5- БОБ
Сурувга чўпонлик қиладиган нозирлар
ИСО ер юзидаги хизмати давомида «яхши чўпон» эканини кўрсатди. (Юҳан. 10:11) Ортидан эргашиб келаётган халойиқни кўриб Исо «уларга ачинди, чунки улар чўпонсиз қўйлардай тарқоқ ва ҳолдан тойган эдилар». (Мат. 9:36) Исо одамларга меҳр ила ғамхўрлик қилгани Бутрус ва бошқа ҳаворийларнинг эътиборидан четда қолмади. Исодан фарқли ўлароқ Исроилнинг сохта чўпонлари сурувни ташлаб қўйишгани учун қўйлар тарқалиб кетиб, маънавий жиҳатдан ҳолдан тойган эди. (Ҳиз. 34:7, 8) Исонинг таълим бериши ва қўйларга ғамхўрлик қилиши, ҳатто улар учун жонини фидо қилиши, ҳаворийларга яхши ўрнак бўлган. Бу туфайли улар имонли кишиларга жонларининг «чўпону посбони» бўлмиш Яҳовага қайтишга қандай кўмаклашиш мумкинлигини тушунишган. (1 Бутр. 2:25)
2 Исо Бутрус билан суҳбатлашганда, қўйларни боқиш ва чўпонлик қилиш муҳимлигини таъкидлаб ўтган. (Юҳан. 21:15–17) Бу фикр Бутрусда чуқур таассурот қолдиргани шаксиз, зеро илк масиҳий жамоатнинг оқсоқолларига у шундай насиҳат қилган: «Нозирлар сифатида хизмат қилиб, қарамоғингизда бўлган Аллоҳнинг сурувини боқинглар. Буни мажбурият юзасидан эмас, балки Худонинг олдида бажонидил, ҳаром йўл билан фойда кўриш учун эмас, аксинча, иштиёқ билан қилинглар. Тангрининг омонати устидан ҳукмронлик қилмасдан, сурувга ўрнак кўрсатинглар». (1 Бутр. 5:1–3) Бутруснинг сўзлари ҳозирги жамоат нозирларига ҳам тааллуқли. Оқсоқоллар Исога ўхшаб бажонидил, иштиёқ билан хизмат қилиб ва Яҳованинг хизматида раҳбарликни ўз зиммасига олиб, сурувга ўрнак кўрсатишади. (Иброн. 13:7)
Оқсоқоллар Исога ўхшаб бажонидил, иштиёқ билан хизмат қилиб ва Яҳованинг хизматида раҳбарликни ўз зиммасига олиб, сурувга ўрнак кўрсатишади
3 Муқаддас руҳ орқали тайинланган жамоат нозирларидан жуда миннатдормиз. Сабаби, уларнинг хизмати бизга катта фойда келтиряпти. Масалан, нозирлар жамоатдагиларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор бериб, далда бахш этишади. Жамоат йиғилишларида имондошларини маънан озиқлантириш учун улар ҳар ҳафта кўп меҳнат қилишади. (Рим. 12:8) Улар сурувни зарарли таъсирдан, жумладан, нияти бузуқ одамлардан ҳимоя қилиб, хавфсизлигимизни таъминлашади. (Ишаё 32:2; Титус. 1:9–11) Улар ваъзгўйлик ишида раҳбарликни ўз зиммасига олгани бизни ҳар ой хизматда фаол иштирок этишга ундайди. (Иброн. 13:15–17) «Ҳадя сифатида» берилган бу кишилар орқали Яҳова жамоатни мустаҳкамламоқда. (Эфес. 4:8, 11, 12)
НОЗИРЛАР УЧУН ТАЛАБЛАР
4 Нозир этиб тайинланган кишилар жамоатга яхши ғамхўрлик қила олиш учун Муқаддас Китобдаги талабларга жавоб беришлари зарур. Улар бу талабларга жавоб бергандагина муқаддас руҳ орқали тайинланган ҳисобланишади. (Ҳавор. 20:28) Масиҳий нозирлар учун Муқаддас Китобдаги талаблар юксак бўлиши табиий, ахир нозир бўлиш катта масъулиятдир. Аммо Яҳовани чин дилдан севиб, Унинг хизматида фойдали бўлишни истаган масиҳий эркаклар учун бу талаблар эришиб бўлмайдиган даражада юксак эмас. Нозирлар кундалик ҳаётда Муқаддас Китоб принципларига амал қилишаётгани ҳаммага аён бўлиши керак.
Нозир этиб тайинланган кишилар жамоатга яхши ғамхўрлик қила олиш учун Муқаддас Китобдаги талабларга жавоб беришлари зарур
5 Ҳаворий Павлус Тимўтийга йўллаган биринчи мактуби ва Титусга йўллаган мактубида нозирлар учун Муқаддас Китобдаги асосий талабларни санаб ўтган. 1 Тимўтийга 3:1–7 да қуйидагиларни ўқиймиз: «Кимки нозир бўлишга интилса, у яхши ишни орзу қилган бўлади. Бу тўғри. Фақат нозир беайб, бир хотинли, ҳар нарсада меъёрини биладиган, ақли расо, тартибли, меҳмондўст, таълим беришга қобилиятли, ичкиликбозлик қилмайдиган, бошқаларни урмайдиган, аксинча, мулоҳазали бўлиб, уришқоқ ҳамда пулпараст эмас, уйдагиларини яхши бошқара оладиган, фарзандлари бўйсунувчан ва яхши тарбия кўрган бўлсин. (Ахир одам уйдагиларини бошқаришни билмаса, унда Худонинг жамоатига қандай ғамхўрлик қила олади?) Яқинда имонга кирган бўлмасин, тағин мағрурланиб Иблисга чиқарилган ҳукм остида қолмасин. Бундан ташқари, у айбловларга йўлиқиб, Иблиснинг тузоғига тушмаслиги учун, атрофдаги одамлар олдида яхши номга эга бўлиши керак».
