Саккизинчи боб
‘Ёвуз руҳий кучларга қарши курашимиз’
1. Нима сабабдан ёвуз руҳларнинг хатти-ҳаракати диққат-эътиборимизга сазовор?
КЎП инсонларга ёвуз руҳларнинг мавжудлиги кулгили туюлади. Аммо уларнинг кулишларига ўрин йўқ. Ёвуз руҳларнинг борлигига ишонишадими ёки йўқми, улар мавжуд ва ҳаммага таъсир ўтказишга уринишмоқда. Яҳованинг топинувчилари ҳам бундан мустасно эмас. Аксинча, улар асосий ўлжа ҳисобланишади. Ҳаворий Павлус бу ҳақда бизни огоҳлантирмоқда: «Бизнинг курашимиз ўткинчи башарга қарши эмас, балки самовий оламдаги ёвуз руҳий кучларга, [кўринмас] ҳокимлару ҳокимиятларга, бу қоронғи дунёни бошқараётган руҳий ҳукмронларга қаршидир» (Эфесликларга 6:12). Бугунги кунда ёвуз руҳларнинг таъсири ҳар қачонгидан ҳам кучлидир, чунки Шайтон ер юзига отилган ҳамда вақт оз қолганини билиб, қаҳр-ғазабга тўлган (Ваҳий 12:12).
2. Қандай қилиб руҳий кучлар устидан ғалаба қозона оламиз?
2 Шу қадар қудратли руҳий кучлар устидан ғалаба қозониш мумкинми? Яҳовага бутунлай таянсаккина бунинг уддасидан чиқамиз. Биз Худога итоат қилиб, Унинг Каломига бўйсунишимиз керак. Бундай йўл тутиб, ўзимизни жисмоний, ахлоқий ва ҳиссий зарарлардан ҳимоялаймиз, Шайтоннинг таъсири остида бўлганлар эса бунга қодир эмас (Ёқуб 4:7).
Бу дунёни бошқараётган самовий оламдаги ҳукмронлар
3. Шайтон кимга ва қандай қилиб қаршилик кўрсатмоқда?
3 Дунёдаги аҳволни, Яҳова осмондаги имтиёзли ўрнидан кўриб тургани бўйича, бизга аниқ тасвирлаб бермоқда. У ҳаворий Юҳаннога ваҳий орқали Шайтонни «улкан қизил аждаҳо» сифатида акс эттирди. Шу аждаҳо, Худонинг Масиҳий Шоҳлигини 1914 йилда осмонда ташкил топиши биланоқ, ютиб юборишга тайёр бўлган. Аммо муваффақиятсизликка учраб, Шайтон қаҳр-ғазаб ила Шоҳликнинг ердаги вакилларига қарши жанг бошлади (Ваҳий 12:3, 4, 13, 17). Шайтон бу жангни қандай олиб бормоқда? Ўзининг инсонлардан бўлган вакиллари орқали.
4. Инсоний ҳукуматлар эга бўлган ҳокимият кимдан ва буни қаердан биламиз?
4 Сўнгра Юҳаннога етти бошли, ўнта шохли бир ҳайвон кўрсатилди, бу ҳайвон «ҳар бир қабила, халқ, тил ва миллат устидан» ҳокимиятга эга эди. Ҳайвон — дунёнинг сиёсий тузумини англатади. «Аждаҳо [Шайтон Иблис] унга ўз қудрати, тахти ва буюк иқтидорини берди»,— дейилган эди Юҳаннога (Ваҳий 13:1, 2, 7). Ҳа, инсоний ҳукуматлар эга бўлган қудрат ва ҳокимият Шайтондандир. Павлуснинг ёзишича, аслида «дунё ҳукмронлари», «самовий оламдаги ёвуз руҳий кучлар» бўлиб, айнан улар инсоний ҳукуматлар устидан бошқармоқда. Яҳовага топинишни истовчиларнинг барчаси буни яхши тушунмоғи лозим (Луқо 4:5, 6).
