Луқо баён этган хушхабар
11 Кунларнинг бирида Исо бир жойга ибодат қилгани борди. Ибодатини тугатгач, шогирдларидан бири: «Ҳазрат, Яҳё ўз шогирдларига ўргатганидай, бизга ҳам ибодат қилишни ўргатинг»,— деб сўради.
2 Шунда Исо шогирдларига деди: «Ибодат қилаётганингизда шундай деб айтинглар: “Эй Отамиз, исминг муқаддас бўлсин*+. Шоҳлигинг келсин+. 3 Эҳтиёжимизга яраша ризқ-рўзимизни* бер+. 4 Гуноҳларимизни кечир+, чунки биз ҳам ўзимизга қарши гуноҳ қилганларни* кечиряпмиз+. Васвасага берилиб кетишимизга йўл қўйма*”»+.
5 Сўнгра уларга қуйидагиларни айтди: «Орангиздан бирор кишининг дўсти бор, деб фараз қилайлик. У ярим кечада ўша дўстиникига бориб: “Оғайни, учта нон бериб тур. 6 Узоқдан бир дўстим келиб қолди. Олдига қўядиган ҳеч нарсам йўқ”,— дебди. 7 Оғайниси эса ичкаридан: “Мени безовта қилма. Эшик қулф, болаларим ҳам ёнимда ётишибди. Энди ўрнимдан туриб, сенга ҳеч нарса бера олмайман”,— дея жавоб берибди. 8 Сизларга айтиб қўяй, ўз дўсти бўлгани учун ўрнидан туриб, бирор нарса бермаса-да, у қайта-қайта сўрайвергани туфайли+ ўрнидан туриб, унга керак бўлган ҳамма нарсани беради. 9 Бундан хулоса шуки, сўраб туринглар+ ва сизларга берилади, излаб туринглар ва топасизлар, тақиллатиб туринглар ва сизларга эшик очилади+. 10 Чунки сўраганга берилади+, излаган топади, тақиллатганга эшик очилади. 11 Орангиздаги қайси бир ота, ўғли ундан балиқ сўраса, ўрнига илон беради?+ 12 Ёки тухум сўраса, унга чаён беради? 13 Шундай экан, агар сизлар гуноҳкор бўла туриб болаларингизга яхши ҳадяларни беришни билар экансиз, самовий Отангиз ҳам Ундан сўраганларга муқаддас руҳни бериши муқаррар!»+
14 Кейинроқ Исо бир кишидан, уни соқов қилган ёвуз руҳни қувиб чиқарди+. Шундан сўнг соқов одам сўзлай бошлади. Бундан оломон ҳайратда қолди+. 15 Аммо баъзилар: «У жинлар ҳукмдори Баалзабубнинг* ёрдами билан жинларни қувиб чиқаряпти»+,— дейишди. 16 Бошқалар эса Исони синаш ниятида, осмондан аломат кўрсатишини талаб қилишди+. 17 Уларнинг ўй-фикрини билган+ Исо шундай деди: «Ичидан бўлинган ҳар қандай шоҳлик вайрон бўлади. Ичидан бўлинган ҳар бир уй ҳам хароб бўлади. 18 Шу сингари, Шайтон ичидан бўлинган бўлса, унинг шоҳлиги қандай тура олади? Сизлар бўлса мени, жинларни Баалзабубнинг ёрдами билан қувиб чиқаряпсан, деяпсизлар. 19 Борди-ю, мен жинларни Баалзабубнинг ёрдами билан қувиб чиқараётган бўлсам, унда издошларингиз кимнинг кучи билан қувиб чиқаришяпти? Шу йўсин, улар ноҳақлигингизни ошкор этишади. 20 Агар мен Аллоҳнинг қудрати*+ билан жинларни қувиб чиқараётган бўлсам, Худонинг Шоҳлиги сизларга етиб келгани аниқ+. 21 Бақувват киши ўз уйини яхши қуролланиб ҳимояласа, мол-мулки бехатар бўлади. 22 Аммо ундан кучлироғи ҳужум қилиб уни енгса, у таянган барча қурол-яроғини тортиб олади-да, ўлжасини бошқалар билан бўлишади. 23 Ким мен тарафда бўлмаса, менга қаршидир. Мен билан бирга йиғмаган, сочади+.
24 Ёвуз руҳ одамнинг ичидан чиққач, ўзига маскан излаб сувсиз ерларни айланади-ю, аммо паноҳ тополмай, ўзига: “Тарк этган маконимга қайтиб борай”,— дейди+. 25 Қайтиб келганда эса у жойни супуриб-сидирилган, безатилган ҳолда топади. 26 Шунда у бориб ўзидан ҳам ёвузроқ еттита бошқа руҳни олиб келади ва улар ўша маконга кириб яшай бошлашади. Бундай инсоннинг ҳозирги аҳволи аввалгисидан баттарроқ бўлади».
27 Исо бу сўзларни айтаётганда, халойиқ орасидан бир аёл овозини баланд қилиб: «Сени туққан ва эмизган аёл бахтлидир!»+ — деди. 28 Лекин Исо: «Аниқроғи, Тангрининг каломини тинглаб, уни бажо келтирганлар бахтлидир!»+ — деб айтди.
