Яҳованинг Каломи жонли
Ваҳий китобининг диққатга сазовор оятлари (2- қисм)
ЯҲОВА ТАОЛОГА топинаётганларни ва Унга хизмат қилмаётганларни нима кутмоқда? Шайтон ва жинларнинг келажаги қандай? Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви пайтида итоаткор одамлар қандай баракалар кўришади? Бу ва бошқа муҳим саволларнинг жавоби Ваҳий 13:1–22:21 да мавжудa. Келтирилган бобларда, Юҳанно кўрган 16 ваҳийнинг охирги 9 таси ёзилган.
Юҳанно қуйидагиларни айтган: «Бу башоратни ўқиётган ва тинглаётганлар ҳамда бу ёзилганларга амал қилувчилар бахтиёрдир» (Ваҳ. 1:3; 22:7). Ваҳий китобини ўқиш ва билиб олганларни амалда қўллаш, қалбимизга таъсир қилади. Қолаверса бу, Аллоҳ ва Исо Масиҳга бўлган имонимизни ҳамда келажакка бўлган умидимизни мустаҳкамлайдиb (Иброн. 4:12).
ХУДОНИНГ ҒАЗАБИ БИЛАН ТЎЛИБ-ТОШГАН ЕТТИ КОСАНИНГ ТЎКИЛИШИ
Ваҳий 11:18 да мана шундай ёзилган: «Элу халқлар ғазабланган эди, Сен ҳам ғазабга миндинг... Ер юзини хароб қилувчиларни хароб қилиш вақт-соати келди!». Саккизинчи ваҳийда бунинг сабаби ва «етти бошли, ўнта шохли бир ҳайвон»нинг қандай қилиб ҳаракатга келаётгани кўрсатилган (Ваҳ. 13:1).
Тўққизинчи ваҳийда эса, Юҳанно: «Сион тоғида Қўзи турганини кўрдим. Қўзи билан бирга... юз қирқ тўрт минг киши бор эди»,— деб айтмоқда. Улар «инсонлар орасидан сотиб олинганлар» экан (Ваҳ. 14:1, 4). Фаришталар хабар эълон қилишмоқда. Кейин унга ажойиб бошқа бир аломат, яъни етти фариштанинг қўлида етти бало кўринди. Шубҳасизки, «Худонинг ғазаби билан тўлиб-тошган етти косани» Шайтоннинг ёвуз дунёсига тўкишни, Яҳованинг Ўзи фаришталарга буюрган. Косалар, ёвузликни йўқ қилиш ҳақидаги Аллоҳнинг қарорларию ҳукмларига тўлиб-тошган (Ваҳ. 15:1; 16:1). Ушбу икки ваҳийда Худонинг Шоҳлиги орқали рўёбга чиқадиган ҳукмлар тўғрисида батафсил айтилган. Улар учинчи бало ва еттинчи карнай садоси билан боғлиқ (Ваҳ. 11:14, 15).
Саволларга жавоблар:
13:8 — «Қўзининг ҳаёт китоби» нимани билдиради? Рамзий маънодаги ушбу китобда, самовий Шоҳликда Ҳазрати Исо билан бирга ҳукм сурадиган кишиларнинг исмлари ёзилган. Уларнинг қаторига ҳали ер юзида хизмат қилаётган мойланган масиҳчилар ҳам киради.
13:11–13 — Иккита шохли ҳайвон қанақасига ўзини аждаҳо каби тутиб, осмондан ерга олов туширига ҳаракат қилади? Иккита шохли ҳайвон Англо-Америка империясининг рамзидир. Аждаҳо каби гапириши эса таъқиб, сиқув ва адолатсизлик ёрдамида ўз бошқарув ғояларини сингдирмоқчи эканини назарда тутади. Осмондан ерга олов туширишга ҳаракат қилганига келсак, ўша империя ўзини пайғамбардек тутиб, коммунизм ҳамда иккита жаҳон урушидаги ёвузлик устидан ғалаба қозонганини эълон этади.
16:17 — «Ҳаво» ниманинг рамзи? Бу, Шайтонга хос фикрлаш тарзи бўлиб, унинг «руҳи ҳозир ҳам осий бандаларда» амал қилаётганининг рамзидир. Шуни айтиш жоизки, Иблиснинг дунёсидаги барча мавжудот бу заҳарланган ҳаводан нафас олмоқда (Эфес. 2:2).
