6- БОБ
«Мана энди кунингиз битди»
БУ БОБДА: Яҳованинг Қуддусга қарши башоратли ҳукмларининг амалга ошиши
1, 2. а) Ҳизқиё ўзини қандай тутган? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.) б) Унинг хатти-ҳаракати ниманинг башорати эди?
ҲИЗҚИЁ ўзини ғалати тутаётгани ҳақидаги хабар Бобил юртида сургунда яшаётган яҳудийлар орасида тезда тарқалиб кетади. Бир ҳафтача у уларнинг орасида ўзига келолмай, соқов бўлиб ўтиради, лекин кейин қўққисдан ўрнидан туриб, уйига қамалиб олади. Буни кузатаётган қўшнилари жуда ҳайрон. Ҳизқиё уйидан чиқиб, ғиштни олиб олдига қўяди ва унга Қуддус шаҳрининг тасвирини ўяди. Сўнг эса лом-мим демай кичкина деворни барпо этишга киришади. (Ҳиз. 3:10, 11, 15, 24–26; 4:1, 2)
2 Сони ортиб бораётган томошабинлар: «Нима бўляпти? Бу нимани билдиради?» — деб бош қотиришаётгандир. Вақт ўтибгина улар Ҳизқиё пайғамбар ўзини ғалати тутаётгани Яҳова ҳақли равишда ғазабланаётганини кўрсатувчи даҳшатли воқеанинг башорати эканини тўлиқ англаб етишади. Қандай воқеа ҳақида гап кетяпти? У қадимдаги Исроил халқига қай йўсин таъсир қилган? Бугунги кунда Яҳовага топинаётганлар учун у қандай маънога эга?
Ғишт, буғдой, ўткир қилич
3, 4. а) Ҳизқиё Худо ҳукмининг қайси учта жиҳатини кўрсатган? б) Ҳизқиё Қуддуснинг қамал этилишини қандай қилиб кўрсатиб берган?
3 Тахминан мил. авв. 613 йили Яҳова Ҳизқиёга Қуддусга қарши чиқарган ҳукмининг учта жиҳатини белгилар орқали кўрсатиб беришни айтган. Улар шулардан иборат: шаҳарнинг қамал этилиши, аҳолининг азоб чекиши ва шаҳару халқнинг барбод бўлишиa. Келинг, ҳар бирини батафсил кўриб чиқайлик.
4 Қуддуснинг қамал этилиши. Яҳова Ҳизқиёга шундай деди: «Ғишт олиб олдингга қўй... Шаҳарни қамалга ол». (Ҳизқиё 4:1–3 ни ўқинг.) Ғишт Қуддус шаҳрини, Ҳизқиё эса Яҳова фойдаланган Бобил қўшинини билдирган. Шунингдек, Яҳова унга кичик девор барпо этишни, қиялатиб тупроқ уйишни ва девортешар қурилмалар ўрнатишни айтган. Буларнинг барчасини у ғишт атрофида қилган. Улар Қуддус шаҳрини қуршаб оладиган ва унга ҳужум қиладиган душманларнинг қуролларини англатган. Душман қўшинининг темирдай бўлган кучини кўрсатиш учун Ҳизқиё «темир товани» ўзи ва шаҳар орасига ўрнатган. Кейин эса «шаҳарга юзланган». Ҳизқиё ҳужумни тасвирлаб бергани «Исроил хонадони учун» умуман кутилмаган воқеанинг «аломати» бўлган. Яҳова маъбади жойлашган ва халқининг асосий шаҳри ҳисобланган Қуддусни қамал қилиш учун душман қўшинидан фойдаланмоқчи эди.
5. Ҳизқиё Қуддус аҳолиси билан нима юз беришини қандай кўрсатганини таърифлаб беринг.
