Яҳованинг Каломи жонли
Марк китобининг диққатга сазовор оятлари
ИНЖИЛ таркибига кирган китоблардан энг кичиги, Марк китобидир. Марк ушбу китобни Исо Масиҳ тирилганидан қарийб 30 йил ўтгач ёзди. Бу баёнот Исонинг уч ярим йиллик хизматини ўз ичига олган бўлиб, воқеаларга жуда бойдир.
Марк китоби асосан ғайрияҳудийларга, айниқса римликларга қаратилган бўлиши мумкин. Унда Исо Худонинг Ўғли сифатида тасвирланиб, мўъжизалар яратиш қудратига эга бўлганлиги ва кенг миқёсда воизлик қилганлиги ҳақида ҳикоя этилган. Бу китобда Исо нималарни ўргатганига эмас, балки нималар қилганига кўпроқ эътибор қаратилган. Марк китобини диққат билан кўриб чиқиш, Масиҳга бўлган имонимизни мустаҳкамлаб, хушхабарни ғайрат ила ваъз қилишга ундайди (Иброн. 4:12).
ЖАЛИЛАДАГИ ХИЗМАТ
Марк, Яҳё пайғамбарнинг фаолияти ҳамда Исонинг 40 кун давомида саҳрода бўлгани ҳақида атиги 14 та оятида ҳикоя қилганидан сўнг, Исонинг Жалиладаги хизмати тўғрисида баён этишни бошлаган. Оятдаги «дарҳол» деган ибора, хушхабарни ваъз қилиш нақадар муҳимлигини кўрсатмоқда (Марк 1:10, 12).
Исо уч йил ичида Жалилани уч маротаба айланиб чиқиб, хушхабарни ваъз қилган. Марк воқеаларни содир бўлган тартибда баён этиб, Исонинг Тоғдаги ваъзи ва бошқа давомли нутқларни тушириб қолдирган.
Саволларга жавоблар:
1:15 — Ниманинг «вақт-соати келди»? Исонинг айтганидай, унинг хизматга киришиш вақт-соати келди. У, дунёга тайинланган Шоҳ сифатида келганлиги сабаб, Худонинг Шоҳлиги яқинлашган эди. Самимий инсонлар хушхабарга жавобан ҳаётларини ўзгартириб, Худонинг иноятига сазовор бўлишлари мумкин эди.
1:44; 3:12; 7:36 — Нега Исо одамлар унинг мўъжизаларини овоза қилишларини истамаган? Исо инсонлар у ҳақда, шов-шувли хабарлар ва гап-сўзларга асосланиб, хулоса чиқаришларини хоҳламаган. Аксинча, у Масиҳ эканлигига ўзлари ишонч ҳосил қилиб, унинг орқасидан эргашишларини истаган (Ишаё 42:1–4; Мат. 8:4; 9:30; 12:15–21; 16:20; Луқо 5:14). Гадара юртида яшовчи ёвуз руҳга чалинган одамга нисбатан эса Исо бошқача йўл тутди. Исо унга уйига бориб, яқинларига нима юз берганини гапириб беришни буюрди. Исонинг у ердаги одамлар билан гаплашиш имкони бўлмасди, чунки у ўша юртни тарк этиши керак эди. Аммо у ерда Исо тузатган одам қолиб, тўнғизлари ўлган одамларнинг норозиликларига чек қўйиши мумкин эди. Зеро у Масиҳ ҳақида шоҳидлик берарди (Марк 5:1–20; Луқо 8:26–39).
2:28 — Нима сабабдан Исо «дам олиш кунининг ҳам ҳокимидир», деб айтилган? Ҳаворий Павлус: «Илоҳий Қонун бўлғуси хайр-баракаларнинг... соясигинадир»,— деб ёзган эди (Иброн. 10:1). Қонунга биноан, олти кун ишлагандан сўнг, дам олиш ёки шаббат куни келган. Айнан шу куни Исо кўп мўъжизалар яратган. Бу ҳам башоратли маънога эга бўлиб, Шайтоннинг зулмкор ҳукмронлигига чек қўйилгач, Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви даврида инсоният дам олиб, унинг устига қут-баракалар ёғдиришига ишора қилган. Мана шунинг учун, ушбу Шоҳликнинг Шоҳи «дам олиш кунининг ҳокимидир» дейилган (Мат. 12:8; Луқо 6:5).
3:5; 7: 34; 8:12 — Исо нималарни ҳис қилганини Марк қаердан билган? Марк 12 та ҳаворийлар қаторига кирмаган ва доим Исога эргашиб юрмаган. Маркка Исо тўғрисида яқин дўсти Бутрус ҳикоя қилиб берган, деб қадимдан ҳисобланиб келган (1 Бутр. 5:13).
6:51, 52 — Ҳаворийлар «нон билан бўлган мўъжизадан ҳам ибрат олмаган эдилар», дегани нимани англатади? Исо бир неча соат олдин, аёл ва болалардан ташқари 5 000 та эркакларни, атиги бешта нону иккита балиқ билан тўйдирганди. Шогирдлар бу мўъжизани кўриб, Исога бундай қудратни Тангри Яҳова берганини тушунишлари керак эди (Марк 6:41–44). Агарда улар Исо нақадар буюк кучга эга эканини англаб етганларида, унинг кўл устида юриб келаётганини кўриб, лол қолишмасди.
8:22–26 — Нега Исо кўрнинг кўзларини аста-секин очди? Бу билан Исо унга меҳрибонлик кўрсатган бўлиши мумкин. Зеро Исо кўрнинг кўзларини аста-секин очиш билан, у қуёшнинг ёрқин нурларига ўрганишига имкон яратди.