29 Унинг атрофига кўпдан-кўп халойиқ тўплангач, Исо сўз бошлади: «Бу ёвуз насл аломат излаяпти, лекин унга Юнус пайғамбарникидан бошқа аломат кўрсатилмайди+. 30 Юнус+ пайғамбар ниневияликлар* учун бир аломат бўлганидек, Инсон Ўғли ҳам бу насл учун аломат бўлади. 31 Жануб маликаси+ ҳам Ҳукм кунида шу насл билан бирга тирилиб, уни ҳукм этади. Зеро у Сулаймоннинг ҳикматларини тинглаш учун дунёнинг нариги четидан келган эди. Лекин қаршингизда турган киши Сулаймондан ҳам донороқдир+. 32 Ниневияликлар Ҳукм кунида шу насл билан бирга тирилиб, уни ҳукм қилишади. Чунки улар Юнус пайғамбарнинг ваъзини эшитиб, тавба қилишган эди+. Лекин қаршингизда турган киши Юнусдан ҳам буюкроқдир. 33 Ҳеч ким мойчироқни ёқиб, уни кўринмас ерга ёки саватнинг* тагига қўймайди. Аксинча, кирганлар ёруғликни кўрсин, дея уни чироқпояга қўяди+. 34 Кўз — тананинг чироғи. Агар кўзингиз фақат бир нарсага қаратилган* бўлса, бутун танангиз ёруғ бўлади. Борди-ю, кўзингиз нарсаларга ҳасад билан қарайдиган бўлса*, унда бутун танангиз зим-зиё бўлади+. 35 Шунинг учун эҳтиёт бўлинг, тағин сиздаги нур қоронғи бўлмасин. 36 Агар бутун танангизнинг ҳеч бир қисми қоронғиликда эмас, ёруғликда бўлса, гўё мойчироқнинг нури тушаётгандай, бутун танангиз ёруғ бўлади».
37 Исо сўзини тугатгач, бир фарзий уни тушликка таклиф қилди. Исо уникига бориб, дастурхон атрофига ёнбошлади. 38 Бироқ фарзий Исонинг овқатланишдан олдин қўлини ювмаганини* кўриб ҳайрон қолди+. 39 Шунда Ҳазратимиз унга шундай деди: «Сиз фарзийлар, пиёлаю товоқнинг сиртини тозалайсизлар, лекин ичингиз очкўзлик ва ёвузликка тўла+. 40 Эй ақлсизлар! Ахир сиртни яратган, ични ҳам яратган эмасми? 41 Шундай экан, кўнглингиздан чиқариб хайр-садақа беринглар. Ўшанда бутунлай тоза бўласизлар. 42 Эй фарзийлар, ҳолингизга вой! Зеро сизлар ялпиз, рута* ва ҳар хил кўкатлардан ушр берасиз-у+, адолат ҳамда Аллоҳни севиш амрига аҳамият бермай қўйгансиз. Уларни бажариш керак бўлганидай, бошқаларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик лозим+. 43 Эй фарзийлар, ҳолингизга вой! Чунки сизлар ибодатхоналарда тўрда ўтиришни ва бозор майдонларида алик олишни яхши кўрасиз+. 44 Ҳолингизга вой! Негаки сизлар одамлар билмай босиб ўтиб кетадиган қабрларга ўхшайсиз»+.
45 Бундан сўнг бир Таврот тафсирчиси: «Устоз, бу сўзларингиз билан бизни хафа қиляпсиз-ку»,— деди. 46 Исо бўлса шундай деди: «Эй Таврот тафсирчилари, ҳолингизга вой! Чунки сизлар кўтариб бўлмайдиган юкларни одамларга ташлаб қўясиз-у, ўзларингиз эса бу юкларга ҳатто бармоғингизни ҳам теккизмайсиз+.
47 Ҳолингизга вой! Зеро сизлар ота-боболарингиз ўлдирган пайғамбарларга мақбаралар қурасиз+. 48 Сизлар ота-боболарингизнинг ишларини биласиз-у, аммо уларни маъқуллаяпсиз. Улар пайғамбарларни ўлдиришган эди+, сизлар эса пайғамбарларга мақбара қуриб юрибсиз. 49 Шу сабабли, Худо донолик билан шундай деган: “Мен уларга пайғамбарлару ҳаворийларни юбораман. Улардан айримларини ўлдирадилар, баъзиларини эса қувғун қиладилар. 50 Шунинг учун дунёга асос солинганидан бери барча пайғамбарларнинг тўкилган қони учун бу авлод жавобгарликка тортилади+. 51 Ҳобилнинг қонидан+ тортиб, маъбад билан қурбонгоҳ ўртасида ўлдирилган Закариёнинг қонигача шу наслдан талаб қилинади”+. Ҳа, билиб қўйинглар, уларнинг қони учун бу авлод жавобгарликка тортилади.
52 Эй Таврот тафсирчилари, ҳолингизга вой! Зеро сизлар билимнинг калитини олиб, ўзларингиз ҳам кирмадингиз, кирмоқчи бўлганларга ҳам тўсқинлик қилдингиз»+.
53 Исо у ердан чиқиб кетаётганда, уламою фарзийлар уни қаттиқ сиқувга олиб, яна бошқа саволлар ёғдира бошладилар. 54 Бу билан улар Исони сўзидан тузоққа илинтирмоқчи эдилар+.