Ота-оналар — фарзандларингизни болалигиданоқ тарбия қилинг
МУҚАДДАС КИТОБДА: «Ўғиллар Эгамиздан меросдир, фарзандлар Ундан мукофотдир»,— деб ёзилган (Заб. 126:3). Мана шунинг учун ота-оналар туғилган фарзандини улкан қувонч билан кутиб олишининг ажабланарли жойи йўқ.
Боланинг туғилиши, қувонч билан биргаликда жиддий масъулият ҳам юклайди. Бола соғлом бўлиб улғайиши учун мунтазам равишда тўйимли озуқага муҳтож бўлади. Шу сингари, бола ҳақ топиниш томонини эгаллаб, мустаҳкам туриши учун маънавий озуқага ва илоҳий меъёрларни сингдиришга интилаётган ота-онасининг йўл-йўриғига муҳтождир (Ҳик. 1:8). Бундай тарбияни қачон бошлаш керак ва бу нимани ўз ичига олади?
ОТА-ОНАЛАР АЛЛОҲНИНГ ЁРДАМИГА МУҲТОЖ
Қадимги Исроилнинг Зорох шаҳрида яшаган, Дан қабиласидан бўлган Монувахнинг мисолини кўриб чиқайлик. Яҳованинг фариштаси Монувахнинг бепушт хотинига ўғил туғишини айтди (Ҳак. 13:2, 3). Имонли Монувах ва унинг хотини бундан бағоят хурсанд бўлишган. Бироқ боламизни қандай тарбия қиламиз, деб қайғуришган. Шу боис: «“Ё, Раббий,— дея Эгамизга ёлворди Монувах. — Ўша одамингни яна олдимизга юборишингни илтижо қилиб сўрайман. У келиб, бўлажак ўғлимизга нима қилишимиз кераклигини ўргатиб кетсин”» (Ҳак. 13:8). Монувах ва унинг хотини фарзандининг тарбияси ҳақда ташвишланишган. Албатта, улар ўғиллари Шимшўнга Худонинг қонунларини ўргатишган ва уларнинг уринишлари яхши самара келтирган. Муқаддас Китобда: «Эгамизнинг руҳи уни [Шимшўнни] бошқара бошлади»,— деб айтилган. Натижада Шимшўн Исроилнинг ҳаками сифатида кўпгина қудратли ишларни қилган (Ҳак. 13:25; 14:5, 6; 15:14, 15).
Фарзанд тарбиясини қанчалик барвақт бошлаш керак? Тимўтий «болалигиданоқ», онаси Эвника ҳамда бувиси Лоида томонидан «Муқаддас Ёзувлар» асосида тарбия кўрган (2 Тим. 1:5; 3:15). Ҳа, Тимўтий болалигидан Муқаддас Ёзувларга ўргатилган.
Масиҳий ота-оналар фарзандларини «болалигиданоқ» тарбия қилишлари учун ибодатда йўл-йўриқ сўрашса ва олдиндан режа тузишса оқилона бўларди. Ҳикматлар 21:5 да: «Меҳнаткашнинг режаси фақат мўл-кўлчилик келтиради»,— деб айтилган. Бола туғилишидан аввал, ота-оналар яхшилаб тайёргарлик кўришлари шубҳасиз. Ҳатто улар бола учун зарур бўлган нарсаларнинг рўйхатини қилиб олишади. Шунингдек, улар маънавий ишларини ҳам режалаштириб олишлари муҳим. Улар бундай тарбияни, боланинг илк давриданоқ бошлашни мақсад қилишлари керак.
Бир китобда боланинг вояга етиши борасида тушунтирилишича, бола туғилишидан атиги бир ой ўтгач, унинг миясида нерв ҳужайраларини боғловчи синапслар жуда тез суратда пайдо бўлади. Шунинг учун ота-оналар бу вақтдан фойдаланиб, болаларига Яҳова ва Унинг меъёрлари ҳақда таълим беришлари жуда муҳим!
Доимий кашшоф бўлиб хизмат қилаётган бир она ёш қизи ҳақида шуларни айтиб берди: «Қизимни бир ойлигидан бошлаб, ўзим билан бирга хизматга олиб чиқардим. У нима бўлаётганини тушунмаса-да, бу унга яхши таъсир қилишига ишонгандим. Икки ёшга тўлганида эса қизим хизматда учратган одамларга дадиллик билан букламаларни таклиф қиларди».
