Яҳованинг Каломи жонли
Римликларга йўлланган мактубнинг диққатга сазовор оятлари
ТАХМИНАН милодий 56- йили ҳаворий Павлус учинчи тарғибот саёҳати пайтида Коринф шаҳрига келган. Бу ерда Павлус, Римдаги яҳудийлардан бўлган ва ғайрияҳудийлардан бўлган масиҳчиларнинг нуқтаи назарларида якдиллик йўқлигини билиб олди. Бу масиҳчилар иноқ бўлишларини истаб, Павлус уларга мактуб ёзиб юбормоқчи.
Ушбу мактубида Павлус, одамлар гуноҳидан қандай оқланиши мумкинлиги ҳамда улар қай тарзда яшашлари кераклигини тушунтиряпти. Мазкур мактубдан биз Аллоҳ ва Унинг Каломи ҳақида билиб оламиз. Шунингдек унда Худонинг меҳр-инояти ва Ҳазрати Исонинг одамларнинг нажот топишларида муҳим ўринни тутгани тўғрисида айтилган (Иброн. 4:12).
ГУНОҲДАН ҚАНДАЙ ОҚЛАНИШИ МУМКИН?
Павлус: «Ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрумдир»,— деб ёзган. «Лекин Худо инояти билан, Исо Масиҳнинг қони эвазига гуноҳкорлар текин оқланадилар». Шунингдек Павлус қуйидагини айтган: «Худо Таврот амрларини бажо келтирувчи эмас, балки имон келтирувчи кишини оқлайди» (Рим. 3:23, 24, 28). «Битта Солиҳнинг иши»га эътиқод қилиб, мойланганлар ва «улкан бир оломон» оқланади. Бири — самовий ҳаётга эришиб Масиҳнинг ворисдошлари бўлиш учун, бошқалари эса — «буюк қайғудан» ўтиш ва Аллоҳ билан дўст бўлиш учун оқланади (Рим. 5:18; Ваҳ. 7:9, 14; Юҳан. 10:16; Ёқб. 2:21–24; Мат. 25:46).
Павлус: «Хўш, буёғи энди нима бўлади? Қонун эмас, иноят паноҳида бўлганимиз учун гуноҳ қилаверайликми? — деб сўраб, ўзи жавоб берди.— Асло!» «Сиз ё ўлимга олиб борувчи гуноҳга, ёки солиҳликка олиб борувчи итоаткорликка қул бўласизлар» (Рим. 6:15, 16). Давом этиб шундай деди: «Агар башарий табиатнинг қилмишларини Руҳ кучи билан ўлдирсангиз... яшайсизлар» (Рим. 8:13).
Саволларга жавоблар:
1:24–32 — Павлус ахлоқсиз қилмишларини қоралаб, кимга мурожаат қилди: яҳудийларгами ёки ғайрияҳудийларгами? Бу сўзлар бирига ҳам, бошқасига ҳам тегишли бўлиши мумкин, лекин Павлус авваламбор, Худодан юз ўгирган исроилликлар ҳақида айтяпти. Улар Худонинг адолатли ҳукмини билган ҳолда, Яҳовани «тан олишни лозим кўрмаганлар». Шунинг учун улар ҳукмга лойиқ.
3:24, 25 — Қандай қилиб «Исо Масиҳнинг қони» туфайли «илгари қилинган гуноҳлар жазосиз қолди», ахир у пайт ҳали Исонинг қони тўкилмаган эди-ку? Ибтидо 3:15- оятдаги Масиҳ ҳақидаги илк башорат, милодий 33- йили, Исо азоб устунида ўлганида бажо бўлди (Галат. 3:13, 16). Ушбу башоратни айтганидан бери, Яҳова тўлов қурбонлиги келтирилган деб ҳисоблайди. Зеро Унинг бу нияти амалга ошишига ҳеч нарса тўсқинлик қила олмасди. Келажакда келтириладиган тўлов қурбонлиги асосида Худованд Яҳова, Одам Атонинг ушбу ваъдага ишонган авлодларининг гуноҳларини кечирарди. Тўлов қурбонлик туфайли, қадимда яшаган Худонинг хизматчилари тирилтирилади (Ҳавор. 24:15).
