А3
Муқаддас Китоб қандай сақланиб қолди?
Муқаддас Китобнинг Муаллифи ва Яратувчиси унинг сақланиб қолинишига ғамхўрлик ҳам қилган. У қуйидаги сўзларни ёздирган Зотдир:
«Худойимизнинг каломи эса абадий қолади».(Ишаё 40:8)
Муқаддас Китобни ташкил этувчи Ибронийча ва Оромийча ёзувларнингa ҳамда Юнонча ёзувларнинг асл матни бизнинг кунларгача сақланиб қолмаган бўлса-да, бу сўзлар ҳақ бўлиб қолаверади. Унда қўлимиздаги Муқаддас Китобда Худо томонидан илҳомлантирилган асл матндаги фикрлар ёзилганига қандай амин бўлишимиз мумкин?
ХУДО КАЛОМИНИ САҚЛАБ ҚОЛГАН КОТИБЛАР
Ибронийча ёзувлар ҳақида гапирадиган бўлсак, жавобни қисман Худо жорий этган қадимий анъанадан топиш мумкин. Анъанага кўра Муқаддас Ёзувлар матни кўчириб ёзилиши керак эдиb. Мисол учун Тангри Яҳова Исроил шоҳларига ўзлари учун Тавротдан нусха кўчиришни буюрган эди. (Қонунлар 17:18) Бундан ташқари, Аллоҳ левиларни Тавротни сақлаб қўйишга ва ундан фойдаланиб халққа таълим беришга масъул этиб қўйган эди. (Қонунлар 31:26; Нахимиё 8:7) Яҳудийлар Бобилдан сургунликдан қайтгач, котиблар ёки уламолар (соферимлар) гуруҳи пайдо бўлди. (Эзра 7:6, изоҳлар) Вақт ўтгач, ўша уламолар Ибронийча ёзувларнинг 39 та китобининг кўпгина нусхаларини яратишди.
Асрлар давомида уламолар синчковлик билан бу китоблардан нусха кўчиришган. Ўрта асрларда масоретлар деб танилган бир гуруҳ яҳудий уламолар бу анъанага риоя қилишган. Масорет қўлёзмаларининг қадимий тўлиқ нусхаси милодий 1008–1009 йилларга оид Ленинград кодексидир. Бироқ XX асрнинг ўрталарида Ўлик денгиз ўрама битиклари ичида тахминан 220 та Муқаддас Китоб қўлёзмалари ва матн парчалари топилди. Уларнинг ёши Ленинград кодексидан минг йилдан ҳам ошиқроқ экан. Ўлик денгиз ўрама битиклари билан Ленинград кодекси солиштирилганда муҳим бир ҳақиқат тасдиқланди: гарчи Ўлик денгиз ўрама битикларидаги сўзлар Ленинград кодексидаги сўзлардан фарқ қилса-да, уларнинг бирортаси хабарнинг мазмунига путур етказмаган.
Унда 27 та китобдан иборат Юнонча ёзувлар ҳақида нима дейиш мумкин? Бу китоблар Исонинг айрим ҳаворийлари ва бир неча илк шогирдлар томонидан қаламга олинган. Яҳудий уламоларнинг анъанасига риоя қилиб, илк масиҳийлар ўша китоблардан нусха кўчиришган. (Колосаликларга 4:16) Рим императори Диоклетиан ва бошқалар илк масиҳийларнинг ҳамма адабиётларини йўқ қилишга уринган бўлишса-да, минглаб қадимий қўлёзмалар ва матн парчалари бизнинг кунларгача сақланиб қолди.
Юнонча ёзувлар бошқа тилларга ҳам таржима қилинган эди. Муқаддас Китобнинг илк таржималари арман, қибтий (копт), эфиоп, грузин, лотин ва сурёний каби қадимий тилларда ҳам пайдо бўлди.
ИБРОНИЙЧА ВА ЮНОНЧА МАТНЛАР ТАРЖИМАСИ УЧУН АСОС
Муқаддас Китобдан кўчириб олинган қадимий қўлёзмаларнинг ҳаммасида ҳам ўша-ўша сўзлар ёзилмаган. Унда асл матнда нима ёзилганини қаердан билиб оламиз?
Буни бир мисол ёрдамида тушунтирса бўлади. Ўқитувчи 100 нафар талабага китобнинг бир бобидан нусха кўчиришни айтади. Ҳатто китобнинг ўша боби йўқолиб қолса ҳам, 100 та нусхасини бир-бири билан солиштириб асл матнда нима ёзилганини аниқлаш мумкин. Ҳар бир талаба хатоларга йўл қўйса ҳам, ҳамма талабалар ўша-ўша хатони қилиши амримаҳол. Худди шундай олимлар ҳам Муқаддас Китобнинг қўлларида бор бўлган минглаб қадимий матн парчалари ва нусхаларини бир-бири билан солиштириб, котибларнинг хатосини топишади ва асл матнда қайси сўзлар турганини аниқлай олишади.
«Аминлик билан айтиш мумкинки, қадимий асарлар– нинг ҳеч бири шунчалик аниқ етказиб берилмаган»
Муқаддас Китобнинг асл матнидаги фикрлар бизгача аниқ етиб келганига қандай ишонч ҳосил қила оламиз? Ибронийча ёзувларнинг матнига изоҳ бераётиб олим Вильям Х. Грин шундай деди: «Аминлик билан айтиш мумкинки, қадимий асарларнинг ҳеч бири шунчалик аниқ етказиб берилмаган». Янги аҳд деб танилган Юнон ёзувлари ҳақида Муқаддас Китоб бўйича олим Ф. Ф. Брюс қуйидагиларни ёзди: «Аксарият классик ёзувчиларнинг асарлари ишончли эканини тасдиқлайдиган далиллардан кўра, Янги аҳд ишончли эканини тасдиқловчи далиллар анча кўпроқ. Лекин ўша асарларни шубҳа остига қўйиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди». У яна шундай деди: «Агар Янги аҳд дунёвий ҳужжатлар тўплами бўлганида эди, унинг асллигини ҳеч ким шубҳа остига қўймасди».