6 Титусга эса Павлус шуларни ёзган: «Мен сенга айтганимдай қолган ишларни тўғрилаб, ҳар бир шаҳарда оқсоқолларни тайинлашинг учун сени Критда қолдирдим. Ушбу оқсоқоллар бенуқсон, бир хотинли, болалари эса имонли бўлиб, ахлоқсизлик ва итоатсизлик гуноҳидан холи бўлсин. Худо тайинлаган бошқарувчи сифатида нозир бирон-бир нарсада айбдор, ўзбошимча, жаҳли тез, ичкиликбозлик қиладиган, бошқаларни урадиган ва ҳаром йўл билан фойда кўришга ўч бўлмаслиги керак. Аксинча, у меҳмондўст, яхшиликни севадиган, ақли расо, одил, Аллоҳга садоқатли, ўзини тута биладиган, бошқаларга таълим берганда ҳақиқат каломига қаттиқ риоя қиладиган киши бўлиши лозим. Токи соғлом таълимот билан далда бериб, бу таълимотга қарши гапирганларга танбеҳ бера олсин». (Титус. 1:5–9)
7 Бошида Муқаддас Китобдаги талабларга жавоб бериш имконсиздек туюлиши мумкин, лекин масиҳий эркаклар нозир бўлиш истагидан воз кечмаслиги лозим. Улар нозирлардан талаб қилинаётган илоҳий фазилатларни намоён этишса, жамоатдагиларда ҳам шундай қилиш истаги пайдо бўлади. Ҳаворий Павлус «ҳадя сифатида» берилган одамларни Аллоҳ нима мақсадда тақдим этганини қуйидагича тушунтиради: «Муқаддас кишиларни тузатиш, бошқаларга хизмат қилиш ва Масиҳнинг танасини барпо этиш учун берди. Токи натижада бизлар Худонинг Ўғли ҳақидаги аниқ билимда ва имонда якдил, Масиҳнинг тўлиқ қоматига етишган инсондай етук бўлайлик». (Эфес. 4:8, 12, 13)
8 Нозирлар жуда ёш ёки яқинда имонга кирган бўлмасликлари лозим. Аксинча, улар масиҳийларга хос ҳаёт кечиришда тажрибали, жамоатни чин дилдан севадиган, Муқаддас Китобни яхши биладиган ва чуқур тушуна оладиган кишилар бўлиши зарур. Улар қилмишга қўл урганлар билан гаплашиб, тўғри йўлга солиш учун жасоратли бўлишлари даркор. Шу тариқа улар сурувни ёмон таъсирдан ҳимоя қила олишади. (Ишаё 32:2) Нозирлар Аллоҳнинг сурувига самимият билан ғамхўрлик қиладиган, маънан етук кишилар эканини бутун жамоат кўриши керак.
9 Нозир бўлиш учун талабларга жавоб берадиган эркакнинг ҳаётида у доно экани кўриниб туриши лозим. Агар у уйланган бўлса, никоҳ учун Муқаддас Китоб меъёрларига риоя қиладиган, яъни бир хотинли ва уйдагиларини яхши бошқара оладиган бўлиши зарур. Нозирнинг болалари имонли бўлса, улар бўйсунувчан ва яхши тарбия кўрган, ахлоқсизлик ва итоатсизлик гуноҳидан холи бўлиши даркор. Шунда жамоат оилавий масалалар бўйича ёки масиҳий ҳаёт тарзига оид маслаҳат учун бемалол унга мурожаат қила олади. Нозир беайб ёхуд бирон-бир нарсада айбдор эмас, у ҳатто атрофдаги одамлар олдида яхши номга эга бўлиши керак. У ўз хулқ-атвори билан жамоатнинг номига доғ туширмаслиги лозим. Шунингдек, у жиддий қилмишга қўл ургани учун яқинда танбеҳ олмаган бўлиши даркор. Шунда жамоат аъзоларида унинг яхши хулқ-атворига тақлид қилиш ва маънавий ҳаётларини унга ишониб топшириш истаги уйғонади. (1 Кор. 11:1; 16:15, 16)
10 Бундай талабларга жавоб берган эркаклар Аллоҳнинг халқига хизмат кўрсатган «доно, фаҳм-фаросатли ва тажрибали» Исроил оқсоқолларига ўхшайдилар. (Қонун. 1:13) Масиҳий оқсоқоллар гуноҳдан холи эмас, бироқ имондошлари ва атрофдаги инсонлар уларни ҳалол, худотарс, бир мунча вақтдан бери илоҳий принциплар бўйича яшайдиган инсон деб билишади. Бенуқсон хатти-ҳаракатлари туфайли улар жамоатда сўз эркинлигига эга. (Рим. 3:23)
11 Нозир бўлиш учун талабларга жавоб берадиган эркаклар ҳар нарсада меъёрини билишади ва бошқалардан кўп нарсани талаб қилишмайди. Улар мутаассиб эмас. Аксинча, мувозанатли ва ўзини тута биладиган экани уларнинг турмуш тарзида намоён бўлади. Еб-ичиш, ҳордиқ чиқариш, севимли машғулот ва ўйин-кулги каби масалаларда улар меъёрини билишади. Спиртли ичимликларни истеъмол қилишда ҳам меъёрини билишгани учун ҳеч ким уларни ичкиликбозликда айблай олмайди. Ичкиликбозлик сабабли зеҳни ўтмаслашиб қолган киши ўзини назорат қилолмай қолади ва оқибатда жамоатнинг маънавий эҳтиёжларига ҳам ғамхўрлик қилиш қўлидан келмайди.
