59- ДАРС
Таъқибларда сабр-бардошли бўла оласиз
Эртами-кечми барча масиҳийлар қаршиликларга, ҳатто таъқибларга дуч келади. Бу бизни қўрқитиши керакми?
1. Нега таъқибларга дуч келганда ҳайрон қолмаймиз?
Муқаддас Китобда аниқ қилиб: «Исо Масиҳнинг издоши сифатида художўй бўлиб ҳаёт кечиришни истайдиган барча таъқибларга дучор бўлади»,— дейилган. (2 Тимўтийга 3:12) Исо Шайтоннинг дунёсига тегишли бўлмагани учун таъқибларга дуч келган. Биз ҳам бу дунёга тегишли эмасмиз. Шу боис, ҳукумат ва диний ташкилотлар томонидан таъқибларга дуч келганимизда ҳайрон қолмаймиз. (Юҳанно 15:18, 19)
2. Таъқибларга қай йўсин тайёрлана оламиз?
Яҳовага бўлган ишончимизни ҳозирдан мустаҳкамлашимиз лозим. Ҳар куни Унга ибодат қилиш ва Каломни ўқиш учун вақт ажратинг. Йиғилишларга мунтазам қатнанг. Буларнинг бари ёрдамида дуч келишингиз мумкин бўлган ҳар қандай таъқибларни ё ҳатто оила аъзоларингизнинг қаршиликларини жасорат ила енгиш учун керакли кучга эга бўласиз. Кўплаб таъқибларга дуч келган ҳаворий Павлус: «Яҳова менинг ёрдамчим, мен қўрқмайман»,— деб ёзган. (Ибронийларга 13:6)
Шунингдек, мунтазам ваъз қилсак янада жасоратли бўла оламиз. Ваъз қилиш Яҳовага таянишимизга ва одамлардан қўрқиш каби ҳар қандай қийинчиликда ёрдам бера олади. (Ҳикматлар 29:25) Ҳозирдан жасорат ила ваъз қилишга ўргансангиз, ҳукумат фаолиятимизни тақиқлаган пайтда ҳам ваъз қилишга тайёр бўласиз. (1 Салоникаликларга 2:2)
3. Таъқиблар остида сабр-бардошли бўлсак, қандай фойда оламиз?
Албатта, таъқиблар бизни хурсанд қилмайди, лекин уларда сабр-бардошли бўлсак, имонимиз янада мустаҳкамланади. Бошқа чидай олмайман, деб ўйлаганимизда, Яҳованинг ёрдамини ҳис қилиб, Унга яқинроқ бўламиз. (Ёқуб 1:2–4 ни ўқинг.) Азобларимиз Яҳовага оғир ботади, аммо таслим бўлмаётганимизни кўриб У қувонади. Муқаддас Китобда: «Яхшилик қилганингиз учун азоб чекиб бунга чидасангиз, Аллоҳнинг розилигини оласиз»,— дейилган. (1 Бутрус 2:20) Яҳовага содиқ қолсак, У бизга янги дунёда абадий яшаш мукофотини беради. Ўшанда барча Яҳовага хизмат қилади ва ҳеч ким қаршилик кўрсатмайди. (Матто 24:13)
КЎПРОҚ БИЛИБ ОЛИНГ
Таъқибларга қарамай, Яҳовага садоқатли қолишнинг имкони борлигини ва бу мукофот келтиришини билиб олинг.
4. Оилангизнинг қаршиликларига сабр-бардош қила оласиз
Исо айрим оила аъзоларимиз Яҳовага топинишимизни қўллаб-қувватламаслигини яхши билган. Матто 10:34–36 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Кимдир Яҳовага хизмат қилишни танлаганида, оила аъзолари бунга қандай муносабат кўрсатиши мумкин?
Бунинг мисолини кўриш учун ВИДЕОНИ томоша қилинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Қариндошингиз ёки дўстингиз Яҳовага хизмат қилишга тўсқинлик қилса, қандай йўл тутасиз?
Забур 27:10 ва Марк 10:29, 30 ни ўқинг. Ҳар бир оятни ўқигандан сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Оилангиз ёки дўстларингиз сизни таъқиб қилса, бу ваъда сизга қандай ёрдам бериши мумкин?
5. Таъқибларга қарамай, Яҳовага топинишда давом этинг
Яҳовага хизмат қилишга халақит беришганда, ортга чекинмаслик учун жасоратли бўлишимиз керак. ВИДЕОНИ томоша қилинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Видеодаги мисоллар сизга қай йўсин куч бахш этяпти?
Ҳаворийлар 5:27–29 ва Ибронийларга 10:24, 25 ни ўқинг. Ҳар бир оятни ўқигандан сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Нега ваъзгўйлик фаолиятимиз ёки бирга йиғилишимиз тақиқланганида ҳам Яҳовага топинишда давом этиш муҳим?
6. Яҳова сабр-бардош қилишингизга кўмаклашади
Ёши ҳамда келиб чиқиши турлича бўлган Яҳованинг Шоҳидлари қувғунлар пайтида ҳам Яҳовага садоқат ила хизмат қилишда давом этмоқда. Уларга нима ёрдам бераётганини кўриш учун ВИДЕОНИ томоша қилинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Видеодан кўрганимиздай, Яҳованинг Шоҳидларига сабр-бардош қилишга нима ёрдам берди?
Римликларга 8:35, 37–39 ва Филиппиликларга 4:13 ни ўқинг. Ҳар бир оятни ўқигандан сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Бу оятга кўра, ҳар қандай қийинчилик остида сабр-бардош қила олишингизга сизни нима ишонтиряпти?
Матто 5:10–12 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Таъқибларга қарамай, нега бахтли бўла оласиз?
БАЪЗИЛАРНИНГ ФИКРИ: «Мен таъқибларда сабр-бардошли бўла олмайман».
Бундай фикрда бўлганларга ишонч бахш этадиган қандай оятларни келтира оласиз?
ХУЛОСА
Таъқибларга қарамай, Яҳовага хизмат қилганимизда, У буни қадрлайди. Унинг ёрдами билан муваффақият ила сабр-бардош қила оламиз.
Такрорлаш
Нега масиҳийлар таъқибларга дуч келаётганидан ҳайрон қолмайди?
Қай йўсин таъқибларга ҳозирдан тайёргарлик кўра оласиз?
Ҳар қандай қийинчиликда ҳам Яҳовага хизмат қила олишингизга нима ишонч бахш этиши мумкин?
ҚЎШИМЧА МАНБАЛАР
Ёш биродаримиз бетарафлиги учун қамоққа тушганида, сабр-бардош қилишига Яҳова қандай ёрдам берганига диққат қаратинг.
Бир жуфтликка қувғунларга қарамай садоқат ила хизмат қилишга нима ёрдам берганини томоша қилинг.
Қандай қилиб таъқибларда жасоратли бўлишингиз мумкинлигини билиб олинг.
«Таъқибларга ҳозирданоқ тайёрланинг» («Қўриқчи минораси» июль, 2019)
Оиламиз томонидан қаршиликларга дуч келганда, бунга қандай нуқтаи назарда бўлишимиз керак? Пайдо бўладиган қийинчиликларни қай йўсин енга оламиз?
«Ҳақиқат “тинчлик эмас, қилич” келтиради» («Қўриқчи минораси» октябрь, 2017)