«Ҳазратимизга тегишли» киши билан турмуш қуришнинг иложи борми?
«Жамоатда турмуш ўртоқ топа олмаяпман ва ёлғиз ўтиб кетишдан қўрқяпман».
«Айрим дунёвий кишилар меҳрибон, илтифотли ва ғамхўр. Улар динимга қаршилик кўрсатишмайди ва баъзи биродарларга қараганда, улар билан анча қизиқроқ».
Худонинг айрим хизматчилари турмуш ўртоқ топиш борасида шундай фикрга келишади. Ҳаворий Павлус маслаҳат бериб, фақат «Ҳазратимизга тегишли» киши билан оила қуришни айтганини улар жуда яхши билишади. Бу маслаҳат барча масиҳийларнинг юриш-туришида акс этиши керак (1 Кор. 7:39). Хўш, унда нега улар юқорида айтилган хулосага келишади?
АЙРИМЛАР НЕГА ТАШВИШЛАНИШАДИ?
Бундай хулосага келганлар, турмуш қурмаган опа-сингиллар бўйдоқ биродарларга қараганда, кўпроқ эканини кузатишади. Аксарият мамлакатларда бу чиндан ҳам шундай. Иккита мисолни кўрайлик. Ўртача олганда, Кореядаги ҳар 100 та турмуш қурмаган Яҳованинг Шоҳидларидан 57 таси опа-сингиллар ва 43 таси биродарлар. Колумбиядан келган ҳисоботга кўра, у ердаги Шоҳидларнинг 66 фоизи аёллар, 34 фоизи эса эркаклар.
Бошқа жойларда вазиятни қийинлаштирадиган яна бир омил бор. Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган ота-она куёвдан кўп пул ёки қимматбаҳо совғалар талаб қилиши мумкин. Бу эса, содда ҳаёт кечирадиган биродарлар учун уйланишни қийинлаштиради. Шу каби муаммолар туфайли, опа-сингиллар «Ҳазратимизга тегишли» жуфт топишнинг иложи йўқ, деб ўйлай бошлашлари мумкин. Уларда: «Имондошлар орасидан муносиб турмуш ўртоқ топаман деб ўйлашим оқилонамикан?» — деган савол туғилиши мумкинa.
ЯҲОВА ХАБАРДОР ЭКАНИДА АМИН БЎЛИНГ
Агар сизни ҳам шундай фикрлар қийнаётган бўлса, Яҳова сизнинг вазиятингиздан хабардор эканида амин бўлинг. Дарҳақиқат, Аллоҳ бу борада кўнглингиздан қандай ҳис-туйғулар кечаётганини ҳам билади (2 Сол. 6:29, 30).
Шундай бўлса-да, Яҳова Ўз Каломи орқали фақатгина Ҳазратимизга тегишли киши билан турмуш қуриш кераклигини таъкидламоқда. Нега? Чунки У, халқи учун нима яхшироқ эканини билади. Хизматчиларини нодонларча йўл тутгани туфайли азоб чекмаслигини хоҳлабгина қолмай, улар бахтли бўлишларини ҳам истайди. Нахимиёнинг пайтида кўпгина яҳудийлар Яҳовага топинмайдиган ўзга халқ вакиллари билан турмуш қуришганида, у халққа Сулаймоннинг огоҳлантирувчи мисолини эслатган. «Худо уни яхши кўрган... Шунга қарамай, бутпараст аёллар уни гуноҳга бошладилар» (Нахим. 13:23–25). Ҳа, Худо хизматчиларининг фойдасини ўйлаб, фақат Унга топинадиган кишилар билан турмуш қуришимизни буюрмоқда (Заб. 18:8–11; Ишаё 48:17, 18). Исонинг ҳақиқий издошлари Аллоҳнинг севги ила қилаётган ғамхўрлиги учун ниҳоятда миннатдорлар ва Унинг йўл-йўриғига амал қилишади. Яҳовага Ҳукмдор сифатида бўйсуниб, улар Уни Сарвари Олам деб тан олишмоқда (Ҳик. 1:5).
Шубҳасизки, сизни Худодан узоқлаштирадиган киши билан «битта бўйинтуруққа» қўшилишни истамайсиз (2 Кор. 6:14). Ҳозир аксарият масиҳийлар вақт синовидан ўтган ва ҳимояловчи илоҳий кўрсатмага итоат этиб, доно йўл тутганларини англаб етишяпти. Бироқ бошқача танлов қилганлар ҳам бор.