Ота-оналар фарзандларини болалигиданоқ тарбия қилишса, яхши самараларга эришишлари мумкин. Аммо улар бундай қилиш ҳар доим ҳам осон эмаслигини тушунишади.
«ҲАР ФУРСАТДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИНГЛАР»
Болалар тез-тез чалғигани учун уларга таълим бериш катта қийинчилик туғдириши мумкин. Бола узоқ вақт давомида бир нарсага диққатини қарата олмайди. Бундан ташқари улар қизиқувчан бўлиб, ҳамма нарсани билишга интилишади. Ота-оналар, болаларининг эътиборини ўргатаётган нарсаларига қаратиш учун нима қилишса бўлади?
Келинг, Мусо пайғамбар нима деганини кўриб чиқайлик. Қонунлар 6:6, 7 да, қуйидагини ўқиймиз: «Бугун мен сизларга берган бу амрларни юрагингизда сақланглар. Буларни болаларингизга ҳам ўргатинглар. Уйда ўтирганда ҳам, йўлда юрганда ҳам, ётганингизда ҳам, турганингизда ҳам шулар ҳақида гапиринглар». Бу оят шуни кўрсатяптики, ота-оналар таълим бераётиб, қайта-қайта такрорлаши зарур. Ниҳол мунтазам равишда сув қуйиб турилишига муҳтож. Кичкинтойлар ҳам шунга ўхшайдилар. Ўсмирлар муҳим нарсаларни эслаб қолиши учун такрорлаш кўмаклашганидек, бу албатта ёш болаларга ҳам ёрдам беради!
Болаларни Худонинг амрларига ўргатиш, улар билан бирга вақт ўтказишни талаб этади. Бироқ ота-оналар жуда ҳам банд бўлишгани учун бу қийин кечиши мумкин. Аммо ҳаворий Павлус, маънавий ишларни бажариш учун «ҳар фурсатдан унумли фойдаланинглар», деб маслаҳат берган (Эфес. 5:15, 16). Бунга қандай эришса бўлади? Бир биродаримиз жамоат оқсоқоли, унинг хотини эса доимий кашшоф бўлиб хизмат қилади. Бу биродаримиз фарзандини тарбиялаш, жамоат ишларини бажариш ва дунёвий ишда ишлашга ажратилган вақтни тўғри тақсимлаш учун пухта режа тузган. Улар қизининг тарбиясига қандай қилиб вақт ажратишади? Ўша биродаримиз шундай деб бўлишди: «Ҳар куни ишга кетишимдан олдин, хотиним билан биргаликда қизимга “Муқаддас Китоб ҳикоялари” ёки “Муқаддас Ёзувларни кунда ўрганамиз” адабиётларидан ўқиб берамиз. Кечқурун ҳам қизимиз ухлашга ётишидан олдин ўқиб берамиз ҳамда хизматга чиққанимизда уни ўзимиз билан бирга оламиз. Биз унинг илк йилларидан унумли фойдаланишни истаймиз».
ЎҒИЛЛАР ЎҚЛАР КАБИДИР
Фарзандларимиз масъулиятли шахс бўлиб улғайишини исташимиз шубҳасиз. Бироқ уларни тарбия қиларканмиз, уларнинг қалбида Аллоҳга бўлган севги жой олишини кўпроқ хоҳлаймиз (Марк 12:28–30).
Забур 126:4 да: «Ёшлигингизда туғилган ўғилларингиз жангчининг қўлидаги ўқлардайдир»,— деб айтилган. Болалар ўқларга ўхшайди, нишонга тушиши учун уларни тўғри йўналтириш керак. Камончи отган ўқини ҳеч қачон орқага қайтариб ололмайди. Шу сингари, ота-оналар ҳам «ўқлари», яъни фарзандлари билан қисқа вақтга (агар ўсмирлик чоғи билан солиштирса) бирга бўлиши мумкин. Бу вақтдан фойдаланиб улар, фарзандларининг онгию қалбига илоҳий меъёрларни сингдиришлари керак.
Ҳаворий Юҳанно маънавий фарзандлари ҳақда: «Болаларимнинг ҳақиқат йўлида юраётганини эшитиш, мен учун катта бахт»,— деб ёзган (3 Юҳан. 4). Масиҳий ота-оналар ҳам фарзандлари «ҳақиқат йўлида юраётганини» кўришганда, шундай хурсандчиликни ҳис қилишади.