6:3–5 — Масиҳни ва унинг ўлимини тан олиб сувда имон келтириш нимани билдиради? Яҳова Масиҳнинг издошларини муқаддас руҳ билан мойлаганда, улар Исога қўшилиб, «Масиҳ бадани»нинг, яъни умматининг аъзоларига айланишади. Ушбу умматнинг боши Исодир (1 Кор. 12:12, 13, 27; Колос. 1:18). Масиҳни тан олиб сувда имон келтириш шуни ифодалайди. Мойланганлар шунингдек Масиҳнинг ўлимини тан олиб сувда имон келтиришади, яъни улар фидокорона ҳаёт кечириб, жаннатда абадий яшаш имкониятидан воз кечишади. Гарчи уларнинг ўлими тўлов қурбонлиги, деб ҳисобланмаса-да, Масиҳнинг ўлими каби фидокоронадир. Мойланганлар руҳий мавжудот сифатида тирилишганда, Масиҳнинг ўлимини тан олиб, сувда имон келтиришганини амалда тўлиқ бажо келтиришади.
7:8–11 — Қандай қилиб «гуноҳ амр орқали баҳона топди»? Амр ёки Таврот, нима гуноҳ деб ҳисобланишини кўришга ва одамлар ўзининг номукаммаллигини тан олишларига кўмаклашарди. Таврот туфайли, улар қайси вазиятларда гуноҳ қилиб қўйишганини янада яққол кўришлари мумкин эди. Ва кўпчилик гуноҳкор эканликларини тан ола бошлашган. Шунинг учун, гуноҳ амр орқали баҳона топди деса бўлади.
Хулосалар:
1:14, 15. Ғайрат ила ваъз қилишимиз учун кўп сабаблар мавжуд. Улардан бири: Исо барча одамлар учун қурбонлик келтирган, шу сабабли бошқаларни Яҳова билан таништиришдек бурчимиз бор.
1:18–20. Бетавфиқ ва фосиқларни оқлаб бўлмайди, зеро Аллоҳнинг кўринмас фазилатлари борлиқни яратганидан очиқ кўриниб турибди.
2:28; 3:1, 2; 7:6, 7. Ҳаворий Павлус ваъз қилаётиб, нозик масалаларда яҳудийларнинг ҳис-туйғуларига диққатли бўлган. Биз ҳам унга тақлид қилиб, бошқаларнинг туйғуларини топтамай, хушмуомалалик билан гапирамиз.
3:4. Одамларнинг сўзлари Муқаддас Китобга зид бўлса, биз Аллоҳнинг иродаси бўйича йўл тутиб, Унинг Каломига ишонсак, «Худо ҳақ» эканини кўрсатамиз. Хушхабарни жасорат ила ваъз қилиб, шогирд орттирсак, бошқалар «Худо ҳақ» эканига ишонишларига кўмаклашган бўламиз.
4:9–12. Иброҳим Халилуллоҳ 99 ёшида суннат қилинишидан анча аввал, имони туфайли оқланган (Ибт. 12:4; 15:6; 16:3; 17:1, 9, 10). Бундан, Яҳова одамларни нима туфайли оқлаши кўриниб турибди.
4:18. Умид — имоннинг аҳамиятли қисмидир. Имонимиз умид билан боғлиқ (Иброн. 11:1).
5:18, 19. Ҳаворий Павлус, Исо қайси жиҳатдан Одам Атога ўхшашлигини аниқ кўрсатиб, қандай қилиб битта одам «Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни қутқариши» мумкинлигини тушунтирди (Мат. 20:28). Биз ҳам Павлусдан ўрнак олиб, таълим бераётганимизда равшан ва лўнда гапирамиз (1 Кор. 4:17).
7:23. Қўл, оёқ ва тил каби бадан аъзолари бизни «гуноҳ қонуни»нинг қулига айлантириши мумкин. Шу боис бу аъзолардан фақат яхшилик қилиш учун фойдаланишимиз лозим.
8:26, 27. Саросимага тушиб, ибодат қилиш учун сўз топа олмаганимизда, муқаддас руҳ биз учун «шафоат қилади». «Ибодатни эшитгучи» Унинг Каломида қаламга олинган ва вазиятимизга тўғри келадиган ибодатларни, бизнинг шахсий илтижоларимиздек қабул қилади (Заб. 64:3).
8:38, 39. Аллоҳ бизни севиши учун, Унга на мусибатлар, на жин-ажиналар, на инсоний ҳокимиятлар тўсқинлик қила олади. Яҳовани севишимизга бизга ҳам ҳеч нарса тўсқинлик қилиши керак эмас.
