги баъзилар тўла вақтли махсус ваъзгўй, махсус ёки доимий кашшоф этиб тайинланиши мумкин. Дунё бўйлаб биродару опа-сингилларимиз ваъзгўйлик ва шогирд тайёрлаш ишида тўлиқ иштирок этишга қарор қилди. Шу йўсин улар кўпларга Исо Масиҳнинг шогирди бўлишга ёрдам берди. Гарчи тўла вақтли хизматдаги бу имондошларимиз одатда моддий тарафдан кўп нарсага эга бўлмаса-да, Яҳова уларни мукофотлаб баракалар ёғдирди. (Марк 10:29, 30) Бу азиз имондошларимизни қадрлаймиз ва улар жамоатнинг бир қисми экани учун миннатдормиз.
8. Нима учун хушхабарни бўлишаётган ҳар бир ваъзгўй Яҳова учун муҳим?
8 Хўш, фақатгина тайинланган биродарлар ва тўла вақтли хизматдагилар жамоатда муайян ўринга эгами? Йўқ, албатта! Хушхабарни бўлишаётган ҳар бир ваъзгўй Худо ва жамоат учун муҳимдир. (Рим. 10:15; 1 Кор. 3:6–9) Ахир жамоатнинг асосий мақсадларидан бири — Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг шогирдларини тайёрлаш. (Мат. 28:19, 20; 1 Тим. 2:4) Ваъз қилаётган барча — хоҳ сувга чўмган, хоҳ сувга чўммаган ваъзгўй бўлсин — бу ишни ҳаётида муҳим ўринга қўйишга интилмоқда. (Мат. 24:14)
9. Нима учун опа-сингилларимизни қадрлаймиз?
9 Яҳова опа-сингилларимизга муҳим ишни топшириб уларга илтифот кўрсатди. Худо Унга садоқат ила хизмат қилаётган хотинларни, оналарни, беваларни ҳамда турмуш қурмаган опа-сингилларни қадрлайди. Муқаддас Ёзувларда Худони мамнун этган аёлларнинг мисоллари бор. Улар ажойиб ўрнак сифатида донолиги, имони, ғайрати, жасорати, сахийлиги ва қилган яхшиликлари учун мақтаб ўтилган. (Луқо 8:2, 3; Ҳавор. 16:14, 15; Рим. 16:3, 6; Филип. 4:3; Иброн. 11:11, 31, 35) Жамоатимизда ҳам шундай гўзал фазилатларга эга опа-сингилларимиз борлиги учун Яҳовадан жуда миннатдормиз!
10. Нима учун ёши улуғ имондошларимизни қадрлаймиз?
10 Жамоатимизда ёши улуғ кўпгина имондошларимиз борлиги ҳам баракадир. Баъзи жамоатларда бутун умрини Яҳовага садоқат ила хизмат қилишга бағишлаган кекса биродару опа-сингилларимиз бор. Кекса имондошларимизнинг айримлари эса ҳақиқатга яқинда келган бўлиши мумкин. Ҳар иккала вазиятда ҳам бундай имондошларимиз ёши ўтгани туфайли турли соғлик муаммолари билан курашиши ҳеч гап эмас. Бундай муаммолар дастидан улар жамоатда ҳамда ваъзгўйлик фаолиятида кўп иш қила олмас. Аммо бу ёши улуғ имондошларимиз ваъзгўйлик хизматида қўлдан келганча иштирок этиб, бошқаларга далда ва таълим бериш учун жон куйдирмоқда. Уларнинг тажрибасидан биз ҳам фойда оламиз. Ҳа, улар Яҳова ҳамда биз учун азиздир! (Ҳик. 16:31)
11, 12. Жамоатингиздаги ёшларни кўриб қандай далда оляпсиз?