5 Қуддус аҳолисининг азоб чекиши. Яҳова Ҳизқиёга қуйидагича буюрган: «Буғдой, арпа, ловия, ясмиқ, тариқ ва спельтани [буғдой нави] олгин-да,.. улардан ўзинг учун нон тайёрла», «сен ҳар куни 20 шекел [т. 230 г.] оғирликдаги нонни ўлчаб ейсан». Кейин эса Яҳова: «Қуддусдаги нон захирасини йўқ қиляпман»,— деб сабабини тушунтирган. (Ҳиз. 4:9–16) Бу ерда Ҳизқиё Бобил қўшинини эмас, Қуддус аҳолисини билдирган. Унинг хатти-ҳаракатлари шаҳар қамал этилиши, нон захираси камайишига сабаб бўлишининг башорати эди. Ўшанда нон турли маҳсулотлар аралаштириб қилинган. Бу, аҳоли топган нарсасини еб кетишини кўрсатган. Очарчилик қай даражада даҳшатли бўлади? Яҳова Ҳизқиё орқали Қуддус аҳолисига шундай деган: «Ота-оналар болаларининг, болалар эса ота-онасининг этини ейди». Охир-оқибат, кўпчилик «очарчиликнинг ҳалокатли ўқларидан» азоб чекади ва одамлар «озиб-тўзиб кетишади». (Ҳиз. 4:17; 5:10, 16)
6. а) Ҳизқиё бир вақтнинг ўзида қандай иккита ролни бажарган? б) Худонинг: «Сочларни тарозида торт ва уч қисмга ажрат»,— деган буйруғи нимани кўрсатган?
6 Шаҳару халқнинг барбод бўлиши. Ҳизқиё бу башоратни тасвирлаш жараёнида бир вақтнинг ўзида иккита ролни бажарган. Биринчидан, у Яҳова нима қилишини кўрсатган. Яҳова унга: «Ўткир қилични олгин-да, уни сартарошнинг устараси сифатида ишлат»,— деган. (Ҳизқиё 5:1, 2 ни ўқинг.) Ҳизқиёнинг қилич ушлаган қўли Яҳованинг қўлини, яъни Бобил қўшинидан фойдаланиб амалга оширган ҳукмини билдирган. Иккинчидан, у яҳудийлар билан нима бўлишини кўрсатган. Яҳова унга: «Сочинг билан соқолингни қир»,— деган. Сочининг қирилиши яҳудийларга қай йўсин ҳужум қилиниши ва ўлдирилишини билдирган. Бундан ташқари, Яҳованинг: «Сочларни тарозида торт ва уч қисмга ажрат»,— деган буйруғи У Қуддусга қарши чиқарган ҳукми тасодифий эмас, мақсадли ва обдан ўйланган эканини кўрсатган.
7. Нега Яҳова пайғамбарга қирилган сочни уч қисмга ажратишни ва ҳар бир қисми билан турлича йўл тутишни айтган?
7 Нега Яҳова пайғамбарга қирилган сочни уч қисмга ажратишни ва ҳар бир қисми билан турлича йўл тутишни айтган? (Ҳизқиё 5:7–12 ни ўқинг.) Ҳизқиё сочнинг бир қисмини «шаҳар ичида» ёққани томошабинларга Қуддусда яшовчиларнинг айримлари шаҳар ичида ўлишини кўрсатган. У сочнинг бошқа қисмини «шаҳар атрофида» қилич билан майдалаб чиққани шаҳардагиларнинг бошқа қисми унинг ташқарисида ўлдирилишини билдирган. Ҳизқиё сочнинг учинчи қисмини шамолда учиргани аҳолининг қолган қисми бошқа халқлар орасида тарқалиб кетишини, лекин «уларнинг ортидан қувиш учун қилич яланғочланишини» кўрсатган. Ҳа, улар қаерга қочишмасин, барибир тинчлик топа олишмайди.
8. а) Ҳизқиё тасвирлаган башорат қандай умид борлигига шама қилади? б) «Бир тутам соч» ҳақидаги башорат қандай амалга ошди?