Ибронийча матн. «Янги дунё таржимаси — Ибронийча ёзувлар» (1953–1960) Рудольф Киттелнинг «Библия Хебраика» («Biblia Hebraica») нашрига асосланган. Ўша вақтда ибронийча матннинг қайта кўриб чиқилган нашрлари, хусусан «Библия Хебраика Штутгартензия» («Biblia Hebraica Stuttgartensia») ва «Библия Хебраика Квинта» («Biblia Hebraica Quinta») дунё юзини кўрди. Уларда Ўлик денгиз ўрама битиклари ва бошқа қадимий қўлёзмалар устида олиб борилган сўнгги тадқиқот натижалари акс эттирилган. Бу илмий ишларнинг асос матнини Ленинград кодекси ташкил этган бўлиб, изоҳларда солиштириш учун бошқа манбаларда учрайдиган сўзлар ҳавола қилинган. Ушбу манбалар қуйидагилар: Самария Тавроти («Samaritan Pentateuch»), Ўлик денгиз ўрама битиклари («Dead Sea Scrolls»), юнон Септуагинтаси («Greek Septuagint»), оромийча Таргумлар («Aramaic Targums»), лотин Вульгатаси («Latin Vulgate») ва сурёнийча Пешитта («Syriac Peshitta»). «Янги дунё таржимаси»нинг қайта кўриб чиқилган нашри тайёрланганда «Библия Хебраика Штутгартензия» («Biblia Hebraica Stuttgartensia») ва «Библия Хебраика Квинта»га («Biblia Hebraica Quinta») мурожаат қилинган.
Юнонча матн. XIX асрнинг охирларида Б. Ф. Весткотт ва Ф. Ж. А. Хорт исмли олимлар Муқаддас Китобнинг мавжуд қўлёзмалари ва парчаларини солиштириб, уларнинг фикрича, асл матнга жуда яқин бўлган юнонча намуна матнини тайёрлашди. XX асрнинг ўрталарида «Янги дунё таржимаси» қўмитаси ўз таржимасини тайёрлашда ушбу намуна матнини асос қилиб олди. Милодий II ва III асрга оид бошқа папируслардан ҳам фойдаланилди. Ундан кейин кўпроқ папируслардан фойдаланиш имконияти пайдо бўлди. Боз устига, Нестле ва Аланд ҳамда Бирлашган Муқаддас Китоб жамиятлари («United Bible Societies») тайёрлаган намуна матнларида олимларнинг сўнгги тадқиқот натижалари акс эттирилган эди. Ушбу тадқиқотнинг айрим натижалари қўлингиздаги нашрга ҳам киритилган.
Ушбу намуна матнлардан шу аниқ бўлдики, Юнонча ёзувларнинг эски таржималарида, масалан «Қирол Жеймс Библияси»даги («King James Version») айрим оятлар кўчириб ёзувчилар томонидан кейинчалик қўшиб қўйилган ва улар ҳеч қачон Худо томонидан илҳомлантирилган Муқаддас Ёзувларнинг қисми бўлмаган. XVI асрда аксар таржималарда матнни оятларга бўлиш жорий этилгани учун, ҳозир бу оятларни олиб қўйиш Муқаддас Китоб матнида бўшлиқлар ҳосил бўлишига олиб келади. Бу қуйидаги оятлар: Матто 17:21; 18:11; 23:14; Марк 7:16; 9:44, 46; 11:26; 15:28; Луқо 17:36; 23:17; Юҳанно 5:4; Ҳаворийлар 8:37; 15:34; 24:7; 28:29; Римликларга 16:24. Ушбу қайта кўриб чиқилган нашрда ўша оятлар олиб қўйилиб ўрнига изоҳ белгиси қўйилган.
Марк 16- бобидаги (9–20- оятлар) узун хотима, Марк 16- бобидаги қисқа хотима ва Юҳанно 7:53–8:11 даги сўзлар ҳақида гапирадиган бўлсак, ушбу оятларнинг ҳеч бири асл қўлёзмаларда бўлмаган. Қўшиб қўйилган ушбу матнлар қайта кўриб чиқилган ушбу нашрга киритилмаган.
Олимлар асл матндаги фикрни тўғри етказади деб ҳисоблаган муайян оятларга ўзгаришлар киритилди. Мисол учун баъзи қўлёзмаларга биноан Матто 7:13 да шундай ёзилган: «Тор дарвозадан киринглар, сабаби ҳалокатга олиб борадиган дарвоза кенг, йўл эса энлидир». Инглиз тилидаги «Янги дунё таржимаси»нинг илк нашрларида «дарвоза» сўзи матнга киритилмаган эди. Бироқ қўлёзмаларни қўшимча тадқиқ қилиш натижасида «дарвоза» сўзи асл матнда бўлган деган хулосага келинди. Шу сабабдан бу сўз мазкур нашрга ҳам киритилди. Ушбу таржимада шу каби бир неча ўзгаришлар қилинган. Лекин бу ўзгаришлар жуда кичик бўлиб, Худо Каломидаги хабар мазмунини ўзгартирмайди.
a Бу мақола давомида Ибронийча ёзувлар деб аталади.
b Қўлёзмалардан нусха кўчиришнинг сабабларидан бири асл матн тез чириб кетадиган материалларда ёзилганидадир.