1- БОБ
«Аллоҳинг Яҳовага сажда қил»
БУ БОБДА: нима учун пок топинишни тиклаш керак?
1, 2. Мил. 29 йили кузда Исо қай йўсин Яҳудия чўлига келади ва бу ерда у билан нима юз беради? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.)
МИЛ. 29 йил, эҳтимол, октябрнинг охири ёки ноябрнинг боши. Исо Ўлик денгизнинг шимолидаги Яҳудия чўлида. Исо сувга чўмганидан ва мойланганидан сўнг муқаддас руҳ уни бу ерга бошлаб келди. У рўза тутиш, ибодат қилиш ва мулоҳаза юритиш учун бу бепоён қоялар ва жарликлар орасидаги тинч жойда 40 кун бўлади. Балки бу вақт давомида Яҳова Ўғли билан суҳбатлашиб, уни олдинда кутаётган ишларга тайёрлагандир.
2 Энди эса Исо очлик туфайли ҳолсиз бўлганида, Шайтон унга мурожаат қилади. Бундан кейин бўладиган воқеалар пок топинишни севадиган барчага, жумладан, сизга тегишли муҳим масалани ошкор этади.
«Агар сен Худонинг ўғли бўлсанг...»
3, 4. а) Шайтон илк иккита васвасани қайси сўзлар билан бошлади ва у Исода қандай шубҳаларни уйғотишга ҳаракат қилган бўлиши мумкин? б) Қай йўсин Шайтон бугун ўхшаш усуллардан фойдаланяпти?
3 Матто 4:1–7 ни ўқинг. Шайтон илк иккита васвасасини қуйидаги маккорона сўзлар билан бошлаган: «Агар сен Худонинг ўғли бўлсанг». Хўш, Исо Худонинг Ўғли эканидан Шайтон шубҳаланганми? Йўқ. Худога исён кўтарган бу фаришта Исо Унинг тўнғич Ўғли эканини яхши билган. (Колос. 1:15) Қолаверса, Исо сувга чўмганида Яҳова осмондан қуйидаги сўзларни айтганини Шайтон билгани шубҳасиз: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман». (Мат. 3:17) Эҳтимол, Шайтон Исо Отасидан гумонсираб, У ишончлими ёки чиндан ҳам менга ғамхўрлик қиладими ё йўқми, деб ўйлашини истагандир. Шайтон илк бор васвасага солганида, яъни тошларни нонга айлантиришни сўраганда, гўёки шундай дегандай бўлган: «Худонинг Ўғли экансан, унда нега Отанг бу қақраган чўлда сени тўйғизиб қўймайди?» Маъбаднинг энг юқори жойидан сакрашни айтиб, иккинчи марта васвасага солганида эса, Шайтон унга: «Худонинг Ўғли экансан, Отанг сени ҳимоя қилишига чиндан ҳам ишонасанми?» — дегандай бўлган.
4 Бугунги кунда ҳам Шайтон худди шундай усуллардан фойдаланмоқда. (2 Кор. 2:11) Васвасачи ҳақ топинувчилар ҳолсиз ёки тушкун аҳволда бўлишини пойлаб, уларга ҳужум қилади ва кўпинча буни маккорона тарзда амалга оширади. (2 Кор. 11:14) У Яҳова бизни асло севмайди ёки биздан мамнун бўлмайди, деб ўйлашимизни истаб, бизни алдашга уринади. Бунинг устига, Васвасачи Яҳова ишончсиз эканига ва Каломида берган ваъдаларини амалга оширмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилади. Лекин бу ғирт ёлғон! (Юҳан. 8:44) Қай йўсин бу ёлғонларга қарши тура оламиз?
5. Исо илк иккита васвасага қандай жавоб қайтарди?
5 Исо илк иккита васвасага қандай жавоб бергани устида мулоҳаза юритиб кўринг. Исо Отаси уни севишидан шубҳаланмаган ва Унга бутунлайин ишонган. У ҳеч иккиланмай, Каломдан Отасининг илҳомлантирилган сўзларини келтириб Шайтонга қарши турган. Дарҳақиқат, Исо Муқаддас Ёзувлардан Худонинг муқаддас исми — Яҳова — келтирилган оятларни қўллаган. (Қонун. 6:16; 8:3) Исо Худонинг исмини қўллаб, Унга ишонишини кўрсатган. Бу ўзгача исмнинг маъноси Яҳова барча ваъдаларини амалга оширишининг гаровидирa.