8 Лекин Ҳизқиё тасвирлаган башорат умид борлигига шама қилади. Ҳизқиё қириб олган сочи ҳақида Яҳова унга: «Бир тутам сочни олиб, кийиминг этагига тугиб қўй»,— деб айтган. (Ҳиз. 5:3) Бу буйруқ бошқа халқлар орасида тарқалиб кетган яҳудийларнинг оз қисми омон қолишини англатган. «Бир тутам»дан айримлари Бобилда 70 йил давомида сургунликда бўлгандан кейин Қуддусга қайтиб келганлар орасида бўлади. (Ҳиз. 6:8, 9; 11:17) Бу башорат амалга ошдими? Ҳа. Бобил асирлиги тугаганидан бир неча йил ўтгач, Хаггей пайғамбар тарқалиб кетган баъзи яҳудийлар Қуддусга қайтгани ҳақида ёзган. Улар аввалги уйни, яъни Сулаймон қурган «маъбадни кўрган ёши улуғ» кишилар эди. (Эзра 3:12; Хаг. 2:1–3) Ваъдасига кўра, Яҳова пок топиниш сақланиб қолишига ғамхўрлик қилган. Тикланиш борасидаги тафсилотларни 9- бобда кўриб чиқамиз. (Ҳиз. 11:17–20)
Бу башорат бўлажак ҳодисалар ҳақида нималарни очиб беряпти?
9, 10. Ҳизқиё кўрсатиб берган нарсалар бизга келажагимизга оид қайси муҳим воқеаларни эслатади?
9 Ҳизқиё кўрсатиб берган нарсалар бизга Худонинг Каломида башорат қилинган келажагимизга оид муҳим воқеаларни эслатади. Бу қандай воқеалар? Худди Қуддус шаҳри билан бўлганидай, Яҳова ақл бовар қилмайдиган бир нарса қилади. У сиёсий кучлардан фойдаланиб ер юзидаги барча сохта диний ташкилотларга ҳужум қилади. (Ваҳ. 17:16–18) Қуддуснинг вайрон қилиниши «мисли кўрилмаган фалокат» бўлгани каби, «буюк мусибат» ва унинг авж нуқтаси бўлмиш Армагеддон жанги ҳам «бунақаси ҳали бўлмаган» воқеа бўлади. (Ҳиз. 5:9; 7:5; Мат. 24:21)
10 Худонинг Каломидан аён бўлаётгандай, сохта динни қўллаб-қувватлаётганларнинг аксарияти келажакда сохта дин яксон қилинганда омон қолади. Қўрқувда бўлган ўша кишилар яшириниш учун жой қидираётган турли мавқедаги бошқа кишиларга қўшилишади. (Закр. 13:4–6; Ваҳ. 6:15–17) Уларнинг вазияти бизга Қуддус вайрон қилинганда омон қолган ва «шамол» учириб кетган аҳолини эслатяпти. 7- хатбошида кўриб чиққанимиздай, ўша пайтда баъзилар омон қолган бўлса-да, Яҳова «уларнинг ортидан қувиш учун қилич яланғочлади». (Ҳиз. 5:2) Шу сингари, сохта динга қилинган ҳужумдан омон қолганлар Яҳованинг қиличидан ҳимояланиш учун яширинадиган жой топа олмайди. Улар эчкилар билан солиштирилган инсонларга қўшилиб Армагеддонда ўлиб кетади. (Ҳиз. 7:4; Мат. 25:33, 41, 46; Ваҳ. 19:15, 18)
Хушхабарни айтиш масаласига келсак, «соқов» бўлиб қоламиз
11, 12. а) Ҳизқиёнинг башоратини тушунаётганимиз хизматимизга бўлган нуқтаи назаримизга қандай таъсир қилади? б) Воизлик фаолиятимиз ва биз ваъз қилаётган хабар қандай ўзгариши мумкин?