12 Жамоатга нозирлик қиладиган киши тартибли бўлиши зарур. Бу унинг ташқи кўринишида, уйининг аҳволида ва кундалик ишларида акс этади. Бундай киши ишларини кейинга сурмасликка ҳаракат қилади ва режа билан иш тутади. У илоҳий принципларга риоя қилади.
13 Нозир мулоҳазали бўлиши лозим. Бу дегани, у оқсоқоллар кенгашидаги бошқа биродарлар билан якдилликда ҳамкорлик қила олади. У ўзига тўғри баҳо бериб, бошқаларга нисбатан ҳам ўта талабчан бўлмайди. Мулоҳазали нозир ўзига ҳаддан ортиқ ишонмайди ва шахсий нуқтаи назарини бошқа оқсоқолларникидан муҳимроқ деб ҳисобламайди. Ахир бошқалар қайсидир фазилат ёки қобилиятда ундан устунроқ бўлиши мумкин. Мулоҳазали оқсоқол хулоса чиқараётиб Муқаддас Китобга қатъий амал қилади ва Исо Масиҳга тақлид қилишга интилади. (Филип. 2:2–8) Нозир уришқоқ ёхуд бошқаларни урадиган эмас, у ўзгаларнинг ҳурматини жойига қўйиб, уларни ўзидан устун деб ҳисоблайди. У ўзбошимча эмас, яъни ўз фикрини олға суриб, айтганини қилдирмайди. Бундай киши жаҳли тез эмас, у бошқалар билан муомала қилганда тинчликни сақлашга интилади.
14 Жамоатда нозир бўлиб хизмат қилиш учун талабларга жавоб берадиган киши ақли расо бўлиши лозим. Бу дегани, у мулоҳаза билан иш тутади ва шошилиб хулоса чиқармайди. У Яҳованинг принципларини яхши тушунади ва уларни қандай қўллаш кераклигини билади. Ақли расо киши маслаҳат ва йўл-йўриқни қабул қилади. У иккиюзламачилик қилмайди.
15 Павлус Тимўтийга нозир яхшиликни севадиган бўлиши кераклигини эслатиб ўтган. У одил ва садоқатли бўлиши даркор. Мазкур фазилатлар бошқалар билан қилган муомаласидан ҳамда тўғрилик ва яхшилик томонини эгаллаганидан кўринади. У Яҳовага ниҳоятда содиқ бўлиб, адолатли принципларга изчиллик билан риоя қилади. Бундай киши сир сақлай олади. Қолаверса, у ўз кучи, вақти ва мол-мулкини бошқалардан аямайдиган, меҳмондўст кишидир. (Ҳавор. 20:33–35)
16 Яхши нозир сифатида хизмат қилиш учун одам таълим беришга қобилиятли бўлиши даркор. Павлуснинг Титусга ёзган сўзларига кўра, нозир «бошқаларга таълим берганда ҳақиқат каломига қаттиқ риоя қиладиган киши бўлиши лозим. Токи соғлом таълимот билан далда бериб, бу таълимотга қарши гапирганларга танбеҳ бера олсин». (Титус. 1:9) У бошқалар билан музокара қилишни, далиллар келтиришни ва эътирозни енгишни билади. Шунингдек, у оятларни қўллаб, тингловчиларни ишонтира олади ва имонларини мустаҳкамлайди. Нозир қулай пайтда ҳам, ноқулай пайтда ҳам таълим беришга қобилиятли бўлади. (2 Тим. 4:2) У хато йўлга қадам босган кишига сабр ва мулойимлик билан танбеҳ беришни, иккиланаётган инсонни ишонтиришни ва эътиқодига асосланиб яхши ишлар қилишга рағбатлантиришни билади. Агар нозир саҳнадан туриб ёки яккама-якка таълим бера олса, демак, бу муҳим талабларга жавоб беради.
17 Оқсоқоллар ваъзгўйлик хизматида ғайрат билан иштирок этиши муҳим аҳамият касб этади. Улар бу соҳада ҳам Исога тақлид қилишга интилаётганлари кўриниб туриши керак. Ахир Исо хушхабарни ваъз қилишни ҳаётида энг муҳим иш деб ҳисоблаган. У шогирдларини моҳир ваъзгўй қилиш учун жон куйдирган. (Марк 1:38; Луқо 8:1) Оқсоқоллар жуда банд бўлишига қарамай хизматга вақт ажратишса, бутун жамоатни ғайратли бўлишга ундашади. Агар оқсоқол ўз оиласи ва жамоат аъзолари билан хизматга чиқса, бундан ўзи ҳам, улар ҳам далда олишади. (Рим. 1:11, 12)
18 Бир қарашда нозирлар учун талаблар ҳаддан ташқари оғир бўлиб кўриниши мумкин. Тўғри, ҳеч бир нозир Муқаддас Китобнинг юксак меъёрларига мукаммал даражада амал қилолмайди. Лекин тайинланган оқсоқоллардан бири юқорида санаб ўтилган фазилатлардан бирортасини намоён эта олмагани учун, бу унинг жиддий камчилиги бўлишига йўл қўймаслик лозим. Айрим оқсоқоллар у ёки бу фазилатни яхши намоён эта олади, баъзилари эса бошқа фазилатлари билан ажралиб туради. Натижада бутун оқсоқоллар кенгаши Аллоҳнинг жамоатига нозирлик қилиш учун зарур бўлган барча фазилатларга эга бўлади.