Хулосалар:
13:1–4, 18. Ваҳийдаги «ҳайвон» инсоний ҳукуматларнинг рамзидир. У «денгиздан» чиққан, яъни одамларнинг ўзидан ташкил топган (Ишаё 17:12, 13; Дон. 7:2–8, 17). Шайтоннинг ўзи яратган бу ҳайвон, унинг бошқаруви остидадир. Шунингдек, у 666 рақамига эга. Бу, унинг мутлақо номукаммал эканини исботлаяпти. Бугун кўп одамлар бу «ҳайвоннинг» изидан юриб, унга топинишмоқда. Биз эса ҳақиқатни билганимиз учун бундайларга тақлид қилмаймиз (Юҳан. 12:31; 15:19).
13:16, 17. Ҳаётда дуч келишимиз мумкин бўлган қийинчиликларда, жумладан «олди-сотди» масалаларида «ҳайвон» бизни ҳам ўзига бўйсундиришга йўл қўймайлик. «Ўнг қўли ёки пешанасига тамға босилган» ибораси, кишининг фикрлаш тарзию хатти-ҳаракатига «ҳайвон» таъсир ўтказаётганини англатади.
14:6, 7. Фариштанинг хабари шуни кўрсатяптики, Шоҳлик тўғрисидаги хушхабарни ваъз қилишда имилламаслик зарур. Шу сабабли, Муқаддас Китобни энди ўрганаётган киши Худованд Яҳовадан қўрқишига ва Унга шараф келтиришига кўмаклашайлик.
14:14–20. «Ернинг ҳосили» — халос этиладиганларни назарда тутади. Улар йиғиб олинганда, фаришта «ердаги узум бошларини териб, Худонинг катта қаҳр-ғазаб чархига улоқтиради». «Узум бошлари», яъни инсоний ҳукуматлар ва унинг «шингил-шингил» пишган ҳосили қирқиб ташланади. «Ердаги узум бошларининг» таъсирига берилмаслик учун жон куйдириш муҳим.
16:13–16. «Ёвуз руҳ», инсоний ҳокимларга таъсир қила оладиган жинларнинг тарғиботига ишора қилмоқда. Уларнинг мақсади, қаҳр-ғазабга тўлиб-тошган етти коса тўкилганда ҳам, бу ҳукуматлар Яҳовага қарши туришда давом этишлари учун куч беришдир (Мат. 24:42, 44).
16:21. Бу ёвуз дунёнинг охири яқинлашган сари, Шайтонга нисбатан чиқарилган Яҳованинг ҳукмлари ундан ҳам даҳшатли бўлиб бораверади. Минг афсуски, одамларнинг аксарияти барибир Аллоҳга шак келтиришни тўхтатмайдилар.
ШОҲ ҲУКМ СУРЯПТИ
«Буюк Бобил» бўлмиш сохта дин империяси, Шайтон дунёсининг ифлос қисмидир. 11- ваҳийда Бобил, қип-қизил бир ҳайвон устида ўтирган буюк фоҳишадек тасвирланган. Бу бузуқ аёлни, ана шу «ўн шоҳли» ҳайвоннинг ўзи яксон қилади (Ваҳ. 17:1, 3, 5, 16). Навбатдаги ваҳийда у «буюк шаҳар» билан қиёсланган. Боз устига унинг қулаши, Худонинг халқи эса шаҳардан чиқишга чорлангани кўрсатилмоқда. Ушбу буюк шаҳар қулаганидан, кўплар дод-фарёд чекяпти. Аммо, «Қўзининг никоҳи» бўлаётгани учун самода хурсандчилик бошланди (Ваҳ. 18:4, 9, 10, 15–19; 19:7). 13- ваҳийга кўра «оқ от» минган чавандоз халқларга қарши жангга чиқади. Айнан у, Иблиснинг ёвуз дунёсига якун ясайди (Ваҳ. 19:11–16).
«Иблис ва шайтон деб аталган алмисоқ илон» тўғрисида нима дейиш мумкин? Қизиқ, у қачон «олтингугуртли кўлга ташланади»? Бу саволларнинг жавоби 14- ваҳийда жойлашган (Ваҳ. 20:2, 10). Сўнги иккита ваҳийда эса Исонинг Минг йиллик бошқаруви остидаги ҳаёт тасвирланган. Юҳанно охирги ваҳийда «шаҳар кўчаси бўйлаб оқаётган биллурдай тиниқ оби ҳаёт дарёни» кўрмоқда. Ва «чанқаган» ҳар бир кимса келиб, ҳаёт сувидан баҳра олишга таклиф этилмоқда (Ваҳ. 1:1; 22:1, 2, 17).
