ЎН ИККИНЧИ БОБ
Оила муаммоларни енгиши мумкин
1. Баъзи оилаларда қандай муаммолар мавжуд?
ТАСАВВУР қилинг, эски машинани эндигина ювиб, ялтиллатиб қўйишди. Ўтган-кетганларга у янгидек кўриниши мумкин. Лекин унинг тагини эса занг емириб ётибди. Баъзи бир оилалар худди шундай аҳволда. Гарчи, уларнинг юзидан табассум ёғилиб, беками-кўст ҳаёт кечираётганларидай кўринса-да, лекин диллари қўрқув ва дардга тўла. Қандайдир емирувчи нарса оиладаги тинчликни бузмоқда. Оилага зарар етказувчи айрим муаммоларнинг сабаби — ичкиликбозлик ва зўравонликдир.
ИЧКИЛИКБОЗЛИКНИНГ ЗАРАРИ
2. а) Спиртли ичимликларни истеъмол қилишга Муқаддас Китобнинг нуқтаи назари қандай? б) Ичкиликбозлик бу нима?
2 Муқаддас Китобда спиртли ичимликларни меъёрида истеъмол қилиш ман этилмаган-у, бироқ ичкиликбозлик қатъий қораланади (Ҳикматлар 23:20, 21; 1 Коринфликларга 6:9, 10; 1 Тимўтийга 5:23; Титусга 2:2, 3). Ичкиликбозлик — спиртли ичимликларни мудом ичавериш оқибатида рўй берадиган сурункали касалликдир. Минг афсуски, ичкиликка нафақат катта одамлар, балки ёшлар ҳам ружу қўйишлари мумкин.
3, 4. Ичкиликбозлик оила аъзоларга қандай таъсир қилади?
3 Тавротда, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш, оиланинг тинчлигига путур етказади деб, аллақачон ёзилган эди (Амрлар 21:18–21). Ичкиликбозлик бутун оилага таъсир қилади. Хотини, ичкиликка берилган эрининг ичишини тўхтатишга ва унинг ногаҳон хатти-ҳаракатини уддалашга берилиб кетиши мумкинa. У спиртли ичимликларни яширишга, ташлашга, эрининг пулларини беркитишга ҳамда оилага, ҳаётга ва ҳатто Худога бўлган севгисини уйғотишга ҳаракат қилади. Лекин шунда ҳам эри ичишни ташлаши амри маҳол. Хотин, ҳамма уринишлари бефойда эканлигини кўриб, кўнгли қолади ва ўзини ҳеч нарсага ярамайдиган деб ҳис қилади. Эҳтимол у қўрқув, ғазаб, ўзини айблаш, асабийланиш, ваҳима ва ўз ҳурматини йўқотишдан азоб чекиши мумкин.
4 Агар ота ёки она ичкиликбоз бўлса, бу фарзандларга ҳам таъсир қилади. Уларнинг айримлари билан шафқатсиз муносабатда бўлишса, бошқаларнинг эса номусига тегишади. Отаси ёки онаси ичкиликка ружу қўйганида болалар ўзларини ҳатто айблашлари мумкин. Кўп ҳолларда улар ичкиликбознинг хатти-ҳаракатлари дастидан, бошқа одамларга ишонмай қўйишади. Болалар уйидаги шароитни ўзгаларга айтишдан уялиб, ғамларини ичида сақлашади, бу эса кўпинча уларнинг соғлигига зарар етказади (Ҳикматлар 17:22). Бундай болалар улғайганда ҳам, ўзига бўлган ишончсизлик ва ҳурматсизлик каби ҳис-туйғулардан эзилиб юришлари мумкин.
ОИЛА НИМА ҚИЛИШИ МУМКИН?
5. Ичкиликбозликни қандай енгиш мумкин, ва нимага бу қийин?
5 Аксарият мутахассисларнинг фикрича, ичкиликбозлик даволанмайди. Лекин улардан кўпчилиги спиртли ичимликларни истеъмол қилишдан бутунлай воз кечиш йўли билан баъзи ижобий натижага эришиш мумкин, деган фикрга қўшиладилар (Матто 5:29- оятни солиштиринг). Тўғри, буни айтиш осон, аммо ичкиликка берилган кишини ёрдам қабул қилишга ундаш қийин, чунки у ўзини ичкиликбоз деб ҳисобламайди. Бунга қарамай, агар яқинлари ичкиликбозлик етказадиган таъсирларга қарши чоралар кўришса, эҳтимол у ўз муаммосини тан олар ҳам. Бу соҳадаги бир тажрибали шифокор шундай деб фикр билдирди: «Менимча оилада энг муҳими — ҳар бир аъзоси кундалик ишлар билан жону дили ила банд бўлишидадир. Шунда ичкиликбоз оиланинг қолган аъзоларидан қанчалик фарқ қилишини кўради».