5. Бу дунёнинг ҳокимлари ҳозир қаерга йиғилмоқдалар?
5 Гарчи кўп ҳокимлар бирор бир динга эътиқод қилишса-да, уларнинг қўли остидаги ҳеч бир миллат Яҳованинг ҳамда тайинланган Шоҳ Исо Масиҳнинг бошқарувига бўйсунмаяпти. Барчаси ўзининг шахсий ҳокимияти учун шафқатсиз курашмоқда. Бугунги кунда худди Муқаддас Китобда башорат қилинганидай, «ёвуз руҳлар» бу дунёнинг ҳокимларини, Ҳор-Магидўнда «ҳар нарсага қодир Худонинг улуғ кунида бўладиган жангга» йиғмоқдалар (Ваҳий 16:13, 14, 16; 19:17-19).
6. Шайтоннинг тузумини қўллаётганларнинг бирига айланиб қолмаслик учун, нима сабабдан эҳтиёткор бўлиш керак?
6 Ҳар куни сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва диний низолар инсонларга таъсир ўтказиб, инсоният оиласини парчалаб юбормоқда. Бундай низоларда инсонлар учун ўз миллати, қабиласи, тили ёки ижтимоий синфининг тарафдори бўлиш одатдагидай ишдир. Ҳатто инсонлар бундай низоларга бевосита алоқадор бўлмасалар-да, низодор томонларнинг бирини маъқуллашлари мумкин. Аммо қайсидир инсонни ёки оқимни қўллашларидан қатъиназар, аслида улар кимнинг тарафдори? Муқаддас Китоб: «Бутун дунё эса ёвуз шайтоннинг ҳукмидадир»,— деб аниқ айтмоқда (1-Юҳанно 5:19). Бошқалар каби алданмаслик учун нима қилиш керак? Бутунлай Худо Шоҳлигини қўллаб-қувватлаб, бу дунёнинг низоларида батамом бетараф бўлиш керак (Юҳанно 17:15, 16).
Шайтоннинг маккор усуллари
7. Нима сабабдан Шайтон маҳорат ила ёлғон динни қўлламоқда дейиш мумкин?
7 Асрлар давомида Шайтон турли усуллар билан инсонларни таъқиб қилиб, ҳақиқий топинишдан қайтаришга уринган. У шунингдек янада ўткирроқ усулларини, яъни айёрлик ва маккорликни ишлатган. У маҳорат ила ёлғон дин ёрдамида кўпчилик инсонларни зулматда тутиб келган, бу инсонлар эса Худога хизмат қиляпмиз, деб ўйлаб келишган. Бундай инсонларга Худо ҳақида билим ва ҳақиқатга бўлган севги етишмайди, шундай экан, эҳтимол уларни сирли ва ҳиссиётларга асосланган диний маросимлар ёки «қудратли ишлар» ўзига жалб қилаётгандир (2-Салоникаликларга 2:9, 10). Бироқ Муқаддас Китоб бизни огоҳлантириб, ҳатто аввал ҳақиқий топинишда бўлганлардан «баъзи одамлар имондан қайтадилар. Улар йўлдан оздирувчи руҳларга, жин таълимотига қулоқ соладилар»,— демоқда (1-Тимўтийга 4:1). Бу қандай юз бериши мумкин?
8. Яҳовага топинаётган бўлсак-да, қандай қилиб Шайтон бизни ёлғон динга оғдириши мумкин?