Хулосалар:
2:18; 12:18; 13:3. Марк ғайрияҳудийларга таниш бўлмаган урф-одатлар, иборалар, таълимотлар ва ҳудудлар ҳақида тушунтирган. Масалан у, фарзийларнинг «рўза тутишлари»ни, саддуқийлар «ўликлар тирилмайди» дейишини ҳамда маъбад Зайтун тоғининг рўпарасида жойлашганини очиб берган. Масиҳнинг насабномаси асосан яҳудийларни қизиқтиргани сабабли, у буни ўз китобига киритмаган. Марк биз учун яхши ўрнакдир. Бизлар ҳам ваъз қилганда ёки йиғилишларда нутқ сўзлаганда, одамларнинг нуқтаи назари, билим савияси ва келиб чиқишини эътиборга олишимиз даркор.
3:21. Исонинг қариндошлари унга ишонишмасди. Шунинг учун у, имондоши бўлмаган қариндошлари томонидан қаршиликларга дуч келаётган масиҳчиларнинг ҳис-туйғуларини яхши тушунади.
3:31–35. Ҳазрати Исо сувга чўмганида, Худонинг рамзий Ўғли бўлди. «Кўкдаги Қуддус» эса унинг онасига айланди (Галат. 4:26). Ўша вақтдан бошлаб Исонинг шогирдлари, қариндошларидан кўра қадрлироқ ва яқинроқ бўлиб қолди. Бу бизни биринчи навбатда маънавий нарсаларга интилишга ўргатмоқда (Мат. 12:46–50; Луқо 8:19–21).
8:32–34. Биз бошқалар томонидан кўрсатилган ноўрин илтифотни англаб етиб, дарҳол рад этишимиз лозим. Масиҳнинг издоши «ўзидан кечишга», яъни гуноҳли истаклари ва эҳтиросларига «йўқ», деб айтишга тайёр бўлиши керак. Бундай инсон азоб-уқубат устунини олишга, яъни эътиқоди учун азоб чекишга, ҳақоратлар ва таъқибларга чидашга ва ҳатто ўлимни қарши олишга шай туриши даркор. У шунингдек, доимо Исонинг «орқасидан юриб», барча нарсада унга тақлид қилиши лозим. Боз устига, Исо Масиҳ сингари, фидойилик руҳини ривожлантириши зарур (Мат. 16:21–25; Луқо 9:22, 23).
9:24. Ўз эътиқодимиз тўғрисидан гапиришдан ва Худодан кўпроқ имон сўрашдан уялмаслигимиз керак (Луқо 17:5).
ОХИРГИ ОЙ
Милодий 32- йилнинг охирида Исо «Яҳудия ўлкасига ва Ўрдун дарёсининг нарёғига келганида», унинг атрофига яна кўп халқ йиғилди (Марк 10:1). Уларга таълим бергандан сўнг, у Қуддусга жўнади.
Саккизинчи нисон куни Исо Байтанияда эди. У дастурхон атрофида ўтирганида, бир аёл келиб, Исонинг бошига сунбул ёғини қуйди. Исо Қуддусга тантанали кирганидан бошлаб, унинг тирилишигача юз берган ҳодисалар тартиби билан баён этилган.
Саволларга жавоблар:
10:17, 18 — Исо, «Валинеъмат Устозим», деб мурожаат қилган одамни нега тўғрилади? Исо ушбу хушомадли унвондан воз кечиб, Яҳова барча шон-шуҳратга лойиқлигини ва фақат Ҳақ Худо барча эзгуликларнинг манбаи эканини кўрсатди. Боз устига, бутун мавжудотнинг Яратувчиси бўлмиш ёлғиз Тангри Яҳова нима яхши, нима эса ёмонлигини ўрнатишга ҳақли эканига эътибор қаратди (Мат. 19:16, 17; Луқо 18:18, 19).
14:25 — Исо ҳаворийларига: «Худонинг Шоҳлигида Мен янги шароб ичадиган кунгача узум неъматини бошқа ичмайман»,— деб айтган сўзлари нимани англатади? Бу билан Исо осмонда том маънодаги шароб борлигини назарда тутмаганди. Шароб баъзида қувончнинг рамзи бўлгани сабабли, бу ерда Исо издошлари тирилганидан сўнг, Шоҳликда бирга бўлиш қувончи ҳақида гапирди (Заб. 103:15; Мат. 26:29).
14:51, 52 — «Яланғоч ҳолда қочиб қутулган» бир йигит ким бўлган? Бу ҳақда фақатгина Марк баён этгани учун, у ўзи тўғрисида гапирган, деб хулоса қилиш мумкин.
15:34 — Исонинг: «Тангрим, Тангрим, нега Мени ташлаб қўйдинг?» — деган сўзлари, имони етишмаганлигидан далолат берадими? Асло. Бундай сўзларни айтишга Исони нима ундаганлигини биз аниқ билмаймиз. Эҳтимол Исо, Яҳова унинг садоқатини охиригача синаш учун ундан Ўз кучини олганини ҳис қилгандир. Исо шунингдек бу сўзларни, Забур 21:2- оятидаги башорат амалга ошиши учун айтган бўлиши ҳам мумкин (Мат. 27:46).
Хулосалар:
10:6–9. Худо, эр билан хотин ажралишларини истамайди. Бинобарин, эр ва хотин муаммони ажралиш билан ҳал қилмасдан, балки Муқаддас Китоб меъёрларини қўллаб, ўз никоҳларини мустаҳкамлашга интилишлари лозим (Мат. 19:4–6).
12:41–44. Камбағал бева аёлнинг мисоли, ҳақ топинишни беғараз қўллаб-қувватлашга ўргатади.
[29- саҳифадаги расм]
Нега Исо бу одамга қариндошларига нима юз бергани ҳақида айтиб беришни буюрди?