Азиз ёшлар, муваффақиятга эришинг!
Ҳамма бу ишлар билан шуғуллан. Сенинг муваффақиятингга ҳамма гувоҳ бўлиши учун ўзингни бу ишларга бутунлай бағишла. 1 ТИМ. 4:15
1. Аллоҳ йигит-қизларга нима тилайди?
«ЁШЛИГИНГДА роҳатлан, юрагинг сени завқлантирсин» (Воиз 11:9). Ушбу сўзларни доно шоҳ Сулаймон баён этганди. Ҳа, Тангри Яҳова чиндан ҳам йигит-қизлар бахтли ҳаёт кечиришларини истайди. Унинг нияти бўйича, биз қисқа пайт мобайнида эмас, балки бутун умр бахтиёр бўлишимиз керак. Аммо ёшлар, келажагига таъсир қиладиган турли хатоларга йўл қўйишади. Аюб пайғамбар ҳам ёшлик чоғида қилган гуноҳлари учун жудаям қайғурган (Аюб 13:26). Ёш масиҳчилар ҳар замонда жиддий қарорлар чиқаришларига тўғри келади. Агар улар нотўғри бўлса, бу ёмон оқибатларга олиб келиб, янги муаммоларни туғдиради (Воиз 11:10).
2. Қайси маслаҳатга қулоқ солиб ёшлар жиддий хатолардан сақланишади?
2 Қандай бўлмасин, тўғри қарор чиқаришнинг имкони бор. Келинг, ҳаворий Павлус коринфликларга берган маслаҳатини кўриб чиқайлик. У шундай ёзган: «Ўй-фикрда болалардек бўлманглар... Фикрлашда эса баркамол бўлинглар» (1 Кор. 14:20). Шу насиҳатга риоя қилган ёшлар анча-мунча жиддий хатолардан ўзларини сақлашади.
3. Камолотга интилиш учун нима талаб этилади?
3 Камолотга интилиш ўз-ўзидан бўлмайди, бунинг учун ёшлардан кўп ҳаракатлар талаб этилади. Павлус Тимўтийга қуйидагича гапирган: «Сенинг ёшлигингни ҳеч ким хор қилмасин. Сен сўзда, юриш-туришда, муҳаббатда, имонда, пок руҳда имонлиларга ўрнак бўл. Мен келгунимча тиловат, насиҳат ва таълим билан машғул бўл. [...] Ҳамма бу ишлар билан шуғуллан. Сенинг муваффақиятингга ҳамма гувоҳ бўлиши учун ўзингни бу ишларга бутунлай бағишла» (1 Тим. 4:12–15). Ҳа, ёш масиҳчиларнинг муваффақияти ўзгаларга намоён бўлиши учун уринишлари керак.
Маънавий муваффақият нимага боғлиқ?
4. Маънавий томондан муваффақиятга эришиш дегани нима?
4 Муваффақиятга эришиш, яхши томонга ўзгариш демакдир. Тимўтийнинг хизмати самарали бўлиши учун Павлус уни сўзда, юриш-туришда, муҳаббатда, имонда ва покликда ўрнак кўрсатишга чорлаган. У, айтилган насиҳатларга риоя қилай деб роса жон куйдирган.
5, 6. а) Тимўтийнинг муваффақияти ўзгаларга қачон кўрина бошлаган? б) Ёшлар маънан улғайишда Тимўтийдан қандай ўрнак олишлари мумкин?
5 Павлус ушбу сўзларни милодий 61–64- йилларда ёзган. Тимўтий ўша вақтда тажрибали оқсоқол эди. Буни қаердан биламиз? Милодий 49- ёки 50- йилда у тахминан 20 ёшда бўлиб, «Листра ва Иконияда яшаган имонлилар орасида яхши ном чиқарган эди» (Ҳавор. 16:1–5). Ўшанда, Павлус Тимўтийни тарғибот сафарига олиб чиққанди. Бир неча ойдан сўнг, Павлус уни Салоника шаҳридаги масиҳчиларга далда бериш учун юборади (1 Салоникаликларга 3:1–3, 6 ўқиб беринг). Маълумки, Тимўтийнинг муваффақияти ўзгаларга ёшлигидан яққол кўриниб турарди.