6, 7. Шайтоннинг маккорона ҳужумларига қандай қилиб қарши тура оламиз?
6 Яҳованинг Каломига таяниб ва Унинг муқаддас исми нимани англатиши устида мулоҳаза юритиб, Шайтоннинг маккорона ҳужумларига қарши тура оламиз. Яҳованинг Ўз топинувчиларига, жумладан, қалби ўксиганларга бўлган севгиси ҳамда ғамхўрлиги тўғрисидаги оятларни ўзимизга тегишли деб билсак, У бизни асло севмайди ва биздан мамнун бўлмайди, деган Шайтоннинг ёлғонларини рад эта оламиз. (Заб. 34:18; 1 Бутр. 5:8) Шунингдек, Яҳова доим исмининг маъносига мувофиқ тарзда йўл тутишини ёдда тутсак, Ўз ниятларининг Бажарувчиси Унга бутунлайин ишонишимизга лойиқ эканидан шубҳаланмаймиз. (Ҳик. 3:5, 6)
7 Аммо Шайтоннинг асосий мақсади қандай? Аслида у биздан нимани истайди? Шайтон Исони учинчи марта васвасага солганида, бунинг жавоби аниқ бўлди.
«Фақат менга бир марта тиз чўкиб сажда қилсанг бас»
8. Учинчи васвасани айтганда, Шайтон асл ниятини қай йўсин ошкор этди?
8 Матто 4:8–11 ни ўқинг. Учинчи марта васвасага солганида, Шайтон мақсадини очиқ-ойдин айтди. Шайтон Исога (эҳтимол, ваҳийда) «дунёнинг барча шоҳликларини ҳамда уларнинг улуғворлигини» камчиликлари йўқдай қилиб кўрсатди. Кейин эса: «Буларнинг ҳаммасини сенга бераман, фақат менга бир марта тиз чўкиб сажда қилсанг бас»,— дедиb. Сажда қилиш, яъни топиниш — Шайтон айнан мана шуни истаган эди! Ҳа, Шайтон Исо Отасидан юз ўгириб, Васвасачини худоси сифатида тан олишини хоҳлаганди. У Исога осондай туюлган йўлни таклиф қилган. Шайтон Исо ҳеч қандай тиканли тож, қамчиланишу азоб устунисиз қудратга ва барча халқларнинг бойликларига эга бўлишига ҳамда қийналишига ҳожат йўқ эканига ишора қилган. Бу қуруқ гап эмасди. Шайтон бу дунё ҳукмдорлари устидан ҳоким эканидан Исо шубҳаланмаган. (Юҳан. 12:31; 1 Юҳан. 5:19) Чиндан ҳам, Шайтон Исо Отасига хиёнат қилиб, пок топинишдан оғиши учун ҳар нарсага тайёр эди.
9. а) Шайтон ҳақ топинувчилар қандай йўл тутишини истайди ва бизни васвасага солиш учун у нима қилади? б) Топинишимиз нимани ўз ичига олади? («Топиниш бу нима?» номли рамкага қаранг.)
9 Бугунги кунда ҳам Шайтон биз Яҳованинг иродасига қарши бориб, унга топинишимизни жуда истайди. Шайтон «ушбу замонанинг худоси». Шу боис, сохта худоларга топинадиганлар, яъни Буюк Бобилни ташкил этувчи динларнинг аъзолари умуман олганда Шайтонга топинади. (2 Кор. 4:4) Аммо у миллиардлаб сохта топинувчилар билан қаноат қилмай, ҳақ топинувчиларни ҳам васвасага солишни ва улар Худонинг иродасига қарши боришларини истайди. Эҳтимол, «одиллик учун азоб чекишни» ўз ичига олган Худонинг йўлидан юрмай, бу дунёда бойлик ва қудрат излашимиз учун Шайтон бизни тузоққа илинтиришга уринади. (1 Бутр. 3:14) Борди-ю, васвасага берилиб, ҳақ топинишдан юз ўгирсак ва Шайтон дунёсининг бир қисмига айлансак, аслида, унга тиз чўкаётган ва уни худойимиз қилиб, унга топинаётган бўлардик. Хўш, бу каби васвасага қандай қарши тура оламиз?