19 Оқсоқоллар кенгаши бирон кимни нозир сифатида тайинлашга тавсия этаётиб ҳаворий Павлуснинг ушбу сўзларини ёдда тутишади: «Ҳар бирингизга шундай деяпман: ўз ҳақингизда керагидан ортиқ ўйламанглар. Лекин ақли расо бўлиб юриш учун ҳар бирингиз ўз тўғрингизда Худодан олган имонга яраша ўйланглар». (Рим. 12:3) Оқсоқолларнинг ҳар бири ўзини энг кичик деб ҳисоблаши керак. Тавсия этиладиган номзодларни кўриб чиқаётиб ҳеч ким ўзини «ортиқ даражада доно» қилиб кўрсатмаслиги лозим. (Воиз 7:16) Нозир бўлиш учун Муқаддас Китобдаги талабларни диққат билан кўриб чиқиб, оқсоқоллар кенгаши тавсия этилаётган биродарнинг бу талабларга етарли даражада мос келиш-келмаслигини аниқлаши даркор. Тавсия этилаётган кишининг мукаммал эмаслигини эътиборга олган ҳолда оқсоқоллар холис ва иккиюзламачиликдан холи бўлиб, Яҳованинг адолатли меъёрларига нисбатан ҳурматни ҳамда жамоатга ғамхўрлик қилишаётганини кўрсатишади. Тавсиялар кўриб чиқилаётганда улар Аллоҳдан муқаддас руҳ сўрашади ва номзоднинг Муқаддас Китоб талабларига қай даражада мос келиш-келмаслиги ҳақида фикр алмашишади. Бу оқсоқолларнинг зиммасига юкланган энг жиддий масъулиятлардан биридир ва улар ҳаворий Павлуснинг: «Бирор кишининг устига қўл қўйишга шошилма»,— деган маслаҳатига мувофиқ йўл тутишади. (1 Тим. 5:21, 22)
МУҚАДДАС РУҲ САМАРАСИ
20 Маънан етук эркаклар уларни муқаддас руҳ бошқараётганини кўрсатиб, кундалик ҳаётда унинг самараси бўлмиш фазилатларни намоён этишади. Павлус муқаддас руҳ самарасига кирувчи тўққизта фазилатни санаб ўтган. Улар «севги, севинч, тинчлик, сабр-тоқат, меҳрибонлик, ҳиммат, имон, мулойимлик ва ўзини тута билишдир». (Галат. 5:22, 23) Бундай нозирлар жамоатга якдилликда муқаддас хизматни адо этишга кўмаклашиб, имондошларига роҳат бахш этишади. Оқсоқолларнинг хулқи ва тутган йўли, улар муқаддас руҳ орқали тайинланганидан далолат беради. (Ҳавор. 20:28)
ЯКДИЛЛИККА ҲИССА ҚЎШАЁТГАН ЭРКАКЛАР
21 Биргаликда меҳнат қилаётган оқсоқоллар жамоатнинг якдиллигига ҳисса қўшиши муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг феъл-атвори турлича бўлиб, муҳокама қилинаётган ҳар бир масала бўйича фикрлари бир-бириникидан фарқ қилса-да, бир-бирини ҳурмат билан тинглаб, оқсоқоллар кенгашида якдиллик бўлишига ҳисса қўшишади. Муқаддас Китоб принципларига зид бўлмаса, ҳар бири ён беришга тайёр бўлиб, оқсоқоллар кенгашининг чиқарган қарорини қўллаб-қувватлайди. Ён беришга тайёр бўлиб, улар «тинчликпарвар, мулоҳазали» бўлган «юқоридан тушган доноликка» эга эканларини кўрсатишади. (Ёқб. 3:17, 18) Ҳеч бир оқсоқол ўзини устун деб ҳисобламаслиги ва бошқалар устидан ҳукмронлик қилишга уринмаслиги лозим. Оқсоқоллар жамоатнинг манфаатини кўзлаб, кенгаш сифатида бирга меҳнат қилишса, Яҳова билан ҳамкорлик қилган бўлишади. (1 Кор. 12- боб; Колос. 2:19)
НОЗИР БЎЛИШГА ИНТИЛИНГ
22 Етук масиҳий эркак нозир бўлишга интилиши зарур. (1 Тим. 3:1) Бироқ нозир бўлиб хизмат қилиш кўп меҳнат ва фидойиликни талаб қилади. Бу дегани, оқсоқол имондошларига хизмат қилишга, уларнинг маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишга тайёр бўлиши керак. Нозир бўлишга интилиш, Муқаддас Китобдаги талабларга жавоб беришга ҳаракат қилишни ўз ичига олади.
ВАЗИЯТ ЎЗГАРГАНДА
23 Кўп вақтдан буён садоқат билан хизмат қилиб келаётган биродар касаллик, қарилик ёки бошқа сабабга кўра ўз вазифаларини бажаролмай қолиши мумкин. Шунга қарамай, ҳали у тайинланган оқсоқол экан, ҳурматини жойига қўйиш керак. Имкониятлари чегараланиб қолгани учунгина у оқсоқоллик вазифасидан бўшамаслиги лозим. Бундай биродар имкон борича сурувга чўпонлик қилаётган бошқа заҳматкаш оқсоқоллар қатори ҳали ҳам икки баробар кўпроқ ҳурматга сазовордир.
24 Аммо биродар ўз вазиятидан келиб чиққан ҳолда оқсоқолликни эплай олмаётганини ҳис қилса, у вазифасидан бўшаши мумкин. (1 Бутр. 5:2) Шунда ҳам унинг ҳурматини жойига қўйиш керак. Гарчи энди у оқсоқолларга бериладиган топшириқларни бажармаса-да, жамоат учун кўп фойдали ишлар қила олади.