6 Азиз ёшлар сизлар ҳам яхши фазилатларни орттиринг. Токи маънан етуклигингиз ва Муқаддас Китоб таълимотларини ўргатиш қобилиятингиз кўзга ташлансин! Шунингдек, 12 яшарлигидан заковатда улғайиб борган Исога тақлид қилинг (Луқо 2:52). Энди келинг, ҳаётнинг қайси учта соҳасида камолотга интилиш кераклигига эътибор қаратамиз: 1) қийинчиликлар олдида, 2) турмуш қуриш тараддудида, 3) «лаёқатли хизматкор» бўлишда (1 Тим. 4:6).
Муаммоларни ақл-идрок билан ҳал қилиш керак
7. Оғир вазиятлар ёшларга қандай таъсир қилиши мумкин?
7 Эндигина 17 ёшга тўлган Кэрол исмли синглимиз шундай деди: «Ўзимни шунчалик ҳолдан тойгандек ҳис қилардимки, эрталаблари ҳатто уйғонгим ҳам келмасди»a. Нима учун у бундай аҳволга тушган? Унинг ота-онаси ажрашиб кетганда, у бор-йўғи ўн ёшда эди. Кэрол, ор-номус билмайдиган онасининг қўлида қолганди. Сиз ҳам бу каби қийин вазиятларга тушиб, гоҳо қандай йўл тутишни билмай қолганмисиз?
8. Тимўтий қанақа ташвишларга дуч келган?
8 Маънан етукликка эришаётган Тимўтий, турли ташвишларга йўлиққан. Жумладан, унинг ошқозони тез-тез оғриб турарди (1 Тим. 5:23). Павлус Коринфдаги муаммоларни ҳал қилишга Тимўтийни жўнатган. Ва у ҳеч нарсадан ташвишланмай, «хотиржам бўлиб юриши учун» ўша ердаги имондошларини, у билан ҳамкорлик қилишга чорлаган (1 Кор. 4:17; 16:10, 11). Демак, Тимўтий уятчанг ва тортинчоқ бўлган.
9. Нафсни тийиш ва қўрқоқлик ўртасида қандай фарқ бор?
9 Тимўтийга ёрдам бериш мақсадида Павлус кейинчалик унга шуларни эслатган: «Худо бизга қўрқоқлик руҳини эмас, балки куч-қувват, муҳаббат ва нафсни тийиш Руҳини берган» (2 Тим. 1:7). Нафсни тийиш учун ақл-идрокни ишга солиш керак. Шунда биз барча нарсага ўзимиз хоҳлагандек қарашга эмас, балки тўғри муносабатда бўлишга ўрганамиз. Айрим ёшлар эса қийин вазиятга тушиб ва бундан қўрқиб, уйқу ҳамда телевизорга берилишади. Бошқалар, гиёҳванд модда ва спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш орқали қийинчиликлардан қутулмоқчи бўлишади. Масиҳчилар эса мана шу насиҳатга риоя қилишга интиладилар: «Диёнатсизлик ва дунёвий орзу-эҳтиросларни рад этишимиз керак, бу дунёда Худодан қўрқиб, вазминлик ва тақводорлик билан ҳаёт кечиришимиз лозим» (Титус. 2:12).
10, 11. Имон мустаҳкамланишида ақл-идрокнинг аҳамияти қандай?
10 Муқаддас Китобдаги маслаҳатлар, йигит-қизларни фаросатли бўлишга ундайди (Титус. 2:6). Амалда буни қандай қўллаш мумкин? Масалан, муаммоларга учраганда ибодат қилиб, Аллоҳнинг ёрдамига таяниш зарур (1 Бутрус 4:7 ўқиб беринг). Шундай қилиб, «Худо берган куч билан» имонинингизни мустаҳкамлайсиз (1 Бутр. 4:11).
11 Ҳалиги Кэролга ҳам ақл-идрок ва ибодатлар кўмаклашган. У шундай дея бўлишди: «Тўғрисини айтсам, ойимнинг қилиб юрган иши менга роса қаттиқ ботарди. Бироқ, Яҳовага ибодат қилишда тинмас эдим. Ҳа, Яратган Эгам мени ҳамиша қўллаб-қувватлаётганини сезиб турардим». Шуни унутмангки, айнан қийинчиликларда аъло фазилатларни ривожлантира оласиз (Заб. 104:17–19; Марсия 3:27). Хуллас, қандай мушкул аҳволга тушмайлик, Аллоҳимиз доимо бизни қўллаб-қувватлайди (Ишаё 41:10).
Бахтли никоҳга тайёргарлик
12. Турмуш қурмоқчи бўлган масиҳчи нега Ҳикматлар 20:25 даги маслаҳатни эътиборга олиши керак?