6. Ичкиликка берилган киши бор бўлган оилалар қаердан ишончли маслаҳат топишлари мумкин?
6 Агар оилангизда ичкиликка берилган инсон бўлса, Муқаддас Китобдаги йўл-йўриқлар барибир самарали ҳаёт кечиришингизга ёрдам беради (Ишаё 48:17; 2 Тимўтийга 3:16, 17). Келинг, оилаларга ичкиликбозликни енгишга ёрдам берадиган айрим маслаҳатларни кўриб чиқамиз.
7. Оилада бирор киши ичкиликка ружу қўйганлигида ким айбдор?
7 Айбни бўйнингизга олишни бас қилинг. Инжилда: «Ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши лозим» ва «ҳар биримиз ўзимиз ҳақимизда Худога ҳисобот берамиз» — дейилган (Галатияликларга 6:5; Римликларга 14:12). Эҳтимол ичкиликка ружу қўйган киши оила аъзоларини айблай бошлайди. Масалан, у бундай деб таъкидлаши мумкин: «Агар менга яхши муомала қилганингизда, ичмаган бўлардим». Бошқалар бундай гаплар билан рози бўлгандай ўзларини тутишса, уни ичишни давом этишга ундагандай бўлишади. Вазият қандай бўлмасин, ҳамма, шу ҳисобда ичкиликбоз ҳам ўз қилмиши учун ўзи жавобгардир (Филиппиликларга 2:12- оятни солиштиринг).
8. Қандай қилиб ичкиликбоз қилмишининг оқибатларини кўриши мумкин?
8 Ичкиликбозни қилмишининг оқибатларидан доимо ҳимоя қилишим керак, деб ўйламанг. Муқаддас Китобдаги жаҳлдор инсон ҳақидаги ҳикматни ичкиликбозга ҳам қўлласа бўлади. У ерда: «Уни бир қутқарсанг яна қутқаришингга тўғри келади»,— дейилган (Ҳикматлар 19:19). Ичкиликбоз ўз қилмишининг оқибатларини ўзи кўришига қўйиб беринг. Яъни, орқасидан ўзи йиғиштирсин, эрталаб ишдаги бошлиғига қўнғироқ қилиб вазиятни ўзи тушунтирсин.
9, 10. Нимага ичкиликбоз бор бўлган оилалар ёрдамни рад этмаслиги керак ва бунда айниқса кимга мурожаат қилиш лозим?
9 Бошқаларнинг ёрдамини қабул қилинг. Шоҳ Сулаймон шундай деган эди: «Дўст ҳар қачон севиш учундир, ака-укалар ҳам оғир кун учун туғилган» (Ҳикматлар 17:17). Ичкиликка ружу қўйган одам оила учун қайғудир. Бундай пайтда оила ёрдамга муҳтож бўлади. Агар бундай кўргилик сизнинг бошингизга ҳам тушган бўлса, дўстларингиздан ёрдам сўрашга уялманг (Ҳикматлар 18:24). Сизнинг вазиятингизни тушунадиган ёки ўзи ҳам буни бошидан кечирган киши билан бўлишсангиз, амалий маслаҳатлар олишингиз мумкин. Бироқ эътиборли бўлинг. Сирингизни сақлай оладиган ва ишончли одамингиз билан суҳбатлашинг (Ҳикматлар 11:13).
10 Жамоат оқсоқолларига таянинг. Улар катта ёрдам беришлари мумкин. Зеро бу маънан етук кишилар Муқаддас Китобни яхши билишади ва уни қўллашда тажрибага эгалар. Бу биродарлар шамол ва жала пайтида бошпана, саҳродаги булоқ ва жазирамадаги соя кабидирлар (Ишаё 32:2). Оқсоқоллар жамоатни нафақат ёмон таъсирдан ҳимоя қилишади, балки қийинчиликларга дуч келган имондошларига тасалли ва далда бериб, шахсий қизиқиш кўрсатишади. Шундай экан, уларнинг ёрдамидан фойдаланинг.
11, 12. Ичкиликбоз бор бўлган оилаларга ким энг катта ёрдам кўрсата олади, ва У буни қандай тақдим этади?