ЖАМОАТДАГИ ТУРЛИ МАСЪУЛИЯТЛАР
25 Жамоатда оқсоқолларга турли масъулиятлар юкланган. Масалан, улар оқсоқоллар кенгашининг раиси, котиб, хизмат нозири, «Қўриқчи минораси» тадқиқи ҳамда «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувининг нозири бўлишади. Кўп оқсоқоллар гуруҳ нозири бўлиб хизмат қилишади. Бу масъулиятларнинг ҳеч бири муҳлат билан чекланмайди. Табиийки, агар масъулиятли биродар бошқа жойга кўчиб ўтса, соғлиғи заифлашганидан ўз вазифаларини бажаришга қийналса ёки Муқаддас Китобдаги талабларга мос келмай қолса, унинг вазифалари бошқа оқсоқолга топширилади. Нозирлар кам бўлган жамоатларда, оқсоқол бўлиш талабларига жавоб берадиган бошқа биродарлар пайдо бўлгунга қадар, баъзи нозирлар бир нечта вазифани бажаришига тўғри келади.
26 Оқсоқоллар кенгашининг раиси кенгаш йиғилишида раислик қилади. У Аллоҳнинг сурувини боқаётган бошқа оқсоқоллар билан камтарлик ила ҳамкорлик қилади. (Рим. 12:10; 1 Бутр. 5:2, 3) У ишларни яхши ташкиллаштирадиган ва «ғайрат билан бошқарадиган» бўлиши лозим. (Рим. 12:8)
27 Котиб жамоат ҳужжатлари билан ишлайди ва оқсоқолларга муҳим маълумотларни етказади. Зарур бўлганда, унга бошқа оқсоқол ёки қобилиятли жамоат хизматкори кўмаклашиб туриши мумкин.
28 Ваъзгўйлик фаолияти ва у билан боғлиқ тадбирларга хизмат нозири жавобгар. У барча гуруҳларга ташриф буюриш учун жадвал тузиб, ҳар ой дам олиш кунлари навбатдаги ваъзгўйлик гуруҳи билан ҳамкорлик қилишни режалаштиради. Атиги бир нечта ваъзгўйлик гуруҳи бўлган кичикроқ жамоатларда эса у ҳар бир гуруҳга йилда икки марта ташриф буюра олади. Ташриф пайтида у ваъзгўйлик хизмати учрашувларини ўтказади, гуруҳ билан ваъз қилади, ваъзгўйларга такрорий ташрифлар қилиш ва Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказишга ёрдамлашади.
ГУРУҲ НОЗИРЛАРИ
29 Жамоатда шарафли вазифалардан бири, гуруҳ нозири сифатида хизмат қилишдир. Унинг вазифаларига: 1) ваъзгўйлик гуруҳидаги ҳар бир кишининг маънавийлиги билан фаол қизиқиш; 2) гуруҳдаги барча ваъзгўйларга хизматда мунтазам, ғайрат ва завқ билан қатнашишга кўмаклашиш; 3) гуруҳдаги жамоат хизматкорларини зиммасига кўпроқ вазифалар олишга ундаш ва бунга лаёқатли бўлишлари учун уларга таълим бериш киради. Бу вазифаларни қайси биродар яхшироқ бажара олишини оқсоқоллар кенгаши ҳал қилади.
30 Бу вазифанинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда, уни иложи бўлса оқсоқолга топшириш зарур. Ёки оқсоқол йўқлигида гуруҳга қобилиятли жамоат хизматкори ёрдам бериб туриши мумкин. Бундай вазиятда жамоат хизматкори, у нозир бўлмагани учун, гуруҳ хизматкори деб аталади. Бу вазифани у оқсоқоллар назорати остида бажаради.
31 Гуруҳ нозирининг муҳим вазифаси ваъзгўйлик хизматида раҳбарликни ўз зиммасига олишдир. Хизматда мунтазам, ғайрат ва завқ билан қатнашиб, у ўз гуруҳидаги ваъзгўйларга яхши намуна бўлади. Биргаликда хизмат қилиш ваъзгўйлар учун далдали ва фойдали бўлгани сабабли ваъзгўйлик хизмати учрашувини кўпчиликка қулай келадиган вақтда ўтказиш зарур. (Луқо 10:1–16) Нозир ваъзгўйларнинг хизмат қиладиган ҳудуди борлигига ишонч ҳосил қилиши лозим. У ваъзгўйлик хизмати учрашувини ўтказиб, ўша куни гуруҳи билан хизмат қилишни ташкиллаштиради. Агар у учрашувга бора олмаса, бошқа оқсоқол ёки жамоат хизматкоридан ёхуд бундай имконият йўқ бўлса тажрибали ваъзгўйдан учрашувни ўтказиб беришни илтимос қилиши мумкин.
32 Гуруҳ нозири хизмат нозирининг ташрифига олдиндан тайёргарлик кўриб, ташриф ҳақида гуруҳига маълум қилиши ва бунинг фойдали томонларини тушунтириши керак. Гуруҳдаги барча бу ташриф ҳақида билса, унда катта иштиёқ билан қатнашади.
33 Ваъзгўйлик гуруҳлари атайин кичик бўлади. Бу туфайли нозир гуруҳидаги барча билан яқиндан таниша олади. Меҳрибон чўпон сифатида у ҳар бир ваъзгўйга алоҳида эътибор беради. У ваъзгўйларга шахсан ёрдам бериб, хизматга чиқишга, йиғилишларга қатнашга ва иштирок этишга ундайди. Бундан ташқари, у қўлидан келганча ҳар бир ваъзгўйга маънан мустаҳкам қолишга кўмаклашади. Агар кимдир касал ёки тушкун аҳволда бўлса, нозир уни йўқлаб боришга ҳаракат қилади. Унинг далдали сўзларию амалий маслаҳатлари баъзиларни жамоатда қўшимча вазифаларни олишга ва шу йўсинда бошқаларга кўпроқ ёрдам беришга рағбатлантириши мумкин. Гуруҳ нозири асосан ўз гуруҳидаги ваъзгўйларга кўмаклашади. Бироқ у оқсоқол ва чўпон сифатида жамоатдаги барчага ғамхўрлик қилади ва муҳтож бўлганларга ҳамиша ёрдам қўлини чўзишга шай туради. (Ҳавор. 20:17, 28)
34 Гуруҳ нозирининг вазифаларидан бири, гуруҳидаги ваъзгўйларнинг ҳисоботларини йиғиб беришдир. Бу ҳисоботларни у котибга топширади. Ўз ўрнида, ҳар бир ваъзгўй, ҳисоботни кечиктирмай бериб, гуруҳ нозирига ёрдамлашади. Бунинг учун ҳар ойнинг охирида ҳисоботни ё гуруҳ нозирига берса, ё Йиғилиш залидаги махсус белгиланган қутичага солса бўлади.