10. Исо учинчи васвасага қандай жавоб берди ва нега?
10 Исо учинчи васвасага қандай жавоб берганига диққат қаратинг. У Яҳовага мутлақ садоқатли эканини кўрсатиб, Васвасачига шу заҳоти: «Йўқол кўзимдан, Шайтон!» — деди. Илк иккита васваса билан бўлганидай, Исо бу сафар ҳам Қонунлар китобидан Худонинг исми келтирилган қуйидаги оятни айтди: «Муқаддас Ёзувларда: “Аллоҳинг Яҳовага сажда қил, биргина Унга муқаддас хизматни адо эт”,— деб айтилган». (Мат. 4:10; Қонун. 6:13) Исо бу дунёда қисқа вақт давомида машҳур бўлиш ва азоблардан холи енгил ҳаётдан бош тортиб, васвасага қарши турди. У топинишга фақатгина Отаси лойиқлигини ва ҳатто бир марта Шайтонга «сажда қилиш» унга бўйсуниш эканини тушунган. Исо ёвуз Васвасачини худоси сифатида тан олишни қатъийлик ила рад этди. Исо бундай йўл тутгач, «Иблис уни тарк этди»c.
11. Қандай қилиб Шайтон ва унинг васвасаларига қарши тура оламиз?
11 Биз ҳам Шайтон ва унинг ёвуз дунёсидаги васвасаларга қарши тура оламиз. Боиси, Исо сингари биз ҳам танлаш имконига эгамиз. Яҳова бизга қимматбаҳо ҳадяни — ирода эркинлигини берган. Шу боис, ҳеч ким — ҳатто қудратли ёвуз Васвасачи ҳам — пок топинишдан юз ўгиришга бизни мажбурлай олмайди. Садоқат ила «имонда мустаҳкам бўлиб, унга [Шайтонга] қарши турсак», гўёки «йўқол кўзимдан, Шайтон», дегандай бўламиз. (1 Бутр. 5:9) Исо Шайтонни қатъийлик ила рад этганида, у уни тарк этганини унутманг. Шу сингари, Муқаддас Китобдаги мана шу сўзлар бизга ишонч бахш этади: «Иблисга қарши туринглар, ўшанда у сизлардан қочади». (Ёқб. 4:7)
Пок топиниш душмани
12. Адан боғида Шайтон пок топинишнинг душмани эканини қандай кўрсатди?
12 Шайтон сўнгги бор васвасага солганида, пок топинишнинг илк душмани эканини тасдиқлади. Минглаб йиллар аввал Адан боғида Шайтон Яҳовага топинишдан нафратланишини илк бор ошкор этди. Момоҳавони алдаш, кейин эса Одаматони Яҳованинг амрига итоатсизлик қилишга ундаш орқали, Шайтон уларни ўзига бўйсундириб, назорати остига олди. (Ибтидо 3:1–5 ни ўқинг; 2 Кор. 11:3; Ваҳ. 12:9) Бошқача қилиб айтганда, Шайтон уларнинг худосига айланди. Одамато ва Момоҳаво эса уларни йўлдан оздираётган шахс аслида ким эканини билишмаса-да, унинг топинувчиларига айланишди. Устига-устак, Адан боғида исён кўтариш орқали Шайтон нафақат Яҳованинг ҳукмдорлигини ёки бошқариш ҳуқуқини шубҳа остига қўйди, балки пок топинишга ҳам ҳужум қилди. Қанақасига?
13. Қандай қилиб ҳукмдорлик масаласи пок топинишни ўз ичига олади?
13 Ҳукмдорлик масаласи пок топинишни ҳам ўз ичига олади. Фақатгина ҳақ Ҳукмдор, «бутун борлиқни яратган» Шахс топинишга лойиқдир. (Ваҳ. 4:11) Яҳова мукаммал Одамато ва Момоҳавони яратиб, уларни Адан боғида жойлаштирганида, Унга тайёрлик ила, яъни пок қалбдан пок тарзда топинадиган мукаммал одамлар охири ер юзини тўлдиришини ният қилганди. (Ибт. 1:28) Шайтон Яҳованинг ҳукмдорлигини шубҳа остига қўйганининг сабаби, у фақат Олий Ҳукмдор Яҳовага тегишли ҳуқуққа эга бўлишни жуда истаганида эди. (Ёқб. 1:14, 15)
14. Пок топинишга ҳужум қилишда Шайтон муваффақиятга эришдими? Тушунтиринг.