11 Бу башоратни тушунаётганимиз хизматимиз ва унинг шошилинч эканига бўлган нуқтаи назаримизга қандай таъсир қилади? Бу бизни одамларга Яҳованинг хизматчиси бўлишга кўмаклашиш учун қўлимиздан келган энг яхшисини қилишга ундайди. Нега? Чунки «барча халқлардан шогирд тайёрлаш» учун белгиланган вақт чегараланган. (Мат. 28:19, 20; Ҳиз. 33:14–16) «Таёқ», яъни сиёсий кучлар динга ҳужум қилганда, нажот бахш этувчи хабарни ваъз қилмай қўямиз. (Ҳиз. 7:10) Ҳозир ваъз қилаётган хушхабарни оладиган бўлсак, Ҳизқиё хизмат қилаётган пайтида хабарини ваъз қилишни тўхтатганидай ёки «соқов» бўлиб қолганидай, биз ҳам «соқов» бўлиб қоламиз. (Ҳиз. 3:26, 27; 33:21, 22) Дарҳақиқат, сохта дин йўқ қилингач, одамлар «ваҳий қидириб пайғамбар олдига боради», аммо ҳеч қандай нажотбахш йўл-йўриқлар ололмайди. (Ҳиз. 7:26) Боиси бундай йўл-йўриқ олиш ва Масиҳнинг шогирди бўлиш имконияти қўлдан бой берилган бўлади.
12 Бироқ воизлик фаолиятимиз тўхтаб қолмайди. Нима учун? Чунки буюк мусибат пайтида дўл ўлатига ўхшаш ҳукм хабарини эълон қилишни бошлаймиз. Ўша хабар бугунги ёвуз дунёнинг куни битганининг белгиси бўлади. (Ваҳ. 16:21)
«Мана, у келяпти!»
13. Нега Яҳова Ҳизқиёга чап, кейин эса ўнг томонида ётишни айтган?
13 Ҳизқиё Қуддуснинг қандай вайрон бўлишини башорат қилибгина қолмай, бу қачон бўлишини ҳам кўрсатиб берган. Яҳова унга чап томонида 390 кун, ўнг томонида эса 40 кун ётишни айтган. Ҳар бир кун йилни билдирган. (Ҳизқиё 4:4–6 ни ўқинг; Саҳ. 14:34) Қуддус вайрон бўлишининг аниқ йилига ишора қилиб, Ҳизқиё тасвирлаш жараёнини ҳар куни бир неча соат кўрсатган бўлиши мумкин. Исроил халқининг 390 йил давом этган қилмиши эҳтимол мил. авв. 997 йили, 12 қабилали шоҳлик иккига бўлинганда бошланган. (3 Шоҳ. 12:12–20) Яҳудонинг 40 йил давом этган қилмиши мил. авв. 647 йили бошланган бўлиши мумкин. Ўша йили Еремиё пайғамбар Яҳудо шоҳлигини уни кутаётган вайронагарчилик ҳақида очиқчасига огоҳлантириш топшириғини олган. (Ерм. 1:1, 2, 17–19; 19:3, 4) Бу иккала давр мил. авв. 607 йили тугайди. Айнан ўша йили, Яҳова башорат қилганидай Қуддус қулаб йўқ бўлиб кетадиb.
14. а) Қандай қилиб Ҳизқиё Яҳова ўз вақтида ҳаракат қилишидан шубҳаланмаганини кўрсатган? б) Қуддуснинг вайрон бўлишидан аввал қандай воқеалар юз берган?
14 Ҳизқиё 390 кун ва 40 кун ҳақида башоратни олганда, у Қуддус айнан қайси йили вайрон бўлишини тушунмаган бўлса керак. Шундай бўлса-да, Қуддус вайрон этилгунига қадар у яҳудийларни Яҳованинг амалга ошадиган ҳукми ҳақида қайта-қайта огоҳлантириб келган. У: «Вақт оз қолди, ўша кун яқин»,— деб эълон қилган. (Ҳизқиё 7:3, 5–10 ни ўқинг.) Ҳизқиё Яҳова ўз вақтида ҳаракат қилишидан шубҳаланмаган. (Ишаё 46:10) Қолаверса, у Қуддуснинг вайрон бўлишидан аввал қандай воқеалар юз беришини ҳам башорат қилиб: «Фалокат устига фалокат... келади»,— деган. Ўша воқеалар ижтимоий, диний ва давлат тузумларининг вайрон бўлишига етаклаган. (Ҳиз. 7:11–13, 25–27)
15. Мил. авв. 609 йили Ҳизқиё башоратининг қайси қисмлари амалга оша бошлаган?