11 Энг муҳими Тангри Яҳовага яқинлашинг. Аллоҳ Каломида: «Худованд дили вайронларга яқиндир, руҳи тушкунларни Ўзи қутқарар»,— деб ёзилган (Забур 33:19). Агар оилангизда ичкиликка берилган кишининг дастидан дилингиз вайрон, руҳингиз тушкун бўлса, «Раббимиз яқин» эканлигини эсда тутинг. Чунки У, оилангиз қанчалик оғир аҳволда қолганини тушунади (1 Бутрус 5:6, 7).
12 Эгамиз Яҳованинг Каломига ишонч ҳосил қилиш, қийинчиликларни енгишга ёрдам беради (Забур 129:3, 4; Матто 6:25–34; 1 Юҳанно 3:19, 20). Муқаддас Китобни ўрганиб, ундаги қонун-қоидаларга риоя қилсангиз, муқаддас руҳнинг ёрдамини оласиз. Ушбу «олий қудрат» кундан-кунга қийинчиликларни енгишингизга ёрдам берадиb (2 Коринфликларга 4:7).
13. Оилага ёмон таъсир етказадиган яна бир муаммо қандай?
13 Спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш оилага ёмон таъсир етказадиган бошқа муаммога, яъни зўравонликка олиб келиши мумкин.
ОИЛАДАГИ ЗЎРАВОНЛИКНИНГ ТАЪСИРИ
14. Оиладаги зўравонлик қачон бошланган ва бугунги вазият қандай?
14 Тарихда биринчи бор зўравонлик Одам Ато ва Момо Ҳавонинг оиласида содир бўлган. Яъни, Қобил укаси Ҳобилга қўл кўтарганида (Ибтидо 4:8). Ўша пайтдан бери инсоният оиласида зўравонлик давом этиб келмоқда. Эрлар хотинларга қўл кўтаради, хотинлар ҳам бунда бўш келишмайди. Ота-оналар болаларини шафқатсиз жазолашади, вояга етган фарзандлар эса кексайган ота-оналарига ёмон муомала қилишади.
15. Зўравонлик оила аъзоларга қандай таъсир қилади?
15 Оиладаги зўравонлик жисмоний шикастлардан кўпроқ нарсани англатади. Эрининг баджаҳл ҳаракатларидан азоб чеккан бир аёл бундай деб айтиб берган: «Доимо айбдорлик ва уят ҳисси билан курашиб келишга мажбурман. Кўпинча уйғонганимда, қанийди бу шунчаки даҳшатли туш бўлса эди, деган умидда тураман». Оиладаги зўравонликни кўрган ёки унинг қурбони бўлган болалар, катта бўлиб оила қуришганда, ўзлари ҳам зўравонликка қўл уришлари эҳтимолдан йироқ эмас.
16, 17. Оиладаги зўравонликка нима киради ва бу, оила аъзоларга қандай таъсир қилади?
16 Оиладаги зўравонликка нафақат жисмоний зарар етказиш, балки сўзлар билан жароҳатлаш ҳам киради. Муқаддас Китобда: «Ўйламасдан айтилган сўз қиличдай жароҳатлайди»,— деб айтилган (Ҳикматлар 12:18). Бу оятдаги «жароҳатлайди» деган сўз, сўкинишни ва бақиришни, доим танқид этаверишни, ҳақоратлаб, дўқ-пўписа қилишни англатади. Бундай муносабатнинг қурбони бўлган одамнинг дарди кўринмайди ва кўпинча бошқалар буни сезишмайди ҳам.
17 Афсуски, фарзандлар ҳам руҳан эзилишга дучор бўлишади. Бунга эса доим танқид қилиш, қобилиятларини ёки қадр-қимматларини камситиш сабаб бўлади. Оғзаки зўравонликдан фарзанд ўзига бўлган ишончини йўқотиши мумкин. Тўғри, ҳамма фарзандлар таълим-тарбияга муҳтож. Бироқ, Инжилда: «Эй оталар, руҳий тушкунликка тушмаслик учун болаларингизни ранжитаверманглар»,— деб амр берилган (Колосаликларга 3:21).
ОИЛАДАГИ ЗЎРАВОНЛИКДАН ҚУТУЛИШ МУМКИН
18. Аслида зўравонлик қаерда пайдо бўлади ва уни енгиш ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилган?