ИЛОЖИ БОР
Австралияда яшовчи Мэггиb исмли синглимиз имондош бўлмаган бир киши билан учраша бошлаганида нималар бўлганини тушунтириб, шундай деди: «Мен у билан шунчаки кўришиш учун кўпинча йиғилишларни қолдирардим. Тез орада маънан заифлашиб қолдим». Ҳиндистонлик Ратна эса, Муқаддас Китоб тадқиқини ўта бошлаган синфдоши билан учрашиб юрадиган бўлди. Бироқ вақт ўтиб, аслида у синглимизни ёқтиргани учун тадқиқ бошлагани юзага чиқди. Охир-оқибат Ратна ҳақиқатни қолдириб, ўша йигитга турмушга чиқиш учун бошқа динга кирган.
Камерунда яшовчи Нденка билан юз берганлар яна бир мисолдир. Оила қурганида у 19 ёшларда эди. Қайлиғи унинг динига қаршилик қилмасликка ваъда берган эди. Аммо тўйидан икки ҳафта ўтгач, эри жамоат учрашувларига боришини тақиқлаб қўйган. У шундай деди: «Мен ўзимни ёлғиз ҳис қилиб, йиғладим. Энди ҳаётим ўз қўлимда эмаслигини англадим ва виждоним тинимсиз қийнарди».
Тўғри, ҳамма имондош бўлмаган эрлар ҳам золим ва фаросатсиз эмас. Майли, сиз имондош бўлмаган кишига турмушга чиқиб, бундай оқибатлардан азият чекмадингиз ҳам дейлик, лекин бу севикли самовий Отангиз билан муносабатларингизга қандай таъсир қилади? Худонинг фойдангизни кўзлаб берган маслаҳатига қулоқ солмаганингизни билиб, ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Энг муҳими эса, чиқарган қарорингиз ҳақида У қандай фикрга боради? (Ҳик. 1:33)
Бутун дунёдаги биродару опа-сингилларимиз фақат «Ҳазратимизга тегишли» инсон билан турмуш қуриш, энг аъло қарор эканини тасдиқлашмоқда. Турмуш қурмаган имондошларимиз фақатгина Яҳовага топинадиган кишилар ичидан муносибини танлашга тайёр бўлиб, Унинг қалбини қувонтиришга қатъий қарор қилишган. Япониялик Мичико исмли синглимизнинг қариндошлари, уни имондош бўлмаган киши билан оила қуришга кўндирмоқчи бўлишган. У босимларга қарши курашаётган бир пайтда, дўстлари ва танишлари жамоатда ўз жуфтини топаётганини кўрган. У қуйидагиларни айтди: «Ўзимга, Яҳова бахтиёр Тангри экан, бахтимиз турмуш қуриш-қурмаслигимизга боғлиқ эмаслигини эслатиб турардим. Шунингдек, У бизни юракдаги орзуларимизга етказишига ишонардим. Агар никоҳ қуришни истаётиб жуфтимизни топа олмасак, демак вақт-соати келмагунча турмуш қурмаганимиз яхшироқ» (1 Тим. 1:11). Вақти келиб, Мичико ажойиб биродарга турмушга чиқди ва кутганидан бахтиёр бўлди.
Айрим биродарлар ҳам муносиб жуфт топгунига қадар кутишига тўғри келади. Улардан бири австралиялик Бил биродаримиз. Қачонлардир унга Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган қизлар ёққан экан. Аммо у, қатъийлик ила улар билан дўстлашишдан қочган. Нима учун? У «имондош бўлмаганлар билан битта бўйинтуруққа» қўшилишга олиб келадиган илк қадамни қўйишни истамаган. Йиллар мобайнида у бир нечта сингилларга қизиқиш кўрсатган, лекин улар бунга жавоб қайтаришмаган. Бил ўзига мос художўй қизни учратгунича 30 йил кутган. У қуйидагиларни айтди: «Ҳеч ҳам афсусланмайман. Биз кўплаб баракаларга эгамиз, чунки биргаликда хизматга чиқамиз, биргаликда тадқиқ қиламиз ва биргаликда топинамиз. Хотинимнинг дўстлари билан учрашиш ва мулоқот қилишдан қувонч топаман, сабаби уларнинг ҳаммаси Яҳовага топинишади. Никоҳимизда Муқаддас Китоб меъёрларини қўллашга ҳаракат қиламиз».