ЖАМОАТНИНГ ХИЗМАТ ҚЎМИТАСИ
35 Шундай вазифалар ҳам борки, уларни оқсоқоллар кенгашининг раиси, котиб ва хизмат нозиридан иборат бўлган жамоатнинг хизмат қўмитаси бажаради. Масалан, хизмат қўмитаси никоҳ ва дафн маросимларида Йиғилиш залида нутқ сўзланишига рухсат бериб, ваъзгўйларни гуруҳларга тақсимлайди. Шунингдек, хизмат қўмитаси доимий ва кўмакчи кашшоф бўлишга ёки хизматнинг бошқа турларида қатнашишга истак билдирганларнинг аризаларини имзолайди. Хизмат қўмитаси оқсоқоллар кенгашининг раҳбарлиги остида фаолият юритади.
36 Бу биродарларнинг, шу қаторда «Қўриқчи минораси» тадқиқи ҳамда «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувининг нозири ва оқсоқоллар кенгашида хизмат қилаётган бошқа оқсоқолларнинг вазифалари филиал томонидан тушунтириб ўтилади.
37 Ҳар бир жамоатнинг оқсоқоллар кенгаши жамоатнинг маънавий ютуқларига оид масалаларни кўриб чиқиш учун вақти-вақти билан учрашиб туради. Туман нозири ташрифи пайтида бўлиб ўтадиган оқсоқоллар учрашувидан ташқари, туман нозирининг ҳар бир ташрифидан кейин тахминан уч ой ўтиб яна оқсоқоллар учрашуви уюштирилиши лозим. Зарурат туғилса, оқсоқоллар ҳар қачон учрашиши мумкин, албатта.
ИТОАТКОР БЎЛИНГ
38 Нозирлар мукаммал эмас. Шундай бўлса-да, жамоатдаги барча уларга итоат қилиши зарур, чунки уларни Яҳова тайинлаган. Оқсоқоллар қилган ишлари учун Унга жавоб беришади. Улар Яҳованинг вакиллари, Унинг бошқаруви тимсоли сифатида хизмат қилишмоқда. Ибронийларга 13:17 да шундай дейилган: «Орангизда раҳбарликни ўз зиммасига олганларга итоаткор бўлиб, уларга қулоқ солинглар. Боиси, улар ҳисобот берадиганлардай ҳамиша сизлар учун қайғуришяпти. Токи улар буни оҳу нола билан эмас, қувонч билан бажаришсин. Акс ҳолда, бу сизларга зиён келтиради». Яҳова нозирларни муқаддас руҳи орқали тайинлайди ва агар улардан бири ўз ҳаётида муқаддас руҳ самарасини намоён этмай, Муқаддас Китобдаги талабларга жавоб бермай қўйса, Яҳова муқаддас руҳи орқали уни вазифаларидан бўшатади.
39 Жамоатимиздаги нозирларнинг оғир меҳнатию аъло ўрнаги учун миннатдор бўлишимиз керак, шундай эмасми?! Ҳаворий Павлус Салоникадаги биродарларга шундай дея хитоб қилган: «Биродарлар, орангизда зўр бериб меҳнат қилаётганларни, Ҳазратимизнинг ишида сизларни бошқараётганларни ҳамда сизларга насиҳат бераётганларни ҳурмат қилишингизни илтимос қиламиз. Шунингдек, бажараётган ишлари учун уларга эҳтиром кўрсатиб, севинглар». (1 Салон. 5:12, 13) Худога хизмат қилиш бизга кўп қувонч ва роҳат келтирсин деб жамоат нозирлари анча меҳнат қилишади. Тимўтийга йўллаган биринчи мактубида Павлус, жамоатдагилар нозирларга қандай муносабатда бўлиши кераклигини қуйидагича таърифлаган: «Яхши бошчилик қилаётган, айниқса Худонинг каломи ҳақида гапиришда ва таълим беришда заҳмат чекаётган оқсоқоллар икки баробар ҳурматга сазовор бўлсинлар». (1 Тим. 5:17)
ТАШКИЛОТДАГИ ҚЎШИМЧА МАСЪУЛИЯТЛАР
40 Баъзи оқсоқоллар беморларни йўқлаш гуруҳларига тайинланади. Бошқалари касалхоналар билан алоқа қилиш қўмиталарида хизмат қилишади. Улар касалхоналарга бориб, шифокорлар билан учрашишади ва Яҳованинг Шоҳидларини даволашда қондан фойдаланмасликка ундаб, муқобил даволаш усуллари ҳақида маълумот тақдим этишади.Яна бошқа оқсоқоллар Йиғилиш ҳамда Анжуман залларини қуриш ва таъмирлашда қатнашишади ёки анжуман қўмиталарида хизмат қилишади. Шу тариқа улар Шоҳлик манфаатларини олға суришга ёрдам беришади. Оғир меҳнати ва ўз кучию вақтини сарфлашга тайёрлиги учун Яҳованинг ташкилотида ҳамма бу биродарлардан миннатдор. Дарҳақиқат, биз бундай кишиларни қадрлаймиз. (Филип. 2:29)
ТУМАН НОЗИРИ
41 Етакчи кенгаш муайян талабларга мос келган оқсоқоллар туман нозири этиб тайинланишига ғамхўрлик қилади. Филиал уларга, одатда йилига икки марта, ўз туманидаги жамоатларга ташриф буюришни топширади. Улар, шунингдек, олис ҳудудларда хизмат қилувчи кашшофларни йўқлаб туришади.Туман нозирлари ташриф жадвалини тузиб, ваъзгўйлар бундан имкон қадар кўпроқ фойда олишсин дея ўз ташрифлари ҳақида жамоатларни олдиндан хабардор қилишади.