8 Шайтон бизнинг заифликларимиздан маккорона фойдаланмоқда. Биз ҳали ҳам одамлардан қўрқамизми? Агар шундай бўлса, қариндошларимиз ёки қўшниларимиз таъсирига берилиб, ёлғон диндан келиб чиққан маъросимларда қатнаша бошлашимиз мумкин. Мағрурмизми? Агар шундай бўлса, бирор ким бизга маслаҳат берганида ёки бошқалар бирон-бир фикримизни эътиборга олишмаса, хафа бўлишимиз мумкин (Ҳикматлар 15:10; 29:25; 1-Тимўтийга 6:3, 4). Исо Масиҳга тақлид қилиш учун, ўз нуқтаи назаримизни ўзгартиришнинг ўрнига, ‘қулоқларимизга ёқадиган сўзлар’ билан, шунчаки Муқаддас Китобни ўқиб, ҳалол бўлиб яшашнинг ўзи етарли, дейдиганлар томонига оғиб кетишимиз мумкин (2-Тимўтийга 4:3). Шайтон учун бошқа динга қўшиламизми ёки ўзимизча тўғри деб ҳисоблаган эътиқодда қоламизми фарқи йўқ, асосийси Яҳовага Ўз Каломи ва ташкилоти орқали кўрсатаётгани бўйича топинмасак бўлгани.
9. Шайтон ўз мақсадига эришиш пайида жинсий алоқани қандай қўлламоқда?
9 Шунингдек Шайтон найранг ишлатиб, инсонлар табиий истакларини нотўғри йўл билан қондиришларига чалғитмоқда. Жинсий алоқани мисол қилиб олайлик. Бу дунёда кўплар Муқаддас Китобдаги ахлоқни рад этиб, никоҳдан ташқари жинсий алоқаларни ўринли деб ёки вояга етганлигини исботлаш имконияти деб ҳисобламоқдалар. Никоҳдагилар ҳақида эса нима дейиш мумкин? Кўплар хиёнат қилмоқда. Бундай бўлмаган тақдирда ҳам, кейин бошқа билан яшаш мақсадида ажрашаётган ёки алоҳида яшаётганлар ҳам оз эмас. Шайтоннинг нияти — инсонлар нафсларини ҳозироқ қондириб, оқибатда нафақат ўзларига ва бошқаларга, балки Яҳова ҳамда Исо Масиҳ билан ўзаро муносабатларига қандай таъсир қилиши ҳақида ўйламаслигидан иборатдир (1-Коринфликларга 6:9, 10; Галатияликларга 6:7, 8).
10. Қандай қилиб Шайтон ахлоқсизлик ва зўравонликка нисбатан нуқтаи назаримизни бузишга ҳаракат қилмоқда?
10 Яна бир табиий истагимиз — дам олишдир. Мароқли дам олиш жисмоний, ақлий ва ҳиссий жиҳатдан тетиклаштиради. Аммо Шайтон бизни Худонинг нуқтаи назарига зид ўйин-кулгига рағбатлантирса, қандай жавоб қайтарамиз? Масалан, Яҳова жинсий ахлоқсизликдан ва зўравонликдан нафратланиши бизга маълум. Агар бу нарса кинофильм, теледастур ёки театр саҳнасида кўрсатилаётган бўлса, томоша қилиб ўтираверамизми? Шуни ёдда тутиш керакки, Шайтон тубсизлик қаърига ташланиши яқинлашаётганини билиб, таъсирини янада кучайтирмоқда, шу боис «ёмон ва фирибгар одамлар эса бошқаларни алдабгина қолмасдан, ўзларини ўзлари ҳам алдаб, тобора разиллашиб борадилар» (2-Тимўтийга 3:13). Шайтоннинг тузоғига илинмаслик учун, доимо ҳушёр турмоғимиз лозим (Ибтидо 6:13; Забур 10:5; Римликларга 1:24-32).
11. Қандай қилиб ҳақиқатни биладиган инсон ҳам, агар эҳтиёт бўлмаса, спиритизм тузоғига тушиб қолиши мумкин?