ЯҲОВАНИ КУТАЁТИБ
Барча нарсани ғамхўр Яҳованинг қўлига топшириб, ўзингиз нима қилсангиз бўлади? Масалан, нега ҳалигача турмуш қурмаганингизни ўйлаб кўринг. Бунинг сабаби, Муқаддас Китобда фақат «Ҳазратимизга тегишли» киши билан турмуш қуриш кераклиги ҳақида айтилгани бўлса, илоҳий амрларга ҳурмат кўрсатаётганингиз мақтовга сазовор. Ишонаверинг, Унинг Каломида ёзилганларга итоат этиш қарорингиз Яҳовани мамнун қилади (1 Шоҳ. 15:22; Ҳик. 27:11). «Юрагингни очгин», деган маслаҳатга амал қилишда давом этишингиз мумкин (Заб. 61:9). Илтижоларингиз аниқ ва мунтазам бўлгани сайин, ибодатларингиз ҳам янада мазмунли бўлиб боради. Ички кечинмалар ва атрофдагиларнинг босимига қарши туриб, кундан-кунга Аллоҳ билан муносабатларингизни мустаҳкамлайсиз. Унутмангки, Худойи Таоло барча содиқ хизматчиларига бефарқ эмас ва сизни ҳам жуда қадрлайди. У сизнинг эҳтиёж ва орзу-умидларингиз ҳақида ғамхўрлик қилади. Тўғри, Худо ҳеч кимга турмуш ўртоқ беришни ваъда қилмаяпти. Бироқ оила қуриш сиз учун чиндан ҳам муҳим бўлса, Яҳова истагингизни амалга оширишнинг энг яхши йўлини билади (Заб. 144:16; Мат. 6:32).
Баъзан ўзингизни худди қуйидаги сўзларни айтган Довуд сингари ҳис қиларсиз: «Эй Эгам, менга тез жавоб бер, руҳим тушиб кетмоқда, юзларингни мендан яширмагин» (Заб. 142:5–7, 10). Бундай пайтларда, самовий Отангиз сизга нисбатан нимани ният қилганини кўрсатишига қўйиб беринг. Унинг Каломини ўқиб, устида мулоҳаза юритиш учун вақт ажратинг. Шунда, Унинг амрларини ва ўтмишда хизматчиларининг фойдасини кўзлаб қандай йўл тутганини билиб оласиз. Унга қулоқ солиб, итоаткор бўлиш доно иш эканида яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз.
Турмуш қурмаган йилларингизни бахтли ва самарали қилишга яна нима ёрдам беради? Бу йилларни таълимотларни яхшироқ тушунишга, сахийлик, меҳнатсеварлик, хушмуомалалик ва художўйликни ривожлантириб, яхши обрў орттиришга бағишласа бўлади. Бу эса бахтли оила қуриш учун ўта муҳим (Ибт. 24:16–21; Рут 1:16, 17; 2:6, 7, 11; Ҳик. 31:10–27). Воизлик иши ва бошқа илоҳий фаолиятларда тўла қатнашиб, Шоҳликни биринчи ўринга қўйинг. Бу сиз учун ҳимоя бўлиб хизмат қилади. Юқорида эслатиб ўтилган Бил бўйдоқ бўлган йилларини эслаб, шундай деди: «Улар жуда тез ўтиб кетди! Вақтимни Яҳовага кашшоф бўлиб хизмат қилишга сарфладим».
Ҳа, «Ҳазратимизга тегишли» киши билан турмуш қуришнинг иложи бор. Бу йўл-йўриққа амал қилиш Яҳовани шарафлашга ва доим мамнуният ҳис қилишга кўмаклашади. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Бахтлидир Эгамиздан қўрқадиган одам, Унинг амрларини бажариб завқ оладиган одам! Унинг уйида мўлчилик, бойлик бўлади, унинг солиҳлиги тоабад давом этади» (Заб. 111:1, 3). Шундай экан, фақат «Ҳазратимизга тегишли» киши билан турмуш қуришдек илоҳий амрга риоя қилишга бел боғланг!
a Бу мақолада масала асосан опа-сингилларнинг нуқтаи назаридан кўриб чиқилса-да, келтирилган меъёрлар биродарларга ҳам тегишли.
b Айрим исмлар ўзгартирилган.