Саволларга жавоблар:
17:16; 18:9, 10 — Нима учун «ер юзи подшоҳлари», ўзлари барбод қилган фоҳишанинг ҳолига йиғлашяпти? Ер юзи подшоҳларининг изтироби аслида самимий эмас. Негаки, «буюк Бобил»нинг йўқ қилинганидан сўнг, у жуда катта фойда келтирганини улар тушунишади. Бу фоҳиша, уларнинг сиёсий жабр-зулмини беркитиб турарди. Қолаверса, «буюк Бобил» ёшларни ҳарбий хизматга чақирилишига ҳамда қон тўкилишига кўмаклашарди. Бунинг устига, халқни бўйсундиришда ҳам у муҳим ўринни эгаллаган.
19:12 — Исонинг номаълум исмини, қайси маънода «ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди»? Эҳтимол бу исм, Худонинг кунида эгаллаган Ҳазрати Исонинг юксак мавқеини ҳамда масъулиятли топшириқларини назарда тутади. Бу ҳақда Тавротда ҳам башорат қилинган (Ишаё 9:6). Ундан «бошқа ҳеч ким билмайди», дегани эса унинг вазифалари ажойиб ва якка унинг ўзи уларни эплай олишига ишора қилмоқда. Бироқ, Исо худбинлик қилмай, баъзи вазифаларини ворисдошларига ишониб топширган. Рамзий маънода ўзининг янги номини уларнинг пешанасига ёзмоқда (Ваҳ. 3:12).
19:14 — Ҳор-Магидўн пайтида Исо билан яна ким бўлади? Ўшанда Аллоҳнинг жангида «самовий қўшинлар» орасида Исо билан биргаликда фаришталар ҳамда мойланган масиҳчилар бўлади (Мат. 25:31, 32; Ваҳ. 2:26, 27).
20:11–15 — «Ҳаёт китобида» кимларнинг исми ёзилган? Абадий ҳаётга ноил бўлганларнинг барчаси, яъни мойланганларнинг, буюк оломон аъзоларининг ва қайта тириладиган содиқ хизматчиларнинг номлари бу китобга киритилмоқда (Ҳавор. 24:15; Ваҳ. 2:10; 7:9). Яҳованинг қонун-қоидаларини билмай ҳаётдан кўз юмганлар, Минг йиллик бошқарув даврида маълум бўладиган таълимотга риоя этсаларгина, исмлари бу китобга ёзилади. Шуни айтиш жоизки, бу исмлар ўчмас сиёҳ билан ёзилмаяпти. Умрининг охиригача содиқ қолган мойланганларнинг ўлимидан сўнг, уларнинг номлари ҳаёт китобида абадий сақланяпти (Ваҳ. 3:5). Ер юзида яшашга умидворлар эса минг йилнинг сўнгида бўладиган охирги синовга чидасаларгина, китобда уларнинг номлари муҳрланади (Ваҳ. 20:7, 8).
Хулосалар:
17:3, 5, 7, 16. «Хотиннинг ва уни кўтариб юрган етти бошли, ўн шохли ҳайвоннинг сирини» англашимизга «юқоридан тушган донолик» кўмаклашмоқда (Ёқб. 3:17). Ушбу маъжозий ҳайвон, олдин Миллатлар Иттифоқи бўлиб чиқди, кейин эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сифатида қайтадан юзага келди. Шундай ҳақиқатларни била туриб, хушхабарни ва Худованд Яҳованинг ҳукмларини наҳотки ғайрат ила ваъз қилмасак?!
21:1–6. Ёзилган кароматлар, Худо Шоҳлигининг бошқаруви остида рўёбга чиқади. Нега дейсизми? Боиси, улар тўғрисида Инжилда: «Амалга ошди!» — дея айтилган.
22:1, 17. «Оби ҳаёт дарёси», итоаткор инсонлар учун Яҳова Таоло кўзлаб қўйган баракаларни ўз ичига олади. Бу сувни, қайсидир маънода бугун ҳам ичса бўлади. Илойим текин берилаётган «ҳаёт сувидан» миннатдорлик ила қабул қилиб, уни ўзгаларга ҳам жон деб етказайлик!
[Изоҳлар]
a Ваҳий китобининг илк 12 та боби «Қўриқчи минораси»нинг 2009- йил 15- январь сонидаги «Ваҳий китобининг диққатга сазовор оятлари (1- қисм)» мақоласида муҳокама қилинган.
b Ваҳий китобидаги оятлар «Ваҳий — унинг бажарилиши ўз поёнига етмоқда!» номли адабиётида бирма-бир муҳокама қилинган.
[5- саҳифадаги расм]
Худонинг Шоҳлиги итоаткор инсонларга ажойиб қут-баракалар келтиради!