12 Баъзилар балоғат ёшига етар-етмас турмуш қуришга шошилади. Уларнинг фикрича шундай йўл тутиб, ёлғизлик ва уй муаммоларидан озод бўлиш мумкин. Аммо, никоҳ жиддий қадам ҳисобланади. Бу ҳақда Аллоҳнинг Каломида жуда яхши маслаҳат бор (Ҳикматлар 20:25 ўқиб беринг). Оила қурган аксарият йигит-қизлар аслида никоҳ нима эканини тушунмай, кўп қийинчиликларга дуч келишади.
13. Учрашишдан олдин нима ҳақда ўйлаб кўриш зарур ва бунда қайси маслаҳатлар қўл келади?
13 Шу сабабли, учрашишдан олдин ўзингизга шундай саволлар беринг: «Ўзи нима учун оила қурмоқчиман? Турмуш ўртоғимдан нимани кутяпман? Айнан бу инсон билан бахтли бўламанми? Оилавий ҳаётга тайёрманми?» Бу саволларга қониқарли жавоб олишнинг имкони бор. Айнан шу мақсадда «ишончли ва ақлли хизматкор» кўп мақолалар тақдим этмоқдаb (Мат. 24:45–47). Бундай адабиётларни ўқиётганингизда, ундаги маслаҳатларни гўё Яҳованинг Ўзи сизга бераётгандек ҳис қилинг. Агар уларни синчковлик ила ўрганиб, ҳаётда қўлласангиз: «Онгсиз от ёки хачир каби бўлманглар!» — деган насиҳатга амал қилган бўласиз (Заб. 31:8, 9). Дарвоқе, турмуш қуришдан аввал бу нақадар муҳим қадам эканини тушуниш керак. Бордию, ўзингизни учрашишга тайёр деб билсангиз, поклик сақлашни доим ёдда тутинг (1 Тим. 4:12).
14. Камолотга интилиш турмуш қурганда қандай ёрдам беради?
14 Камолотга интилиш никоҳ қургандан сўнг ҳам ёрдам беради. Аллоҳнинг маънан етук хизматчиси «Масиҳнинг камолига эришишга» жон куйдиради (Эфес. 4:11–14). Негаки бундай киши, яхши фазилатларни ривожлантиришда тўхтамайди. Зеро, Буюк Устозимиз «Масиҳ ҳам Ўз-ўзини мамнун қилмади» (Рим. 15:3). Агар эр ҳам, хотин ҳам доимо бир-бирининг манфаатини кўзласа, турмуши тинч-тотувликда ўтади (1 Кор. 10:24). Бундай оилада эр ўз хотинини жонидан ҳам ортиқ севади. Рафиқаси эса ўз навбатда эрига итоатли бўлади (1 Кор. 11:3; Эфес. 5:25).
«Хизматингни сидқидилдан ижро этгин»
15, 16. Қай тарзда хизматингизни янада самарали қилишингиз мумкин?
15 Павлус шунингдек Тимўтийга қуйидаги муҳим топшириқни берган: «Сенга қатъий буюраман: Худо каломини ваъз қил... Инжил воизлигингни бажо келтир, хизматингни сидқидилдан ижро этгин» (2 Тим. 4:1, 2, 5). Бу вазифани бажо келтириш учун у имонини мустаҳкамлаб, «таълимотларни ўзлаштириши» муҳим эди (1 Тимўтийга 4:6 ўқиб беринг).
16 Азиз ёшлар, бу борада Тимўтийдан қандай ибрат олишингиз мумкин? Ҳаворий Павлус шундай ёзган: «Тиловат, насиҳат ва таълим билан машғул бўл. Ҳамма бу ишлар билан шуғуллан» (1 Тим. 4:13, 15). Албатта, бунга шахсий тадқиқсиз эришиб бўлмайди. «Машғул бўл» деган ибора, бирор иш билан банд бўлишни англатади. Шахсий тадқиқ ўтказиш одати, сизда ҳам борми? Адабиётларимизни ўқиганда, «Худонинг теранликларини» билишга уринасизми? (1 Кор. 2:10). Ёки уларни юзаки кўриб чиқасизми? Илойим, орттираётган билимларингиз бундан буён ҳам қалбингизга таъсир қилсин (Ҳикматлар 2:1–5 ўқиб беринг).
17, 18. а) Қандай қобилиятларни ривожлантириш даркор? б) Нега Тимўтийнинг ўрнагидан сабоқ олиш арзийди?