42 Ташриф барчага маънавий роҳат бахш этсин деб, оқсоқоллар кенгашининг раиси тайёргарлик кўрилишига бошчилик қилади. (Рим. 1:11, 12) Оқсоқоллар кенгашининг раиси туман нозирининг ва (агар уйланган бўлса) хотинининг ташрифи ҳамда эҳтиёжлари ҳақида маълумот олгач, биродарлар орқали турар жой ва зарурий нарсалар тақдим этилишига ғамхўрлик қилади. У кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида барча, жумладан, туман нозири ҳам хабардор эканига ишонч ҳосил қилади.
43 Туман нозири оқсоқоллар кенгашининг раиси билан боғланиб, ундан йиғилишлару ваъзгўйлик хизмати учрашувлари жадвалини билиб олади. Учрашувлар туман нозирининг тавсиялари ва филиалдан келган йўл-йўриққа мувофиқ тарзда ўтади. Жамоат йиғилишлари, кашшофлар, оқсоқоллар ва жамоат хизматкорлари билан учрашув ҳамда ваъзгўйлик хизмати учрашувлари қаерда ва қачон ўтказилишини ҳаммага олдиндан маълум қилиш зарур.
44 Сешанба куни пешиндан кейин туман нозири «Ваъзгўйнинг хизмати ҳақида жамоат қайдлари»ни, давомат ҳисоботини, тайинланган ҳудудлар ва жамоат маблағларига оид қайдларни текширади. Шу йўсинда у жамоатнинг эҳтиёжларини ҳамда бу қайдларни юритишга жавобгар биродарларга қандай ёрдам кўрсатилиши мумкинлигини кўра олади. Оқсоқоллар кенгашининг раиси бу ҳужжатлар туман нозирига аввалдан тақдим этилишига ғамхўрлик қилиши лозим.
45 Ташрифи давомида туман нозири ваъзгўйлар билан йиғилишларда, хизматда, бирга овқатланаётиб ёки бошқа пайтларда иложи бўлса шахсан гаплашиб олишга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, у оқсоқоллару хизматкорлар билан учрашиб, уларга ишониб топширилган сурувни боқиш каби масъулиятни бажаришларига ёрдамлашиш учун Муқаддас Китобдан насиҳат, тавсиялар ва далдали фикрларни баҳам кўради. (Ҳик. 27:23; Ҳавор. 20:26–32; 1 Тим. 4:11–16) Шунингдек, у кашшофлар билан ҳам учрашади ва уларни руҳлантириб, хизматда дуч келаётган қийинчиликларини енгишга ёрдам беради.
46 Агар эътиборга лойиқ яна бошқа масалалар бўлса, туман нозири иложи борича ташрифи давомида уларни кўриб чиқишга ҳаракат қилади. Шу вақт ичида бу масалалар ечилмаса, туман нозири оқсоқолларга ёки бу масалаларга алоқадор кишиларга Муқаддас Китобдан тегишли йўл-йўриқни топиш учун изланиш ўтказишга ёрдамлашади. Масалани филиал кўриб чиқиши керак бўлса, туман нозири ва оқсоқоллар филиалга батафсил ҳисобот тузиб юборишади.
47 Ташрифи давомида туман нозири жамоат йиғилишларига қатнайди. Вақти-вақти билан йиғилишлар тартиби филиалдан келган кўрсатмаларга мувофиқ ўзгариши мумкин. Туман нозири жамоат аъзоларига далда ва таълим бериш, уларни қўллаб-қувватлаб, муваффақиятли бўлишга ундаш учун нутқлар сўзлайди. У ваъзгўйларда Яҳовага, Исо Масиҳга ва ташкилотга нисбатан меҳр-муҳаббат туйғусини ривожлантиришга интилади.
48 Туман нозирининг мақсадларидан бири, барчани хизматда ғайрат билан иштирок этишга ундаш ва амалий маслаҳатлар тақдим этишдир. Эҳтимол, ваъзгўйларнинг аксарияти ўз ишларини пухта режалаштириб, ташриф давомида имкон қадар кўпроқ хизматга чиқишар ва ҳатто ўша ойда кўмакчи кашшоф бўлишар. Истаган киши туман нозири ёки унинг рафиқаси билан ҳамкорлик қилишга келишиб олса бўлади. Туман нозири ёки унинг рафиқасини Муқаддас Китоб тадқиқи ёхуд такрорий ташрифга олиб бориш яхши самаралар келтириши мумкин. Ташриф давомида жамоат билан иложи борича кўпроқ ҳамкорлик қилиш учун қилган саъй-ҳаракатларингиз мақтовга сазовордир. (Ҳик. 27:17)
49 Ҳар бир туман учун йилига иккита туман анжумани уюштирилади. Уларнинг ўтказилишига туман нозири жавобгар. У анжуман нозирини ва ёрдамчисини тайинлайди. Улар туман нозири билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, анжуман ўтказилишини ташкиллаштиришади. Бу туфайли туман нозири асосий эътиборини анжуман дастурига қарата олади. Туман нозири анжуманнинг турли бўлимларига жавобгар биродарларни ҳам тайинлайди. Шунингдек, у ҳар бир анжуман охирида туман маблағлари текширилишини уюштиради. Йилига бир марта туман анжуманида филиал вакили таклиф қилинган маърузачи сифатида нутқ сўзлайди. Масофа катталиги ёки анжуман ўтадиган жой кичиклиги сабаб баъзи туманлар қисмларга бўлиниб, ҳар бири учун алоҳида анжуман ўтказилади.