11 Энди эса ёшларга диққат қаратайлик. Улар Шайтон Иблис назорати остидаги ва ёвуз ғоялар таъсиридаги дунёда улғаяр экан, кўпгина муаммоларга дуч келади. (1 Юҳан. 5:19) Шунга қарамай, улар жамоатда шарҳ бергани, хизматда иштирок этгани ва эътиқодини жасорат ила ҳимоя қилганини кўриб далда оламиз. Дарҳақиқат, ёшлар Яҳованинг жамоатида муҳим ўринга эга! (Заб. 8:2)
12 Лекин айрим биродару опа-сингиллар жамоат учун қадрли эканидан шубҳаланади. Жамоатда ўз ўрнимиз борлигини ҳис этишимизга нима кўмаклаша олади? Келинг, буни кўриб чиқамиз.
ЖАМОАТДА ЎЗ ЎРНИНГИЗ БОРЛИГИНИ КЎРА БИЛИНГ
13, 14. Нима учун баъзилар жамоат учун қадрли эканини кўра олмайди?
13 Павлуснинг мисолидан олишимиз мумкин бўлган иккинчи сабоққа диққат қаратайлик. У бугунги кунда кўплар дуч келаётган муаммога эътибор қаратган — баъзилар жамоат учун қадрли эканидан шубҳаланади. Павлус шундай деб ёзган: «Агар оёқ: “Мен қўл бўлмаганим учун, танага тегишли эмасман”,— деса ҳам, у тананинг бир қисми эмаслигини англатмайди. Қулоқ ҳам: “Мен кўз бўлмаганим сабабли, танага тааллуқли эмасман”,— дегани билан, у танага алоқадор бўлмай қолмайди». (1 Кор. 12:15, 16) Қизиқ, Павлус нима демоқчи бўлган?
14 Ўзингизни жамоатдаги бошқалар билан солиштирсангиз, қадрли эканингизни кўра олмаслигингиз мумкин. Балки жамоатдаги баъзилар моҳир устоз, яхши ташкилотчи ёки тасалли ва далда беришда маҳоратли чўпондир. Эҳтимол, ўзингиз ҳақида бунчалик маҳоратли эмасман, деб ўйлаётгандирсиз. Бу камтарин эканингиз ва имкониятларингизга тўғри баҳо бераётганингиздан далолатдир. (Филип. 2:3) Лекин эҳтиёт бўлинг. Ўзингизни нуқул бошқалар билан солиштирсангиз, тушкунликка тушасиз. Ҳатто Павлус айтиб ўтганидай, жамоатда ҳеч қандай ўрним йўқ, деб ўйлашингиз мумкин. Бу каби туйғулар билан курашишингизга нима ёрдам беради?
15. Коринфликларга биринчи мактуб 12:4–11 га кўра, инъомларимиз борасида нимани тушунишимиз керак?
15 Қуйидаги фикр борасида бир ўйлаб кўринг: Яҳова биринчи асрдаги айрим масиҳийларга муқаддас руҳ инъомини мўъжизавий тарзда ҳадя қилган, лекин ҳамма бир хил инъом олмаган. (1 Коринфликларга 12:4–11 ни ўқинг.) Яҳова уларга турли инъомлар ва қобилиятлар берган бўлса-да, ҳар бир масиҳий У учун қадрли бўлган. Бугунги кунда муқаддас руҳ инъомини мўъжизавий тарзда олмаймиз. Аммо мазкур принципни амалда қўллашимиз мумкин. Ҳа, барчамиз турли қобилиятларга эга бўлсак-да, Яҳова учун ҳар биримиз азизмиз.
16. Ҳаворий Павлуснинг қайси маслаҳатига амал қилишимиз лозим?
16 Ўзимизни бошқа масиҳийлар билан солиштирмай, ҳаворий Павлус илоҳий илҳом остида ёзган ушбу маслаҳатга амал қилишимиз лозим: «Ҳар ким ўз ишини текширсин, шунда ўзини бошқалар билан солиштирмай ўзига қарасагина, суюнишга сабаб топади». (Галат. 6:4)
17. Павлуснинг маслаҳатини амалда қўллаб, қандай фойда оламиз?
