Луқо баён этган хушхабар
19 Кейин Исо Ерихо шаҳрига кириб, унинг ичидан ўтиб кетаётганди. 2 Ўша ерда Заккай исмли киши бор эди. У солиқчиларнинг бошлиғи бўлиб, бой одам эди. 3 Ўша Исо қанақа одам экан, деб уни кўришни жуда ҳам истарди. Аммо у пакана бўлгани учун ва халойиқ кўплигидан уни кўролмади. 4 Шунда у Исони кўриш учун халойиқдан олдин югуриб борди-да, ёввойи анжир* дарахтига чиқиб олди. Сабаби, Исо айнан шу йўлдан ўтиб кетиши керак эди. 5 Исо ўша жойга яқинлашиб қолганда, Заккайни кўриб унга шундай деди: «Ҳой Заккай, тезроқ пастга тушинг. Чунки мен бугун уйингизда қолишим керак». 6 Заккай тезда дарахтдан тушиб, уни қувонч билан кутиб олди. 7 Лекин буни кўрган ҳамма: «У гуноҳкор одамникида қолди»+,— деб жаврашарди. 8 Заккай бўлса ўрнидан туриб, Ҳазратимизга қуйидагича деди: «Ҳазратим, энди мол-мулкимнинг ярмини камбағалларга тарқатаман. Кимдан бирор нарса тортиб олган* бўлсам, уларга тўрт баробар қилиб қайтараман»+. 9 Бунга жавобан Исо деди: «Бугун шу уйга нажот келди. Зеро бу одам ҳам Иброҳимнинг ўғли. 10 Ахир Инсон Ўғли адашганларни излаб топиб, қутқариш учун келган»+.
11 Бу гапларни шогирдлар тинглаб туришарди. Шунда Исо уларга бошқа масал айтиб берди. Боиси, Исо Қуддусга яқин бўлгани учун, улар Худонинг Шоҳлиги ўша заҳоти одамларга кўринади деб ўйлашган+. 12 Исо уларга шуни ҳикоя қилиб берди: «Асилзода бир одам шоҳликни қўлга киритиш учун узоқ мамлакатга кетибди+. 13 У ёнига ўнта хизматкорини чақиртириб, 10 мина* пул берибди. Кейин уларга: “Мен келгунча, бу пул даромад келтириши учун уни ишга солинглар”+,— дебди. 14 Лекин асилзоданинг ҳамшаҳарлари уни ёмон кўришгани учун унинг орқасидан элчилар жўнатиб: “Бу одам устимиздан шоҳ бўлишини хоҳламаймиз”,— деб айтишибди.
15 Ўша киши шоҳликни қўлга киритиб қайтгач, пул берилган ҳалиги ўнта хизматкорни чақиртириб, улар пулни ишга солиб бундан қанча даромад топганини билишни истабди+. 16 Биринчи хизматкор келиб: “Хўжайин, сиз берган минани ўн баробар орттирдим”+,— дебди. 17 Унга жавобан хўжайин: “Баракалла! Яхши хизматкор экансан. Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун сен ўнта шаҳарга ҳокимлик қиласан”+,— дея айтибди. 18 Кейин иккинчи хизматкор келиб: “Хўжайин, сиз берган минани беш баробар орттирдим”+,— дебди. 19 Хўжайин эса жавоб бериб: “Сен ҳам бешта шаҳарга ҳокимлик қиласан”,— дебди. 20 Бундан сўнг бошқаси келиб: “Хўжайин, мана сиз берган мина. Мен уни матога ўраб, сақлаб қўйгандим. 21 Мен сиздан қўрқардим, сабаби сиз қаттиққўл одамсиз. Бермасдан оласиз, экмасдан ўрасиз”+,— деб айтибди. 22 Лекин хўжайин унга: “Вой ярамас хизматкор! Мен сени оғзингдан чиққан гапларинг билан ҳукм қиламан. Демак, сен қаттиққўллигимни, бермасдан олишимни, экмасдан ўришимни билган экансан-да?+ 23 Унда нимага пулимни ишга солмадинг? Мен қайтиб келганимда уларни фоизи билан олардим”,— дебди.