17 Мишель исмли кашшоф синглимиз шундай бўлишди: «Хизматим самарали бўлиши учун ҳамиша шахсий тадқиқ ўтказаман ва жамоатларни ҳам қолдирмайман. Бунинг натижасида, маънан ўсиб бораётганимни сезяпман». Чиндан ҳам кашшофлик, хизматда Муқаддас Китобдан тўғри фойдаланишга ва камолотга интилишга кўмаклашади. Бундан ташқари, яхши ўқишга ва йиғилишда маъноли шарҳлар беришга ўрганинг. Масалан, Воизлик Мактабидаги топшириқларга тайёргарлик кўрсангиз ҳам маънан улғаясиз.
18 Ваъзгўйлик фаолиятида қатнашиб, маҳоратингизни ривожлантирасиз ва ўзгалар нажот топишига ҳисса қўшасиз. Бунинг учун «таънаю насиҳат қилишга» ўрганиш лозим (2 Тим. 4:2). Воизликнинг турли усулларига ўрганишнинг яна бир йўли, Тимўтий каби тажрибали ваъзгўйлар билан ҳамкорлик қилишдир (1 Кор. 4:17). Павлус ўзгаларга ёрдам беришни биринчи ўринга қўярди. Уларни шунчалик яхши кўриб қолган эдики, ҳатто «ўз жонини» ҳам беришга тайёр бўлган. Яъни вақт ва кучини улардан аямасди (1 Салон. 2:8). Унинг намунасига эргашиш учун, Тимўтийга тақлид қилинг. Зотан у, ўзгаларга ғамхўрлик қилган ва хушхабарни ёйишда ғайрат кўрсатган (Филиппиликларга 2:19–23 ўқиб беринг). Сиз-чи, хизматда фидойи бўлишга интиляпсизми?
Камолотга интилиш қувонч келтиради
19, 20. Маънавий муваффақиятларга эришиш нима учун қувончли?
19 Тўғри, маънан етук бўлиш учун кўп ҳаракатлар талаб этилади. Бироқ, таълим бериш маҳоратини сабр-тоқат билан ривожлантирсангиз, кўп кишиларни маънан бойитиш шарафига эга бўласиз. Улар эса қувонч келтирадиган баракага айланишади (2 Кор. 6:10; 1 Салон. 2:19). Тўла вақт хизмат қиладиган Фред исмли биродаримиз мана шуларни айтди: «Одамларга ёрдам бериш учун мен ҳали ҳеч қачон бунчалик ҳаракат қилмагандим. Ҳақиқатан ҳам олишдан кўра, беришнинг бахтиёрлиги катта эканини тушундим».
20 Дафни исмли кашшоф синглимиз ҳам яхши фикрлар билдирди: «Яҳова ҳақида кўп нарсалар билганим учун Унга жуда ҳам яқинлашдим. Шунга амин бўлдимки, сидқидилдан хизмат қилсак, чинакам қувонч ҳис этамиз!» Гарчи маънавий муваффақиятларингиз атрофдагиларга кўринмаса ҳам, Эгамиз Яҳова уларни назардан четда қолдирмайди (Иброн. 4:13). Эй азиз ёшлар, сиз ҳам албатта самовий Отамизни аъло даражада шарафлай оласиз! Унинг қалбини қувонтиришда давом этсангиз, маънавий муваффақиятга эришишингиз муқаррар (Ҳик. 27:11).
[Изоҳлар]
a Баъзи исмлар ўзгартирилган.
b «Ёшларнинг саволлари. Амалий маслаҳатлар» китобининг 2- жилд, 28- саҳ., 3- боб; «Қўриқчи минораси»нинг 2001- йил 15- май сонидаги «Турмуш ўртоқ танлашда Худонинг раҳбарлиги» (рус.); «Уйғонинг!» 1983- йил 22- сентябрь сонидаги «Ёшгина бўла туриб оила қуриш оқилонами?» мақолаларига қ. (ингл.).
Нимани билиб олдингиз?
• Маънавий муваффақиятга эришиш дегани нима?
• Қуйидаги вазиятларда маънан етук эканингизни қандай кўрсата оласиз:
қийинчиликлар олдида?
турмуш қуриш тараддудида?
хизматда?
[15- саҳифадаги расм]
Қийинчиликларда ибодат қилишни унутманг
[16- саҳифадаги расм]
Ёшлар қандай қилиб хизматини янада самарали қилишлари мумкин?