11 Бизга шунингдек маълумки, спиритизмнинг турлари бўлмиш ром очиш, сеҳр-жоду, ўликларни чақириш билан шуғулланувчилар Худо учун жирканчдир (Амрлар 18:10-12). Бу ҳақда била туриб, ёвуз руҳлар билан алоқа қилувчидан маслаҳат олгани бормаган бўлардик, ва албатта бундай инсонларни маҳоратини кўрсатсин деб уйимизга чақирмаган бўлардик. Аммо уларни ойнаи жаҳонда ёки Интернетда кўрсатишганда, тинглаган бўлармидик? Гарчи биз даволаниш мақсадида ҳеч қачон дуохонга мурожаат қилмасак-да, ҳар қандай балодан сақлайди деган ниятда янги туғилган чақалоққа кўзмунчоқ тақармидик? Муқаддас Китобда баддуо ўқувчилар қораланишини биламиз, аммо гипнозчининг ақл-ҳушимизни бўйсундириб олишига йўл қўярмидик? (Галатияликларга 5:19-21).
12. а) Қандай қилиб мусиқа нотўғри нарсалар ҳақида ўйлашга ундаши мумкин? б) Қандай қилиб одам ўз кийиниши, юриш-туриши ёки сўзлашиши билан, Яҳовага ёқмайдиган одамларга ҳавас қилаётганини кўрсатиши мумкин? в) Шайтоннинг макрларининг қурбони бўлмаслик учун, нима қилишимиз керак?
12 Муқаддас Китобда айтилишича, орамизда зиногарлик ва ифлослик [нопок ниятда] ҳатто тилга олинмаслиги керак (Эфесликларга 5:3-5). Агар бундай мавзулар шўх, ёқимли мусиқага басталанган бўлса-чи? Никоҳдан ташқари жинсий алоқа, гиёҳвандлик ва бошқа гуноҳли ишларга бағишланган қўшиқларнинг сўзларини такрорлаган бўлармидик? Гарчи бундай ишлар билан шуғулланувчи инсонларга тақлид қилмаслик кераклигини билсак-да, уларнинг сўзлашиши, кийиниши ва юриш-туришига ўхшаб кетмаяпмизми? Шайтон инсонларни йўлдан оздириб, фикрларини бузиш учун қўллаётган усуллар нақадар маккор! (2-Коринфликларга 4:3, 4). Унинг макрларининг қурбони бўлмаслик учун, бу дунёга эргашмаслигимиз керак. «Бу қоронғи дунёнинг ҳукмронлари» кимлигини доим ёдда тутиб, уларнинг таъсирига қатъият ила қарши турмоғимиз лозим (1-Бутрус 5:8).
Енгиш учун қурол-аслаҳалар
13. Қандай қилиб ҳар биримиз номукаммаллигимизга қарамай, Шайтон бошқараётган дунёни енгишимиз мумкин?
13 Ўлимидан олдин Исо шогирдларига: «Дадил бўлинглар, Мен дунёни енгдим»,— деган эди (Юҳанно 16:33). Улар ҳам енгишлари мумкин эди. Тахминан 60 йил ўтгач, ҳаворий Юҳанно қуйидаги сўзларни ёзган: «Исо Худонинг Ўғли деб инонган кишидан бошқа ким ҳам дунёни енга оларди?!» (1-Юҳанно 5:5). Бунга инонишимизни, Исонинг амрини бажарсак ва у каби Худонинг Каломига ишонсаккина кўрсата оламиз. Яна нима талаб қилинади? Исо Бошчи бўлган имонлилар жамоатига маҳкам боғлиқ бўлиш керак. Агар бирор гуноҳ иш қилиб қўйсак, чин дилдан тавба қилиб, Исонинг қурбонлиги асосида Худодан кечирим сўраш лозим. Шу тариқа, номукаммаллигимиз ва хатоларимизга қарамай, бу дунёни енгишимиз мумкин (Забур 129:3, 4).
14. Эфесликларга 6:13-17 оятларини ўқиб чиқиб, хат бошида келтирилган саволлар ва оятлар ёрдамида, маънавий қурол-аслаҳаларнинг ҳар бири қандай фойда келтиришини айтиб беринг.