15 Ҳизқиё Қуддус вайрон бўлишини эълон қилганидан бир неча йил ўтгач, бу башорат амалга оша бошлаган. Мил. авв. 609 йили Ҳизқиё Қуддусга ҳужум бошланганидан хабар топган. Ўшанда одамлар карнай товушини эшитганда шаҳарни ҳимоя қилиш учун бирга йиғилиши керак эди, лекин Ҳизқиё башорат қилганидай, «ҳеч ким жангга чиқмаган». (Ҳиз. 7:14) Қуддус аҳолиси шаҳарни Бобил қўшинидан ҳимоя қилиш учун жанг қилмаган. Баъзи яҳудийлар Яҳова уларни қутқаради деб ўйлаган бўлиши мумкин. Зеро, оссурияликлар қачонлардир Қуддусга хавф солганда, Яҳова фариштасини юбориб, қўшиннинг аксарият қисмини яксон қилган. (4 Шоҳ. 19:32) Бу сафар эса, ёрдамга фаришта юборилмади. Кўп ўтмай, қамал қилинган шаҳар — тагига олов ёқилган «қозонни», унинг аҳолиси эса қозон ичидаги «гўшт бўлакларини» эслатарди. (Ҳиз. 24:1–10) 18 ой давом этган азобли қамалдан сўнг, Қуддус вайрон бўлди.
«Хазинани осмонда тўпланглар»
16. Яҳова ўз вақтида ҳаракат қилишига амин эканимизни қай йўсин кўрсата оламиз?
16 Ҳизқиё башоратининг бу қисмидан нимани ўрганяпмиз? Бу биз ваъз қилаётган хабар ва унга нисбатан одамларнинг муносабати билан боғлиқми? Яҳова сохта динни йўқ қилиш вақтини белгилаб қўйган. Бу сафар ҳам У ўз вақтида ҳаракат қилишини исботлайди. (2 Бутр. 3:9, 10; Ваҳ. 7:1–3) Бу қачон бўлишининг аниқ санасини билмаймиз. Ҳизқиё каби биз ҳам: «Мана энди кунингиз битди»,— деб қайта-қайта огоҳлантириш борасидаги Яҳованинг топшириғини бажариб келяпмиз. Нега бу хабарни қайта-қайта айтишимиз керак? Ҳизқиё қайси сабабдан буни қилган бўлса, биз ҳам айнан шу сабабдан бундай қиляпмизc. Қуддус вайрон бўлиши ҳақидаги Худонинг башоратига кўпчилик ишонмаган эди. (Ҳиз. 12:27, 28) Лекин кейинчалик Бобилдаги сургунда бўлган айрим яҳудийлар Худонинг назарида тўғри ишлар қилишни исташган ва она юртига қайтиб келишган. (Ишаё 49:8, 9) Бугун ҳам кўп одамлар бу дунёнинг охири келишига ишонмайди. (2 Бутр. 3:3, 4) Шундай бўлса-да, Худонинг хабарини эълон этиш иши ўз якунига етмаган экан, самимий инсонларга ҳаёт йўлини топишга ёрдам беришни хоҳлаймиз. (Мат. 7:13, 14; 2 Кор. 6:2)
17. Яқинлашиб келаётган буюк мусибатда аҳвол қандай бўлади ва қанақа воқеалар юз беради?
17 Шунингдек, Ҳизқиё пайғамбарнинг башорати диний ташкилотларга қарши ҳужум бошланганда, ўша ташкилотларнинг аъзолари динни ҳимоя қилиш учун «жангга чиқмаслигини» эслатмоқда. Улар: «Ҳазратим, Ҳазратим»,— деб хитоб қилгани жавобсиз қолганини тушунгач, «қўлидан қуввати кетиб», «уларни қалтироқ босади». (Ҳиз. 7:3, 14, 17, 18; Мат. 7:21–23) Қизиқ, улар қандай йўл тутади? (Ҳизқиё 7:19–21 ни ўқинг.) Яҳова шундай деган: «Кумушу олтинларини кўчаларга улоқтиришади». Қуддус аҳолиси ҳақидаги бу маълумот буюк мусибатда бўладиган воқеаларни ёрқин тарзда тасвирлаяпти. Ўшанда одамлар пул яқинлашиб келаётган мусибатдан уларни қутқара олмаслигини англашади.
