А1
Муқаддас Китоб таржимаси принциплари
Муқаддас Китобнинг асл матни иброний, оромий ва юнон тилларида ёзилган. Бугунги кунда бу китоб тўлиқ ёки қисман 3 000 дан зиёд тилда мавжуд. Муқаддас Китобни ўқийдиган кишиларнинг аксарияти асл нусхадаги тилларни тушунмайди. Шу боис, унинг таржимасини ўқишади. Муқаддас Китоб таржимасида муайян принципларга риоя этилади. Қуйида келтирилган принциплар «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси» асосини ташкил этади.
Айримлар сўзма-сўз, сатрма-сатр таржима ўқувчига асл нусхадаги фикрларни яхшироқ тушунишга ёрдам беради деб ўйлайди. Лекин доим ҳам шундай бўлавермайди. Келинг, бунинг баъзи сабабларини кўриб чиқайлик.
Грамматикаси, сўз бойлиги ва гап тузилиши бирдай бўлган тиллар йўқ. Иброний тили профессори С. Р. Драйвернинг айтишича, тиллар «нафақат грамматика ва туб сўзлар бўйича, балки... фикрларнинг ифода этилишига кўра фарқ қилади». Ҳар бир тилда ўз фикрлаш тарзи мавжуд. «Демак, тиллар бир-биридан гап тузилиши билан фарқ қилади»,— деб таъкидлади профессор Драйвер.
Замонавий тилларнинг ҳеч бири қадимги иброний, оромий ва юнон тилларининг грамматикаси ҳамда сўз бойлигини тўлиқ акс эттира олмайди. Шу сабабли, Муқаддас Китоб сўзма-сўз таржима қилинса, у тушунарсиз бўлиши, ҳатто янглиш фикр туғдириши мумкин.
Сўз ёки гапнинг маъноси матн таркибига боғлиқ бўлади.
Баъзи жойларда том маънода таржима қилишнинг имкони бўлиши мумкин, аммо бундай ҳолларда ўта диққатли бўлиш лозим.
Қуйида сўзма-сўз таржима янглиш фикр туғдириши ҳақида айрим мисоллар келтирилган:
Муқаддас Ёзувларда «ухлаш» сўзи баъзи вазиятларда ҳам оддий уйқуни, ҳам ўлим уйқусига кетишни англатади (Матто 28:13; Юҳанно 11:11). Ушбу сўз ўлимни билдирувчи матн таркибларида қўлланилганда, «ҳаётдан кўз юмди» ёки «оламдан ўтди» дея таржима қилинса, ўқувчи тўғри тушуна олади (1 Коринфликларга 7:39; 1 Салоникаликларга 4:13; 2 Бутрус 3:4).
Ҳаворий Павлус Эфесликларга 4:14 да сўзма-сўз «одамларнинг ошиқ ўйини» деб таржима қилинадиган иборани қўллаган. Ушбу қадимги ибора, ошиқ ўйналганда бошқаларни алдашга ишора қилади. Кўп тилларда бу иборанинг том маънодаги таржимаси ҳеч қандай маъно бермайди. Бу ибора «айёрлик билан йўлдан урадиган одам», дея таржима қилинса, фикр тўғри етказилади.
Римликларга 12:11 да том маъноси «руҳнинг қайнаши» бўлган юнонча ибора қўлланилган. Ўзбек тилига шундайлигича таржима қилинса, маъноси тўғри етказилмайди. Шу сабабли, «илоҳий руҳ таъсирида ғайратли бўлинглар», дея таржима қилинган.
Исо пайғамбарнинг машҳур Тоғдаги ваъзида, кўпинча сўзма-сўз «руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир» дея таржима қилинадиган ибора ишлатилган (Матто 5:3, Туркия 1998). Аммо аксарият тилларда том маънодаги ушбу ибора тушунарсиз. Айрим тилларда эса бу ибора одам руҳан хаста, иродасиз ва қатъиятсиз деган фикрни беради. Бироқ Исо бу иборани, инсоннинг бахти жисмоний эҳтиёжларини қондиришига эмас, балки Аллоҳнинг йўл-йўриғига муҳтож эканини тушунишига боғлиқ эканини кўрсатиш учун қўллаган (Луқо 6:20). Шундай экан, «маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар» ёки «Худога муҳтож эканлигини тушунганлар», дея таржима қилиш асл нусхадаги фикрни аниқ етказади (Матто 5:3).