9:22–28; 11:1, 5, 17–26. Исроилнинг тикланиши ҳақидаги кўпгина башоратлар, мойланган масиҳчиларда амалга ошяпти. Уларни Худо «нафақат яҳудийлар орасидан, балки бошқа барча халқлар орасидан ҳам» даъват этган.
10:10, 13, 14. Биз Яҳовага, нафақат Уни ҳамда ўзгаларни севганимиз учун хизмат қиламиз, балки Худовандга ва Унинг ваъдаларига ишонганимиз учун.
11:16–24, 33. «Худонинг меҳрибонлиги ҳам, қаттиққўллиги ҳам» бир-бирига нақадар мос! «У Таянчдир; Унинг ишлари комил, йўллари адолатлидир» (Амр. 32:4, ЯДТ).
ГУНОҲДАН ОҚЛАНГАНЛАРДАН НИМА ТАЛАБ ЭТИЛАДИ
Павлус қуйидагича ёзмоқда: «Шундай қилиб, эй биродарларим, Худонинг марҳамати ҳақи сизларга ёлвораман... вужудингизни тирик, муқаддас, Худога манзур бўладиган қурбон қилиб бағишланглар» (Рим. 12:1). «Шундай қилиб» ёки бошқача айтганда, масиҳчилар имони туфайли оқланганлари учун, Павлуснинг кейинги сўзлари ўзларига, бошқаларга ва ҳокимиятга бўлган муносабатларига таъсир қилиши керак эди.
Павлус давом этиб, шундай ёзди: «Ҳар бирингизга шуни айтяпман: ҳаддингиздан ошиб, ўзингизга бино қурманглар». «Севгингиз риёсиз бўлсин«,— дея маслаҳат берди у (Рим. 12:3, 9). «Ҳар бир одам ҳукмрон ҳокимиятга бўйсунсин» (Рим. 13:1). Павлус, шахсий ёки виждонга боғлиқ масалаларда бошқаларни ҳукм қилмасликка ундаяпти (Рим. 14:13).
Саволларга жавоблар:
12:20 — Душманинг «бошига ёнаётган чўғлар» йиғиш, нимани англатади? Қадимда, рудани чўғнинг устига қўйиб, устидан ҳам чўғ билан босишган. Рудани устига чўғ қўйилгани туфайли ҳарорат кўтарилиб, металл эрир, ундаги чиқитлар ажраларди. Худди шундай, душманимизнинг қалби «эриб», ижобий томонга ўзгаришига умид қилиб, яхшилик қилсак, бошига ёнаётган чўғлар йиққандай бўламиз.
12:21 — Ёмонликни яхшилик билан қандай мағлуб қилсак бўлади? Усулларидан бири — Яҳова керакли деб билган вақтгача, хушхабарни ваъз қилиш топшириғини тап тортмай бажарамиз (Марк 13:10).
13:1 — Қайси маънода «ҳокимиятларнинг ҳаммасини ҳам Худо тайин этган»? «Ҳокимиятларнинг ҳаммасини ҳам Худо тайин этгани» — уларнинг бошқаришига Аллоҳ йўл қўйганини англатади ва ҳатто баъзи пайтларда Тангри Таоло улар ҳукмронлик қилишларини каромат қилган.
Хулосалар:
12:17, 19. Агар биз ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарсак, Яҳовага тегишли бўлган нарсага қўл ургандай бўламиз. Унда ёмонлик эвазига ёмонлик қайтариш сурбетлик экан-да!?
14:14, 15. Имондошимизга таом ёки ичимлик таклиф қилаётиб, уни «хафа» қилиб қўймаслигимиз, яъни қоқинтирмаслигимиз лозим.
14:17. Аллоҳ билан яқин муносабатлар, одам нима ейишига ё нима ичишига ёки қайси егуликдан ё ичимликдан воз кечаётганига боғлиқ эмас. Тангримизнинг хайрихоҳлигига эга бўлишга «солиҳлик, тинчлик ва севинч» ёрдам беради.
15:7. Йиғилишларимизга келганларнинг барчасини юз-хотирчилик қилмасдан, қабул қилишимиз керак. Ҳамда ваъзгўйликда учратган одамларнинг барчаси билан хушхабарни баҳам кўрамиз.
[31- саҳифадаги расм]
Қадимда қилинган гуноҳларни, тўлов қурбонлиги оқлайдими?