18 Аслида зўравонлик қалбда ва онгда пайдо бўлади, қилмишларимиз эса фикрларимиздан келиб чиқади (Ёқуб 1:14, 15). Зўравонликка бўлган мойилликни енгиш учун, фикрлаш тарзни ўзгартириш шарт (Римликларга 12:2). Бунинг имкони борми? Албатта. Зотан Худонинг Каломи одамларни ўзгартиришга қодир. У ҳатто «қалъа» каби кучли бўлган ёмон фикрларни ҳам яксон қила олади (2 Коринфликларга 10:4; Ибронийларга 4:12). Муқаддас Китобдаги аниқ билимлар инсонни шу қадар ўзгартириши мумкинки, худди янги табиатни ўзлаштиргандек бўлади (Эфесликларга 4:22–24; Колосаликларга 3:8–10).
19. Умр йўлдошга қандай муносабатда бўлиш лозим?
19 Умр йўлдошга бўлган муносабат. Аллоҳнинг Каломида: «Эркаклар ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. Ўз хотинини севган ўзини ўзи севади»,— дейилган (Эфесликларга 5:28). Шунингдек унда эрлар хотинларининг «заиф жинсдан эканлигини ҳисобга олиб, улар билан оқилона муносабатда бўлишлари» даркор, деб айтилади (1 Бутрус 3:7). Хотин ҳам эрини севиб, «ҳурмат қилсин», деб насиҳат берилган (Титусга 2:4; Эфесликларга 5:33). Борди-ю эр хотинини ҳақоратлаб, унга қўл кўтарса, у хотинига оқилона муносабат қиляпти деб бўлмайди. Шунингдек агар хотин эрига бақириб, кесатиб гапирса ёки ҳадеб минғирлайверса, у эрини севиб, ҳурмат қиляпти деб бўлмайди.
20. Ота-она фарзанди учун кимнинг олдида жавобгар ва нимага уларга нисбатан ҳаддан ортиқ талабчан бўлмаслиги керак?
20 Фарзандларга бўлган муносабат. Болалар ота-оналарнинг меҳри ва эътиборига муҳтождир. Забурда фарзандлар «Худованд берган насиба» ва «мукофотдир», деб айтилади (Забур 126:3). Шу сабабли ота-оналар ўз жигарбандлари учун Худонинг олдида жавобгардирлар. Муқаддас Китобда айтилишича, фарзандларга «болалик» хусусиятлари ва «ақлсизлик» хосдир (1 Коринфликларга 13:11; Ҳикматлар 22:15). Шунинг учун, ота-она болаларининг ақлсизлигига дуч келса, ҳайрон бўлмаслиги керак. Бола болалигини қилади-да. Ота-она фарзандининг ёшини ва имкониятини ҳисобга олиб, ҳаддан ортиқ талабчан бўлмаслиги даркор (Ибтидо 33:12–14- оятларга қаранг).
21. Худонинг нуқтаи назари бўйича, кексайган ота-онага қандай муносабат қилиш даркор?
21 Кексайган ота-онага бўлган муносабат. Тавротда: «Сени дунёга келтирган отангга қулоқ сол, онанг қариганида хор қилма»,— деб айтилган (Ҳикматлар 23:22). Шу билан Аллоҳ қарияларга ҳурмат ва иззат кўрсатишни ўргатар эди. Тўғри, қариган ота-она ўта талабчан ёки касалликка чалиниб, секин фикрлайдиган ва зўрға ҳаракат қиладиган бўлиб қолса, уларга бундай муносабат қилиш гоҳо қийин кечади. Қандай бўлмасин, фарзандлар «уларга тегишли ҳақини беришлари» ҳам қарз, ҳам фарз (1 Тимўтийга 5:4). Бунга, ота-онани ҳурмат ва иззат қилиб, моддий жиҳатдан ҳам таъминлаш киради. Кексайган ота-онага ёмон муносабат қилиш, Муқаддас Китобнинг қонун-қоидаларига зид.
22. Оиладаги муаммоларни енгишда қандай фазилат энг муҳим ҳисобланади ва уни қандай намоён этиш мумкин?
22 Сабр-тоқатли бўлинг. Тавротда: «Нодон бор жаҳлини тўкиб солади, доно эса ичида сақлайди» — дейилган (Ҳикматлар 29:11). Хўш, ҳис-туйғуларимизни қандай назорат қилишимиз мумкин экан? Аламни ичингизда сақлашнинг ўрнига, муаммони тез орада ҳал қилишга урининг (Эфесликларга 4:26, 27). Агар жаҳлингиз чиқаётганини сезсангиз, уруш-жанжални қолдириб, ўзингизни қўлга олиш учун Худога ибодат қилинг (Галатияликларга 5:22, 23). Очиқ ҳавода сайр қилиш ёки оз-моз жисмоний машқлар ўзингизни тута билишингизга ёрдам беради (Ҳикматлар 17:14, 27). Хуллас, «сабр-тоқатли» бўлишга ҳаракат қилинг (Ҳикматлар 14:29).