17 Павлус илоҳий илҳом остида ёзган маслаҳатни амалда қўллаб, ўз ишимизни текширсак, ўзгача инъом ва қобилиятларга эга эканимизни кўра бошлармиз. Масалан, оқсоқол нутқларни зўр айта олмас, лекин шогирд тайёрлаш ишида жуда самарали бўлиши мумкин. Ёки у жамоатдаги бошқа оқсоқоллар сингари тартибли эмасдир, бироқ жамоат аъзолари уни меҳрибон чўпон, деб билиши ва Муқаддас Китоб асосида маслаҳат сўраб бемалол мурожаат қилиши мумкин. Ёхуд у меҳмондўст оқсоқол сифатида ном қозонгандир. (Иброн. 13:2, 16) Кучли тарафларимизу қобилиятларимизни аниқ кўра олганимизда, жамоат учун қилаётган ишларимиздан хурсанд бўлиш учун асосли сабабимиз бўлади. Шунда, ҳойнаҳой, қобилиятлари бизникидан фарқ қиладиган имондошларимизга ҳасад қилмаймиз.
18. Қай йўсин қобилиятларимизни яхшилай оламиз?
18 Жамоатда қандай ўрин эгалламайлик, барчамиз хизматда яхшиланишга ва маҳоратимизни оширишга интилишимиз керак. Бунда бизга ёрдам бериш учун Яҳова ташкилоти орқали ажойиб тарзда таълим бермоқда. Мисол учун, ҳафта ўртасида ўтадиган учрашувларда қай йўсин хизматда янада самарали бўлиш борасида йўл-йўриқ оламиз. Хўш, бу таълим дастуридан тўлиқ фойда олишга ҳаракат қиляпсизми?
19. Шоҳлик хабарчилари мактабида ўқиш мақсадига қай йўсин эриша оласиз?
19 Яна бир ажойиб таълим дастури Шоҳлик хабарчилари мактабидир. Ёши 23 дан 65 гача бўлган тўла вақтли хизматдаги биродару опа-сингиллар мазкур мактабда таълим олиши мумкин. Эҳтимол, бу мақсадга эришиш сиз учун имконсиздай туюлар. Аммо нега бу мактабда ўқий олмаслигингизнинг сабабларини келтиришнинг ўрнига, нима учун ўқишни истаётганингизнинг сабабларини келтиринг. Кейин эса талабларга мос келиш учун режа тузинг. Яҳованинг ёрдами ва тиришқоқлигингиз туфайли имконсиздай туюлган нарсага эриша оласиз.
ҚОБИЛИЯТЛАРИНГИЗДАН ФОЙДАЛАНИБ ЖАМОАТНИ МУСТАҲКАМЛАНГ
20. Римликларга 12:6–8 дан қандай сабоқ оляпмиз?
20 Павлуснинг мисолидан олишимиз мумкин бўлган учинчи сабоқ Римликларга 12:6–8 да (ўқинг) келтирилган. Бу оятларда ҳам Павлус жамоатдагилар турлича инъомга эга эканини яна бир бор айтиб ўтган. Лекин шу билан бирга у қандай инъомга эга бўлишимиздан қатъи назар, унинг ёрдамида жамоатни мустаҳкамлашимиз кераклигига урғу берган.
21, 22. Рустам ва Фелиснинг мисолларидан қандай сабоқ оляпмиз?
21 Келинг, битта биродарнинг мисолини кўриб чиқамиз. Айтайлик, унинг исми Рустам. У чет элда хизмат қилган, кейин эса уни ўз юртидаги Байтилга тайинлашган. Биродарлар уни вазифаси ўзгарганининг сабаби қандайдир нотўғри иш қилиб қўйганида эмаслигига ишонтиришга уринган. У эса қуйидагича бўлишди: «Ойлар давомида тушкунликда эдим, чунки хизматимни эплай олмадим, деб ўйлардим. Шундай пайтлар бўлганки, Байтил хизматини тўхтатгим келарди». Қай йўсин у хизматидан яна қувонч топа олган? Бир оқсоқол унга Яҳова ҳар бир вазифамизда бизга таълим беришини ва бу туфайли ҳозирги вазифамизни янада яхши бажаришимиз мумкинлигини эслатган. Рустам ҳадеб ортга қарайвермай, диққатини ҳозирги вазифасига қаратиши кераклигини тушунган.