14 Енгиш учун «Худонинг қурол-аслаҳаларини» кийишимиз керак. Марҳамат, Муқаддас Китобдаги Эфесликларга 6:13-17 оятларини очиб, бу қурол-аслаҳалар ҳақида ўқиб чиқинг. Сўнгра қуйида келтирилган саволларга жавоб бера туриб, бу қурол-аслаҳаларнинг ҳар бири бизни қандай ҳимоялаши тўғрисида фикр юритинг.
«Ҳақиқат камари»
Гарчи ҳақиқатни билсак-да, Муқаддас Китобни мунтазам тадқиқ қилиш, ундаги ҳақиқат устидан мулоҳаза юритиш ва йиғилишларга қатнаш қандай қилиб бизни ҳимоялайди? (1-Коринфликларга 10:12, 13; 2-Коринфликларга 13:5; Филиппиликларга 4:8, 9).
«Солиҳлик совути»
Одил меъёрларни ким ўрнатади? (Ваҳий 15:3).
Мисол келтириб, Яҳованинг адолатли йўлларидан четга чиқиш инсонга маънавий жиҳатдан зиён келтиришини кўрсатинг (Амрлар 7:3, 4; 1 Шоҳлар 15:22, 23).
«Тинчлик Хушхабарини ёйиш учун илдамлик пойабзали»
Инсонларга Худонинг тинчлик келтирувчи ишлари ҳақида айтиш билан банд бўлиш, қандай қилиб биз учун ҳимоя бўла олади? (Забур 72:2, 3; Римликларга 10:15; 1-Тимўтийга 5:13).
«Имон қалқони»
Агар имонимизнинг пойдевори мустаҳкам бўлса, бирор ким шубҳа солмоқчи ёки қўрқитмоқчи бўлганида, қандай жавоб қайтарамиз? (4 Шоҳлар 6:15-17; 2-Тимўтийга 1:12).
«Нажот дубулғаси»
Қандай қилиб нажот топишга бўлган умид, моддий бойликлар тўғрисида ҳаддан ортиқ қайғурмасликка ёрдам беради? (1-Тимўтийга 6:7-10, 19).
«Руҳнинг қиличи»
Бизнинг ёки бошқаларнинг маънавийлигига хавф туғдирувчи нарсаларга қарши курашда, доим нимага умид боғлашимиз керак? (Забур 118:98; Ҳикматлар 3:5, 6; Матто 4:3, 4).
Руҳий курашда муваффақиятга эришиш учун яна нима зарур? Уни қачон қўллаш керак? Бу вақтда кимни ёддан чиқармаслигимиз керак? (Эфесликларга 6:18, 19).
15. Руҳий жангда қандай қилиб ҳужумга ўтишимиз мумкин?
15 Биз Масиҳнинг жангчилари бўлиб, унинг катта қўшини ичида руҳий жанг олиб боряпмиз. Агар ҳушёр бўлиб, Худонинг қурол-аслаҳаларидан тўғри фойдалансак, жангда ҳалок бўлмаймиз. Аксинча, Худонинг хизматчилари учун кучли далда бўламиз. Шайтон кучли қаршилик кўрсатаётган самовий ҳукумат, яъни Худонинг Масиҳий Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни барчага етказиб, ҳужумга ўтишга доим тайёр бўламиз.
Такрорлаш учун саволлар
• Нима сабабдан Яҳовага топинувчилар бу дунёнинг низоларида бутунлай бетарафдирлар?
• Масиҳчиларга маънавий зиён етказиш мақсадида, Шайтон қўллаётган маккор усуллардан баъзилари қайсилар?
• Қандай қилиб Худонинг қурол-аслаҳалари руҳий жангда бизни ҳимоялайди?
[76- саҳифадаги расмлар]
Бу дунёнинг миллатлари Ҳор-Магидўнга йиғилишмоқда.