50 Ҳар ойнинг охирида туман нозири ўзининг ваъзгўйлик ҳисоботини тўғридан-тўғри филиалга юборади. Унинг йўл ҳақи, овқат, турар жой ва хизмат билан боғлиқ бошқа харажатларини у ташриф буюрган жамоат қоплай олмаса, филиалга мурожаат қилиши мумкин. Бу кўчма вакиллар, агар Яҳованинг Шоҳлигини ҳаётларида ҳамиша биринчи ўринга қўйишса, Исо ваъда қилганидек, моддий эҳтиёжлари қондирилишига ишонишади. (Луқо 12:31) Жамоатлар, уларга хизмат қилаётган ушбу содиқ оқсоқолларга меҳмондўстлик кўрсатишни катта шараф деб биладилар. (3 Юҳан. 5–8)
ФИЛИАЛ ҚЎМИТАСИ
51 Жаҳон бўйлаб Яҳова Шоҳидларининг ҳар бир филиалида уч ёки ундан зиёд маънан етук биродардан таркиб топган Филиал қўмитаси бор. Филиал қўмитаси ўз қарамоғидаги мамлакат ёки мамлакатларда олиб борилаётган ваъзгўйлик фаолияти учун жавобгар. Қўмита аъзоларидан бири раис бўлиб хизмат қилади.
52 Филиал қўмитасида хизмат қилаётган биродарлар филиал қарамоғида бўлган ҳудуддаги барча жамоатларга оид масалалар билан шуғулланади. Қўмита филиал қарамоғидаги бутун ҳудудда Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ваъз қилинишига бош-қош бўлади ва жамоат ҳамда туманлар ташкил этиб, ҳудуддаги эҳтиёжлар қондирилишига ғамхўрлик қилади. Филиал қўмитаси, шунингдек, тўла вақтли махсус ваъзгўйларнинг, жумладан, доимий, махсус ва кўмакчи кашшофларнинг фаолиятига алоҳида эътибор қаратади. Туман анжуманлари ва ҳудудий анжуманлар «одоб ва тартиб билан» ўтиши учун филиал керакли чораларни кўриб, биродарларга тегишли топшириқларни беради. (1 Кор. 14:40)
53 Филиал қўмитаси қарамоғига бошқа мамлакат ҳам кирса, ўша мамлакатда Мамлакат қўмитаси тайинланади. Бу, Мамлакат қўмитаси хизмат қилаётган ҳудуддаги фаолиятни яхшироқ назорат қилишга кўмаклашади. Ушбу қўмита Байтил ва офисларнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилади, хат ва ҳисоботлар билан ишлайди, мамлакатдаги Яҳова Шоҳидларининг фаолиятини бошқаради. Мамлакат қўмитаси Шоҳлик иши олға сурилишида Филиал қўмитаси билан ҳамкорлик қилади.
54 Филиал ва Мамлакат қўмиталарининг барча аъзоларини Етакчи кенгаш тайинлайди.
БОШ ИДОРА ВАКИЛЛАРИ
55 Етакчи кенгаш вақти-вақти билан дунё бўйлаб барча филиалларга ташриф буюрадиган маънан етук биродарлар тайинланишига ғамхўрлик қилади. Бундай вазифага тайинланган биродар бош идора вакили деб аталади. Унинг асосий вазифаси Байтил оиласига далда бериш ҳамда филиалга ваъзгўйлик ва шогирд орттириш ишида юзага келаётган муаммоларни ечишга ёрдамлашишдир.Бош идора вакили айрим туман нозирлари ҳамда вақти-вақти билан тўла вақтли махсус ваъзгўйлар билан учрашади. Учрашув пайтида бу биродар уларнинг қийинчиликлари ва эҳтиёжлари ҳақида суҳбатлашиб, уларни Шоҳлик ҳақида ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш каби энг муҳим ишни давом эттиришга рағбатлантиради.
56 Бош идора вакили жамоатларнинг ваъзгўйлик ҳамда бошқа фаолиятларида қандай ютуқларга эришилгани билан жуда қизиқади. Агар вақти етса, масофавий таржима офисларига ҳам ташриф буюриши мумкин. Бош идора вакили филиалга ташриф буюрганда, вазиятга қараб, ваъзгўйлик хизматида қатнашади.
Сурувга чўпонлик қилиш учун тайинланган нозирларга итоат қилиб, биз жамоатнинг Боши бўлмиш Исо Масиҳга яқинлашяпмиз
СЕВГИГА ТЎЛА НАЗОРАТ
57 Етук масиҳий эркакларнинг астойдил қилган меҳнати ва ғамхўрлиги бизга катта фойда келтирмоқда. Сурувга чўпонлик қилиш учун тайинланган нозирларга итоат қилиб, биз жамоатнинг Боши бўлмиш Исо Масиҳга яқинлашяпмиз. (1 Кор. 16:15–18; Эфес. 1:22, 23) Натижада Худонинг руҳи ер юзи бўйлаб жамоатларга таъсир қилиб, Аллоҳнинг Каломи орқали умумжаҳон ваъзгўйлик фаолиятига тегишли кўрсатмалар берилмоқда. (Заб. 119:105)