14 Хўш, Шайтон пок топинишга ҳужум қилишда муваффақият қозондими? Одамато ва Момоҳавони Худодан узоқлаштириш унинг қўлидан келди. Ўшандан бери Шайтон ҳақ топинишга қарши жанг қиляпти ва иложи борича кўпроқ одам Тангри Яҳовадан юз ўгиришига уриняпти. Шайтон Исо Масиҳ ер юзига келишидан аввал ҳам Яҳовага топинувчиларни ҳамиша васвасага солиб келган. Мил. I асрда Шайтон ёвузларча муртадликни тарқатди. Бу эса масиҳийлар жамоати булғанишига олиб келди ва охири пок топиниш йўқ бўлиб кетгандай туюлди. (Мат. 13:24–30, 36–43; Ҳавор. 20:29, 30) Мил. II асрнинг бошида топинувчилар сохта дин империяси бўлмиш Буюк Бобилга узоқ вақтга маънавий асирликка тушди. Бироқ Шайтон Худонинг пок топиниш борасидаги ниятини йўқ қилишда муваффақиятга эришмади. Дарвоқе, Худо Ўз ниятини амалга оширишига ҳеч нима тўсқинлик қила олмайди. (Ишаё 46:10; 55:8–11) Боиси, бу Унинг исми билан боғлиқ ва Худо доим Ўз исмининг маъносига мувофиқ тарзда йўл тутади. Ҳа, Яҳова Ўз ниятларининг Бажарувчисидир!
Пок топиниш Ҳимоячиси
15. Яҳова Адан боғида исёнчилар билан боғлиқ қандай чоралар кўрди ва нияти амалга ошишига ишонтириш учун нима қилди?
15 Яҳова Адан боғидаги исён билан боғлиқ масалани ҳал қилиш ва нияти албатта амалга ошишига ишонтириш учун шу заҳоти чоралар кўрди. (Ибтидо 3:14–19 ни ўқинг.) Одамато ва Момоҳаво ҳали боғдалигида, Яҳова бу учта исёнчига ҳукм чиқарди. У буни улар гуноҳ қилганининг кетма-кетлиги бўйича амалга оширди, яъни аввал Шайтонни, кейин Момоҳавони ва охири Одаматони ҳукм қилди. Шайтонга — исён кўтарган кўринмас шахсга — айтган сўзларида Яҳова «зурриёт» келишини ва исённинг оқибатларини бартараф этишини башорат қилди. Ваъда қилинган «зурриёт» Яҳованинг пок топиниш борасидаги ниятини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
16. Адан боғидаги исёндан сўнг қай йўсин Яҳова мақсади сари олға интилишда давом этди?
16 Адан боғидаги исёндан сўнг Яҳова мақсадини амалга ошириш учун олға интилишда давом этди. Номукаммал одамлар Унга ўринли тарзда топиниши учун У чоралар кўрди ва бу ҳақида келаси бобда билиб оламиз. (Иброн. 11:4–12:1) Бундан ташқари, У пок топиниш тикланиши борасида ажойиб башоратларни ёзиш учун Муқаддас Китобнинг бир нечта ёзувчисини — шу қаторда Ишаё, Еремиё ва Ҳизқиёни — илҳомлантирди. Бу тикланиш Муқаддас Китобдаги асосий мавзудир. Мазкур башоратлар ваъда қилинган «зурриёт» орқали амалга ошиши керак эди. Бу «зурриёт»нинг энг муҳим аъзоси — Исо Масиҳ. (Галат. 3:16) Исо учинчи васвасага қандай жавоб берганидан, у пок топиниш Ҳимоячиси эканини кўряпмиз. Ҳа, Яҳова тикланиш борасидаги башоратларни амалга оширишда танлаган шахслардан бири Исодир. (Ваҳ. 19:10) У Худонинг халқини маънавий асирликдан озод этиб, пок топинишни ўз ўрнида тиклайди.
Сиз қандай йўл тутасиз?