22 Биродар Фелис Епископ ҳам шунга ўхшаш қийинчиликка дуч келган. У турмуш ўртоғи билан 1956 йили Гилад мактабини битирган ва Боливияда туман нозири сифатида хизмат қилган. 1964 йили эса улар фарзандли бўлишган. Фелис шундай деб бўлишди: «Севимли хизматимизни қолдириш қийин бўлган. Шуни тан олишим керакки, деярли бир йил давомида ўзимга-ўзим ачиниб юрдим. Лекин Яҳованинг ёрдами билан нуқтаи назаримни ўзгартириб, диққатимни ота бўлиш каби янги вазифамга қаратдим». Рустам ёки Фелис биродарларимизнинг ҳис-туйғулари сизга ҳам танишми? Олдинги баъзи шарафли вазифаларингизни ҳозир бажара олмаётганингиздан кўнглингиз тушяптими? Агар шундай бўлса, нуқтаи назарингизни ўзгартириб, диққатингизни Яҳова ҳамда имондошларингиз учун ҳозир нима қила олишингизга қаратинг. Шунда бахтлироқ бўласиз. Инъомларингизу қобилиятларингиздан фойдаланиб бошқаларга ёрдам бериш билан банд бўлинг. Жамоатни мустаҳкамлар экансиз, қувончга тўлишингиз турган гап.
23. Нима қилишга вақт ажратишимиз керак ва навбатдаги мақолада қайси мавзуни кўриб чиқамиз?
23 Ҳар биримиз Яҳова учун қадрлимиз. Худо Унинг оила аъзоси бўлишимизни истайди. Имондошларимизни мустаҳкамлаш учун нималар қилишимиз мумкинлиги ҳақида мулоҳаза юритишга вақт ажратсак ва ўша ишларни бажаришга жон куйдирсак, жамоатга тегишли эканимизни ҳис этишимиз мумкин. Аммо жамоатдагиларга бўлган нуқтаи назаримиз борасида нима деса бўлади? Уларни севишимизни ва ҳурмат қилишимизни қай йўсин кўрсата оламиз? Навбатдаги мақолада бу муҳим мавзуни кўриб чиқамиз.
24- ҚЎШИҚ Яҳованинг тоғига келинг
a Барчамиз Яҳова бизни севишини ҳис этишни хоҳлаймиз. Аммо гоҳида «Яҳовага фойдам тегяптими?» деб ўйлашимиз мумкин. Ушбу мақола ёрдамида жамоатда ҳар биримиз муҳим ўринга эга эканимизга диққат қаратамиз.
b ИБОРА МАЪНОСИ. Яҳованинг жамоатида тутган ўрнимиз жамоатни мустаҳкамлашда қандай аҳамиятга эга эканимизни билдиради. У ирқимиз, табақамиз, иқтисодий ё ижтимоий келиб чиқишимиз, маданиятимиз ёки олган маълумотимиз билан белгиланмайди.
c РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Учта расмда йиғилишдан олдин, йиғилиш пайтида ва йиғилишдан сўнг нималар бўлаётгани кўрсатилган. 1- расм. Оқсоқол йиғилишга келган кишини илиқ қарши оляпти, ёш биродар микрофонларни тайёрлаяпти, имондошимиз кекса опамиз билан суҳбатлашяпти. 2- расм. «Қўриқчи минораси» тадқиқида ёшу қари шарҳ бериш учун қўл кўтаряпти. 3- расм. Жуфтлик Йиғилиш залини тозалашда қатнашяпти. Она қизчасига хайр-эҳсон қутисига пул солишга ёрдамлашяпти. Адабиётлар учун масъул ёш биродар вазифасини бажаряпти, бошқа биродар эса кекса опамизга далда беряпти.