АЛОҲИДА ЁКИ БИРГА ЯШАШ
23. Агар кимдир Худонинг хизматчиси бўла туриб, жаҳлини тиймаса, уйидагилари билан ёмон муносабатда бўлса-ю, тавба қилмаса, нима содир бўлиши мумкин?
23 Аллоҳ қоралайдиган ишлар қаторига «душманлик, жанжалкашлик... ҳасад» киради ва «бу каби ишларни қилувчилар Худо Шоҳлигидан бебаҳра бўладилар» (Галатияликларга 5:19–21). Шунинг учун, агар бирон киши Худонинг хизматчиси бўла туриб, жаҳлини тиймаса, турмуш ўртоғи ёки болалари билан ёмон муносабатда бўлса-ю тавба қилмаса, имонлилар жамоатидан маҳрум қилинади (2 Юҳанно 9, 10- оятларни солиштиринг). Шундагина жамоат ёмон одамлардан пок сақланади (1 Коринфликларга 5:6, 7; Галатияликларга 5:9).
24. а) Агар бирон кишининг турмуш ўртоғи унга шафқатсиз муносабат қилса, у нима қилиши мумкин? б) Қандай қилиб яқин кишилар ва оқсоқоллар оиладаги зўравонликнинг қурбони бўлган кишига ёрдам беришлари мумкин, лекин улар нима қилмасликлари лозим?
24 Агар бирон кишининг турмуш ўртоғи унга шафқатсиз муносабат қилса ва ўзгаришидан дарак бўлмаса, у нима қилиши мумкин? Масалан, баъзи кишилар бундай умр йўлдоши билан бирга яшашни давом эттиришади. Бошқалар эса, жисмоний, руҳий ва маънавий соғликларини ва ҳатто ҳаётларини хавф остига солишдан қўрқиб, уйдан кетиш қарорига келишади. Лекин бундай вазиятда, Худованд Яҳованинг олдида ҳар ким ўзи ҳал қилиши керак (1 Коринфликларга 7:10, 11). Дўстлар, қариндошлар ёки жамоат оқсоқоллари ёрдам ва маслаҳат беришлари мумкин, лекин улар одамни қандай йўл тутишига мажбурламайдилар. Чунки бу унинг шахсий қарори (Римликларга 14:4; Галатияликларга 6:5).
МУАММОЛАР КЕЛАЖАКДА БЎЛМАЙДИ
25. Эгамиз Яҳованинг оилага бўлган нияти қандай?
25 Эгамиз Яҳова Одам Ато ва Момо Ҳавони яратганида, ичкиликбозлик ва зўравонлик каби муаммолар оилага зарар етказиши Унинг ниятига кирмаган эди (Эфесликларга 3:14, 15). Оила меҳр-муҳаббат ва тинчлик ҳукм сурадиган жой бўлиб, ҳар бир аъзоси бир-бирининг ақлий, руҳий ва маънавий эҳтиёжларини қондириши керак эди. Аммо гуноҳнинг пайдо бўлиши билан оилавий ҳаёт оғирлашиб кетди (Воиз 8:9- оятни солиштиринг).
26. Аллоҳ Яҳованинг талабларига мувофиқ яшаётган кишиларни қандай келажак кутмоқда?
26 Бахтимизга Худованд Яҳова оилага бўлган ниятидан воз кечмади. У ваъда қилаётган янги дунёда одамлар бир-бирига зарар етказмайди (Ҳизқиё 34:28). Ўшанда, ичкиликбозлик, зўравонлик ва бошқа муаммолар ортда қолади. Инсонлар қўрқув ва дардни яшириш учун эмас, балки «тинч-осойишталикда ҳузур қилганларидан» табассум ила боқадилар (Забур 36:11).
a Гарчи бу бобда ичкиликка ружу қўйган эркаклар ҳақида гап кетса-да, бунга мойил бўлган аёллар ҳам учрайди.
b Баъзи мамлакатларда ичкиликбозларга ҳам, уларнинг оилаларига ҳам ёрдам бериш учун даволаниш марказлари, шифохоналар ва даволаш дастурлари мавжуд. Уларга мурожаат қилиш-қилмаслик одамнинг ўзига боғлиқ. Яҳованинг Шоҳидлари эса бирон бир даволаниш усулини қўллаш ё қўлламасликни тавсия этишмайди. Бироқ, даволаниш усулини излаётиб, Муқаддас Китоб қонун-қоидаларига зид бўлган машғулотларга қўшилиб қолишдан эҳтиёт бўлиш керак.