18. Ҳизқиё башоратидан ҳаётимизда нима устувор экани борасида қандай сабоқ олишимиз мумкин?
18 Ҳизқиё башоратининг бу қисмидан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини тушундингизми? Ҳаётимизда нима энг устувор эканини аниқлаб олишимиз керак. Қуйидагилар борасида фикр юритайлик: Қуддус аҳолиси шаҳарнинг вайрон бўлиши яқин эканини, уларнинг куни битганини ва моддий нарсалар қутқара олмаслигини тушунгандан кейингина, ҳаётида нима устувор экани борасида кескин ўзгаришлар қила бошлади. Улар бор нарсасини ташлаб, «ваҳий қидириб пайғамбар олдига борган», лекин жуда кеч бўлган. (Ҳиз. 7:26) Бундан фарқли равишда, биз бу ёвуз дунёнинг куни битганини яхши биламиз. Шунинг учун, Аллоҳнинг ваъдаларига бўлган ишончимиз ҳаётимизда энг устувор нарсалар пайида бўлишга ундайди. Маънавий бойликлар пайида бўлиш билан бандмиз. Негаки, улар абадий қадр-қимматга эга бўлиб, ҳеч қачон «кўчаларга» улоқтирилмайди. (Матто 6:19–21, 24 ни ўқинг.)
19. Ҳизқиёнинг башоратли сўзлари бизга қандай тааллуқли?
19 Хулласи калом, Ҳизқиёнинг Қуддус вайрон бўлиши ҳақидаги башоратли сўзлари бизга қандай тааллуқли? Улар бизга бошқаларга Худонинг хизматчилари бўлишга ёрдам бериш учун ажратилган вақт чегараланганини эслатмоқда. Шу сабабли, шогирд тайёрлаш ишини шошилинч тарзда бажаряпмиз. Самимий инсонлар Отамиз Яҳовага топина бошлаганда жуда ҳам қувонамиз. Лекин ҳатто бундай йўл тутмаётган инсонларни учратсак ҳам, Ҳизқиё ўз давридаги одамларга: «Мана энди кунингиз битди»,— деганидек, огоҳлантириш сўзларини айтишда давом этяпмиз. (Ҳиз. 3:19, 21; 7:3) Шу билан бирга, Яҳовага таяниш қароримиз қатъий бўлиб, пок топинишни ҳаётимизда биринчи ўринга қўйяпмиз ва энг муҳим аҳамиятга эга деб биляпмиз. (Заб. 52:7, 8; Ҳик. 11:28; Мат. 6:33)
a Ҳизқиё бу барча белгиларни томошабинлар олдида кўрсатган, деб хулоса қилсак бўлади. Нега? Чунки масалан нон ёпиш ва тугунни елкага ортиш каби баъзи тасвирлаш жараёнларида, Яҳова Ҳизқиёга буларни «ҳамманинг кўз ўнгида» қилишни буюрган. (Ҳиз. 4:12; 12:7)
b Яҳова Қуддус вайрон бўлишига йўл қўйиб, нафақат икки қабилали Яҳудо, балки ўн қабилали Исроил шоҳлигига чиқарилган ҳукмини маълум қилган. (Ерм. 11:17; Ҳиз. 9:9, 10) («Муқаддас Китобни англамоқ» энциклопедияси, «Хронология», «С 997 г. до н.э. до опустошения Иерусалима» сарлавҳаси остига қаранг.)
c Яҳова хабарни таъкидлаш учун Ҳизқиё 7:5–7 да «яқинлашмоқда», «келяпти», «келди» ва «яқин» деган сўзларни қўллаган.