24 Хўжайин ёнида турганларга айтибди: “Ундан пулни олиб қўйинглар-да, 10 мина пули бор кишига беринглар”+. 25 Бироқ улар: “Хўжайин, ахир унда 10 мина пули бор-ку!” — дейишибди. 26 Шунда у: “Сизларга айтиб қўяй, кимда бор бўлса, унга кўпроқ берилади. Кимда йўқ бўлса, қўлида бори ҳам тортиб олинади+. 27 Шоҳ бўлишимни истамаган душманларимни эса бу ерга келтириб, кўз олдимда қатл қилинглар”,— дебди».
28 Буларни айтиб бўлгач, Исо Қуддусга йўл олди. 29 Зайтун тоғида+ жойлашган Байтфагия ва Байтанияга яқинлашиб қолганда, Исо ўзидан олдин икки шогирдини жўнатиб+, 30 шундай деди: «Рўпарангиздаги қишлоққа боринглар. У ерга кирганингизда, ҳали ҳеч ким минмаган хўтикни боғланган ҳолда топасизлар. Уни ечиб олиб келинглар. 31 Мабодо кимдир сизлардан: “Уни нимага ечяпсизлар?” — деб сўраб қолса, унга: “У Ҳазратимизга керак”,— деб айтинглар». 32 Шогирдлар бориб, Исо уларга нима айтган бўлса, шуни топдилар+. 33 Улар хўтикни ечишаётганида, унинг эгалари: «Нимага хўтикни ечяпсизлар?» — деб сўрашди. 34 Улар бўлса: «У Ҳазратимизга керак»,— дейишди. 35 Кейин уни Исонинг ёнига олиб келишди. Хўтикнинг устига кийимларини ташлаб, унга Исони миндиришди+.
36 Исо хўтикни миниб кетаётганда, одамлар йўлига кийимларини пойандоз қилишарди+. 37 Исо Зайтун тоғига яқинлашиб қолганда, унинг кўпгина шогирдлари роса қувонишди. Шунда улар, ўз кўзлари билан кўрган барча улуғвор ишлар учун Аллоҳни олқишлаб, баланд овозда шундай дейишди: 38 «Яҳованинг* номидан Шоҳ сифатида келаётган муборак! Осмонда тинчлик, самода бўлган Худога эса шарафлар бўлсин!»+ 39 Бироқ халойиқ ичидан баъзи фарзийлар Исога: «Устоз, шогирдларингизни тийиб олинг»+,— деб айтишди. 40 Исо уларга жавоб бериб: «Улар жим бўлиб қолишса, мана шу тошлар бақиради»,— деди.
41 Қуддусга яқинлашиб қолганда, Исо шаҳарга қаради-да, йиғлаб+ 42 шуларни айтди: «Кошки сени тинчликка нималар олиб келишини билганингда эди... Лекин ҳозир бу кўзларингдан яширилган+. 43 Ахир шундай кунлар келадики, душманларинг атрофингни ўткирланган ходалар билан қуршаб, сени ҳар тарафдан қамалга олишади+. 44 Улар сени ҳам, болаларингни ҳам ер билан яксон қилишади+. Худо сени ҳукм қилиш учун келганини фаҳмламаганинг учун, бу ерда тош устида тош қолмайди»+.
45 Исо маъбадга кирди ва олди-сотди қилаётганларни қувиб чиқараётиб+, 46 шундай деди: «Муқаддас Ёзувларда: “Менинг уйим ибодат қилинадиган уй деб аталади”+,— дейилган. Сизлар бўлса уни қароқчилар уясига айлантириб юбордингизлар»+.
47 Исо ҳар куни маъбадда таълим берарди. Бош руҳонийлар, уламолар ва халқ ичидаги нуфузли кишилар уни ўлдириш фурсатини излашарди+. 48 Аммо буни қандай уддалаш мумкинлигини билишмасди. Боиси, бутун халқ Исонинг гапларини тинглаб, олдидан кетмасди+.