17. Нима сабабдан тикланиш борасидаги Муқаддас Китоб башоратлари қалбимизга яқин?
17 Тикланиш борасидаги Муқаддас Китоб башоратларини ўрганиш жуда қизиқарли ва имонни мустаҳкамлайди. Мазкур башоратлар қалбимизга яқиндир. Чунки биз осмондаги ва ер юзидаги бор мавжудот бир ёқадан бош чиқариб Олий Ҳукмдор Яҳовага пок тарзда топинадиган вақт келишини интиқиб кутяпмиз. Ўша башоратлар бизга умид беради. Боиси, уларда Худонинг Каломидаги қалбимизга илиқлик бахш этадиган мустаҳкамловчи сўзлар ёзилган. Яҳованинг ваъдалари амалга ошадиган, жумладан, ҳаётдан кўз юмган яқинларимиз тириладиган, ер юзи жаннат бўладиган ва мукаммал соғликка эга бўлиб абадий ҳаётдан завқ олиб яшайдиган вақт келишини ким ҳам истамайди дейсиз?! (Ишаё 33:24; 35:5, 6; Ваҳ. 20:12, 13; 21:3, 4)
18. Ушбу китобда нималарни кўриб чиқамиз?
18 Ушбу адабиётда Ҳизқиё китобидаги таъсирли башоратларни кўриб чиқамиз. Ўша башоратларнинг кўпи ҳақ топиниш тикланиши билан боғлиқ. Қай йўсин Ҳизқиёнинг башоратлари бошқа башоратлар билан боғлиқ эканини, қандай қилиб улар Масиҳ орқали амалга ошишини ва қанақасига бизга тааллуқли эканини билиб оламиз. («Ҳизқиё китобининг мазмуни» номли рамкага қаранг.)
19. Нима қилишга қарор қилдингиз ва нега?
19 Мил. 29 йили Яҳудия чўлида Шайтон Исони пок топинишдан оғдиришда муваффақиятга эришмади. Биз ҳақимизда нима деса бўлади? Шайтон бизни пок топинишдан оғдиришга ҳар қачонгидан ҳам қаттиқ киришган. (Ваҳ. 12:12, 17) Илоё, ушбу адабиёт ёвуз Васвасачига қарши туриш қароримизни мустаҳкамласин. Шунингдек, гапларимизу ишларимиз қалбимизда ҳам «Аллоҳинг Яҳовага сажда қил» деган сўзларга бутунлайин қўшилаётганимизни кўрсатсин. Шунда Яҳованинг улуғвор нияти — осмондаги ва ер юзидаги барча биргалашиб пок қалбдан пок тарзда топинадиган пайт келишини кўриш умидига эга бўламиз. Чунки фақат У бундай топинишга лойиқ!
a Баъзиларнинг тушунишича, Яҳова исми «У бўлдиради» деган маънони англатади. Бу, Яҳова Яратувчи ва Ўз ниятларининг Бажарувчиси эканини жуда яхши етказиб беряпти.
b Шайтоннинг сўзлари борасида Муқаддас Китоб ҳақидаги бир манбада шундай дейилган: «Одамато ва Момоҳаво қарши тура олмаган илк васвасада... Шайтоннинг ёки Худонинг иродасини бажаришни танлаш кутиларди ва бу улардан бирига сўзсиз топинишни ўз ичига оларди. Шайтон чиндан ҳам ягона Худонинг ўрнини эгалламоқчи бўлиб ўзини юқори қўйган».
c Луқонинг баёнотида васвасалар турли кетма-кетликда, аммо Маттонинг баёнотида, афтидан, кетма-кет тартибда келтирилган. Нега бундай эканининг учта сабабига диққат қаратайлик: а) Матто иккинчи васвасани «кейин» деган сўз билан бошлаб, бу навбатдагиси бўлганига ишора қилган. б) «Агар сен Худонинг ўғли бўлсанг» деб бошланган иккита маккорона васвасадан сўнг, очиқчасига Ўнта амрдан биринчисини бузиш васвасаси айтилган, деб мантиқан хулоса қилиш мумкин. (Чиқ. 20:2, 3) в) Исо: «Йўқол кўзимдан, Шайтон!» — деган сўзларни учинчи, яъни охирги васвасадан сўнг айтгани табиийроқ кўриняпти. (Мат. 4:5, 10, 11)