«Рашк», «ҳасад» дея таржима қилинган ибронийча сўзнинг маъноси ўзбек тилидаги сўзларнинг маъносига уйғун бўлиб, яқин одамнинг бевафолигидан ғазабланиш ёки ўзгалар мулкига ҳасад қилиш фикрини беради (Ҳикматлар 6:34; Ишаё 11:13). Лекин ушбу ибронийча сўз ижобий мазмунда ҳам қўлланилади. Масалан, Яҳова Ўз хизматчиларига кучли «ғайратини» ёки ҳимоя қилиш қудратини кўрсатиши, улардан «мутлақ садоқатни талаб этиши» ҳақида ёзилган жойларда асл матнда бу сўз ишлатилган (Чиқиш 34:14; 4 Шоҳлар 19:31; Ҳизқиё 5:13; Закариё 8:2). Шунингдек, бу сўз содиқ хизматчиларининг Тангрига бўлган «рашкини», Унга ва топинишга нисбатан «бевафолик қилинишига чидаб туролмаслигини» ифодалаш учун қўлланилган (Забур 69:9; 119:139; Саҳрода 25:11).
Ибронийча «қўл» сўзи кенг маънода ишлатилади. Матн таркибига қараб, бу сўзни «қудрат», «ҳокимият» ёки «сахийлик» дея таржима қилса бўлади (Қонунлар 32:27; 2 Шоҳлар 8:3; 3 Шоҳлар 10:13). Шунинг учун ўзбек тилидаги «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимасида» бу сўз турлича ўгирилган.
Юқоридаги омилларга кўра, Муқаддас Китобни таржима қилганда, асл нусхадаги муайян сўзни ҳамма жойда бир хил таржима қилмаган яхши. Таржимон асл нусхадаги фикрларни она тилида аниқ ифодалайдиган сўзларни топа билиши керак. Бундан ташқари, матн аниқ ва ўқилиши осон бўлиши учун, гаплар тузилиши она тилининг грамматика қоидаларига уйғун бўлиши даркор.
Шу билан бир вақтда, эркин таржима қилишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Муқаддас Китобни ўзи англагандай эркин ифодалайдиган таржимон, китоб мазмунига путур етказади. Боиси, у янглишиб асл нусхада йўқ фикрни ёзиши ёки муҳим тафсилотларни тушириб қолдириши мумкин. Эркин таржиманинг ўқилиши осон бўлса-да, асл нусхадаги тўғри фикр ўқувчидан яширин бўлиб қолади.
Таржимоннинг диний эътиқоди ҳам таржимага осонликча ўз муҳрини босиши ҳеч гап эмас. Мисол учун, Матто 7:13 да: «Ҳалокатга олиб борадиган йўл кенг ва энли»,— деб айтилган. Баъзи таржимонлар, эҳтимол, ўз диний эътиқодлари таъсири остида, аслида «ҳалокат» деган маънога эга юнонча сўзни «дўзах» дея ўгиришган.
Таржимонлар, шунингдек, Муқаддас Китоб оддий тилда — деҳқонлар, чўпонлар ва балиқчилар кундалик ҳаётда қўллайдиган тилда ёзилганини ёдда тутишлари даркор. (Нахимиё 8:8, 12; Ҳаворийлар 4:13) Хуллас, яхши таржима қилинган Муқаддас Китоб келиб чиқиши турлича бўлган барча самимий инсонларга тушунарли бўлиши лозим. Дарҳақиқат, оддий ўқувчи камдан-кам қўллайдиган сўзлардан кўра, содда, тушунишга осон сўзларни ишлатган яхшироқдир.
Муқаддас Китобнинг қадимги қўлёзмаларида Худонинг Яҳова исми ёзилган бўлса-да, кўп таржимонлар ўзбилармонларча бу исмни таржималаридан асоссиз олиб қўйишган. (Илованинг А4 мавзусига қ.) Аксарият таржимонлар бу исмни «Раб» каби унвонга алмаштирган, баъзилари ҳатто Аллоҳнинг исми борлигини яширишга уринган. Масалан, айрим таржималарда Юҳанно 17:26 даги Исонинг ибодати: «Сени уларга маълум қилдим»,— дея, Юҳанно 17:6 даги сўзлари эса: «Менга берган одамларингга Сени ошкор этдим»,— дея ўгирилган. Аслида эса, ушбу ибодатнинг тўғри таржимаси қуйидагича: «Исмингни уларга маълум қилдим» ва «Менга берган одамларингга исмингни ошкор этдим».
«Янги дунё таржимаси» номли инглиз тилидаги илк нашрнинг кириш сўзларида шундай дейилган: «Тақдим этилган нашр Муқаддас Ёзувларнинг эркин таржимаси эмас. Биз матнни бугунги инглиз тилига имкон қадар том маънода таржима қилишга уриндик. Фикрлар ғайритабиий бўлиб қолган жойларда сўзма-сўз ўгирмасликка ҳаракат қилдик». Шу тариқа, «Янги дунё таржимаси» қўмитаси мувозанатни сақлаган ҳолда, асл нусхадаги сўзлар ва ибораларни қўллаш билан бир вақтда ўқилиши ғалати ёки асл мазмунни мужмал қиладиган ифодаларни ишлатмасликка интилди. Натижада, Муқаддас Китоб ўқилишга осон тарзда таржима қилинди ва ўқувчи илҳомлантирилган хабар тўғри етказилганига амин бўлиши мумкин (1 Салоникаликларга 2:13).