Ибронийларга
10 Таврот келажакдаги баракаларнинг+ ўзи эмас, соясигина+ бўлгани учун, йилдан-йилга доим қурбонликлар келтириш орқали Таврот* Худога ишонадиганларни камолотга эриштира олмайди+. 2 Акс ҳолда, қурбонликларни келтириш бас қилинмасмиди? Зеро муқаддас хизматни бажо келтираётганлар биратўла покланиб, гуноҳлари борлигини сезмас эдилар. 3 Бироқ бу қурбонликлар орқали йилдан-йилга гуноҳлар борлиги эсга солиниб турибди+. 4 Ахир буқалару эчкиларнинг қони билан гуноҳларни йўқ қилиш имконсиздир.
5 Шу сабабли, Масиҳ дунёга келганида, Аллоҳга шундай деди: «“Сен қурбонликлару назрларни истамадинг, лекин менга тана тайёрлаб қўйдинг. 6 Бутунлай куйдириладиган қурбонликлару гуноҳ қурбонликларини Сен хуш кўрмадинг”+. 7 Шунда бундай дедим: “Қара, мен Сенинг иродангни бажариш учун келдим, эй Тангрим+ (ўрама битикда мен ҳақимда ёзилган)”». 8 Аввал у: «Сен қурбонликлару назрларни, бутунлай куйдириладиган қурбонликлару гуноҳ қурбонликларини хуш кўрмадинг ва истамадинг»,— деди. Чунки улар Таврот бўйича бахшида этиларди. 9 Кейин эса у: «Қара, мен Сенинг иродангни бажариш учун келдим»+,— деб айтди. Шу тариқа, у иккинчисини ўрнатиш учун, биринчисини бекор қилди. 10 Ана шу «ирода»+ бўйича Исо Масиҳнинг танаси биратўла қурбон қилиниши орқали биз муқаддас бўлдик+.
11 Шунингдек, ҳар бир руҳоний муқаддас хизматни адо этиб+, ўша-ўша қурбонликларни келтириш учун кун сайин ўз жойини эгаллайди+. Боиси, улар ҳеч қачон гуноҳларни бутунлай бартараф қила олмайди+. 12 Аммо Исо гуноҳларни ювиш учун битта абадий қурбонлик келтириб, Аллоҳнинг ўнг томонига ўтирди+. 13 Ўша пайтдан бошлаб, Худо унинг душманларини оёқлари остига курси қилишини кутмоқда+. 14 Зеро у битта қурбонлик билан муқаддас бўладиган кишиларни абадий камолотга эриштирди+. 15 Муқаддас руҳ ҳам ушбу сўзлар билан бизни бунга ишонтирмоқда: 16 «“Ўша кунлардан кейин улар билан қиладиган аҳдим қуйидагича бўлади,— демоқда Яҳова*. — Қонунларимни уларнинг онгига солиб, қалбларига ёзиб қўяман”»+. 17 Кейин эса: «Уларнинг гуноҳларини ҳамда қонунсиз ишларини асло ёдга олмайман»+,— деб айтди. 18 Тангри бу гуноҳларни кечирган жойда қурбонлик келтиришнинг ҳожати йўқ.
19 Шу сабабли, биродарлар, биз Исонинг қони орқали Энг муқаддас хонага олиб борадиган йўлдан+ қўрқмасдан фойдаланяпмиз. 20 Исо бу янги ҳамда тирик йўлни бизга парда+, яъни ўзининг танаси орқали очди. 21 Худонинг хонадони устидан қўйилган улуғ руҳоний бор экан+, 22 юрагимизни ва булғанган виждонимизни тозалаб*+ ҳамда танамизни тоза сувда ювиб+, Аллоҳга бутун қалбимиз ва тўла ишонч билан яқинлашайлик. 23 Келинглар, тинмай ва иккиланмай умидимизни ҳаммага эълон қилайлик+, зеро ваъда берувчи ишончлидир. 24 Шунингдек, севишга ва эзгу ишлар қилишга+ ундаш учун бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик*. 25 Баъзиларнинг одатидек, йиғилишларимизни қолдирмайлик+. Аксинча, ўша куннинг яқинлашиб қолганини кўриб турган эканмиз+, бир-биримизга янада кўпроқ далда берайлик+.
26 Борди-ю, ҳақиқат тўғрисида аниқ билимга эга бўлгандан кейин ҳам атайин гуноҳ қилаверсак+, гуноҳларни ювадиган бошқа қурбонлик қолмайди+. 27 Бунинг ўрнига, ҳукмни қўрқув билан кутиш ва Тангрига қарши чиққанларни йўқ қилишга тайёр турган оловли қаҳр қолади, холос+. 28 Мусонинг Таврот китобидаги қонунни бузган ҳар бир киши икки ёки уч кишининг гувоҳлиги асосида ўлдирилиб+, унга шафқат қилинмайди. 29 Агарда кимдир Худонинг Ўғлини оёқ ости қилса, уни муқаддас қилган аҳд қонини+ оддий деб билса, иноят руҳини менсимай ҳақоратласа, у қанчалик оғир жазога лойиқ деб ўйлайсизлар?+ 30 «Қасос Меники, уларнинг жазосини Мен бераман»,— деб ким айтганини биз биламиз. У яна: «Яҳова* халқини ҳукм қилади»+,— деган. 31 Дарҳақиқат, барҳаёт Аллоҳнинг қўлига тушиш даҳшатлидир.
32 Илгариги кунларингизни эсланглар. Ҳақиқатни таниб-билгандан сўнг+ сизлар қаттиқ курашда азоб чекиб, бардош бердингизлар. 33 Сизлар гоҳ эл-юртнинг олдида* ҳақорату қийинчиликларга дуч келдингизлар, гоҳ шундай аҳволга тушганларнинг азобларига шерик бўлдингизлар. 34 Устига-устак, сизлар қамоқда ўтирган биродарларга ҳамдардлик кўрсатгансизлар ҳамда мол-мулкингизни талон-торож қилишганда, буни қувонч билан қабул қилгансизлар+. Боиси, ундан ҳам яхшироқ, абадий меросингиз борлигини билар эдингизлар+.
35 Шундай экан, жасорат билан гапиришни бас қилманглар, чунки бу улуғ мукофот келтиради+. 36 Тангрининг иродасини бажариб, ваъда этилган нарсаларга эришиш учун сабр-бардошли бўлишингиз керак+. 37 Зеро «яна бир оз»+ ва «келаётган келади, кечикмайди»+. 38 «Менинг одил хизматчим имони туфайли яшайди»+. Аммо «у орқага чекинса, ундан рози бўлмайман»+. 39 Биз эса ҳалок бўлиш учун орқага чекинадиганлардан эмасмиз+, балки жонимизни* сақлаш ниятида имонга эга бўлганларданмиз.